1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (1-қисм)

16:38 / 21.04.2017 9572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

 САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Муаллиф: Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУН

Ислом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари! Исломда шахсни улуғлаш рағбатлантирилмаса-да, аммо Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг содиқ саҳобалари, улардан кейин ўтган тобеъинлар ва табаъ тобеъинлардан иборат солиҳ салафларнинг ҳаёт йўли, ахлоқи, фазилатлари қиёматгача бутун Ислом уммати учун улкан ибрат, ўрганишга муносиб таълим ва сабоқ бўлиб қолаверади. Ана шуни назарда тутиб, бугундан бошлаб солиҳ салафларнинг ҳаётларидан ибратли воқеаларни, ўрганишга арзирли ривоятларни сиз, азизларга тақдим этиб боришни лозим кўрдик. Ушбу ривоятларни муаллиф Аҳмад Муҳаммад Ислом.уз сайти мухлислари учун махсус тақдим қилди.

 

АСҲОБНИНГ ПЕШВОСИ

(1-кисм)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Маккадаги Қурайш қабиласининг Тамим уруғидан эдилар. Қурайшийлар орасида обрўлари баланд, ҳамма у кишини севар, гапларига қулоқ солар, ҳукмларига бўйсунар эди. Оталари Усмон Абу Куҳофа Макка фатҳи куни мусулмон бўлганди, ўғилларидан бир йил кейин, ҳижрий 14 йили тўқсон етти ёшида вафот этган. Оналари Уммул Хайр лақабли аёл бўлган. Абу Бакрнинг ҳам ота, ҳам она томонидан сулолалари Муррада Пайғамбар алайҳиссалом сулолаларига бирлашади.

Абу Бакр Сиддиқ Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки ёш кичик эдилар, у зотдан кейин икки йил яшадилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам каби олтмиш уч ёшларида, ҳижрий 13 (милодий 634) йили вафот этдилар. Насаб илмининг билимдони эдилар. Жоҳилият даврида қон даъвоси тортишувларида ҳакамлик қилганлар. Бирор марта бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар, бузуқ йўлга юрмаганлар.

Газлама тижорати билан шуғулланиб, жуда бойиб кетган эдилар. Исломга кирган вақтларида қирқ минг дирҳам сармоялари бўлган. Нубувватдан олдин Пайғамбар алайҳиссалом ҳам савдогар бўлганлари учун ана шу даврда икковлари дўстлашишган. Абу Бакр ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг оғир дамларида ҳамдам, мададкор, ёрдамчи, содиқ дўст бўлдилар. Бойликларининг катга қисмини Аллоҳ ризолиги йўлида Унинг дини равнақи учун сарфладилар.

Ҳазрат Абу Бакрнинг исмлари Абдуллоҳ бўлган, бу исмни у кишига Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бергандилар. Илк фарзандларига нисбат берилиб Абу Бакр, деб аталадиган бўлдилар ва шу ном билан Ислом тарихида машҳур бўлдилар. Ислом динини ҳеч тараддудсиз қабул қилганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожларини эшитган заҳотилари тасдиқлаганлари учун Сиддиқ унвони ила шарафландилар. Қизлари ҳазрат Оишани Сарвари коинотга никоҳлаб бериб, Набий алайҳиссаломга ақробалик ришталари ила ҳам боғланган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Ислом бирлигининг парчаланишига йўл қўймадилар, ўзлари мусулмонларнинг илк халифаси этиб сайландилар. Ислом давлати буҳронли кунларни бошдан кечираётган бир пайтда сохта пайғамбарларга қарши, Исломга нисбатан хуружлар ва диндан чиқишларга қарши аёвсиз кураш очдилар. Бу зотнинг даврларида Эрон, Ироқ, Сурия фатҳ этилиб, Ислом давлати чегаралари янада кенгайди. Ажнодинда Рум салтанатининг юз минглик қўшини тор-мор қилинди.

Ҳазрат Абу Бакр халифаликлари даврида Қуръони карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул-Қуръон» деган шарафли номга сазовор бўлдилар.

Абу Бакр биринчи марта қурилган давлатни исломий сиёсат ила юрғиздилар, Қуръонни «Асосий қонун» ўлароқ тадбиқ этдилар. Ҳамма ишда адолатни биринчи ўринга қўйдилар.

Абу Бакр Сиддиқ ҳамиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлдилар, ҳар ишда у зотга ёрдамга ошикдилар. Бир туяга мингашиб Мадинага ҳижрат қилдилар. Барча ғазотларда Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қатнашдилар. Ҳатгоки, у зот хасталикларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига ўн етти вақт намозга имомлик қилганлар. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг «Собиқуни Ислом», деб аталган маккалик илк саккиз мусулмоннинг биринчиси эдилар. Ҳаётлик чоғларидаёқ жаннатга киришлари ўзларига муждаланган ўн саҳобий (Ашараи мубашшара)нинг ҳам, тўғри йўлдаги тўрт улуғ халифа (хулафои рошидин)нинг ҳам биринчиси бўлдилар. Ҳамиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдилар, у зотга вазирлик қилдилар. Жаноб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоб билан истишора чоғида Абу Бакрни ўнг томонларига, ҳазрат Умарни чап томонларига олиб, уларнинг фикру-раъйларини сўрардилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръон ошиғи эдилар. Хуш овозда Қуръон тиловат қилар эканлар, ўзлари тинмай йиғлардилар. Асҳобнинг энг билимдони, ҳалоли, ишончлиси, оқкўнгили эдилар. Намозни ниҳоятда хушуь ва хузуь билан ўқирдилар. Бошқаларга ёрдам беришдан завқланардилар. Исломнинг илк кунида етти қулни, жумладан, Билол Ҳабашийни сотиб олиб озод қилганлари тарихда ёзилган.

Ниҳоятда оддий ҳаёт кечирганлар. Халифаликлари чоғида Байтулмолдан (давлат хазинасидан) ўзларига ажратилган икки дирҳам (кумуш пул) миқдоридаги маош билан кун кечирганлар. Вафот этганларида на уйларидан, на ёнларидан ҳеч пул чиқмаган.

Бугунги ҳикоямиз ана шу улуғ зот, саҳобийларнинг саййиди, Исломнинг биринчи халифаси Абу Бакр Сиддиқ ҳақларидадир. Аллоҳ бу зотдан рози бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига олти йил тўлиб, еттинчи йилга ўтаётган бир пайт эди. Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

6026 19:49 / 21.04.2017
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуни Оврупо халқлари номояндаси сифатида биринчи бўлиб мусулмон бўлган зот сифатида таниймиз. У киши розияллоҳу анҳунинг номлари худди давоми...

4556 20:08 / 21.04.2017
Абдураҳмон розияллоҳу анҳу Абу Бакр Розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғли бўлиб, жоҳилият даврида уни АбдулКаъба дейишар эди. Оиша розияллоҳу анҳо ва Абдураҳмон давоми...

3697 19:26 / 21.04.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида сўз кетганида, у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишнинг ўзи қизиқ туюлади. Зеро, дунёда Умар ва адолат давоми...

1178 12:36 / 23 сентябрь