188 20.04.2017

Каримберди Тўрамуродов

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим!

«Сиз бир–бирингизни ҳидоятга чорлайверинг. Ҳар бир бандам мен истаган куни ҳидоятга киради».
Қуръони–Каримдан

Шаҳристонни Самарқанддан олдин ҳам шаҳар бўлган дейдилар. Бухоройи Шариф дини Ислом қуввати бўлган саодатли замонларда бу шаҳардан номи дунёга танилган дин пешволари, соҳиби илм, соҳиби кароматлар етишиб чиққан. Шаҳристонда кўп зоти улуғ одамлар яшаб ўтишган. У зоти улуғларнинг баъзи авлодлари эса замон талотўпларидан соғ–омон ўтиб, сизу–биз яшаётган кунларгача етиб келишган. Камтарона қиссамизда ана шундай бир покиза сулоланинг етти авлоди ҳақида ҳикоя қилишга жазм этдик. Шоядки, қиссадаги иймон аҳлининг савобли ишлари сизга ҳам ибрат бўлса!
Ўзи ҳаммамизни ҳидоятга бошласин!

1–Боб. МИСР ТОЛИБЛАРИ

«Ўқи! Яратган Раббинг номи билан ўқи!»
Қуръоннинг илк нозил бўлган ояти

1. Хурмозордаги суҳбат

Шамсуддин мадрасани бу йил хатм қилаётган толиби илмлар ичида энг зуккоси, қувваи ҳофизаси энг кучлиси. Шайх Абу Салама бу иқтидорли шогирдини ёнидан бир зум узоқлаштирмасам дейди. Шайх Абу Салама Шамсуддин ва унинг ҳамшаҳар дўсти Абдулқодирни Мисрга келган йилиёқ ўз уйига олиб келган эди. Улар шайх Саламанинг уйида юриб сабоқдошларидан илгарироқ араб тилини мукаммал ўргандилар. Шамсуддин Қуръон ҳофизлигига қизиқар, сураларни араб тилининг турли лаҳжаларида ўқишни ўрганишга интиларди. Абдуқодир ҳам Қуръонни ёд билар, чиройли овозда тиловат қиларди. Аммо у кўпроқ фиқҳ масалаларига қизиқар, масала китобларни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари ечган муаммолар ҳақидаги тарихий китобларни кўп мутолаа қиларди. Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобларини қўлидан қўймас эди. Абдулқодирни таҳсилнинг тўртинчи йили Мадинаи–мунавварага, фиқҳ оламида якто бўлган улуғ олим Абу Яҳё ибн Нажиб ҳузурига юборишди.
Абдулқодир билганидан ортиқ нарсани биладиган фиқҳий олим Мисрда қолмаган эди.
Шамсуддин эса ўша йили Қуръон ҳофизлари мусобақасида ғолиб бўлиб, Миср шаҳзодаси мукофотига сазовор бўлди ва Байтулҳарам зиёратига хазина ҳисобидан юборилди. Ҳаж мавсуми тугагач, Шамсуддинга икки йил Маккаи–мукаррамада қолиб, ҳофизлар султони Усмон ибн Аффон Қурайший ҳазратнинг сабоқларидан баҳраманд бўлишига рухсат берилди.
Икки йил давомида Қурайший ҳазратлари Шамсуддинни доимо ўзи билан бирга олиб юрди. Қисқа вақт ичида қурайшликлар ичида қурайший лаҳжада Шамсуддинга етказиб тиловат қиладиган ҳофиз топилмай қолди. Қурайш киборлари давраларида Шамсуддин ўзини бир зум йўқотмасдан чиройли овози билан гўзал оҳангда хатмул–Қуръонлар қилди. Улардан кўп лутфу–марҳаматлар кўрди.
Мисрга қайтишадиган йили Зулҳижжа ойида икки дўст Маккаи–мукаррамада учрашдилар.
Каъбатуллоҳ зиёратига келган Абдулқодир дўсти Шамсуддинни қидириб топди. Қурайший ҳазратнинг хурмозор боғида эрталабгача суҳбат қурдилар.
— Ҳожи ака, — деди Шамсуддин дўстининг ҳаж амалини адо этиб ҳожи мақомини олганидан мамнун эканини изҳор қилиб, — улуғ мартабалар муборак бўлсин энди!
— Қуллуқ–қуллуқ, Ҳожи ака, — деди Абдулқодир ҳам «Сиз бундан олдинроқ бу мақомга эришгансиз», деган маънода «Ҳожи ака» номига алоҳида урғу бериб. — Оллоҳга беҳисоб шукр, ҳамду–санолар бўл-ғайким, иккаламизни ҳам шу улуғ кунларға етказди.
— Ўзиға шукур, — маъқуллади Шамсуддин. — Ўзи хоҳламаса эрди, сизу биздек оталари косиблик бирла рўзғор тебратиб юрған бандаларға бу тарафларга келмак қайда эрди, бу даражотларға эришмак қайда эрди?
— Ори рост, борсак падари бузрукларимиз ҳам шодланадурғон бўлди. Олғон илмларимиз бирла, Худо хоҳласа аларға, элға, динимизға кўп хизматлар қилғаймиз.
— Иншооллоҳ, иншооллоҳ! — деди Шамсуддин. — Аммо ота–онамиз, оға–иниларимизни жуда соғиндим, сиз–чи?
— Ҳеч сўрамағайсиз. Андоқ соғиндим–ки, таҳсилни давом эттирмоққа–да тобу–тоқатим қолмади.
— Тавба денг, астағфируллоҳ! — деди Шамсуддин. — Ҳар не бўлса–да таҳсилни охириға етказмоғимиз лозим. Оталаримиз, устозларимизнинг умиди андоқми эрди?
— Мисрға қайтиш маҳали етди. Ҳали анда яна тўрт–беш йил қолурға тўғри келур, айрилиқ адо қилмасму, деб қўрқаман.
— Менимча Мисрда сиз айтқанчалик муҳлат қолувимизга тўғри келмас. Ўткан ойда Шайх Салама ҳазратлари ташриф буюрғон эрдилар, биз бирла алоҳида мударрислар шуғулланишиб, хатмимизни жадаллаштирар эмишлар.
— Илоҳим айтқонинғиз келсин? — деди Абдулқодир эртароқ қайтмоқдан умидланиб. — Ҳа, айтқонча, ҳажға келғонлар орасинда самарқандликлар бор эркан, учрашдингизму?
— Ҳа, уч самарқандийни Хожамиз таклиф этиб, меҳмон қилдилар. Афсуским, алар орасинда шаҳристонлик ҳожилар йўқ эркан. Шундоғ бўлса ҳам, мен иккаламизнинг номимиздан мактуб битиб алардин бериб юбордим. Бирлари Улуғбек ҳазрат номиндағи мадраса мударриси эркан. Шаҳристондағи биз ўқиғон мадраса мударриси, устозимиз мулла Абдураҳмон домлани танир эрканлар. Мактубимизни устозимизға бериб қўйишға ваъда қилдилар. Мен бир–икки олтун динор ҳадя қилдим. Аларнинг андишасидин ҳам мактубимиз ота–онамизға етиб борур, деган умиддаман.
— Илоҳим, айтқонинғиз келсун.

2. Талаш бўлган талабалар

Шамсуддининг айтгани рост чиқди. Уларга алоҳида тайинланган муаллимлар алоҳида сабоқлар ўтишди. Икки йил жидду–жаҳд билан ўқиган Шамсуддин ва Абдулқодирни хатм қилувчилар гуруҳига киритдилар ва якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўришларини маълум қилдилар. Имтиҳонлар Муҳаррам ойига тайин қилинган эди. Ашуро кунлари ўтгач, имтиҳонларни назорат қилиш учун Муфтий Ҳазратнинг шахсан ўзлари ташриф буюрдилар. Дунёнинг турли бурчакларидан келиб ўн–ўн икки йиллаб таҳсил олиб, бу йил «Ал–Азҳар» мадрасасини битираётган илму–толиблар қирқ саккиз нафар эдилар, аммо мударрисларнинг ҳам, дин пешволарининг ҳам диққат–эътиборлари Шамсуддин ва Абдулқодирда эди. Имтиҳон ҳайъати ҳам бу йил ҳар йилгидан кўра кўп нуфузли зотлардан, Ислом оламида ном таратган олиму уламолардан таркиб топган эди. Ҳали имтиҳонлар тугамай туриб икки дўст устида талашиб–тортишувлар бошланган эди. Мадраса мударриси ва бошқа устозлар иккаласини ҳам мадрасада олиб қолиш талабида бўлсалар, Қурайший Ҳазрат Шамсуддинни Маккага олиб кетмоқчи, «Байтуллоҳ хизматига энг лойиқ ҳофиз шу йигит», деб туриб олган. Абдулқодирнинг таърифини эшитиб келган кўфаликлар ва Боғдоддан борган элчилар уни ўзларига қозилик лавозимига юборишларини сўраётган эдилар.
Имтиҳонларининг сўнгги куни шаҳзодалигида диний таълим ишларига доимо ҳомийлик қилган, ислом дини жонкуяри бўлган, олти ой бурун Миср тахтига ўтирган подшоҳ ҳазрати олийлари ҳам ташриф буюрди.
— Мен бу йил олий маъҳадимизни битираётган талабалардан хурсандман, — деди подшоҳ. — Ҳаммалари ислом арконларини чуқур эгаллашган. Мен икки талабангиз талаш бўлаётганини эшитдим. Ўзим ҳам уларнинг ақлу–заковатига қойил қолганман ва хабарингиз борким, уларга хазинадан нафақа тайин қилинишига эришганман. Менга қолса ҳам бу йигитлар мамлакатимизда қолиб, ўзидан кейин келадиган толиби илмларга сабоқ берсалар ёки ўзлари истаган бошқа лавозимларда ишласалар кўп ях-ши бўларди. Аммо ихтиёр уларнинг ўзларида. Ўзлари қай бирингизнинг таклифингизни қабул қилсалар, биз монеълик қилмагаймиз.
Шамсуддин дўсти номидан ҳам сўзлаб, подшоҳ ҳазратларига қўллаб–қувватлаб тургани учун, муаллимларга эса берган сабоқлари учун чексиз миннатдорчиликларини билдирди.
— Сизларға эрса, муҳтарам зотлар, —деди ўзларига «харидор» бўлиб турганларга, — бизларға билдирғон катта ишончинғиз ва илтифотинғиз учун миннатдорчилиғимизни билдирамиз. Аммо ҳар қайсимиз ўз шаҳримизға бориб, бизни кутаётқан ота–онамиз, оқ фотиҳа бериб Мисрға узатған ва йўли-мизға умид кўзини қадаған устозларимиз, элимиз, юртимиз хизматиға бормоқни чин қалбдан истармиз. Зеро, оқ сут берған онамиз, отамиз ризолиғини топмоқ Оллоҳ ризолиғини топмоқлиқдур. Эл–юрт хизматини қилмоқ эса ҳам фарз, ҳам қарз, ҳам буюк бир саодатдур.
— Боракаллоҳ! — хитоб қилди подшоҳ жаноблари. — Улуғ сўзларни сўзладинғиз. Қани эди, Миср ёшлари ҳам сиздек зукко бўлиб, устиға сиздек ватанпарвар бўлсалар.
Кейин мадраса мударрисига юзланиб буюрди:
— Ҳар икковига олий даражадаги ёрлиқларни ёзиб беринг. Мен алоҳида муҳримни босурман. Жўнашларидан олдин ҳузуримга олиб кирурсиз, сафар харажатлари ва совға–саломлар биз тарафдин бўлғай.
Подшоҳ ҳазратлари кетиш арафасида яна бир бора мударрисни чақириб, икки йигитни олиб қолиш йўлини қидиришларини, катта бойлик, уй–жой, мансаб ваъда қилишларини буюрди.
Мударрис бу гапни Шайх Абу Саламага айтди. Шайх ҳам кўп уринганлигини, аммо фойдасиз бўлганини, йигитлар Ватанларини жуда қўмсаганини, уларни бирор бойлик, амал, мансаб тўхтатиб қола олиши мушкуллигини айтди.
— Кетгунларича сизникида бўлишади. Охирги марта бўлса–да, уриниб кўринг! Зора, ҳеч бўлмаса бирови кўнса.
— О, қанийди, қанийди, тақсир, — хомуш тортди Шайх.

* * *

Шамсуддиннинг кетишини эшитиб энг кўп қайғурган Шайх Абу Саламанинг қизи Фотима бўлди. Туркистонга жўнайдиган карвоннинг жўнаш муддатини эшитгандан бери йиғлайди. «Етти кун қолди, олти кун қолди...», деб кун санайди. Уч кун қолганда ҳарорати кўтарилиб, бемор бўлиб ётиб қолди. Табиб унга турли дориларни бериб кўрди. Аммо ҳеч бири наф қилмади. Иссиғи жуда кўтарилиб, алаҳсирай бошлаган қиз икки–уч бора Шамсуддиннинг исмини айтиб хитоб қилгач, унинг дарди ойдинлашди.
Эрталаб, бомдод намозидан кейин Фотиманинг қошига Шамсуддинни чақиришади. Шамсуддин кириб, Фотиманинг юзидан ўпиб кўришди. Бу оилада ака–сингиллар ўпишиб кўришишлари одат эди. Шамсуддин бу хонадонга келганида ўн тўрт ёшда эди. Фотима бўлса етти–саккиз ёшдаги қизалоқ эди. Ўтган саккиз йилдан ошиқроқ вақт ичида улар ака–сингиллардай улғайишди. Шамсуддинга Шайх Абу Салама ҳаммасини гапириб берган, Шамсуддин ўн олтига кириб, бўйи етиб қолган қиз — гўзал Фотима ўзига кўнгил қўйганидан хабардор эди. Аммо у Фотимани ўз синглисидек яхши кўрар, тўғриси, муҳаббат деган нарсаларни ёши йигирма учга чиққан бўлса–да, унча тушунавермас эди. Унинг фикру зикри илмда бўлганлигидан, куни билан тиловат қилиши камлик қилгандай, ухласа тушларида ҳам бутун бошли сураларни аниқ–тиниқ тиловат қилар, қизлар ҳақида гапириш тугул ўйлашга ҳам вақти, истаги йўқ эди.
— Сен синглимсан, синглимсан холос, — деб овунтирмоқчи бўлди этагига ёпишиб кетмаслигини илтижо қилаётган Фотимага. — Сен ақлли қиздурсан. Мен Ватанимға кетмасам бўлмайдур. У ерда отам, онам сендай синглим бор, алар кутишадур мени.
— Мен, ...мен ўлиб қоламан кетсангиз.
— Қўйсанғ–чи, сен ҳам мени акам деб яхши кўрғансан. Ҳали унутиб ҳам юборасан. Худо хоҳласа, яхши куёв топилиб, бахтли яшаб кетсанг, эсингдан ҳам чиқиб кетурман.
— Ўламан, аммо сизни унутмайман, — деди Фотима, — Номингизни айтиб ўламан.

3. Миср сизнинг ҳам ватанингиз

Карвон жўнаётган кун ҳам етиб келди. Эрталаб Шамсуддин ва Абдулқодирни устозлари билан бирга қабул қилган подшоҳ ҳазратлари уларнинг ҳар бирига совға–саломлар улашди. Шамсуддин ва Абдулқодир билан қучоқлашиб хайрлашаркан, уларнинг ҳар бирига олтин тангалар солинган, подшоҳ белгиси туширилган чиройли халтачалар инъом этди. Сарой дарвозасигача уларни кузатиб чиқди. Қимматбаҳо эгар–жабдуқлар билан ясатилган арабий отларга йигитларни миндиришар экан, подшоҳ деди:
— Ватанингизга кетаётган карвонда ҳар бирингизнинг биттадан совға–салом юкланган туянгиз бор. Карвонбоши кўрсатади. Соғ–саломат Ватанингизга етиб олинг. Аммо унутманг қачон бўлса ҳам қайтишни ният қилсангиз ёки ерингизда қадрингизга етишмаса ёки зулм кўрсангиз мамлакатим эшиклари сиз учун доимо очиқ. Сизнинг номингизга ёзилган ёрлиқда Сизнинг ва фарзандларингизнинг ҳам хоҳлаган пайтда мамлакатимизга келишингиз мумкинлиги, сизларнинг дахлсизлигингиз кўрсатилган. Миср — сизнинг ҳам Ватанингиздур.
Шамсуддин ва Абдулқодирни устозлари, Шайх Абу Салама ва Фотима анча ергача кузатиб боришди.
Фотима карвон кўздан кўринмай кетгунча ҳарир рўмолчасини силкитиб қолди.

4. Юрт ҳиди

Қоҳирадан чиққан карвон Дамашқ, Боғдод, Теҳрон, Қобул, Ҳирот каби шаҳарлардан ўтиб, уч ой деганда Самарқандга кириб келди.
Шамсуддин ва Абдулқодирни музофотнинг таниқли уламолари, мударрислари кутиб олишди. Уч кун дин пешволари улар билан турли масалаларда суҳбатлар қурдилар. Уларга берилган ёрлиқларни кўзларига суртдилар. Мадрасалардаги талабалар қошига олиб бориб, кўрган–билганларидан уларга сўзлаб беришларини сўрадилар. Уларга ҳамма ерда Ҳожи Шамсуддин, Ҳожи Абдулқодир деб ёки мавлоно деб мурожаат қилдилар. Улардан Самарқанд мадрасаларида қолиб ишлашни ўтиндилар. Аммо йигитлар ота–оналарини беҳад соғинганликларини айтишди.
— Аввал бориб ота–онамиз зиёратини адо қилайлик, аларнинг хизматида бўлайлик. Андин сўнғ, Ол-лоҳ хоҳласа, қайтиб келурмиз, — деди Шамсуддин.
Самарқанд уламоларига бу жавоб маъқул бўлди. Дуою–саломлар билан уларни кузатиб қолишди.
Шамсуддин ва Абдулқодирнинг Шаҳристонга кириб келиши тўй бўлиб кетди. Карнай–сурнайлар билан кутиб олишган шаҳар ҳокими ва бошқа амалдорлар аввал шаҳар майдонида довруғи ўзларидан олдин етиб келган йигитларга лутфу–марҳамат кўргаздилар, сўнгра бу ерда ота–оналари, ёру–биродарлари билан дийдорлашган йигитларнинг уйларига жонлиқлар юборишиб, тантана қилишларини буюриб, лозим бўлган хизматкорларни юбордилар.
Бир кун Шамсуддиннинг уйида, бир кун Абдулқодирнинг уйида хатмул–Қуръон қилиниб, элга ош берилди. Учинчи куни кечқурун шаҳар ҳокими йигитларни ва уларнинг ота–оналари ҳамда уларнинг устозларини чорлади.
— Биз ҳаммасини эшитдик, — деди ҳоким вазмин сўз бошлаб. — Сизларни олиб келған карвон эгаси Қоҳирада қолмағонинғизни, Боғдод, Кўфа, ҳатто кўплар орзу ҳам қилолмайдиган Макка–ю, Мадинада ҳам қолувға ризо бўлмағанинғизни айтди. Самарқанд аъёнлари таклифларини–да рад этиб, она шаҳримизға келғанинғиз бизни кўп шодлантирди. Биз ҳам ўз навбатида шунга муносиб иш тутурмиз. Миср подшосининг назари, меҳри тушган муллоларимизни биз ҳам қадрлармиз. Ҳар биринғизға ёнма–ён бўл-ған кенг–мўл ҳовли–жой ажратилур, ҳар биринғиз кўнглинғиз тилаған хизматға қўйилурсиз.
— Жанобимизға бир оғиз ўтинчим бор эди, — деб сўз сўради мулла Абдулқодир домла. — Мен ўз шо-гирдларимни интиқ бўлиб кутиб турған эрдим. Ёшим ҳам анчаға бориб қолди. Кўзим тиригида мадраса мударрислиғини шогирдларимдан бириға топширсам деб эрдим. Эгамнинг қошиға борғунча аларга йўл–йўриқ кўрсатиб, эҳтиёжлари бўлса маслаҳат бериб юрурман.
— Валломатлиғинғиз таҳсинға лойиқ, — деди ҳоким ва бироз мушоҳада қилиб турғач, қарорини эълон қилди: — Мулла Шамсуддин ҳожи мадраса мударриси ва шаҳарнинг жомеъ масжидиға имом–хатиб этиб тайинланур. Амир жаноблари муҳри босилған Муфти Ҳазратининг фатвоси жумъа куни илкинғизда бўлғай. Мулла Абдулқодир ҳожи мадрасада фиқҳ илмидан дарс бериб, мулла Шамсуддиннинг ўнг қўли бўлсалар, иккиламчи, шаҳар қозиси ёрдамчилигига тайин қилинурлар. Ишнинг пасту–баландини ўз-лаштириб олғанларидан сўнг, қозиликни увол–савоби бирлан Мулла Абдулқодир ҳожига топширурмиз. Ишонамизки, Оллоҳ йўлида ҳалол хизмат қилурсизлар, адолат тарозуси шайинларининг бузилишиға йўл қўймағайсизлар.
Йиғин аҳли икки дўст ҳаққига кўп дуолар қилиб тарқалишдилар.

5. Юрт хизмати фарздур

Жума намозига ҳар галгидан ҳам кўп одам йиғилди. Масжид ва унинг ҳовлисида жой қолмагач, масжид дарвозасидан ташқарига ҳам жойнамозлар ташланди. «Кимсан, Муфти Ҳазратнинг ўзлари Бухоройи–Шарифдан келиб, жумъа намозини ўқиб бераркан», деган гапни эшитган шаҳарнинг барча намозхонлари чошгоҳдан олдинроқ келиб, меҳробга яқин ердан жой олишга интилишган, шаҳар атрофидан келадиган деҳқонлар, савдогарлар, бошқа шаҳарлардан келган меҳмонлар ҳам бугун жомеъ масжидига ошиқишган эди. Ҳамманинг оғзида Шамсуддин ва Абдулқодирнинг таърифи эди.
Муфтий Ҳазратлари жумъа намозидан олдин бир соатча маърифат қилди. Шамсуддин ва Абдулқодирни тарбиялаган ота–онаси, устозлари, қўллаб–қувватлаган шаҳар аъёнларига таҳсинлар ўқиди. Йигитлар ҳақида шаҳар аҳлига сўзлаб, уларга Миср подшосининг муҳри босилган олий мадраса ёрлиқларини ўқиб эшиттирди.
— Мен ҳам бир ёрлиқ олиб келганман, — деб Муфтий Ҳазрат қўйнидан ўралиб, шоҳона жилдга солинган ёрлиқни олди. — Унда Амир ҳазратларининг муборак муҳрлари босилған. Бугундан эътиборан Мулла Шамсуддин Қамариддин ўғли Шаҳристоннинг имом–хатиби, мадраса мударриси этиб тайинланадилар. Шаҳрингизнинг ҳар иккала азиз фарзанди ҳам Амир ҳазратларининг эътиборида бўладилар.
Азон айтилиб, жума намозининг суннатлари ўқилгач, Муфтий Ҳазрат хутба ўқиди. Амир жанобларига, янги имомга, элу–халққа омонлик тилади ва «Бир сафарга ўзлари ўқиб берсунлар», дейишига қарамай Шамсуддинни имомликка ўтказди. Шамсуддин ғоят гўзал овозда босиқлик билан қироат қилиб, фарз намозини ўқиб берди. Суннатдан кейин Муфтий Ҳазрат узоқ дуо қилди. Намоздан кейин Амир жаноблари бериб юборган совға–саломларни топшириб, Бухорога қайтди.
Шамсуддин ва Абдулқодир асосий вақтларини мадрасада ўтказар эдилар. Гарчи иккаласининг ҳам зиммаларида масъул вазифалари бўлса–да, улар талабалар билан кўпроқ бирга бўлишга, уларга кўпроқ илм ўргатишга интилишарди. Тирамоҳ ойининг боши билан шаҳар қозисини Бухорога чақириб олишди ва Абдулқодир Шаҳристоннинг бош қозиси бўлиб қолди. Энди у кўпдан–кўп можароларни ҳал этиши, мулк, мерос масалалари, қўйди–чиқди, хуллас, шаҳар ҳаётидаги турли–туман, катта–кичик муаммоларни ҳал этиши лозим эди. У ҳар бир муаммони адолат тарозусига солиб ҳал этар, обрў–эътибори кундан–кунга ортиб борар эди. Ҳатто Бухорода ҳал бўлмай қолган баъзи масалалар Амир жаноблари чопарлари орқали Абдулқодир қози ҳукмига юбориларди.

6. Суюкли фарзандлар

Юртда наврўз шодиёналари нишонланаётган кунлари Мулла Шамсуддин ҳожи ва Абдулқодир қози хонадонларида ҳам олдинма–кейин тўй тантаналари бўлиб ўтди. Йигирма беш–йигирма олтига чиқиб қолган йигитларни ота–оналари илмли, маърифатли, яхши хонадонларда исломий тарбия кўрган мастура қизларга уйлантириб қўйишди.
Бир йил ўтмай иккаласи ҳам ўғилли бўлишди. Мулла Шамсуддиннинг ўғлининг қулоғига азон айтган Абдулқодир ҳожи дуо қилди:
— Исмингиз Абдулвоҳид бўлди, умрингиз узун бўлсун, иймонинғиз зиёда бўлсун!
Абдулқодир ҳожининг ўғлининг қулоғига эса мулла Шамсуддин азон айтди.
— Исмингиз Жамолиддин бўлди. Умрингиз узоқ бўлсун, динимизнинг ҳусну–жамоли бўлинг, биз отанғиз бирла дўст бўлғонимиздек Абдулвоҳид бирлан қиёматлик дўст бўлунғизлар! — деб дуо қилди.
Мулла Шамсуддин ҳам Абдулқодир қози ҳам болаларининг тили чиққанданоқ уларга кичик–кичик сураларни ёд олдиришга ҳаракат қилишди. Абдулвоҳид ҳам, Жамолиддин ҳам мадраса ҳовлисида ўйнаб ўсишди. Улар беш ёшидаёқ намозларини тўла–тўкис ўқийдиган бўлишди. Узун–узун сураларни адашмай беғубор овозда қироат қиладиган бўлишди. «Қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек Жамолиддин кичкиналигиданоқ ўйинларда ҳакамлик қиладиган, болалар ўртасида низо чиқадиган бўлса, низоларни бартараф этадиган бўлиб ўсди. Болалар унга Жамол қози деб мурожаат қилишарди. Жамолиддин ўн бир–ўн икки ёшга етганда масала китобларда баён этилган ҳамма муаммоларни ва уларнинг ечимларини, уларга оид ҳукмларни ёд билар эди. Абдулвоҳид эса ўн икки ёшида Қуръони Каримни ёд олиб бўлган эди.
Мулла Шамсуддин ҳам, Абдулқодир қози ҳам болаларининг ўзларидек илмга чанқоқлиги, тириш-қоқлиги ва ақли бутунлигидан масрур эдилар. Келажакда уларнинг эл–юртга ўзларидан ҳам кўпроқ хизмат қилиши мумкинлигини ўйлаб севинардилар. Шамсуддин яна бир ўғил ва бир қиз, Абдулқодир ҳам яна бир қизли бўлган эди. Улар ҳам зукко фарзандлар эдилар, аммо уларнинг тарбияси билан кўпроқ оналари Ҳанифа отин ва Шарофатбибилар шуғулланишарди.

7. Бир хатар яқин эди

Шаҳристон мадрасасининг довруғи тўрт ёнга тарқалган эди. Мулла Шамсуддин дўсти Абдулқодир қози ва шаҳар ҳокими билан маслаҳатлашиб, шаҳар майдонида ҳозиргисидан каттароқ қилиб янги мадраса қуришга аҳд қилди.
— Мадрасани ўз ҳисобимиздан қурмоқчимиз, — деди Мулла Шамсуддин. — Дўстим Абдулқодир қози ёрдам бериб турадурғон бўлди.
— Иншооллоҳ, биз ҳам қараб турмасмиз, — деб уларни қўллаб–қувватлади шаҳар ҳокими.
Қурилиш жуда жадал суратда олиб борилди. Шаҳар аъёнлари ҳоким бошчилигида қурилишдан тез–тез хабар олишар, жонлиқлар сўйишиб, ҳашарга келган юзлаб–минглаб шаҳарликларни қўллаб–қувватлаб туришарди. Мадраса қисқа вақт ичида гўзал қилиб қурилди. Икки юз талабага мўлжаллаб ҳужралар қилинди, қироатхоналар, кутубхона, таҳоратхона ва ҳаммомлар қилинди. Ўчоқ ва қозон–товоқларигача ҳозирлаб қўйилди.
Мадраса деворларини самарқандлик усталар нақшинкор қилиб безаган бўлсалар, залворли ўймакор эшикларни Бухоро усталари ясаб бердилар.
Рамазон ҳайитидан сўнг Муфтий Ҳазрат мадрасага пойиқадамларини қўйди.
— Муфтий Ҳазрат, мадрасамизға бир муносиб ном берсалар, — деб Муфтий Ҳазратга мурожаат қилди шаҳар ҳокими.
— Улуғ, гўзал обида бўлубдур, мадрасанғиз номи «Ҳазрати Усмон мадрасаси» бўлсун, — деди Муфтий ҳазрат ва Ҳазрати Усмоннинг динимиз ривожи, хусусан, Қуръони Каримнинг китоб қилинишидаги мислсиз хизматлари ҳақида сўзлаб берди. Тўпланганлар бу номдан жуда мамнун бўлдилар.
Ўша куни бу ерда ўқиш истагида бўлган юзлаб талабалар орасидан эллик нафари саралаб олиниб, толиби–илмликка қабул қилинди.
Ҳамма ишлар гўзал эди. Юрт тинч ва обод, эл тўқ ва маъмур эди. Дину–диёнат устувор эди. Адолат тарозуси бузилмас, зеро бу тарозу назоратчиси устидан ҳам назоратчи қўйилган эди.
Аммо бу фаровонликлар, бу исломий маданият равнақи омонат эди.
Юртга еб тўймас очофат кўз тиккан эди. Бу ери унумдор, олтинга кон, боғлари жаннатмакон юртга «ейман, ютаман», деб бир юҳо бостириб келаётган эди. Бу юҳо минг–минглаб мусулмонлар, юрт, миллат фахри бўлган зотларнинггина эмас, ислом динининг ҳам, исломий гўзал маданиятнинг ҳам кушандаси бўлган, келтирган наҳсу–нокасликлари бир неча юз йилда ҳам адо бўлмайдиган Ўриснинг Оқ подшоси эди...

II–Боб. АНДА ЖОНИМ ҚОЛДИ

«Илм олмоқ ҳар бир мўъмин ва мўъминага фарздур».
Ҳадиси шарифдан

1. Видолашув

Мавлоно Шамсуддин ҳожи ҳам Қози Абдулқодир ҳожи ҳам Оқ подшо кимлигини, юртларини босиб олгач, не балоларни бошлашини аниқ билмас эдилар. Аммо «тўнғиз гўшти ер экан, тикка туриб «чоптирар» экан», деган таърифларини эшитибоқ, фарзанди аржумандларини бу талотўплардан узоқроққа жўнатишни лозим топдилар. Ўзлари ҳам аҳли оиласини олиб бирор араб давлатига чиқиб кетишлари, қийналмай тирикчилик қилишлари мумкин эди, аммо ҳар иккиси ҳам юрт бошига кулфат тушганда юртдан қочишни ўзларига эп билмадилар.
— Шайх Нажмиддин Кубро Ҳазратларини эсланғиз, — деди Мавлоно Шамсуддин дўстига. — Ҳазратға «Сизға дахл қилмаймиз, аҳли оиланғизни олиб чиқиб кетинғ, сиз чиқиб кетгачгина шаҳарға ҳужум қилғаймиз», дейишғон. Кўп инъомлар ваъда қилишғон. Ҳазрат жонларини олиб қочмағонлар. Эл–юрт билан бирга қолғанлар. Саксондин ошған Шайх ғанимдин тортиб олған душман байроғини чангаллаб шаҳид бўлғанлар.
— Биз ҳам қоламиз, кўпға келғон тўй, — деди Қози Абдулқодир ҳожи. — Бошға тушғанини кўз кўрур.
«Кофирлар Тошканни олишибди», деб гап тарқаган йили ўн олтига чиқиб қолган Абдулвоҳид ва Жамолиддинларни Бухородан ҳаж сафарига йўлга чиққан карвонга қўшиб, Арабистонга жўнатишди. Мавлоно Шамсуддин ҳам қози Абдулқодир ҳам ўғилларига бир вақтлар ўзларига Миср подшоси инъом этган ҳамёнларни тилла тангаларга тўлдириб бердилар. Ёрлиқлар ёнига Мисрдаги мадраса мударриси номига, Шайх Абу Салама номига ва Миср подшоси номига мактублар ҳам битиб қўшишди. Буларни эҳтиёт қилиб олиб боришларини, ўзга юртларда бу ёрлиқ ва мактублар асқотишини кўп тайинлаб, фарзандлари билан видолашишди.
Шаҳарнинг Бухоро дарвозасидан чиқиб, йўлга тушган карвон ортидан термуларкан, Шамсуддин қори пичирлади:
— Яна сизлар бирлан тирик кўришмак насиб этармикан?

2. Ота изидан

Карвон олис ва машаққатли йўлни босиб, ниҳоят, Жидда шаҳрига кириб борди. Баъзи мамлакатлар нотинч бўлганлигидан узоқ йўл юрган карвон Оллоҳ уйи жойлашган мамлакатга етиб келганда ҳаж мавсуми ўтиб бўлган эди. Айримлар келгуси ҳаж мавсумини кутишга қарор қилган бўлсалар, айримлари Умра ҳажини адо қилишга бел боғладилар.
— Оталаримиз тайинлағонларидек ҳаж қилиб олмоқликни ғанимат билайлук, — деди Абдулвоҳид дўстига.
— Ори рост, вақтни тежаб Умра ҳажини ният қилғонлар сафига қўшилайлук, — деди Жамолиддин ҳам.
Икки дўст Ҳаж ниятидаги гуруҳ билан Маккаи–мукаррама сари йўл олдилар.
Умра ҳажини адо қилишгач, оталари тайинлаган Усмон ибн Аффон Қурайшийни зиёрат қилмоқчи бўлдилар. Афсуски, унинг қабринигина зиёрат қилдилар. Аммо Қурайший Ҳазратнинг фарзандлари ўзларининг қадрдони, оталарининг суюкли шогирди бўлган Шамсуддиннинг ўғли ва унинг дўстини яхши кутиб олдилар. Кўнгилдагидек меҳмон қилдилар ва Мадинагача бирга кузатиб бордилар.
Мадинада улар Абу Яҳё ибн Нажиб Ҳазратларининг меҳмони бўлдилар. Ҳазрат ўз шогирди Абдулвоҳиднинг қози бўлганини эшитиб бир севинган бўлса, Абдулқодирнинг ўғли ҳам фиқҳ билан жиддий шуғулланмоқчи эканини билиб яна бир севинди.
— Саксондан ошиб қолган бўлсам–да, сизга ўзим устозлик қиламан, отангиздек фиқҳ фанининг билимдони қилиб тарбиялайман, — деди Ҳазрат.
Жамолиддин Мадинада қолиб ўқишини айтди. Абдулвоҳид эса Мисрга йўл олди. Абдулвоҳид отаси ёзган мактубларни «Ал–Азҳар» мадрасаси мударрисига топширди. Уни бирозгина имтиҳон қилиб кўрган мударрис хурсандчилик билан мадрасага ўқишга қабул қилди. Мадрасада бир–икки ҳафта бўлган Абдулвоҳид отасининг устози Шайх Абу Саламанинг уйига борди. Шайх ўн йил бурун оламдан ўтган экан. Аммо унинг уйидагилар Абдулвоҳиднинг отаси Шамсуддинни яхши билишларини, тез–тез эслашларини айтишди. Улар Абдулвоҳидни яхши кутиб олишиб, меҳмон қилишди. Эртаси куни уни Фотиманикига олиб боришди. Фотима Абдулвоҳидни бағрига босиб узоқ йиғлади.
— Худди отангга ўхшар экансан, — деди Фотима. — Ўқишдан бўш пайтларингда келиб тур. Ўзим сенга ёрдам бериб тураман.
— Имкон қадар келиб турмоқлиққа харакат қилурман, — деди Абдулвоҳид.

3. Жамолиддин

Жамолиддин зеҳни отаси Абдулқодирникидан ҳам тезлиги билан устози Абу Яҳё Нажиб Ҳазратларини лол қолдирди. Ўн олтига кирган ўсмир Қуръонни ёд билар, Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис китобларидаги минглаб ҳадисларни ровийлари билан ёддан айтиб берар, Имом Термизийнинг «Ал–жомеъ», яъни «Сунани Термизий» китобини тўлиқ ёддан айтиб бера оларди. Жамолиддин Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”сидан ташқари Абу Лайс Самарқандий ва Абу Мансур Мотурудийларнинг китобларидаги фиқҳий ҳукмларни ҳам ёдлаб олган эди. Мадина олимлари ҳузурида бу китоблардаги кўплаб масалаларнинг, муаммоларнинг ечимларини шарҳлаб, оят ва ҳадислар билан далиллаб берганда уламолар унинг зеҳнига, мушоҳада қобилиятига тан бердилар.
Жамолиддин Мадинадаги мадрасада сабоқ олиш билан бирга тўрт йил давомида, яъни Абу Яҳё ибн Нажиб Ҳазратлари оламдан ўтгунча у киши билан бирга муттасил равишда Макка ва Мадинада бўладиган диний анжуманларда, баҳсу мунозараларда иштирок этиб юрди. Шу йиллар ичида кўплаб олиму уламолар назарига тушди.
Яна икки йил ўтгандан сўнг Жамолиддинга олий мадрасани тугатганлиги ҳақида ёрлиқ топширдилар.
— Жамолиддин, болам, — деди мадраса бош мударриси, — сиздек илми мукаммал толиби илмлар мадрасамизға сув ила ҳаводек зарур эдинғизлар, аммо фалакнинг кажрафторлиғи андоғким, замона талотўп бўлди. Тинчлик муваққат бўлиб қолди. Бундай чоғда нисбатан тинчроқ жойни макон тутишлиғни маслаҳат берур эрдим.
Жамолиддинни Арабистонда отаси сингари олиб қолишга талашмадилар. Қайтанга тезроқ бошқа бирор давлатга юбориш пайида бўлдилар. Чунки, бу даврга келиб Араб давлатлари ҳам нотинч бўлиб қолган эди. Араб халифалиги барҳам топгач, Расулуллоҳнинг саодатли замонларидаги бирликдан асар ҳам қолмай, майда–майда давлатлар ва мулкларга бўлиниб кетган арабларни бирин–кетин европалик зўравонлар мустамлакага айлантириб олаётган эдилар. Туркистон ерларини ўрислар қандай ғорат қилаётган бўлсалар инглизлар, французлар, португаллар, немислар ва бошқа еб тўймаслар бутун Осиё ва Африка ерларини таламоқда, ўз ҳукмини ўтказмоқда эдилар.
Макка ва Мадинани кўп оёқости қила олмасалар–да, бир замонлар халифалар бошқарган ерларни мустамлакачилар қўйган ўйинчоқ ҳукмдорлар – Шарифлар бошқарар эдилар. Шарифлар эса ўзларининг асл ҳукмдорлари бўлган мустамлакачи давлатлар раҳбарларининг чизиғидан чиқолмас эдилар. Ёқмай қолган тақдирларида уларни истаган кунлари алмаштиришлари мумкин эди. Шунга қараб, сиёсий ва ижтимоий вазият ҳам тез–тез алмашиниб турарди.
Мустамлакачиларга қарши унда–бунда қўзғолонлар кўтарила бошланди ва аксарият ҳолларда бу қўзғолонларга мадраса мударрислари ёки тафаккур кўзи очиқ бўлган талабалар бош бўлиб қолардилар. Ана шундай талотўплардан Жамолиддинни четга олишлари, тинчроқ бирор ерга юборишлари лозим эди.
Ана шундай таҳликали кунларда Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлиб, Афғонистон амири Шералихондан қозилик лавозимига муносиб илмли киши сўраб ёзилган мактуб олдилар. Жамолиддинни келган элчиларга қўшиб Қобулга жўнатдилар.

4. Абдулвоҳид

Абдулвоҳид мадрасадаги мударрислардан отаси ҳақида кўп илиқ гапларни эшитди. Отасига сабоқ берган муаллимлардан айримлари ҳали ҳам шу ерда дарс берар эдилар. Отасининг араб тилини мукаммал билгани, фақат тил эмас, арабий лисоннинг шева ва лаҳжаларини ҳам яхши билганлигини, мисрлик билан мисрликдай, маккалик билан маккаликдай, яманлик билан худди яманликдай гаплашганини, Қуръонни ҳам етти хил қироат билан ўқиганлигини, ҳофизлар мусобақаларида бутун дунёдан келган ҳофизларни лол қодирганини фахр, ифтихор туйғулари билан такрор–такрор сўйлашарди.
Абдулвоҳид ҳам отасига муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қилди. У мадрасага тайёр қори, яъни Қуръон ҳофизи бўлиб келган эди. Араб тили ва унинг қонун–қоидаларини ҳам яхшигина ўзлаштирган эди. Энди отаси сингари турли лаҳжаларда гўзал қилиб Қуръон ўқишни ўрганиб олса бўлгани. Бунинг учун Араб оламининг турли шаҳарларини кезиш, ҳар бир лаҳжани ўша лаҳжада гапирувчилар яшайдиган жойларда ўрганиш талаб қилинарди. Аммо бу осон эмасди.
Чунки, Араб замини, хусусан Миср ҳам Европа босқинчилари томонидан хомталаш қилинаётган эди. Миср сиёсий жанглар майдонига айланиб қолган эди. Мамлакатнинг турли ерларида мустамлакачиларга қарши қўзғолонлар шафқатсизлик билан бостирилди.
Айни Абдулвоҳид ўқиётган йиллари, яна айни Абдулвоҳид ўқиётган Ал–Азҳар мадрасасида, айни Абдулвоҳидга сабоқ берган мударрис Жамолиддин ал Афғоний бошчилигидаги озодлик ҳаракатлари жуда довруғ таратган, мударрис ва унинг шогирдлари катта обрўга эга бўлган эдилар.
Жамолиддин Ал–Афғоний «Ҳизб ул–Ватан», яъни «Ватан» партиясини тузгач, талабалар жуда машҳур бўлиб кетдилар. Бу партиянинг шиори чет эл мустамлакачиларига қарши «Ватан мисрликларники!» деган ўтли нидо эди.
Бу воқеаларнинг ичида юриб, бу ҳаракатлардан айро юришининг иложи ҳам йўқ эди. Абдулвоҳид ҳам сабоқдош дўстлари билан бирга намойишларда, тўс–тўполонларда иштирок этарди. «Ҳизб ул–Ватан»га аъзо эди. Аммо бўш бўлди дегунча мутолаага бериларди.
Абдулвоҳид мадрасани хатм қилгунча икки бора дўсти Жамолиддиндан хабар олди. Учинчи сафар бориш тадоригини кўраётганда дўстидан Афғонистонга жўнаб кетаётгани ҳақида мактуб олди.
Мадрасани хатм қилиб, тегишли ёрлиқни қўлга олиб, отасининг ёрлиқларига қўшиб китоблари орасига жойлар экан, Абдулвоҳид Мисрда қолиш хатарли эканини англаб етди ва она шаҳри Шаҳристонни мўлжаллаб йўлга чиқди.
Қобулда дўсти Жамолиддин билан охирги марта учрашди. Жамолиддин уни Мирзо Бобур барпо қилган боғда бир ҳафта меҳмон қилди. Она Ватанидагиларга совға–салом ва соғинчли мактублар билан Бухоро амирлигининг карвонига қўшиб юборди:
— Айтинг, бизни унутмасунлар! Бизнинг ҳам кўзимиз сиз томонларда бўлғай.
— Мен юрт тинчиғон бўлса сизга мактуб битурман ва сиз ҳам Ватанға борурсиз, иншооллоҳ, бирга бўлурмиз.
— Илоҳим айтқонинғиз келсун!
Ўттиз ёшни қоралаб қолган, умрининг деярли ярми ёт ўлкаларда, карвон йўлларида ўтган йигит Абдулвоҳид дўсти совға қилган учқур афғоний отда Жайҳун дарёсини кесиб ўтар экан, ўй–фикрлари ўзидан ҳам жўшқин эди.
«Энди соғинчлар, ҳижронлар барҳам топғай, иншооллоҳ. Насиб қилса, ўлмай етиб олсам шундан кейин Шаҳристондин бир одим ҳам ташқарига чиқмасмен».

5. Бобур Мирзо ёнларида

Жамолиддин 1871 йилда Қобулга етиб келди ва Амир Шералихон хизматига кирди. Унга бир йил синов муддати тайин қилдилар ва бу вақт ичида қозилик қилаётган Исмоил Хожага ёрдам бериб юришини буюрдилар. Олти ойда синов муддатини бекор қилдилар. Жамолиддин ўзининг зукколиги, билими ўткирлиги билан Исмоил Хожани ҳам, Муфти Зиёхонни ҳам, бошқа аъёнларини ҳам лол қолдириб, уларнинг меҳру–муҳаббатини қозонган эди. Жамолиддиннинг қозилик лавозимини эгаллашига монеълик қиладиган биргина сабаб қолган эди, у ҳам бўлса унинг ҳали уйланмагани эди. Бу камчилик ҳам тезда бартараф қилинди. Бобокалонлари Бобурийлардан бўлган Қобулдаги кўзга кўринган савдогарлардан бири Ҳожи Акбаржон Андижонийнинг ўн олти ёшли оқила қизи Қорасочбегимни тўю–томошалар билан Жамолиддинга никоҳлаб беришди. Жамолиддин қайнонасининг ёлвориб сўрашлари натижаси ўлароқ, тўйдан кейин уларнинг ёлғиз фарзандларини хонадонларидан «олиб чиқиб кетмади». Уларга ўғил бўлиб, уларнинг Бобур Мирзо барпо қилган ва ул зоти шариф дафн қилинган гўзал боғ ёнидаги баҳаво ҳовлисида яшаб қолди.
Тез орада Жамолиддин қозилик вазифасини адо этишга киришди. У бор билим ва тафаккурини ишлатиб эл дардига дармон бўлишга уринди.
Аммо бутун дунёда бўлаётган талотўплар Афғонистонни ҳам четлаб ўтмади. Еб тўймас юҳолар Афғон ерларига ҳам кўз тикдилар. Ҳатто Афғонистон устида талашиб, ўзаро урушган давлатлар бўлди. Аввалига инглизлар Ҳиндистон–Афғонистон чегараларида қўшин тўплаб таҳлика солдилар. Кейин Ўрис подшоси Афғонистонга кўз тикди. Шералихоннинг инглиз элчиларини Қобулда қабул қилмагани урушга баҳона бўлди.
Шералихон ўлгач, унинг ўғли Ёқубхон ҳокимиятни инглизлар ёрдамида сақлаб қолмоқчи бўлди ва амалда мустақилликни қўлдан берди. Халқ қўзғолонлари бошланиб кетди. Инглизлар Қобулга кирдилар. Халққа нисбатан жазо чоралари кўрилди.
Жамолиддин мамлакат шимолига оиласи билан қочиб келди. Кўп ўтмай бу ерда Дўстмуҳаммадхоннинг набираси Абдураҳмон ўз ҳокимиятини ўрнатди ва Жамолиддинни қозилик лавозимига тайинлади. Халқ ҳам амирлар сулоласи вакили бўлган Амир Абдураҳмонга бош эгди. Инглизлар ҳам у билан музокара бошладилар. Унга Қобулни ҳам топширдилар.
Абдураҳмон ташқи ишларда мустақилликни ололмаган бўлса–да, мамлакат ичкарисида эркинликни сақлаб қолди. Жамолиддин ҳам оиласини яна ўз ҳовлиларига кўчириб келиб, нисбатан тинч хизматига киришди.
1880 йилда Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятига ҳукмронлик қилаётган Амир Шералихоннинг ўғли Айюбхонни мағлубиятга учратгач, Афғонистонда Амир Абдураҳмон ўзининг тўлиқ ҳукмронлигини ўрнатди.
Шундан кейинги йигирма йил ичида Афғонистон бирмунча тинч ва осуда ҳаёт кечирди. Жамолиддин Қорасочбегимдан бир ўғил, бир қиз фарзанд кўрди. Ўғли Камолиддинни Қобул мадрасасида ўқитди. Доимо ёнида олиб юриб, фиқҳ илмидан, шариат аҳкомларидан воқиф қилди. Қизи Моҳимбибининг саводини онаси чиқарди, уй–рўзғор юмушларини ўргатди. Қизлари ўн олтига тўлганда Қорасочбегимни холасининг ўғли, иймон–эътиқоди бутун йигит Мавлонбердига узатишди.
Жамолиддин Қобулда қозиликни Оллоҳ буюргандек, одилона олиб борар, ҳукм чиқаришда аввал Қуръонга, кейин ҳадисларга суянар эди. Ҳар бир чиқарган ҳукмини бир неча китоблар асосида далиллаб берарди. У шундай қилишга мажбур ҳам эди. Чунки, Амир Абдураҳмон бутун ҳокимиятни қўлга олгач, афғон бўлмаган миллат ва элатларни камситувчи сиёсат юргизди. Аскар бераётганини рўкач қилиб, афғонларни кўплаб солиқларни тўлашдан озод қилиш баробарида ўзбек, туркман, тожик ва бошқа миллат вакилларига солинадиган солиқ турларини оширди.
Амирнинг афғон бўлмаган миллат ва элат вакилларига муносабати фуқаро орасида ҳам ўз аксини топган эди. Ҳар хил ўғирликлар айнан афғон бўлмаган кишилар яшайдиган ҳудудларда содир бўлар, бозор–ўчарларда ҳам ундай кишилар баъзан очиқчасига таҳқирланар эди.
Амалдорлар орасида ҳам бу кайфиятдагилари кўп бўлиб, улар ҳатто Жамолиддинни ҳам саройдан узоқлаштиришга уринардилар. Аммо шахсан Амир Абдураҳмоннинг унга ихлоси баландлиги ҳар хил фитнаю–фасодларни барбод қиларди.
— Қози жаноблари, — деди бир машваратда Амир, — сиз пасту баланд гапларға парво қилманғиз, адолат тарозусини тўғри тутаверинғиз!
— Амринғиз бошим устиға, — деди Жамолиддин, — аммо баъзи аъёнларға тарозу шаъйинларининг тўғри туриши ёқмай қолмоқда.
— Сиз мени билинғиз, сиз менға суянинғиз, — деди Амир.
Жамолиддин кўп ҳолларда ҳукм чиқаришга қийналиб кетарди. Чунки, кўпчилик ҳолларда афғон бўлмаган кишиларнинг фойдасига ҳукм чиқаришга тўғри келар, бу ўзгалар назарида ўз миллатдошларига ён босишдек кўринарди. Аммо кўпчилик ҳолларда аслида ҳам ўшалар жабрланувчи бўлишар, кўпроқ ўшалар зулм кўрарди.
Йигирманчи аср Жамолиддин учун нохуш бошланди. Аср бошида унинг раҳнамоси бўлган Амир Абдураҳмон вафот этди. Унинг ўрнига тахтга ўтирган унинг ўғли Амир Ҳабибуллохон Жамолиддин қозини ўз мансабида қолдирди, аммо бу янгиликларга ўч бўлган ёш амирнинг кейинчалик қандай муносабатда бўлиши номаълум эди.
Жамолиддин ўша йили аввал қайнонасини, сал ўтиб қайнотасини дафн қилди. Қайнотаси ўлимидан сал олдин куёвини чақириб, унинг олдига бир хумча олтин тангаларни қўйди.
— Ўғлим! Сиз бизларға ўғил бўлиб хизмат қилдинғиз, — деди Ҳожи Акбаржон ота. — Энг муҳими, кўзимизнинг оқу–қораси бўлған қизимизга бахт бердингиз. Манави тиллаларни сизға қолдираман. Биламан, сизнинг буларға эҳтиёжингиз йўқ. Аммо бир куни келиб имкони топилса масжидми, мадрасами қурилишиға ишлатарсиз. Шунда барчамизға савоби тегади.
Акбаржон Ҳожи отани ҳам боболари ёнига, Бобур Мирзо дафн қилинган боққа дафн қилдилар.
Афғонистонда кейинги содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисалардан чўчиган Жамолиддин қози ўғли Камолиддинни ота юртига жўнатишга аҳд қилди. Ўрис савдогарлари билан бирга келиб турган самарқандлик, бухоролик савдогарлардан эшитиб билди–ки, гарчи оқ подшо ўз назоратчиларини қолдирган бўлса–да, Бухоро амирлигида хусусан, Самарқандда аҳвол бирмунча яхши экан. Масжид ва мадрасалар очиқ ва юрт шариат аҳкомлари асосида бошқарилаяпти экан.
— Хўроз ҳамма ерда ҳам бир хил қичқириб қолди, — деди Жамолиддин қози ўғлига. — Бу ёқда инглислар, у ёқда ўрислар. Ҳаммаси бир гўр. Аммо илминг бор, хор бўлмағайсан. Қолаверса, у юрт менинг ота юртим. Сенинг боболаринг ўша юрт тупроғида ётибдир.
Кейин ўғлининг хуржунига бир умр қўлидан қўймаган Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобларини ва қайнотаси берган хумчани солар экан тайинлади:
— Ота юртимизда бирор масжид ё мадраса қурилишиға ишлатарсан. Ишонаманки, уруғларимизни топасан. Дўстим Абдулвоҳидни топсанг, унинг этагидан маҳкам тутғил–ки, у сенға менинг ўрнимға оталиқ қилғай.
Жамолиддин Қози шундан кейин худди отаси ўзи билан видолашгандек, ўғлини бағрига босиб видолашди.
Жамолиддин хаёрлашаётган чоғидаёқ ўғлини қайтиб кўрмаслигини қалби билан ҳис қилган эди. Ҳар замонда юрагини чангаллаб қолиб «Пайғамбаримиз ёшларига етсам эрди», дейдиган Жамолиддин қози олтмиш уч ёшида қозилик лавозимида оламдан ўтди. Уни ўзи васият қилгандек, Мирзо Бобур Ҳазратларига яқин жойга дафн қилдилар.

6. Қорилар пешвоси

Абдулвоҳид соғ–саломат Шаҳристонга етиб олди. Аммо ота–оналарини тирик кўрмади. Отаси ҳам, дўсти Жамолиддиннинг отаси Абдулқодир қози ҳам бир кунда, Самарқандни оқ подшо аскарларидан ҳимоя қилаётган навкарларга ёрдамга борганларида, Зарафшон дарёси қонга тўлиб оққан машъум кунда, Чўпонота тепаликларида бўлган тенгсиз жангларда шаҳид бўлишган экан. Ҳар икковининг жасадларини шогирдлари олиб келиб Шаҳристонга, ёнма–ён қабрларга дафн этишган экан. Уларнинг ёнларида эса ғам адо қилган жуфти ҳалоллари, Абдулвоҳид ва Жамолиддиннинг оналари дафн қилинибди.
Абдулвоҳид укаси ва синглисини топиб дийдорлашди. Укаси Абдулвосит шаҳар масжидига имом экан, синглиси турмушга чиқиб, уч фарзандли ҳам бўлибди.
Эртаси куни унинг зиёратига дўсти Жамолиддиннинг синглиси эри билан келди. Олдин ердан кўзини узмай сўрашди. Аммо акаси ҳақида сўз очилгач, чидаб туролмади. Ўзини Абдулвоҳиднинг бағрига ташлаб, айтиб–айтиб йиғлай бошлади:
— Билгандай бизларға аканг билан видолашинг, деган вой отам! Акамни бир кўролмай ҳижрондан ўлган вой аям! Акамни мен кўра олармиканми, акажон?!
— Жамолиддин соғ–саломат, Худо хоҳласа дийдор кўришарсизлар! — деди ўпкаси тўлиб Абдулвоҳид.
Абдулвоҳид дўстининг синглисини зўрға юпатиб, унга Жамолиддин юборган мактублар ва совға–саломларни топширди. Уни зиёрат қилгани шаҳар аъёнлари ҳам келишди. Аввало таъзия изҳор қилишди, Абдулвоҳид йўғида ўтганларнинг руҳига қуръон тиловат қилинди. У ёқ–бу ёқдан суҳбат қилинган бўлди. Сўнгра уч–тўрт кун дам олишини, кейин ишга чиқишини айтишди.
— Отанғиз қурған, дарс берған мадраса бир закий мударрисға муҳтож эрди. Худо хоҳласа, жума куни жума намозидан сўнг мадрасага ўтунг. Мадраса толибларини биз йиғиб берурмиз, — деди шаҳар оқсоқоли. — Қолғанини ўша куни мадрасада гаплашаверамиз.
Жума кунигача шаҳар оқсоқоллари Бухоро амирига чопар юбордилар. Амир номига ёзилган мактубда Абдулвоҳид ҳақида, унинг отаси, хусусан, Шамсуддин ҳожининг эл–юртга, Амир жанобларига қилган хизматлари айтиб ўтилиб, Абдулвоҳиднинг «Ҳазрати Усмон» мадрасасига мударрислик лавозимига тайин қилиниши сўралган эди. Амирдан ижобий мактуб, ёрлиқ ва совға–саломлар жума куни чошгоҳда етиб келди.
Оқсоқоллар айтганидек, Абдулвоҳид жума куни намози Жумадан кейин мударрислик ишига киришди.
Орадан ўн йил ўтмай мадраса яна аслидаги довруғини тиклади. Яна мадрасага турли жойлардан толиби илмлар оқиб кела бошлади.
Бу орада Абдулвоҳид уйланди. Ўғилли, қизли бўлди.
Ўғлига Нодиржон деб исм берди. Бобоси отасини, отаси ўзини тарбиялагандай тарбия берди ўғлига.
— Буванг Шамсуддин қори, отанг Абдулвоҳид қори, ўғлим, сен ҳам бир куни Нодир қори бўлиб элнинг оғзига тушишингни истайман, — дерди Абдулвоҳид қори ўғлига бот–бот.
Нодиржонга ҳам уч–тўрт ёшидан бошлаб ҳарф танитди. «Амма» порасидаги кичик–кичик сураларни ёдлата бошлади.
— Оллоҳға шукур, — деди ўғли олти ёшга кирганда жойнамозчасини ташлаб отасининг ортидан намоз ўқиш учун сафга турганда. — Ўзиға беҳисоб шукурким, заковатли, зеҳни тез ўғил берди. Икки пора Қуръонни ёдлаб, бугун намозға ҳам кирди. Ўзунг ёмон кўзлардин асрағайсан!
Нодиржонни Оллоҳ ёмон кўзлардан асради. Унинг зеҳнини ўткир қилди. Ақлини равшан қилди. Ўн икки ёшида отаси ва бобосидек қори бўлди. Қори Нодир бўлиб эл оғзига тушди. Ўн саккиз ёшида отаси мударрис бўлган мадрасани хатм қилди.
Мулла Абдулвоҳид ўғлини Бухоройи Шарифдаги Мир–Араб мадрасасига юборди.
«...Сабаби шундоғким, ўз ўғлимиз бўлғонидин андак суяған чиқармиз, ортуқча рағбат кўрсатқон бўлсак–да ажаб эрмас. Иккиламчи, сиз зоти азизнинг мадрасаи олиялари сабоқлариндин ҳам баҳраманд бўлсун дедук», деб ёзган эди Мулла Абдулвоҳид қори Мир Араб мадрасаси бош мударрисига ёзган мактубида.
Мир–Араб мадрасаси мударрисидан бундай мазмунда мактуб олди.
«...Инимиз мулла Абдулвоҳид, камтарлик қилибсиз, фарзанди–аржумандинғиз жуда ҳам фозил, одоб–икромли йигит бўлибдур. Лисон илмида ҳам, илми тафсирда ҳам, илми фиқҳда ҳам ҳеч бир нуқсони йўқдур. Аммо башарти маним ҳузуримға юборған эркансиз, қуруқ қайтариб юбормайлук, деган андишада Нодирбекни мадрасада олиб қолдим. Унга сизларда ўргатилиши ҳали йўлға тушмаған тиб илмидин, илми нужумдин, жуғрофий илмлардан шу илмлар пешволари сабоқ берғайлар».
Нодиржон икки йилда Мир–Араб мадрасасини ҳам хатм қилганлиги тўғрисидаги ёрлиқ билан Шаҳристонга қайтди.
Ўша йили Афғонистондан Жамолиддин қозининг ўғли Камолиддин ҳам Шаҳристонга етиб келди. Бир замонлар ёнма–ён тушган серфайз ва боҳаво хонадонлар, мулла Шамсуддин ва Абдулқодир қозилар обод қилган ҳовлилар яна шоду–хуррамликка тўлди. Янгича файзу–тароват касб этди. Бу ҳовлиларга бир ойда икки бека ташриф буюрди. Мулла Абдулвоҳид олдин дўстининг ўғли Камолиддинни, сўнгра ўз ўғли Нодиржонни Шаҳристондаги бообрў хонадонларнинг покдомон, собира қизларига уйлантириб қўйди.
Мулла Абдулвоҳид Камолиддинга ота ўрнига ота бўлди. Камолиддин учун елиб–югуриб, уни қозихонага ишга жойлади. Йигирма олти ёшида Камолиддин Шаҳристонга қози қилиб тайинланди.
Мулла Абдулвоҳид Пайғамбар ёшига етгани шарафига элга ош берди ва ўша кундан эътиборан ўз ўрнига ўғли Нодиржонни қўйиб, ўз таъбири билан айтганда «Дунё ишларидан қўлини тортди».
Етти йил ўтиб бевафо дунё ҳам Мулла Абдулвоҳид билан видолашди.

7. Тарихга бир назар

Ўқувчиларимиз қаҳрамонларимиз яшаган даврни, муҳитни тасаввур қилсинлар, деган мақсадда ўша замонлар ҳақида икки оғиз ҳикоя қилишни лозим топдик.
Ўн саккизинчи асрнинг иккинчи ярми бутун ер юзида, айниқса Осиёда мустамлакачилик урушлари, босқинчилик юришларига тўла бўлди. Европаликлар бутун қитъани қайтадан ўзаро тақсимлашга тушиб кетдилар. Инглизлар, португаллар, французлар, немислар, голландлар мустамлака қилиш, босиб олиш пайида Осиё ва Африка қитъаларига қўшин устига қўшин юборар эдилар. Араб давлатларига турклар тинмай чанг солар эдилар. Европаликлар босиб олган давлатлари халқларини йиллаб аросатларига солдилар, талон–тарож қилдилар. Айниқса, Африка қитъасидан миллионлаб қора танлиларни олиб кетиб, қул қилиб сотишлари натижасида қитъадаги кўпгина давлатларнинг туб аҳолиси кескин камайиб кетди. Кишилар камситиш, хўрланиш, азобланиш остида қолдилар.
Россия 1880 йилга келиб Ўрта Осиёни бутунлай ўзиники қилиб олган, Россия тасарруфидаги ҳудуд Афғонистонгача бориб тақалиб, унинг чегаралари энди Амударё бўйлаб ўтарди.
Гарчи Бухоро Амирлиги, Хива, Қўқон хонлиги мавжуд, ички бошқарув амир ва хонлар ихтиёрида бўлса–да, амалда бу ерларга Чор Россияси подшоси томонидан қўйилган Туркистон генерал–губернатори ҳукмдорлик қиларди.
Амир ва хонлар Россияга жуда катта миқдорда солиқлар тўлашарди. Бу солиқлар халқнинг тинка–мадорини қуритган эди. Бунинг устига бошқа давлатлар билан уруш олиб бораётган Россия учун ерлик йигитлардан мардикорликка ҳам юборишар эди.
Элнинг кўзи очиқ йигитлари гоҳ унда, гоҳ бунда ўрис хўжайинларга қарши қўзғолон кўтаришар, аммо беш–ўн ўрисни ўлдиришдан нарига ўтмаган бу қўзғолонлар шафқатсизлик билан бостирилар, бир ўрис ўрнига ўнлаб, юзлаб маҳаллий миллат йигитлари қатл қилинарди.
Самарқанд ва Шаҳристон тарафларида ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида «ўрис хўжайинлари»нинг додини берган Намоз ўғри номи билан машҳур бўлган Намоз Пиримқул ўғли довруғ таратган эди. Унинг бошига катта пул тиккан рус губернатори кўп сонли аскарларини юборишга мажбур бўлган эди.
Мулла Абдулвоҳид каби дин пешволари, олиму–уламолар миллатнинг бойликлари, асл қадриятлари топталаётгани, ғорат қилинаётганига чидаб туролмас эдилар. Аммо кучли душманга қарши куч билан курашиб бўлмаслигини англаб, жаҳолатга қарши маърифат қуролини кўтарган эдилар.
Улар миллатни фақат маърифат, илмгина сақлаб қолади, деб ишонар, шунинг учун келажак авлодни илмли бўлишга даъват этардилар.
Мулла Абдулвоҳид сингари юрт кезган, олдинни кўра оладиган мударрислар эса ўз мадрасаларида босқинчиларнинг тили ва улар эгаллаган билимларни ўқитишни йўлга қўйган эдилар. «Душманнинг тилини ўрганиш унга қарши урушнинг бисмиллосидир», дерди мулла Абдулвоҳид.
Мадрасалардан ташқари Самарқанд ва Шаҳристонда ўрис муаллимлар ҳам дарс берадиган «Рус–тузем мактаби» деб номланган янги мактаблар ҳам очилди.
Зиёлилар мустамлакачиларга қарши кураш учун оммани кўтариш йўли илму–маърифатда деб билдилар ва баҳолиқудрат ўзларини шу ишга фидо қилдилар.

III–Боб. БИРЛАШГАН ДАРЁЛАР

«Яратган Роббингизга ва ўз раҳбарларингизга итоатда бўлинг».
(«Нисо сураси 79–оят»)

1. Қори Нодир

Қори Нодир отасининг ўрнига мударрислик ишига киришганда қирқ ёшни қоралаган, қоп–қора соқол–мўйлови ўзига ярашган, оқ кўйлаги устидан ёзда биргина яктак, қишда биргина мовут камзул кийиб, бошига Андижон дўппи кийиб юрадиган, юзлари қизил, вужудидан куч ёғилиб турадиган киши эди. Абдулманнон, Абдулжамил исмли ўғиллари, Ойшабону исмли қизи бўлиб, уларга ҳам боболари ва отасидек тарбия берарди. Икки ёшга кираётган Ойшабону ҳам чучук тили билан «Қулҳу валлоҳу аҳад...»ни ёддан айтарди.
Қори Нодирнинг мударрислик қилган йиллари шуниси билан мураккаб эди–ки, йигирманчи аср бошига келиб, таълимнинг уч хил шакли ўлкада рақобат қилар эди. «Эски мадрасаларда фақатгина Қуръон суралари ёдлатилади, бу билан миллат озодлигига эришиб бўлмайди», деб ҳисоблаган жадидчилик ҳаракати вакиллари «Усули жадид» деб номланган янги мактаблар очдилар.
Бир вақтлар Мир Араб мадрасасида қори Нодир билан бирга ўқиган, сўнгра Истамбул дорилфунини битириб, у ерда «Бухоро таълими маориф жамияти»ни тузган Абдулрауф Фитрат Самарқанду Бухорода, кейинчалик Шаҳристонда ҳам ўзининг жадидча мактабларини очди.
Яна бир мадрасадоши қозилик, муфтилик даражаларига эришган биродари Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам шундай мактаблар очиб, ўзи бу мактаблар учун «Тарихи ислом», «Рисолаи асбоби савод», «Рисолаи жуғрофияи умроний» каби дарсликлар тузди.
Жадид мактабларида дарсларнинг кенг, ёруғ синфхоналарда, кўргазмали қилиб, хариталар, жиҳозлар асосида ўтилиши, дарслар орасида танаффуслар берилиши, дарсларнинг тенг ярми диний, қолгани дунёвий илмлар: табобат, адабиёт, жуғрофия, ҳисоб илмига ажратилиши янгилик бўлди. Шуларнинг ҳисобига бу мактабга қизиқиб, болаларини жадид мактабига қўйиш истагида бўлганлар ҳам кўп бўлди. Яна бир турфа мактаблар пайдо бўлдиким, бу мактаблар ўрис босқинчиларнинг маҳаллий аҳолини ўрислаштиришга қаратилган, маҳаллий аҳолини ўрислар билан қўшиб юборишга хизмат қиладиган, миллий онг, миллий ғурурни йўқ қилиб юборишга, маҳаллий аҳолини муте, манқуртсифат қилиб тайёрлашга йўналтирилган «Рус–тузем» мактаблари эди. «Рус–тузем» мактабларида русчанинг ўзи ҳам тузук–қуруқ ўқитилмасди. Битирувчилари русча гаплашиш тугул, русчани равон ўқий олишмасди. Улар бир чаласавод кишилар бўлардилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий «Туркистон вилояти газети»да ёзганидек, «Рус–тузем мактаби битурғучилари зиёли тугул хиёли ҳам ҳисобланмайдурлар».
Аммо ўша мактабни битирган маҳаллий миллат вакилларига губернаторлар томонидан турли имтиёзлар берилиши туфайли, амал илинжида бўлган кишилар фарзандларини бу мактабларга ҳам берар эдилар.
— Замона бундоқ кетаверса мадрасамизға илм талабида келадирғонлар қолмай қоладирми, деб қўрқаман, — шикоят қилди Қори Нодир дўсти Камолиддин қозига.
— Сиз нолинмасанғиз ҳам бўладиким, бошқа мадрасаларда ўн беш–йигирма талаба қолған бир кунда сизнинг мадрасанғизда элликдан ортиқ толиби илм бордур, — деди Камолиддин қози.
— Алҳамдулиллоҳ, ўзиға шукур. Аммо биз ҳам мадрасамизда баъзи ислоҳотларни ўтказмасак замонадин ортда қоладирғонға ўхшаймиз.
— Ул ислоҳотларни нималарда кўрмоқдасиз? — деб сўради дўсти.
— Мадрасасига тиб илмидан, жуғрофиядан, шоирликдан сабоқ берадиган ўткир илмли кишиларни жалб қилсак, девдим.
— Жуда тўғри ўйлабсиз, бу масалада бизларға ёрдам илкини чўзадурғон биродарларимиз бордур. Алардин ёрдам сўрармиз.
Қори Нодир дўсти Камолиддин қози билан ўзлари жорий қилган янги фанларнинг билимдонларини тез фурсатда мадраса ишига жалб қилдилар. Бу ишлар ўз натижаларини берди.
Мадраса битирувчиларининг бари ҳам қори бўлмас, ҳаммаси ҳам масжидларга имом бўлиб бормас эди. Баъзилари замона зайли билан очилган турли савдо ширкатларига ҳисоб ишига, айримлари тижорат ишига ўтиб кетсалар, айримлари ҳаттотлик ишига ўтиб, турли ариза ва номалар ёзиш билан машғул бўлар эдилар.
Бир тарафдан оқ подшога яхши кўриниш учун катта–катта инъомлар қилаётган, бунинг учун солиқларни кўпайтирган Бухоро амири Саййид Олимхоннинг халқ учун, эл–юрт ободончилиги учун қайғурмай қўйгани, улуснинг ўта қашшоқлашиб кетгани боис илм талабгорлари ҳам камайиб бораётган эди.
Аммо барибир, Шаҳристон мадрасасасининг мартабаси улуғлигидан амирликнинг турли музофотларидан толиби илмлар келишар, ҳар йили бир неча зукко Қуръон ҳофизлари, ориф имомлар етишиб чиқарди.

2. Қози Камолиддин

Қози Камолиддин қирқ ёшга етганда ҳам жисмоний ҳам, маънавий жиҳатдан камолга етган киши эди. Фиқҳ бобида ундан ўтадиган олим йўқ эди. Одиллик унинг мезони эди. Миллатнинг дардига малҳам бўлиш унинг шиори эди. Аммо ижтимоий тузум, замона зайли ҳар бир касбу–корга таъсир қилганидек, Шаҳристонда қозилик қилиш ҳам кўп машаққат иш бўлиб қолган эди. Юртда фитна, ғаюрлик ривожга минган эди. Ўғирликлар, босқинчиликлар кўпайганди. Бухоро амири Саййид Олимхон Русияда ўқиб келгани боис, ўриснинг қонун–қоидаларини пеш биладиган бўлди. Қози ва ҳатто қозикалон чиқарган ҳукмни ҳам ўрис хўжайинлари қўйган судялар кўриб чиқадиган бўлди. Амалдорлар орасида порахўрлик авжига чиқди. Ўрис судяга кўпроқ тилла берган жиноятчини ўрис судялар оқлаб ҳам юборишарди. Кўпчилик ҳолларда қозилар чиқарган ҳукмни ўрис судя «Ёввойилар ҳукми», деб осонроқ жазо чораларини қўллар эдилар. Масалан, эри бор аёл ёки хотини бор эркак зино қилса қози ундай кишини шариат ҳукми бўйича тошбўрон қилишга ҳукм чиқарарди. Ўрис судя эса ундай гуноҳкорни жарима тўлаттириб, озод қилиб юборарди. Ўғирлик учун қози ўғрининг қўлини кесишга буюрарди, ўрис судя эса икки–уч йил қаматарди. Натижада зинокор кўпайди, ўғирликни касб қилиб олган муттаҳам кўпайди. Шароб ичган одамни қози сазойи қилдирарди, ўрислар махсус шароб дўконлари ва майхоналар очдилар. Олдинги замонларда шаробхўрлиги учун масжиддан четлаштирилган киши ўзини қаттиқ жазоланган деб ҳисоблаб, азият чекса, энди баъзилар кун бўйи майхонадан чиқмайдиган ўрисларга қўшилиб, мачитни бутунлай унутиб ҳам қўйишди.
— Замона охир бўлдими, дейман–да, — деди Қози Камолиддин дўсти Қори Нодирга, — илгари бирор кишини ичғони учун масжидга қўймасалар, ичиб қўйғон киши ётиб олиб йиғлар, тавалло қилиб гуноҳини кечиришларини сўрарди. Энди ичибсан деб масжиддан ҳайдасанг, қалпоғини осмонга отур, қайтиб қаросини кўрсатмас. Ҳатто баъзисин «Истакондин ичишга халақит қилур эркан», деб соқол–мўйлабини қирдириб ташлағанини ҳам кўрдук.
— ўаспарали домла мундоқ ёзибдур, — деди Қори Нодир, — эмиш–ки, Туркистон губернатури оқ пошшоға «Биз бу юртни босиб олдук, ҳарбий қудратидин, бойликларидин маҳрум қилдук. Аммо ҳар қанча уринмайлук, алар батамом бўйинсунмайдур, ўрислашмайдур, динини сусайтирмайдур. Очдин ўлса ўлур, иймонини сотмайдур. Не қилайлук, не тариқа сиёсат юргизайлук?» деб нома битибдур. Оқ пошшодин мундоқ йўриқ келибдур: «Биз олиму–уламолар билан кенгашдук. Сартларнинг биз бўйниға илған занжирдин бўйни узулиб кетса ҳам руҳан қул бўлмаслиғиға, иймонини сотмаслиғиға сабаб аларнинг ҳаромни истеъмол қилмаслиғи эркан. Сизлар ўрис ароғини кўпроқ тарғиб қилинг, сотинг, майли, текин беринг, ишқилиб, ароғимизни ерликлар ичсунлар. Иккиламчи, уларнинг тўнғиз гўшти ейишиға эришинглар, чўчқа гўшти аралашган егуликларни ерлик оч–яланғочларға хайрия шаклида едурсанглар ҳам майли. Қўлбости(колбаса)ларни амалдорларға тансиқ таом тариқасида инъом қилинглар. Ана шунда бугун иймонини, динини сотмай турған сартлар ўн йилға бормай ҳурлиги, дини, иймони тугул хотинини ҳам, қизини ҳам сотиб юборурлар».
— Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, — деб тавба қилди Камолиддин қози. — Миллатдошларимиз, диндошларимиз шунчалик паст кетади, дейсизми, дўстим?
— Кетади, дўстим, кетади. Кетмаса ўрис кеткизади, — деди Қори Нодир. — Ўриснинг режаси жуда узоқни кўзланған режа. Ўрис режасини асталик ва усталик билан амалға оширғай. Йўлиға юрғанға мукофот берғай. Юрмағанни жазолар. Халқ ҳозир очликдан унинг тўнғизи гўштини еб, шаробини ичур, сўғин–сўғин ўрганиб қолиб, аларни кунда истеъмол қилур. Ул ҳаром нимарсалар миллатдошларимизнинг пуштиға таъсир қилиб, кўп ҳамромхўр насллар бино бўлурким, аслини, зотини, динини, ҳатто миллатини унутур, ўриснинг миллатини миллатим, забонини забоним деюр. Ҳали кўрасиз, ўриснинг динини диним дейдиган муртадлар чиқадур.
— Тавба денг, тавба денг–ей! — деди Камолиддин қози ёқасини ушлаб. — Ундай бўлишини Худо кўрсатмасин!
— Мусулмон мусулмон бирлан бирлашмас экан, мусулмон давлатлари бир–бирлари билан бирлашмас экан, Худо кўрсатади, — деди Қори Нодир афсус билан. — Зиёлилар бирлашиб, халқни маърифат нури билан уйғотмасак, юртимиз гуноҳкорлар юртиға айланиб қолмоғи муқаррар.

3. Бир масжид қурайлик

Шаҳристонни тонгда карнай–сурнай овозлари уйғотди. Доираю ноғораларнинг бака–буми элни шаҳар майдонига йиғди. Шаҳарликлар ва шаҳар атрофидаги қишлоқларда яшовчи деҳқонлар, ҳунармандлар, полвонлар, чавандозлар Шаҳристоннинг турли дарвозаларидан шаҳар майдонига кириб кела бошладилар.
Юртга Наврўзи олам кириб келди. Эл оч бўлса–да, эл юпун бўлса–да, Наврўзни байрам қилди. Ахир Наврўз – янги кун, янги йилнинг боши, янги умидлар куни–да. Ўзига тўқ одамлар, турли амалдорлар майдон чеккаларида дошқозонлар осдирган. Қайсида сумалак пишмоқда, қайсида палов дамланган, қайсида ҳалим биққиллайди. Савобталаблар Худо йўлига хайру–садақалар қилишмоқда. Ким қўй сўйган, ким ҳўкиз сўйган. Бунга қурби етмаганлар турли ҳалволар, қандолатлар улашмоқда.
Қори Нодир талабаларига ҳайитликлар улашди. Уларнинг ҳар бирига кўйлак–иштонлар ҳадя қилиб дўсти Камолиддиннинг ёнига йўл олди.
— Қани, Қори ака, дуо қилиб берсунлар, ошни сузайлук, — деди Камолиддин Қози дўсти билан қучоқлашиб кўришгач.
— Элимиз озод, юртимиз обод бўлсин, подшоларимизга Оллоҳнинг ўзи инсофу–диёнат берсун, — дуо қилди Қори Нодир. — Йилимиз баракали келсун, экин–тикинга барака берсун, хирмонимиз мўл бўлсун. Одамларимиз орасидин меҳру–оқибат кўтарилмасун. Камолиддин Қозининг эҳсонини Оллоҳ қабул қилиб, бирига минг қилиб қайтарсун. Элға қилған таомиға ҳам барака берсун. Омин, Оллоҳу Акбар!
Ошпаз «Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим», деб бир ош сузганидан тўхтамасдан олти юз товоққа ош сузди. Олти қоп ундан новвойлар кечаси билан ёпган нон ҳам Камолиддин қози номидан хайру–эҳсон қилинди.
Хатмул–Қуръон қилиниб, икки Наврўз орасида ўтганлар ҳаққига, ўтган аждодлар, эл оғалари ҳаққига дуо қилингач, халқ сайилни бошлади. Ким шаҳар майдони ўртасига тикилган дор остига бориб, водийдан келган дорбозлар ўйинини томоша қилди, ким Тошкентдан келган полвоннинг тош ўйинларига маҳлиё бўлди. Бир тарафда курашчилар мусобақаси, бир тарафда хўроз уруштирувчилар баҳси. Ҳовуз бўйидаги сўриларда шаҳристонлик, самарқандлик, бухоролик ҳофизлар навбати билан мақом ашулаларини айтиб беллашмоқда. Ўтган йили ғолиб бўлиб кетган жуҳудларнинг энг катта ҳофизи Леви ҳофиз бу йил ҳам бош совринга талабгорлик қилаяпти.
Ҳофизлардан нарироқда Норали қўғирчоқбоз ўз мухлисларини йиққан.
Майдоннинг бир чеккасида бир ўрис одамдан каттароқ бир айиғини ўйнатаяпти. Бир чақмоқ қанд учун турли қилиқлар қилаётган айиқнинг томошоловчиси ҳам мўл. Шаҳар ташқарисидаги Мойлисой этагида кўпкари бўлиши эълон қилингач, чавандозлар ва ишқибозларнинг каттагина гуруҳи ўша тарафга йўл олди.
Аср номозини мадраса толиблари билан адо этиб чиққан икки дўст азим тут остидаги сўрига чиқиб ўтиришгач, Камолиддин қози сўз бошлади:
— Биродари азиз, гўринг нурга тўлгур боболаримиз бино қилган мадраса таъмирга муҳтож бўлиб қолибдур–ку, нега оғиз солмайсиз?
— Шу йил таъмирласакмикин, деб турған эрдим, — деди Қори Нодир. — Ёзға чиқиб бошласакмикин?
— Ёзни кутиб ўтира берасизми? — деди Камолиддин қори. — Ўлумдин ўзгасининг эртароқ бўлгани маъқулдир. Керакли ашёлар, сарфу–харажатлар рўйхатини қилинг, индин, чоршанба куни бошлаймиз, иншооллоҳ, ишимизга Оллоҳ кушойиши кор бериб, хайрлик юмушни қисқа фурсатда битиргаймиз.
Чоршанба куни бомдод намозидан кейиноқ усталар «Қани, ҳа бўл», деб ишни бошладилар. Мадраса талабалари уларга ёрдам бериб турдилар. Тўрт ҳафта деганда мадраса бутунлай таъмирдан чиқди. Мадраса янгидан юз очди. Ҳаттотлар мадраса пештоқига муқаддас оятлар битдилар. Қироатхоналар деворлари муборак ҳадислар билан безалди. Асосий дарвоза устига «Илм ўрганмоқ ҳар бир муслим ва ҳар бир муслимага фарздур», деган улуғ оят кўфий ёзувда олтин сувида ёзилди. Мадраса таъмиридан толиби илмлар ҳам, шаҳар аҳли ҳам, шаҳар аъёнлари ҳам мамнун бўлдилар.
Таъмир ишлари битган кун Қори Нодир қўй сўйиб, усталар ҳақига зиёфат берди. Қори Нодир ва Қози Камолиддин усталарга ваъда қилинган пул, озиқ–овқатдан ташқари бош–оёқ сарпо, тўнлар ҳадя этишди.
— Иним уста Бурҳониддин, — дея Қози Камолиддин усталарнинг бошлиғига мурожаат қилди. — Сизнинг таърифинғизни кўп эшитқон эрдик. Мана, санъатинғизни ўз кўзларимиз бирлан кўрарга ҳам мушарраф бўлдук. Хизматингиз бизни кўп мамнун айлади. Биз сизга рози бўлсангиз яна бир юмуш буюрмоқчимиз. Дўстим Қори ака билан маслаҳат қилиб, шаҳар майдонининг қибла тарафини батамом оладурғон улкан бир масжид бино қилурға аҳд қилдук. Бунга юрт эгаларининг ризолиғини ҳам олдук. Хўп десангизлар бир ҳафта уйларинғизда бўлиб рўзғоринғизнинг кам–кўстини битириб қайтсанғиз ва кейинги жума куни жума намозидан кейин янги масжид қурилишини бошласак!
Усталар бошлиғи бу илтимосни хурсандчилик билан қабул қилди ва бир кун олдин фарзандлари ва шогирдлари билан қурилишни бошлашга етиб келишга сўз берди.
Масжид қурилиши бошланадиган куни, Шаҳристонга Муфтий Ҳазрат ташриф буюрди. Ўзи номози жумъани ўқиб бериб, шаҳар майдонига йўл олди. Янги масжидга шу куни пойдевор қўйилишини эшитган минг–минглаб Шаҳристонликлар шу ерга оқиб келишди. Муфтий Ҳазрат ўз ёнларидан масжид қуришни ният қилган икки дўстни дуо қилди. Кишилардаги жўмардлик, дин ишига фидойилик ҳақида узоқ маъруза қилди
— «Кимки бир масжид қурилишида иштирок этиб, қалдирғоч инидек жойни тузатса, у бандага Оллоҳ жаннатда ўша масжидга баробар жой ато этади», деганлар Расули Акрам саллоллоҳи алайҳи вассаллам, — деди Муфтий Ҳазрат. — Нодир қорига ва Камолиддин қозига ташлаб қўймай ҳар бирингиз масжид қурилишига ўз ҳиссангизни қўшинг. Ҳеч бўлмаса ҳафтада бир кун ҳашарга қатнашиб туринг.
— Ҳар куни ҳашарга келамиз!
— Қори ака билан қозимизнинг ўзларига ташлаб қўймаймиз! — деган ҳайқириқлар эшитилди.
Шундан сўнг аввал хатмул Қуръон қилинди. Бир қўчқор сўйилди. Шундан сўнг Муфтий Ҳазрат ғиштдек бир харсанг бўлагини олиб масжид ўрни деб белгиланган жойга келди.
— Биродарлар, пойдеворга илк тошни қўйишни мендан сўрадилар, мен эса бу ишга энг муносиб кишини ўз ичингиздан топишни ният қилдим, — деди Муфтий Ҳазрат. — Қани, орангизда белидаги белбоғини зинога ечмаган эркак бўлса, бировни хотинига ола қарамаган эркак бўлса, бир қадам олдинга чиқсин!
Тўпланганларнинг деярли бари бир қадам қўйди.
— Баракаллоҳ, бараккаллоҳ! — олқишлади Муфтий Ҳазрат. — Орангизда ҳали ўрисни шаробини ичмаган, тўнғиз гўшти емаган эркаклар бўлса яна бир қадам ташласин!
Яна кўпчилик бир қадам олдинга босди.
— Машооллоҳ, — деб Муфтий ҳазрат кўзларидаги ёшни артди. — Ҳали элнинг иймони бутун экан.
— Шу масжидга деса молини ҳам жонини ҳам аямайдиганлар яна бир қадам олдга ташласин!
Энди Камолиддин Қози билан Нодир Қорига қўшилишиб, олдинга чиққанлар саноқли бўлди.
Муфтий ҳазрат бироз ўйлаб турди–да деди:
— Пойдеворнинг илк тошини қўйишға энг муносиб одам иккингизсиз, икковингизнинг дўстлигингиз ҳам, валломатлигингиз ҳам ўзгаларга, кейинги авлодларга ҳам ўрнак бўлсун, тошни ўзингиз қўюнғизлар.
«Сиз қўюнғ, сиз қўйинғ» билан илк тошни Муфтий Ҳазрат, Камолиддин қози ва Нодир қори биргаликда қўйдилар. Одати бўйича савдолашмасдан ишни бошлаган уста Бурҳониддин ва унинг шогирдларига куч–қувват тилаб дуо қилдилар ва шу билан қурилиш бошланди.
Ҳар куни усталар олдида юзлаб савобталаб кишилар парвона бўлишди. Ишлар жуда тез юришиб кетди.
Камолиддин қози эртага устунларни ўрнатамиз деган куни тунда ҳам усталардан хабар олди. Чарчаган усталар ухлаб қолгандан сўнг ҳам масжид қурилишини бир айланиб чиқди. Тун ярмидан оққандагина отини етаклаб, бир–бир босиб уйига қайтди. Отасига отасидан қолган, ўзи ҳам доимо қўлидан қўймайдиган «Ҳидоя»нинг биринчи китобининг ўртасини очиб, шу кеча илк бор китоб ҳошиясига кўфий нақш кўринишида эслатма ёзди. Масжид қурилиши бошланган санани кўрсатди. Яна айрим белгиларни қуйди–ки, мадраса кўрмаган, кўфий хатни билмаган киши бу белгиларни бир неча кабутарлар сурати деб ўйлар эди.
Тўрт ой деганда масжид қурилиши поёнига етди. Масжид ғоят гўзал бўлди. Усталар масжид томини мовий гумбазлар билан ёпишди. Мовий гумбазлар устидаги тилла суви юритилган янги ой–ҳилол шакллари узоқ–узоқдан ялтираб кўзга ташланар эди. Масжид пештоқига Қуръон сураларидан ёзишди. Ургутлик ўймакор усталар меҳр билан ясаган икки табақали залворли эшик атрофига Курсий ояти ўйиб туширилган бўлса, эшикнинг бир табақасига Оллоҳ номи, иккинчи табақасига Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак исмлари ҳамда «Ло илоҳа иллолоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» калималари нақшланган эди.
Масжиднинг очилиши Рамазон киришидан олдинги охирги жумъа кунига тайин қилинди. Шаъбоннинг охирги жумъаси Шаҳристонда катта байрам, тўй бўлиб кетди. Ўша куни шаҳарга Бухоро амири Саййид Олимхон ташриф буюрди. Амир Олимхон унга ҳамроҳ бўлиб келган Қозикалон, Муфтий ҳазрат, самарқандлик уламолар, уч нафар ўрис зобити билан мадраса ва масжидни айланиб кўрган бўлди.
— ўоят маҳобатли масжид бўлибдур, — деди Саййид Олимхон. — Худди Истанбулдаги масжидларга ўхшайдур.
— Ори, рост, амирим, — уни қувватлади Қозикалон. — Бу масжиддан Мадинадаги Расули Акрамнинг масжидларининг бўйи келадур. Меъмориға офаринким, масжиду–мадрасалар қуришда тенгсиз Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари замонидағи уста меъморлар анъанаси ҳали йўқолмағон эркан.
— Келинглар, бу гўзал масжидға севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг энг яқин дўстлари Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг муборак номларини берайлик, — деди Амир Саййид Олимхон.
— Офарин, офарин!
— Ажойиб ном танладингиз!
Амир Саййид Олимхон келганини эшитган, Амирнинг ортида туриб намоз ўқишни ният қилган минг–минглаб шаҳарликлар, шаҳар атрофида яшовчилар дарёдек шаҳар майдонига оқиб кела бошладилар. Масжид биноси, ҳовлиси одамга тўлиб кетди. Ҳовлига ҳам киролмаган кишилар ким белбоғини, ким яктагини тўшаб, масжид дарвозасидан ташқарида, шундоқ шаҳар майдонидан жой ола бошладилар.
Жумъа намозидан сўнг масжидни қурдирган Қози Камолиддин ва Қори Нодирлар ҳаққига уста Бурҳониддин ва унинг шогирдлари, ҳашарчи–ю, ҳайбаракаллачилар, жонлиқмидир, озиқ–овқатмидир, иккита нонмидир олиб келиб, масжид ишига ҳиссаси қўшилган ҳар бир киши ҳаққига дуолар қилинди. Усталарга Амир Саййид Олимхон номидан инъомлар берилди.
Меҳмонлар кетишгач, Камолиддин қози уста Бурҳониддинни чақириб хизмат ҳаққига нима беришини сўради.
— Умрим бино бўлиб, ҳақ эвазига масжид қурмадим. Катта шаҳарларнинг ҳар бирида мен қурган масжидлар қад кўтариб турибди, аммо уларда ишлаганимга ҳақ олмаганман. Менга дуо берсангизлар бас, — деди уста Бурҳониддин.
— Майли, — деди Камолиддин қози. — Хақ олмасангиз, эҳсон оларсиз. Ҳадя қилганларида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳам қайтармас эканлар. Сизга ўзим миниб юрган отимни ҳадя қиламан. Энди масжид эшиги ёнига белбоғингизни ёзинг.
Уста белбоғини ечиб, эшик олдига тўшади. Аввал Камолиддин қози, сўнгра Нодир қори бир халтачадан тилла тангалар ташладилар. Кейин бошқалар ҳам устанинг белбоғига ким тилла, ким кумуш танга, ким тўн, ким маҳси–ковуш ташлаб кета бердилар.
Масжид қурдирганлар ҳам, масжид қурганлар ҳам бир–биридан рози бўлдилар. Бир–бирларига Оллоҳ ҳам рози бўлишини тилаб, хайру–хўш айтдилар.

4. Ёмғирдан қутулдик, дўлга тутилдик

«Оқ подшо ағдарилибди. Ўрис балосидан қутулибмиз!»
Овозалар 1917 йилнинг тирамоҳи охирларида Шаҳристонга ҳам етиб келди. Халқ кўп суюнди. Халқнинг қонини зулукдай сўриб ётган Оқ подшодан халос этган «болшовой»ларни эл бирам алқади, бирам алқади...
Аммо эл бирам адашган экан, бирам адашган экан...
Халқ қонини зулукдай сўрган Оқ подшо ўрнига халқнинг ўзини аждаҳодай комига тортадиган, еб ҳеч тўйдим демайдиган, ўзини «болшовой» деган қизил дев, аниқроғи, қизил аждаҳо келди. Халқ бошига унинг тушига кирмаган шўришларни солди.
Оқ подшо эл–юрт бойлигини, пахтасини, тилласини, қоракўлини ўзида қолдириб, уларга солиқ солувди, қизили битта қўймай йиғиб–териб олиб кетди. Оташараваларини тўлдириб–тўлдириб олиб кетди. Қизил подшонинг оти Ленин бўлди. Бир шотири Фрунзе бўлди. Ўша Фрунзе Бухоро арки ёнида элнинг қўлида бўлган Қуръон китобларини ёқишни буюрди. Ўн кундан ортиқ арк ёнида Қуръон ёнди, ўн кундан ортиқ арк ёнида Иймон ёнди, ўн кундан ортиқ арк ёнида Виждон ёнди, ўн куннинг ичида арк ёнида Қуръон ёнмасин, Иймон ёнмасин, Виждон ёнмасин деган бир неча Инсон ёнди.
Ўша Фрунзе 1920 йилда келиб, халқнинг пешона тери ва қони эвазига Бухоро амири хазинасида тўп-ланган олтинни ва қимматбаҳо буюмларни, ҳатто амири қувилган тахтни ҳам Москвага олиб кетди. Қизил подшо аскарига бир дона ўқ отмаган Бухоро халқини осмондан бомбардимон қилди, кексаю ёшни қиличдан ўтказди.
— Аввалги босқин ҳам босқин бўлибдими, Қори ака? — деди Камолиддин қози дўстига. — Бувамиз раҳматлилар оқ подшо келганда еримиз ҳаром бўлди, деб оталаримизни хорижға қочирган эрканлар, алар–ку ташқаридан эгалиқ қилиб, юртни ички ишиға аралашмағон эрди. Лелин пошшо дегани ҳокимиятни бутунлай қўлиға олди. Амирлик давридағи ҳар қандай бошқарув тизимини йўққа чиқарди. Биз ҳам ишсиз қолдук. Қозилик эскилик сарқити деб баҳоланмиш, шаҳарға мелиса деган миршаблар қўюлмиш. Болшовойлар қўйган судлар тартибни бузғанларға жазо тайин қилар бўлди.
— Ҳа, нимасини айтасиз, — афсус чекди Нодир қори. — Эл–улусға қийин бўлди. Кўнган эрлар бор–йўғини болшовойга топшириб йўқсил бўлиб калхўзга кираяпти. Кўнмаганлар ўн–ўн бештаси бир бўлиб босмачи отини олиб тоғу–тошга чиқиб кетяпти.
— Бу эл ҳеч бирикмади–бирикмади. Мусулмонлар бирлашса бизга тенг келадирғон куч дунёда бўлмас. Аммо фожеа шундаким, мусулмон мусулмон бирлан бирикмади, — деди Камолиддин қози. — Тоққа чиқиб кетган йигитлар ҳам бириникини иккинчиси маъқулламайдур. Амиримиз Афғонда туриб Иброҳимбекни Амирал–муслимин этиб тайинлағон эрканлар, Хуррамбек бошлиқ бир неча бек ва қўрбошилар «Иброҳимбекка итоат этмаймиз», деб машваратдан чиқиб кетубдурлар.
— Иброҳимбекка итоат этсалар улуғ иш бўлур эди. Анвар Пошшо ҳам шуни маъқул топған эрканлар. Қолғанларни шунга даъват қилғон эрканлар.
— Анвар Пошшо ҳам ўзбошимча бекларни бирлаштиролмадилар. Мусулмонларға мадад берай деб ҳузур–ҳаловатидан, Султон қайнотасининг салтанатидан кечиб келиб, бекорға жувонмарг бўлиб кетдилар. Ўрус қолған бекларни–да, қўрбошиларни–да, битта–битта териб қийратадур.
— Ҳали ҳам бўлса бекларимизнинг кўзлари очилса эрди, ҳали ҳам кеч эрмас эрди, — деди афсус билан Қори Нодир.
Аммо энди кеч бўлган эди. Қизил империя бутун Туркистонни ўз комига тортиб бўлган, беклар ва қўрбошиларни бир–бирига қайраб, ўз–ўзларидан қирилиб кетишларига эришган эди. Иброҳимбек ҳам қўлга олиниб, сургун қилиниб, Сибирга олиб кетилгач, не–не беклар милтиқни кетмонга алмаштириб, мулла минган эшакдек бўлиб далаларга чиқиб кетди.
Бўлиниб кетган беклар бўриларга ем бўлди.
Айрилиб кетган амирлар айиқларга ем бўлди.
Энг ёмони қизил ўрис яхши бўлишига халқ ҳам ишонди. Халқнинг бошида бўлган юрт оғалари ишонди. Ишонмаганлар халқ душмани бўлди, қулоқ бўлди. Отини эшитса тиззаси қалтирайдиган Сибирга қувғин бўлди.
Халқнинг ёмғирдан қутулиб дўлга тутилгани чин бўлди, чин бўлди.

5. Молни топшир, жонни топшир, йўқсил бўл

Замон–замон йўқсилники бўлди. Отаси уччоворага қўшилолмаган камбағалнинг боласи юрт сўради, эл сўради. Иштони йўқлигидан кўчага чиқолмаган қашшоқнинг боласи галифе шим кийиб, ёнига маузер тақиб отасининг хўжайинларини қамчилаб Сибирга ҳайдади.
Алифни калтак дея олмай мадрасадан қувилган Ашир сартарошнинг ўғли Салим «орган» қори Нодирнинг соқолидан тортиб, ўриснинг машинасига тиқиб, «мадраса талабаларини Ленинга қарши даъват қилган»ликда айблаб, турмага жўнатди. Мол–мулкини мусодара қилиб, уйига ўзи жойлашиб олди. Ярмига ўзига ўхшаган беш–олти «орган»ни жойлаштирди.
«Амирнинг одами» деб отилиб кетишига сал қолган қози Камолиддин бор–йўғини советга топширди. Уйини етимхона қилишди. Ўзи қурган масжидга қоровул бўлиб жон сақлаб қолди. Масжидга яқин бир кичикроқ ҳовлида дўсти қори Нодирнинг ҳам болаларини қаноти остига олиб яшай бошлади.
Бу вақтга келиб СССР деган давлат тузилган, Туркистонни бўлаклаб ташлаган, Ленин бошлиқ коммунистлар қайта бирлашмасин, бирлашса буларни қайта кишанлаш қийин, деб Туркистон ўрнида бешта алоҳида республика ташкил этган эди. Шулардан бири сизу–биз бугун Ватан деб атаётганимиз Ўзбекистон эди, СССР таркибида Москвадан туриб бошқариладиган Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси эди. Бу Республика аҳолиси «Ўз хоҳиш иродаси, талаби билан СССРга кирди», деб ёзилган тарих китобларида. Ҳақиқатдан шуни хоҳлаганларгина қолган эди. Хоҳламаганлар билан эса совуқ Сибир ва аёвсиз турмалар тўлиб тошган эди.
— Сени ҳам турмада чиритаман, бола–чақангни кўчама–кўча тиланиб юрадиган гадой қиламан, — деб ўшқирарди ҳар гал масжид ёнидан ўтганда этиги билан масжидга кирадиган Шаҳристон мелисасининг бошлиғи Турди кофир қози Камолиддинга.
Бир вақтлар унинг отаси Вали киссавурнинг қўлини ўғирлиги учун кесган эдилар. Турди кофир ҳам ўғирлиги учун, талончилиги учун Оқ подшо замонида Сибирга сургун қилинган эди. Сургундан қочиб, авбошларга қўшилиб, ўриснинг юртида «болшовой» бўлган экан. Мана, энди бутун бошли Шаҳристон фуқаролари тақдири шу муттаҳамнинг қўлида эди.
— Ишонган давлатинг бошингни есин!
Шундай деб қарғади уни қози Камолиддин.
Ҳақиқатдан ҳам ўша давлатга, ўша ҳукуматга ишониб, сидқидилдан хизматини қилган, Коммунизмни ўз кўзи билан кўришига ишонган не–не зиёлилар, содиқ раҳбарларни кейинчалик ўша ҳукуматнинг ўзи халқ душмани деб отиб юборди.
Турди кофир ҳам Сибирда бекафан кўмилиб, тўнғиз қавмида кетди. Ўзиникилар иймонсизлиги учун отига кофир сўзини қўшиб айтди. Ўлса жаноза ўқимасликларига фатво чиқди. Хизматини қилган коммунистлари ҳам «биздан эмассан», дейишди. Аро йўлда афсус надоматда ўлиб кетди.
Йигирманчи йиллар жуда оғир йиллар бўлди. Коммунистлар уйма–уй юришиб, Қизил Армияга деб одамларнинг охирги дон–дунигача олиб кетди. Юртда қимматчилик етмагандек қаҳатчилик бошланди.
— Эшитдингизми, дадаси, Деҳнавдин келған бир киши ўз қизини ярим пуд ғаллаға айирбошлаб кетганмиш, — деди қози Камолиддинга хотини, — қандоқ кунларға қолдук?
— «Машооллоҳу кана ва ма яша лам якун», — деди қози тасбеҳи доналарини бир–бир ўтказар экан. — Нима бўлса Оллоҳдан. Юртдан фаришта кўтарилди. Пирларнинг руҳлари қўлламай қўйди. Ўриснинг ўзининг ерида аҳвол бундан–да бад эрмиш. Ўтган куни мулла Абдулхолиқ турмадан келган экан, зиёрат қилдук. Беш–олти ўрис турмаға тушубдир, сабабини сўрасалар, очлиғларидин ўз болаларини еган эмишлар.
— Астағфируллоҳ! — хитоб қилди хотини. — Ўз фарзандини–я?! Оллоҳ паноҳ берсун!
— Шунинг учун ҳам Худоға шукр қилишимиз лозим, — деди қози. — Биз мусулмонларни чидамли қилиб яратқан. Оч қолсақ–да, юпун бўлсақ–да, ўрис қилған ишни бизникилар икки дунёда қилмас.

6. Ўғлим сизга омонат

Минг тўққиз юз йигирма бешинчи йилнинг қовун пишиғида қори Нодир оқланиб келди. Хешу таборлар қори билан йиғлаб дийдорлашдилар. Ўриснинг совуғи қорининг корини қилган, элликка тўлиб–тўлмаган Қори етмиш ёшли чолдек бўлиб қолган эди. Тинмай йўталар, ўқтин–ўқтин чап кўксини чангаллаб, букчайиб қоларди.
Қози Камолиддин дўстининг эсон–омон қутулиб келганига туршак, жийда, майизлар қўйилган камтарона дастурхон ёзди.
— Қутулғанинғиз рост бўлсин, қори ака, — деди қози. — Лаънати кофирлар анда кўп азоб бермадиларми?
— Кофирлар берған азобларни тасвирлаб беришға менда забон йўқ, — деди қори Нодир. — У ерларнинг ўзи жаҳаннам эрди. Совуғининг ўзига чидай олмай қанча юртдошларимиз ўлиб кетишди. Оғир ишдан, очликдан ўлғанлар бундан ҳам кўп бўлди. Э, нимасини айтай, ҳатто пашшасининг чақишидан ҳам ўлғанлар кўп бўлди. Азобнинг эса ҳар куни янғи–янғи хилларини ўйлаб топишарди. Бу азоблар дўзах таърифида ҳам учрамайдур. Бу азоблардин безиб жониға қасд қилғанлар–да кўп бўлди.
— Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, Оллоҳнинг ўзи сақласин мундай балолардин, — деди қози Камолиддин.
— Ул томонда лагер деб аталатурған турмалар туркий биродарларимиз қозоқ, қирғиз, туркманлар ва ўзимизнинг ўзбеклар билан тўлиб–тошқандур, — деди қори Нодир.
— Ёмонларга Оллоҳнинг ўзи инсоф берсин!
— Уларга Оллоҳ инсоф бермайдур. Чунки, улар Оллоҳнинг ўзини, унинг борлигини ҳам тан олишмайди. Ҳозирча хаёллари фақат ҳукуматларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашда, — деди қори Нодир.
— Оёқларида мустаҳкам туриб олсалар кўрасиз, одамларимизнинг онгини, тафаккурини бузувға, маънавиятимиз, дину–иймонимиздан жудо қилишға машғул бўлишади. Мени айтди дерсиз, масжиду–мадрасаларимизға ҳам бир кун ҳужум қилишади. Китобларимиздан, ҳатто ёзувимиздан ҳам мосуво қилишади. Авлодларимиз ҳар саҳар туриб ўшалар тилинда «Отамиз Ленин» деб ашула айтқич бўлади.
— Тавба денг, тавба денг, — деди қози Камолиддин.
Ҳамма тавба деди, аммо ҳаммаси қори Нодир айтганидек бўлди. Ҳукумат қарори билан 1929 йилдан араб ёзувидан лотин ёзувига ўтилди. Уйида арабча китоби борлар тазйиққа дучор бўлди. Яна кўп–кўп шўришлар бўлди, аммо буларни қори Нодир кўрмади. У турма азоблари асоратидан, ўша ёқда орттириб келган касали – юрак хуружидан вафот этди.
Ўша тонгда Оллоҳ кўнглига солган эканми, ўзлари қурган Абу Бакр Сиддиқ масжидида дўсти билан бомдод намозини ўқиди. «Қори ака бизнинг чойхонадан ҳам бир пиёла чой ичинг, ҳазар қилманг, оти «Қизил чойхона» холос. Пешонасиға–ю, девориға бир қулочдан қизил латта тортилса тортилибди–да, чойимиз Шаҳристоннинг сувидан, нонимиз Ҳасанали новвойни новвойхонасидан, ҳалволаримиз ўзимизни машҳур лавзиҳолво–ю, сочҳалволар. Келинг, Шаҳристон новвоти билан бир чойнак чой ичиб, бизни чойхонаниям қози домла билан бир обод қилиб кетингизлар», деган ўтинишларидан сўнг Тошпўлат самоварнинг чойхонасида нонушта қилишди.
— Ҳамма ёқни қизил қилиб юборишди, баччағарлар, — деди қози Камолиддин чой ҳўплаб. — «Қизил Чойхона», «Қизил ошхона», «Қизил байроқ», «Қизил кетмон», «Қизил тўй», э,...
— Чойхонангиз ўзи «Қизил чойхона», яна ичиғаям «Қизил бурчак» ташкил қилибсиз–а? — ҳазиллашган бўлди қори Нодир.
— Э, қизилжарлик қизил командир «Қизил чойхона»да «Қизил бурчак» бўлсин, қизил аскарлар қизил китоблардан ўқисин», деган, — деди Тошпўлат чойхоначи.
Ҳаммалари унинг аскиясидан кулишди.
— Эҳтиёт бўлунғиз, отинғиз Тошпўлат самовар эди, Тошпўлат қизил самовар бўлиб кетмасин, — деди қози Камолиддин.
Чойхонадан чиқиб, шаҳар майдонини айланишди. Мачит ва мадрасадан бошқа ҳамма жой қизил байроқ ва қизил алвон билан тўла эди. Қизиллар «Қизил империя» Оқ подшони ағдарганининг саккиз йиллигини байрам қилаётган кунлар эди. Қори Нодир дўстининг елкасига суяниб мадрасани бир айланиб чиқди. Кўзлари ёшланди.
— Эссиз, эссиз, дўстим Камолиддин, биз ният қилған ишлар амалға ошмайдир, чоғи?
— Кўп қайғурманғ, Нодирбек, бу ҳукумат вақтинчадир, бу сиёсат вақтинча. Ҳали халқнинг ўзи бу ҳукуматни кўтариб ташлайдур. Доруломон кунлар ҳадемай келадир. Сизу биз орзулаған ишлар амалға ошмай қолмас.
— Менинг сафарим қариди, дўстим, — деди қори Нодир.
— Ниятни яхши қилинг, ҳали тетиксиз, нечага кирдинғизки, сафаринғиз қарисун?
Мадрасадан чиқиб қори Нодир яқинда олган уйга боришди. Қори Нодир икки ракаат намоз ўқиди, болаларини қошиға чорлашди.
— Дўстим Камолиддин, — деди қори, — фарзандларимдан, оиламдан хабардор бўлиб туринг. Мен ўтгач ҳар ерда сарсон бўлмасунлар.
Кейин ўғли Абдулманнонга юзланди:
— Ўғлим, гарданинғизға оғир юк тушди. Энди рўзғорға бош ўзинғизсиз. Камолиддин тоғанғизнинг этагини қўйманғиз.
Шундан сўнг яна дўстининг қўлини сиқиб деди:
— Ўғлимни сизга омонат топширдим, Ло илоҳа иллоллоҳу, Муҳаммадун Расулуллоҳ.
Қози Камолиддин дўстининг кўзларини сийпаб юмиб қўйди…

7. Башорат

— Ҳар кун хабар олишларинғизга ҳожат йўқ, — деди Абдулманнон қози Камолиддиннинг қизи Зулайҳо олиб келган тугунни ечиб, юзига нон қўйилган бир товоқ ошни олиб, синглисига узатаркан. — Яна шом аралаш қиз боланинг ёлғиз келмоғи. Билмайсизми, шомдин сўнг жинлар тўзғийдиған фурсат эканини?
— Дадам ўзлари келмоқчи эдилар, икки киши юмуш билан келиб қолишди. Шунға мен келабердим. Уйларимиз ароси унча олис эмас–ку, ёлғиз келишга қўрқмасман.
— Аммо мен қўрқурман, — деди Абдулманнон синглиси ошни олиб ичкарига кириб кетгач, овозини пастлатиб. — Ҳозир нима кўп кофир кўп. Улар динни билмас, иймонни билмас, инсофу диёнатни билмас. Ана Кўрпачида бир деҳқон бир сандиқ уруғлиққа олиб қўйған буғдойини қизил аскарларға бермаған эркан, ўшал деҳқонни алар уриб ўлдириб қўюбдирлар. Уйида бир сиз тенги қизлари бор эркан, анинг номусиға тегибдурлар. Шўрлик қиз ўруслар кетқан заҳоти ўзини осиб қўймишдур.
— Вой, ноинсофлар. Аларға жазо берибдурларми? — сўради кўзлари ҳайрат ва нафратдан катта–катта бўлиб кетган Зулайҳо.
— Алар икки киши эрканлар. Аввалиға бир сандиқ буғдойни тортиб олиб келғанлиқлари учун айбларини ҳам кечириб, мукофотламоқчи ҳам бўлубдурлар. Аммо кўрпачиликлар қизнинг тобутини аларнинг маҳкамасига кўтариб келиб, адолат талаб қилишғандин сўнг, аларни суд қилиб, икки йилдан қамоққа ҳукм қилиб, Урусияга юборишибди. Бечора халқ босилибди. Билишмайдики, аслида у қотилларни ўз ота–оналари қошиға юборишқандир.
— Ноинсофлар, одамхўрлар, — деди титраб–қақшаб Зулайҳо.
— Шунинг учун ҳам сизнинг ёлғиз бир қадам қўйишинғизни истамасман, — деди Абдулманнон унга. — Қолаверса бу вақтда турли маст–аластлар, диндан қайтғанлар итдай изғишади.
— Майли, мундин сўнг кечда ёлғиз келмасман, — рози бўлди Зулайҳо.
— Қози тоғамға айтинг, кўп овора бўлмасунлар, сизларни ҳам ташвишға қўймасунлар, уста Ҳотам акаға шогирд бўлиб, қўлим анча устачиликка келишиб қолди. Ул ҳожи ака туфайли уч–тўрт сўм чой пули ҳам топиб турибман. Қолаверса, мадраса болалариға ҳам тажвиддин сабоқ бераяпман. Алардин ҳам кам бўлса–да, ҳақ оламан. Шунинг учун биздан кўп қайғурмасунлар.
— Айтаман, аммо дадам сизларни яна кўчириб бизнинг ҳовлимизға олиб бормоқ ўйида юрибдурлар.
— Бунда ҳам яхши яшаб турибмиз. Биз борсак сиқилишиб қолурсизлар.
— Сиқилишмасмиз. Қайтанга яхши бўларди, ҳар куни кўришиб турар эрдик.
— Жиминғиз, — деди Абдулманнон ичкарига ўғринча нигоҳ ташлаб олиб. — Уйинғиздағилар сезиб қо-лишса, мени беадабликда айб қилишади.
— Сизда айб йўқдир. Айб бўлса бир мендадур. Қиз бола ҳолимға сизни қидириб юрурман. Исмингизға ашъор битурман. Нақшлар аро исминғизни ёзурман.
— Айбни ўзинғизға олманғиз, китобим орасиға ғазалинғизни солғонинғиздин бот–бот хижолат тортманғиз. Мен ҳам барибир сизға ўғринча қараб–қараб юрардим.
— Ўша ғазални солмасам қараб–қараб юраверардинғиз, холос, — кулди Зулайҳо. — Мен озгина ҳийла ишлатдим. Сиз ҳийлам тўриға илиндинғиз, махсум ака.
— Эҳ, отинча, ҳийлам тўриға илинтирдим, деб шодланиб юрубсизми, унда сизни баттар шодлантуратурғон гапни айтайми? Сиз ҳийланғиз тўрини тўқимасинғиздан анча олдин, бизникига илк келганинғиздаги бир боқишинғизға асиру–мубтало бўлған эрдим.
— Оллоҳга шукур, — деди масрур бўлиб Зулайҳо. — Мен эрсам беиболиғ қилиб, аввал ишқ изҳор қилиб қўйдим, деб юриб эрдим. Ўша ғазали мувашшаҳни ҳам минг қўрқув ва андишада ёзған эрдим. «Урушиб берсалар не дейман, рад қилсалар ҳолим не бўлғай?» деб титраб–қақшаған эрдим. Мана, ўшал кунни эслағаним он яна ўшал титроқ танимға қайта кирди.
— Барибир ҳам аввал сиз ишқингизни изҳор қилғансиз, одобсиз отинча, — ҳазил қилди Абдулманнон.
— Энди йиғлайман, — деди ёлғон араз билан Зулайҳо. — Юзумға солатурғон бўлсанғиз ҳаммасидан тонурман.
— Сизнинг тонмоғинғиз осондур, — деди Абдулманнон. — Аммо мендағи ғазаллар, белбоғимдағи кишилар нақш деб ўйлайдурғон кўфийдағи дил номалари–чи? Аларни қайси Зулайҳо битган дейин?
— Ажаб қилибман, — деди истиғно билан Зулайҳо. — «Аларни бошқа Зулайҳо битқан», денг. Ўз Юсуфиға атаб битқан денг. Мен эсам кетдим.
— Шошманғиз, ўзим кузатиб қуюрман. Сизни ёлғиз юбормасман.
— Кузатиб борсанғиз уйимдағилар сиринғиздан воқиф бўлишларидан қўрқмайсизму?
— Қўрқаман. Ҳар сафар борғанимда қўрқаман. Ота–онанғиз билан сўрашиб бўлибоқ, сизни қидиратурғон кўзларим сиримни фош этмаса деб қўрқаман.
— Ундоқ бўлса қўрқиб ўтирманғиз, — деди бошига паранжисини ташлаётиб Зулайҳо. — Мен яна бир ботирлиқ қилиб қўйдим. Ўз сирларимни аяжонимға ошкор қилдим.
— Э–вой, шайтон қиз, — афсусланди Абдулманнон. — Энди мен ул киши юзиға қай кўз бирла қарарман?
— Сиз аямнинг юзлариға бир неча бор боқиб бўлдинғиз, сабаби, мен бу сирдан аямни воқиф қилғонимға бир ойдин ошди.
— Вой, уятсиз, вой, шарманда, — ёлғондан таҳдид қилган бўлди Абдулманнон.
— Ажаб қилдим, — дея Зулайҳо ҳовлидан қочиб кўчага чиқди.

* * *

— Маслаҳатинг жўяли, — деди қози Камолиддин хотинининг гапларини бўлмасдан эшитиб бўлгач. — Қизимизға Абдулманнондин ортиқ куёв тополмасмиз. Кўп одоб–икромлиғ йигит. Илми ҳам жойида. Қўлида ҳунари ҳам бор. Қолаверса, мен отасидан кейин унга масъул ҳамдурман. Ишонғайманки, у қизингни бахтли қилғай. Тўғри, унга бу ғаддор замонда анча қийин бўлғай, чунки, у бунақа талотўп замон учун туғилмаған нозик қалб соҳиби. Аммо ҳозир кимга ҳам осон. Начора, бошқа тушқанни кўз кўрур. Тайёргарликларингни кўрунглар, тирамоҳда тўй қилурмиз. Шундоқ қилингларки, Абдулманнонға ҳам, онасиға ҳам бирор нимарсанинг ташвиши тушмасун. Тўйни ўзимиз қилғаймиз.
Бозорда қовун–тарвуз, мева чева мўл бўлганда, узумлар ғарқ пишганда қози Камолиддин элга ош берди. Тўкин дастурхон қилди. Элнинг улуғларини чорлади. Шаҳристонда қози Камолиддинни билган каттаю–кичик, очу–тўқ баробар тўйга келди. Самарқанддан келган Ҳожи Ҳофизни бир кўрай деб тўйхонага айтилган–айтилмаган бирдай келди. Ҳофиз ҳам бундай катта йиғинларни соғиниб қолган эканми, эрталабгача қўшиқ айтди. Танбурини жаранглатиб «Ушшоқи Самарқанд», «Эй Гулузорим», «Бузургоний» ашулаларини айтиб одамларни сел қилди. «Қурбон ўлам» деган ашулани бошлаганда бир қанча бўз йигитлар чопони этагини белбоғига қистириб, очиқ кўкракларига кафт уриб, ўртага чиқиб рақсга тушдилар.
— Э, яша!
— Кам бўлма!
— Ўлма! Қўймайсан!
Ана шундай қийқириқлар билан олқишлаб туришди уларни томошабинлар. Тўйдан кейин келиннинг сепини, сандиғи, кўрпа–тўшагини аравага ортишди. Келиннинг ўзини ҳам аравага чиқаришларидан олдин урфга кўра келин отаси оёғига бош уриши учун қози Камолиддинни чорлашди.
Ўз хонасидан бир–бир босиб келган қози Камолиддин оёғига бош теккизган қизининг бошини силаб дуо қилди. Қизининг оёғи остига китоблар солинган бир сандиқни қўяр экан деди:
— Албатта, тўплаған ҳамма китобларим сизларники, қизим. Аммо мана шу сандиқдағи китобларни ҳеч қачон йўқотмағайсан. Бу Бурҳониддин Марғиноний ҳазратнинг ўн уч йил давомида ёзған эллик етти китобдин иборат «Ал–Ҳидоя фи шарҳ ал–Бидоя» асаридур. Бошингға нима балолар келса ҳам бу китобларни асраб–авайлағил. Бу асар шариат қўлланмасидур. Оққан ариқ оқади. Иймоним комилки, сизлардан покиза фарзандлар дунёға келади. Болаларинғиз замониға бориб диндорлик айб ишдек бўлиб қолар балки, аммо бир зурриётинғиз бир куни боболаридай қорию қурро, тиллари бурро бўлади. Неваранғиз бўлар, чеваранғиз бўлар, ўшанға бу китобларни армуғон қилурсан. Сўзларимни унутма. Китобларни эҳтиёт қилғил. Оллоҳ бахтингни берсун. Ўзингдан кўпайғил. Сени Худоға топширдим.
Шундай қилиб, томирлари бир асрнинг нарёғига, бобокалонлари мулла Шамсуддин ва Абдулвоҳид қо-зиларга бориб тақаладиган икки сулола Ислом устида қора булутлар тўда бўлган оғир бир замонда қариндошчилик ришталари ила қиёматга довур бирлашдилар.

IV Боб. ТАНАЗЗУЛ

«Бизни шундай тўғри йўл — ҳидоят йўлига чорлагин–ки, бу ҳидоят йўли Ўзинг инъом этган сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар йўли бўлсин».
«
Фотиҳа» сураси, 5–6 оятлар

1. Абдулманнон махсум

Абдулманнон махсум Зулайҳога уйлангач, шаҳарнинг Сарбозор маҳалласидан бир ҳовли сотиб олди ва энди кичиклик қилиб қолган олдинги ҳовлисини сотиб, оиласини янги ҳовлига кўчириб келди. У олдингидек мадрасада мударрислик ҳам қилар, вақт топиб устачилик билан ҳам шуғулланарди. Аммо замон нотинч бўлганидан янги уй қурадиган одамларнинг ўзи кам эди. Иморат қуришга қурби етадиганлар не–не бойларнинг уйларини тортиб олиб йўқсилларга берган, болалар уйлари, янгича мактаблар қилган ҳукуматдан қўрқиб қурмас эдилар. Уй–жойи йўқ кўплаб йўқсилларнинг эса уй қуришга пули йўқ эди.
Ўғлини уйлантиргач, алоҳида уй қилиб беришга мажбур бўлган кишиларгина уй қурар, у уй ҳам кўп катта бўлмасди. Аммо шундай буюртмалар ҳам онда–сонда бўларди.
Абдулманнон Сарбозорга кўчиб келгач, ҳовлисида сандал, хонтахта, бешик, эшик–дераза ясаб, бозорга чиқариб сотадиган бўлди. Ҳовлиси бозорнинг биқинида экани унга қўл келди. Сарбозорда жума ва якшанба кунлари катта бозор бўлиб, шаҳар атрофларидаги катта–кичик қишлоқлардан одамлар бозор қилгани бу ерга келишар эди. Ағдар–тўнтарлар бўлган йиллари бозорнинг бироз файзи учган бўлса–да, ўттизинчи йиллардан кейин юрт бироз тинчиб, бозор яна олдингидай гавжум бўла бошлаган эди. 1934 йилда Сарбозорда янги бозор очилган эди. Олдинги замонлардагидек Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркия каби давлатлардан тоза моллар ортилган карвонлар энди бозорга келмас эди. Бир замонлар Буюк ипак йўли устида бўлганлиги боис дунёнинг турли мамлакатларидан келган савдогарлар олиб келадиган тоза матолар, антиқа буюмлар, етти иқлим мевалари билан тўлиб–тошадиган, ўз номи ўзи билан Сарбозор бўлган бозорда асосан эски–туски кийим–кечаклар сотиларди. Қизил аскарлар ўғирлаб чиққан бошқа аскарларнинг бир жуфт этигини, бошқаси аскар шими, яна бири телпагини сотса, маҳаллий аҳоли ҳам кийилган тўни, ишлатилган гилами, кўрпа–ёстиғи, оти ўлган деҳқон эса эгар–жабдуғини сотарди. Томорқасида етиштирган мева–чеваси, сабзавоти билан савдо қилувчилар, мол, қўй сотувчилар кўпчиликни ташкил қилар эди.
Абдулманнон ҳам бозорнинг бир чеккасидан жой олган бўлиб, ўзи ясаган дурадгорлик буюмларини териб қўйиб, савдо қиларди.
Халқ ўзи оч бўлса ҳам олиму–уламоларини хор қилмас экан. Турли маърака сабаб кишилар Абдулманнон махсумни тез–тез йўқлашар, Хатм ул–Қуръонлар қилишар, баъзилар фарзандларининг саводини чиқариб беришини, баъзилар бетоб одамига оят ўқиб, дам солиб қўйишини илтимос қилишар, «Олмайман»ига қўймай уч–тўрт сўм пул беришарди. Рўза ойлари баъзан бир йўла икки масжидда таробеҳ намозларини ўқиб беришига тўғри келарди. Масжид аҳли таробеҳни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига пайровлик қилиб, Хатм ул–Қуръонлар билан ўқиб берган Абдулманнон махсумга холисанлиллоҳ хизмат ҳақини йиғиб беришарди.
Зулайҳо ҳам ўқимишли, оқила аёл бўлганидан кўпгина аёллар қизларни «қизил мактаб»га бермай «Қозикалон домлаларининг қизи»да савод чиқартиришни истаб Зулайҳо отинойига олиб келишарди. Маъракаларда «Отин ойи гапирсин», «Қозикалон домланинг қизи гапирсин», деб ёши эллик–олтмишдан ошган аёллар ҳам Зулайҳонинг оғзига қарашарди. Зулайҳо ҳам иқтидори етганича уларга илм ва маърифат улашишга ҳаракат қилар, аёллар учун ибратли ҳодисалар, ривоятлар айтиб берар, уларни сабрли, тоқатли, иймон–эътиқодли бўлишига ундар эди.
— «Ҳажжул–Вадоъ»да Сарвари олам саллоллоҳу алайҳи вассаллам сизу биз, аёллар хусусида алоҳида маъруза қилғонлар. — Шу мавзуда гапиришни хуш кўрарди Зулайҳо. — «Бир хушхабарни сизларға айтайми?» дебдилар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам, «Қайсики аёл уч қизни туғиб, тарбиялаб, Оллоҳни, динини танитиб уйли–жойли қилса, у аёл жаннатидур, жаннатидур, жаннатидур», дебдилар. Бир аёл «Икки қизни вояга етқазған бўлса–чи?» дебди. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи вассаллам «Икки қизни ҳам туғиб, тўғри тарбиялаб, солиҳ кишиға узатқан аёл жаннатидур, жаннатидур», дебдилар. Қизи битта бўлғон чоғи, бир аёл «Ё, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам, битта қизи бўлсачи?» деб сўрабди. Шунда Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу аллайҳи васаллам «Битта қизни ҳам яхши тарбиялаб, солиҳа қилиб, иймон–этиқодли кишига узатқан она ҳам жаннатидур», дебдурлар. Бироз сукут сақлаб, қўшиб қўйибдурлар: «Гарчи у қиз боқиб олған қизлари бўлса ҳам». Кўр-динғизми, қизларимизни тарбия қилаётқанимиз учун Оллоҳ бизга қандай ажру мукофотлар берар эркан?!
Ўзи ҳам бир қизни тарбиялаётган Зулайҳога Оллоҳ муборак Муҳаррам ойининг тўртинчисида ўғил фарзанд ато этди. Ашуро кунлари ҳурматига рўза тутиб юрган Абдулманнон махсум ифторликдан сўнг икки ракаат шукрона намозини ўқигач, хотинига юзланди:
— Аяси, Оллоҳга беадад шукурки, бизларға шундоғ улуғ кунларда ўғил фарзанд ато этди. Осмондаги янги ҳилолни қаранғ, қандай ёрқин нур сочиб, дилларни равшан этиб турибди. Келинг, ўғлимизға ҳам Қамариддин деб исм қўяйлук, у ҳам бир куни келиб динимиз осмонида ойдек порлаб турадурғон фарзанд бўлсун!
— Майлинғиз, — розилик берди Зулайҳо ҳам. — Буваларининг исмига уйқаш исм эркан.
— Ҳа, исми сиз тарафдин бувалари Камолиддин, Жамолиддин қозиларнинг исмлариға, биз тарафдин эрса хожа Шамсуддин қори бувамизнинг исмлариға уйқашдур. Илоҳим, ўша зоти бобаракотларнинг йўлларини берсун!
— Илоҳим, буваларининг мартабаларини ҳам берсун! — дуо қилди Зулайҳо.

2. Биринчи зарба

Совет дегани халққа зулм қилишдан бошқани билмади. Партия дегани Ислом динининг офати бўлди. «Дин афюндир», деди. «Дин халқни заҳарлайди», деди. Шунга кўпчиликни ишонтирди. Ишонтиришга кўп пул сарф қилди. Кўп куч сарф қилди. «Давлат ва дин айри–айри», деди. Давлат ва ҳукуматни ишида ишлаганнинг дини бўлмади. Дин ишида бўлганнинг давлати бўлмади. Ленин дегани «Динни мактабдан ажратиш тўғрисида» декрет чиқарган экан, ўшани дастак қилиб, мактабларда ҳалол–ҳаром ўргатилмайдиган бўлди. Оллоҳ Каломи, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам суннатлари ёш авлодга айтилмас бўлди.
Бу қонун–қоидалар минг тўққиз юз ўттиз тўртнинг кузида Шаҳристонга ҳам кириб келди. Биринчи зарба улуғ ниятлар билан қурилган мадрасага тушди. Шу йили иккита мактаб очилди. Шу баҳона Ҳазрати Усмон мадрасасини ёпдилар. Мадрасада дарс бериб турган мударрисларни ҳайдаб юбордилар. Илму толибларни эса Бухорода сақланиб турган Мир Араб мадрасасига бориб ўқишини давом эткизишлари мумкинлигини айтиб, тарқатиб юбордилар. Мадраса талабаларидан беш нафаригина Бухорога кетдилар, қолганлари рўзғор ташвишида турли юмушлар билан овора бўлиб қолдилар.
— Аларғада раҳмим келадур, — деди Абдулманнон махсум қайнотаси билан суҳбатда. — Аларнинг аксарияти мадрасани хатм қилиш арафасинда эрдилар. Катта–катта жомеъ масжидларида имомлиқ қилиши мумкин бўлған толибларимиз сабоқлари чала бўлиб, ўзларининг муносиби бўлмаған турли касбу–корга машғул бўлдилар.
— Ҳа, эшитдим, Бухороға бориб ўқишға на имкон, на пул тополмаган жаласойлик шогирдингиз мулла Шокир ҳам қишлоғиға кетиб, деҳқончилиқ қилаётқан эрмиш, — деди Қози Камолиддин.
— Жума куни Жаласой қишлоғиға борувдим. Қишлоқ оқсоқолларидин шу шогирдимизни асраб–авайлашларини ўтиндим. Уни қишлоқ масжидиға имомлиққа қуюбдурлар. Аммо унинг жойи бир қишлоқ масжиди имомлиғи эрмас эрди. Улуғ–улуғ шаҳарларнинг катта–катта масжидларига имом бўлғулик зеҳнли, зукко қори йигит эрди.
— Қайғурманг, ҳар не шу бўлса Худодин, катта шаҳарда имом бўлмағони бир ҳисобдин яхши ҳамдур. Эшитилиб турибдурким, кўп йирик шаҳарларда мулламан, имомман, эшонман, шайхман деганларни турмаға тиқаётқан эрмишлар.
— Ҳа, замон оғир бўлди. Замон динсизники бўлди. Замон кофирники бўлди.
— Замондин нолиманғ, ўғлим, — деди Камолиддин қози оғирлик билан. — Замондан нолисанғиз Оллоҳнинг қаҳри келадур. Замон Оллоҳ таолоники, замонни сўккан Оллоҳ таолони сўккан билан баробардур. «Феъл–атворингиз қандоғ бўлса, бошинғизға ўшандоғ подшоҳ юборурман», деган Оллоҳ таоло Қуръонда. Оллоҳдан беижозат бандасининг оёғига бир тикон суқилмас. Халқ шунга лойиқ эркан–ки, шунға муносиб эркан–ки, шундоғ золим подшоларни бошимизға қўйди. Энди итоатдин ўзға йўл йўқдур. Сиз ҳам бир–икки жойда шўролар шаънига кескин–кескин сўзлар айтқонинғиз хусусинда сўзлар эшитдим. Эҳтиёт бўлунғ. Алар қанчалиқ субутсиз бўлсалар–да, илмсиз, маърифатсиз бўлсалар–да, зоти паст, насл–насаби бузуқ бўлсалар–да, энди алар арбобдурлар. На Қуръон, на Ҳадисни билурлар, на шайх Саъдийни, на Ҳазрат Навоийни билурлар. Аммо алар арбобдурлар. «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан», дебдурлар.

3. Омбор бўлган масжидлар

Минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилга келиб СССР деган давлат оёққа туриб олди. Куч билан ўзига кўпдан–кўп элу–элатларни қўшиб олган бу давлат жуда сермиллат, серодам, серғалва улкан империяга айланиб улгурди. Энди бу серодам давлатни боқиш ҳам керак эди. Ҳар бир республика гарданига қайсидир аниқ вазифа қўйилди. Қайсидир республика дон етиштиришга, бошқаси гўшт, яна бири нефть етказиб беришга масъул бўлди. Ўзбекистоннинг чекига пахта тушди.
Ўзбекистон катта давлатнинг каттакон пахта хом–ашё омборига айлантирилди. Ўзбекистон бутун бошли давлатни кийинтиришга маҳкум этилди. Пахта тайёрлашни яна ва яна кўпайтириш ҳақида ҳукуматнинг устма–уст қарорлари чиқа бошлади. Юртдаги катта–кичик дарёлар бир неча ўнлаб еридан бўғилиб, табиат мутаносиблигига путур етишини ҳам ўйламасдан, асрлар давомида ўзлаштирилмай ёт-ган чўлу–даштларга сув чиқарилди. Ҳамма ерга чигит сочилди. Қанча ҳосил беришидан қатъий назар, ҳар қарич ерга чигит экилди. Деҳқоннинг уйи пахтазор этагида бўлиб қолди. Уйидан чиқса бас, ғўза қаторлари. Пахта шаҳарларга ҳам бостириб кирди. Шаҳарларни сиқувга олди.
Шаҳристонда Оқ подшо замонидан қолган пахта заводлари кенгайтирилди. Бундай заводларнинг янги–янгилари қурилди. Пахта қабул қиладиган корхоналар кўпайтирилди. Пахта ҳосили кўпайгач, уни қайта ишлайдиган, чигитидан мой, совун ишлаб чиқарадиган заводлар қурилди.
Ўттиз олтинчи йилнинг кеч кузида завод омборига сиғмай қолган пахталарни от арава ва эшак аравалар карвони Шаҳристоннинг шаҳар майдонига келтиришди. Оқсоқолларнинг ҳай–ҳайлашига қарамай, қарғиш–сўкишларига қарамай галифе шим, гимнастёрка, чарм камзул ва чарм шапка кийган, ёнига тўппонча таққан, сўкиниб гапирадиган бошлиқнинг буйруғи билан гиламларни, жойнамозларни чиқариб ташлаб, масжид биносига олиб кириб босдилар.
— Ҳов, динсиз, иймонсиз, сенинг отанг Ленин ҳам бизларға дин эркинлиғини берувди. Энди номозимизни қаерда ўқиймиз? — деб сўради кечроқ етиб келган Абдулманнон масжид ва унинг айвонлари пахтага тўлгач, масжид эшигини маҳкамлаётган бошлиққа қараб.
— Сенга дин эркинлиги берилгани рост,— деди бошлиқ. — Лекин бу дегани СССРнинг стратегик хом ашёси бўлган пахта ёмғирда қолиб, сен исқиртлар мазза қилиб масжидда номоз ўқи, дегани эмас. Эркин бўлиб номозингни уйингда ўқи!
— Ахир биз жума номозларини уйда ўқиёлмаймиз. Ҳайит номозлариға ҳам масжид керак.
— Бас! Агар яна бир оғиз ақл ўргатсанг оғзингдан отиб ташлайман, — ёнидан тўппончасини чиқарди бошлиқ. — Пахта сиёсатини ҳали билмас экансан. Номозхонман деганингни Сибирга ҳайдайман, ана шунда қайтиб бирортанг масжиднинг номини тилга олмайдиган бўласан.
Шундай қилиб, масжид қиши билан пахта омбори бўлди. «Пахтасини олса, баҳордан масжидимизда номоз ўқиймиз», деб умид қилиб юрган номозхонларнинг ҳафсаласи баҳорда яна бир марта пир бўлди. Пахтани олгач, масжидга экиладиган чигитни тўлдиришди. Чигит олингач, ёғ–мой заводининг маҳсулотларини шу ерга олиб келишди. Хуллас, масжид эшигига қулф урилди ва бу қулф калитлари масжид нима эканини, ибодат, номоз, рўза нима эканини билмайдиганлар қўлида бўлди.

4. Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен

Абдулманноннинг динсизларга нафрати кўпинча тилига чиқиб кетиши бошига бало бўлди. Чарм камзул кийиб, ёнига тўппонча тақиб юрадиган бошлиқ у билан ёмон ўчакишиб қолди. Уни турмага тиқишга баҳона қидира бошлади. Ниҳоят, 1937 йилнинг қишида, совуқ ва қоронғу бир тунда Абдулманноннинг эшигини бузгудек таққиллатишди. Шайх Саъдийнинг «Гулистон»нини мутолаа қилиб ўтирган Абдулманноннинг қўлларини орқасига қилиб кишанлашди.
— Айбим нима, айтинглар, эй иймонсизлар? — деди Абдулманнон махсум.
— Айбинг уйингда эскилик сарқити бўлган китобларни асраганинг! — ўшқирди чарм камзулли. — Гражданлар уйида Қуръон сақлаши мумкин эмаслигини билмайсанми?
— Ахир қўлимдаги Қуръон эмас, Шайх Саъдий ҳазратларининг «Гулистон»и–ку, — деди Абдулманнон махсум жавонларни титкилаётган чарм камзулликка. — Қуръонни ҳикоятдан ажрата олмайдиган даражада Худо урган авоммисан?
— Оғзингни юм! — дағдаға қилди чарм камзул. — Ҳукуматнинг одамини авом дейишни сенга кўрсатиб қўяман!
Абдулманнон махсумни турткилаб ҳовлига олиб чиқишди. Китобларини олиб чиқиб ёқа бошлашди. Қуръонни, Имом Бухорийнинг «Жоме ас–саҳиҳ»ини кўтариб чиқаётган чарм камзуллига қараб юлқинган Абдулманнон махсумни бир ёрдамчиси милтиқ қўндоғи билан уриб, юзтубан йиқитди.
— Қўйинг, майли китоблар ёнса ёнар, жонингизни ўйланг, — деди Зулайҳо югуриб келиб, эрини суяб турғизаркан. — Бу ҳайвонларга Оллоҳнинг ўзи жазо берар!
Чарм камзуллилар ҳамма китобларни, Абдулманнон махсумнинг ўзи ёзган ғазалларини ҳам чиқариб ўтга солдилар. Бирпасда юзлаб қимматбаҳо китоблар ёниб кулга айланди. Қазноқдаги бир қоп буғдой ичига беркитилган бир неча ноёб китоблар, Қамариддиннинг бешиги ичидаги Қуръон ва оғил ичига лаҳм кавлаб кўмилган, қози Камолиддин Зулайҳога туҳфа қилган бир сандиқ китоб — «Ҳидоя» омон қолди, холос. Абдулманнон махсумни эса чарм камзуллилар олдиларига солиб ҳайдаб кетишди.
Уч йил Абдулманнон махсум Ўрусиянинг совуқ ўрмонларида дарахт кесди. Инсон зоти тасаввурига сиғиши қийин бўлган азоб–уқубатларни, камситиш, хорланиш ва хўрланишларни кўрди.
Зулайҳо уч йил айрилиқ азобини тортди, йўқчилик азобини тортди, қимматчилик азобини тортди. «Халқ душманининг хотини» бўлиб, таъна–ю, маломат тошларининг азобини тортди.
Зулайҳонинг додини Шаҳристонда тинглагувчи топилмади.
Зулайҳони ичкарига киритувчи идора топилмади Самарқандда.
Зулайҳо Тошкентга йўл олди.
Ўғли ва қизини етаклаб, ҳукумат раҳбари Усмон Юсуповнинг хонасига кириб борди.
— Эримнинг айби унинг саводлилиғида бўлди. Айби китоб ўқиғанида бўлди. Айби чарм камзуллини хушламағани, унга қуллуқ қилмағанида бўлди, — деди Зулайҳо. — Адолат излаб келдим. Тошкандин топмасам, ўша Масков деганиға ҳам борурман.
— Синглим, биз суриштирамиз, аниқлаймиз, — деди Усмон Юсупов. — Эрингизнинг айби бўлмаса шу бугуноқ ўзим Масковга қўнғироқ қиламан. Эрингиз албатта оқланади.
Эртасига Зулайҳога Усмон Юсуповнинг ўзи пешвоз чиқди.
— Ҳаммасини аниқладик, синглим, эрингизни сиз айтган «чарм камзул», яъни ғараз ният билан чекистлар сафига кирган, бугун вазифасидан олиниб, иши судда бўлган Санақул Зиёев қамоққа олган экан. Сиз кўнглингизни тўқ қилиб уйингизга кетаверинг, бир ойга қолмай эрингиз уйда бўлади.
Зулайҳони Шаҳристондан ўтадиган поездга чиқариб қўйишди.
Минг тўққиз юз қирқинчи йил кириб келишига уч кун қолганида Абдулманнон махсум уйига кириб келди. Унинг оқланиб келганидан суюнган қавму–қариндош, ёру–дўстлари қутлаб келдилар. Улар орасида «Энди Абдулманнон қайтиб келмайди», деб қай кунгина вайсаб юрганлари ҳам, «Халқ душманидан ажраб, бошқа бировга тегсанг бўлмайдими», деб Зулайҳога «доно маслаҳат» берганлар ҳам, бу хонадон ҳақида фисқу–фасод тўқиганлар ҳам бор эди.

5. Ўзни меҳнатда кўрсат

Абдулманнон махсум оқланиб келгани билан ҳали унга ёвқараш билан қаровчилар мўл эди. Айниқса, НКВД деб аталган, ўзбекчасини аксарият одам билмаган, ўзбекчага ўгирилганда «Ички ишлар халқ комиссарлиги» бўлган идора ходимлари ҳуда–беҳудага уни чақириб, ҳали у, ҳали бу нарсани сўраб безор қилишарди. Шаҳар мелисасининг бошлиғи ҳар куни кечқурун келиб, ўзининг шаҳардан чиқиб кетмаганлигини кўрсатиш учун мелисахонада қайддан ўтиб туришлигини тайинлади.
— Тавба, тавба, — деди Абдулманнон махсум. — Бировнинг товуғи йўқолсаям аввал мендан сўрашади–я? Шаҳристоннинг кунчиқарида бир омборни тешиб, бир қоп буғдой ўғирлашибди. Саҳарлаб мени олиб кетишди. Уч кун сўроқ қилишди. Қамалдим — айбдор бўлдимми? Ахир мен у маҳаллага тескари, шаҳар ғарбида турсам, қолаверса ўғирлиқ учун қамалған бўлмасам, тинч қўярмикин йўқмикан бу золимлар?!
— Ҳаммасига гўрингда тўнғиз қўпқур Сана айбдор, — деди Зулайҳо. — Ўзи итдай отилиб кетди–ю, сизни ёмон отлиқ қилиб кетди. Энди нима қиласиз, чидайсиз–да.
Абдулманнон махсум бу камситишларга икки ой чидади. Бахтига катта ҳашар бошланиб қолди.
Бир юзу ўттиз минг ҳашарчи сафида Абдулманнон махсум ҳам ўзи мустаҳкам қилиб ясаган ғалтагини тортиб, Шаҳристон яқинидаги сув омбори қурилишига киришиб кетди.
Қурилиш жуда жадал суръатлар билан олиб борилди. Улкан ҳовуз ўрни кетмонлар билан юмшатилар, кейин бу тупроқ халталарга, замбил ва ғалтакларга солиниб, ташиб чиқариларди.
Қурилиш республика раҳбарларининг назарида эканлиги, бу ерга Усмон Юсупов бошчилигида катта раҳбарларнинг тез–тез келиб туриши, юртга танилган санъаткорлар Тамарахониму Лутфихонимлар, Жўрахону Маъмуржон ҳофизларнинг кечқурунлари концерт бериб туришлари ҳашарчиларда кўтаринкиликни жўш урдирди. Зоминлик Маханов бир кунлик топшириқни саккиз ҳисса ортиғи билан бажариб донг таратди. Эртаси куни митанлик Олтибой Ўтаганов топшириқни ўн бир баравар ошириб бажаради. Сўнг Ургутдан келган эллик саккиз ёшли Исмоил Мелибоев кунлик топшириқни ўн беш баравар ошириб уддалади. Булардан илҳомланган Абдулманнон махсум кунлик иш топшириғини ўн етти баравар ошириб бажарган куни қурилишга Усмон Юсупов келди. Оёғида зўрға турган Абдулманнон махсумни Усмон Юсупов қучоқлаб кўтариб олди.
— Сиз бугуннинг қаҳрамони бўлдингиз! — деди Усмон Юсупов. — Сиз энди халқ қаҳрамонисиз! Сизни орденга ёздик!
Ўша кеч ҳофизлар Абдулманнон махсумни олқишлаб қўшиқ куйлашди:
Абдулманнондай ишлайлик–о,
Биз ҳам орден олайлик…
Ўша кеч қурувчилар эркаси Тамарахоним Абдулманнон махсум олдига ёзган белбоққа чиқиб рақс тушди.
Шу–шу Абдулманнон махсум таъналардан қутулди. Шаҳар катталарининг назарига тушди.
Ўн тўрт ой деганда сув омбори қуриб бўлинди. Омбор сувга тўлган кун халқ байрамга чиқди. Кўп фидойи қурувчилар қатори Абдулманнон махсумнинг ҳам елкасига чопон ёпдилар, чопонга орден тақдилар.
Шаҳристонликлар бу байрамни узоқ йиллар ширин қўмсаш билан эслаб юрдилар. Бу байрам уларга жуда азиз хотира бўлиб қолди. Чунки, халқ шу билан роппа–роса тўрт йил байрам нималигини билмади.
Тўрт йил тўй нима, томоша нималигини билмади халқ.
Чунки ўша байрамдан сал ўтиб энг даҳшатли воқеа — уруш бошланган эди.

6. Ой бориб, омон қайт

Ким ҳарбий хизмат ёшида эди, чақирилди кетди. Ким ҳарбий коммиссариат рўйхатига тушди, кетди. Кимни мелиса қувиб, тутиб вагонга тиқиб жўнатди, кетди. Ким китобларда ёзилгандай кўкси немис фашист босқинчиларига нафрат билан тўлди, Ватан дея ёнди, кетди. Хуллас, тўрт йилда ўн беш мингдан ортиқ Шаҳристон фарзанди урушга жўнади.
«Ватан учун!», «Сталин учун», деб жангга кирган шаҳристонликларнинг тенг ярми Москвадан Берлингача бўлган минглаб шаҳар ва қишлоқлардаги «Биродарлик қабристонлари»да дафн этилди. Минглаб шаҳристонлик дунёнинг турли шаҳарларида «Номаълум аскар» бўлиб қад ростлади.
1941 йилнинг октябрида Шаҳристонда 213–ўқчи дивизия деб аталган дивизия тузилди. Икки ой сув омбори қўрғонида милтиқ тутиш, ўқ отиш, душманга найза санчиш нималигини ўрганган Абдулманнон махсум ҳам ана шу дивизия сафларида урушга жўнар бўлди.
— Болаларни сизга, сизни Оллоҳга топширдим, — деди кетар чоғи Абдулманнон Зулайҳога. — Мен йўғимда сизга қийин бўлади, аммо на илож, кўпга келган тўй. «Қирқ йил қирғин бўлса ажали етган ўлади», дейдилар, Худо хоҳласа, қайтиб келаман. Сиз болаларни эҳтиёт қилинг!
— Ой бориб, омон қайтинг, дадаси, — деди Зулайҳо. — Болалардан кўнглингиз тўқ бўлсин. Уларни кўз қорачиғимдай асрайман. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Хуллас, етти мингдан ортиқ шаҳристонлик йигитлардан ташкил топган ўқчи дивизия сафида Абдулманнон беаёв жангга кирди. Дивизия урушда анча донг таратди. Новоукраинск шаҳрини душмандан олишдаги жонбозлиги учун дивизияга «Новоукраинский» номи берилди. Бу дивизиянинг ўн олти жангчиси «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» бўлиши, беш мингга яқини турли жанговар орден ва медалларга сазовор бўлиши дивизиянинг жонли тарихини уруш солномасига олтин ҳарфлар билан битди.
Абдулманнон ҳам жангу–жадалда пишди, тобланди. Қаҳрамонликлар қўрсатди. Кўкрагига «Қизил Юлдуз» ордени тақди. Аслида урушда ўтказилган ҳар бир кун қаҳрамонлик эди. Ҳар бир жангга кириб, ундан тирик қайтиш қаҳрамонлик эди. Абдулманнон жангларда бир неча ўн марталаб ўлим билан юзма–юз келди. Аммо ҳар гал ажал уни четлаб ўтди. Тўғри, у бир неча бор ярадор бўлди. Ҳатто бир гал қорнига бомба парчаси тегиб, ичаги ҳам кўриниб қолди. Аммо ҳар сафар ҳарбий шифохоналарда даволаниб сафга қайтди.
Абдулманноннинг урушда ибодати чала бўлди. Рўзаси чала, намози чала бўлди. Аммо тилидан Оллоҳ таолонинг муборак номи тушмади. Вақт топди дегунча таҳорат қилиб, тирик қолаётгани шукронасига нафл номозлар ўқир эди. Оллоҳдан соғ–саломат фарзандлари қошига қайтаришини сўраб, талаб дуоларини қилиб ибодат қилар эди.
Берлин остонасидаги жангда душман билан юзма–юз келдилар. Уруш қўл жангига айланиб кетди. Автоматларнинг қўндоқлари, пичоқлар ишга тушди. Абдулманнон ўзига ханжар санчмоқчи бўлиб ташланган фашистнинг ханжарини автомати қўндоғи билан уриб учириб юборди. Ўзини таппа ерга босиб буғди. Аста–секин жон таслим қилаётган рақибига қараб илк марта душманига ичи ачиди, душманига қайғурди.
— Мен муштдек болани ўлдириб қўйдим, — деди афсус билан Абдулманнон қуролдош дўсти Сотволдига.
— Сен фашистни ўлдирдинг, — деди Сотволди.
— Ахир у ҳали гўдак эди. Мўйлаби энди ниш урган ўн етти–ўн саккиз яшар гўдак эди, Сотволди! — деди тутоқиб Абдулманнон.
— Сен ўлдирмасанг ана ўша гўдак нақд юрагингга ханжар санчарди.
— Барибир унга ичим ачияпти.
— Қайғурма, илоннинг боласи барибир илон бўларди.
Тўрт йиллик урушда Абдулманнон йигирма ёшларга улғайди. Асли ҳам оғир–босиқ бўлган Абдулманнон кўп ўйлайдиган, кам гапирадиган бўлиб қолди. Шодлик ва қайғу, бахт ва бахтсизлик, омад ва фалокат деган тушунчалар унинг учун асл маъносини йўқота бошлади. Ҳайратланиш, ажабланиш тушунчалари батамом маъносини йўқотди.
ўалаба кунини ҳам оддийгина қабул қилди. Уста ишини тугатгач, этагини қоқиб, устахонасини ёпиб, уйига йўл олгандек, урушдан этагини силкиб, индамай поездга чиқди.
Шаҳристон станциясигача ҳам индамай келди.
Станцияда эса уни икки боласини етаклаган кўйи Зулайҳо кутиб олди. Ҳар куни бир маҳал қизил поездни кутадиган Зулайҳо кутиб олди уни. Тўрт йўл эрининг келар йўлларига қараб кўзлари тешилган Зулайҳо, икки болам оч қолмасин деб уларни онасига қолдириб, заводга ишга кирган, урушга мина ясаб беришга мослаштирилган заводда «Мен эримга ёрдам бераяпман, аскарларимизга, Ватанимга ёрдам бераяпман», деб кечаю кундуз тинмаган Зулайҳо, шахсий топшириқларини тўрт–беш ҳисса қилиб бажарган Зулайҳо, «Шавкатли меҳнати учун» медали соҳибаси бўлган Зулайҳо, фронтдагиларга иссиқ кийим–бош жўнатиш ташаббуси билан чиқиб, Олий Бош қўмондон ташаккурномасини олган Зулайҳо кутиб олди.
Уруш урушга борганнинг ҳам, бормаганнинг ҳам тақдирини ўзгартириб юборди. Шаҳристонда уруш четлаб ўтган хонадоннинг ўзи йўқ эди. Абдуллатиф махсумнинг хонадонида ҳам узоқ йиллар урушнинг машъум кунлари, беаёвликлари эсланар бўлди.

7. Замон ўқиганники

Урушдан кейинги ўтган ўн йил вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни тиклаш йиллари бўлди. Шаҳристонда уруш бўлмаган бўлса–да, кўп корхоналар уруш шароитига мослаштирилган, ҳарбий асбоб–анжомлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган эди.
Бу йиллар жуда оғир йиллар бўлди. Уруш туфайли саноат, иқтисод издан чиққан, аҳолига озиқ–овқат топиш асосий масала бўлиб қолган эди. Халқ оч эди. Шаҳристон кўчаларида бир бурда нон тилаб юрган гала–гала оч, юпун одамларни, ота–онасиз ёки уларнинг назоратисиз қолган жулдур кийимли болаларни кўплаб учратиш мумкин эди.
Минг тўққиз юз эллик еттинчи йилларга келиб аҳвол ўнглана бошлади. Ҳукумат ёшларни ўқитишга зўр берди. Ташвиқотчилар қишлоқма–қишлоқ кезиб, иқтидорли болаларни илмга жалб эта бошладилар.
«Олимнинг боласи олим бўлади», «Прокурорнинг боласигина прокурор бўлади», қабилидаги ақидалар аср сўнгида пайдо бўлди. Эллигинчи–олтмишинчи йилларда эса ғирт қишлоқи болалар, чўпонларнинг болалари ҳам турли шаҳарларда ўқиб, катта–катта лавозимларни эгалладилар. Ота–бобоси дашту–биёбонда ризқ териб ўтган ўша йилларнинг ёшларидан олимлар, академиклар чиқди.
Йигирма ёшни қоралаб қолган Қамариддинни ҳам бир суҳбатлашиб кўрган Ўзбек давлат университети олимлари ўқишга чақиришди. Унинг ҳисоб илмига жуда уқувли эканини илғашиб, бир йилдан сўнг уни Москвага ўқишга юборишга аҳд қилишди.
— Жуда яхши бўлибди, ўғлим, — деди Абдулманнон махсум бу хабарни келтирган ўғлига. — Энди замон ўқиганники бўлди. Аянг билан биз ўрганган билим бу замон одамига керак бўлмай қолди. Замон талаби шу экан, ўқи, болам.
Қамариддиннинг аяси бунга рўйхушлик бермади.
— Дадаси, сизни уч йиллаб, тўрт йиллаб кутганим каммиди? Энди Қамариддинни ҳам беш йил кутаманми? Узоқ жой бўлса, устига ўрисни юрти?
— Нима қипти, бир йилга бормай ўриснинг тилини ҳам ўрганиб олади.
Шу баҳона Москваларни кўриб келади.
— Мен қандай чидайман, ахир? — кўнмоқдан ўзга илож тополмади Зулайҳо опа.
— Бир–икки йил ўқисин, кейин сизни ҳам Москвага олиб кетади, — деди Абдулманнон махсум.
— Ўзим ҳар йили ёзги таътилларда келиб тураман, — деди Қамариддин.
— Аммо ўрисни юртида ўқияпман, деб ўрислашиб кетмагин, ўғлим, — тайинлади Абдулманнон махсум. — Улар кўпам ҳалол–ҳаромни ажратиб ўтиришмайди. Ичкиликсиз овқат емайди.
— Яхши кўрган овқатиям тўнғиз гўшти эмиш–а? — деди Зулайҳо опа. — Оч қолсанг ҳам зинҳор тўнғиз гўштини емагин, болам.
Тонггача Москвада Қамариддиннинг нима еб–ичиши, нима кийишигача, қандай юриш, қандай туришигача муҳокама қилишди. Иссиқ кийим, нон, ҳолва, туршак, жийдалар солинган қопни орқалатиб, тонгдаги поезд билан Қамариддинни Москвага жўнатиб юборишди.

V Боб. ТУРҒУН–ТУРҒУН ЗАМОНЛАР

«Пайғамбарларига ва Қиёмат кунига иймон келтирганларгина ҳидоят узра барқарордирлар».
«Бақара сураси, 5–оят

1. Оққан ариқ оқади

Мамлакатга қошига қараб қорнинг тўядиган одам подшо бўлди. У подшо бўлган йиллари мамлакатдаги ҳар бир давлатга тегишли бино пештоқини у айтган сўзлар безади. Биноларга унинг улкан–улкан суратлари осилди. Унинг ҳазиллашиб айтган гапи ҳам қонун тусини олди. “Қоши қора” мамлакатда партиянинг ролини беқиёс ошириб юборди. “Партия–давримизнинг ақл–идроки, ор–номуси, виждони” деган шиор кундалик мадҳияга айланди. Ўша йиллари ҳақиқатдан ҳам ҳамма учун партия котиблари ўйлайдиган, ҳар қандай масала юзасидан сўнгги сўзни партия айтадиган, партия назорат қиладиган, партия ҳукм чиқарадиган, партия ҳукмни ижро қиладиган кучга айланди. Партия билетига эга бўлиш шарафга айланди. Партия билети олиб қўйилган одам ўзини–ўзи отган, осган ҳоллар бўлди. Коммунист бўлмаган одам иккинчи навли одам бўлди. Унга паст назар билан қарадилар. Иккинчи навли одамлар ишлаб чиқаришга жалб этилди. Мансаб курсилари партбилети борларгагина раво кўрилди.
Қамариддин Москвадан йўлланма билан тўғри вилоят партия қўмитаси (обком)га ишга юборилди. Ўша пайтлари ҳар бир вилоят, ҳар бир туман партия қўмиталарининг иккинчи котиблари рус кишилари бўларди. Обкомнинг иккинчи котибига Москвада ўқиган, рус тилини пухта биладиган Қамариддин ёқиб қолди. Уни обкомнинг иқтисод бўлимига ишга олди. Олти ой ўтиб ўша бўлимга бошлиқ қилиб қўйди.
Икки–уч йил ўтмай Қамариддинни обком тавсияси бўйича она шаҳри Шаҳристонга шаҳар партия қўмитаси биринчи котиблигига (горкомликка) сайлашди. Ҳали эндигина уйланиб, бир ўғилли бўлган Қамариддин оиласи билан шаҳар партия қўмитаси ажратган кўркам, хушҳаво ҳовлига кўчиб келди. Ўша куниёқ машина юбориб, ота–онасини ҳам шу ҳовлига кўчиртириб келди.
— Ўз уйингга, ўз уйимизга қайтиб келганимиз ҳаммаларимизга муборак бўлсин, — деб дуо қилди кўзда ёш билан Абдулманнон махсум келини тўшаган кўрпачага ўтираркан.
— Ўз уйимизга дедингизми, отажон? — ажабланиб сўради Қамариддин.
— Ўғлим, худди мана шу ҳовли катта бувамиз Шамсуддин қорига жойинг жаннатда бўлгур Шаҳристон ҳокими томонидан тортиқ қилинган экан. Шу ҳовлида бувам, отам туғилган, мен туғилганман, — деди Абдулманнон махсум кўз ёшларини арта туриб. — Йигирманчи йилларда гўринг куйгур Салим “орган” отамиз Нодир қоридан бу уйни тортиб олиб, ўзи жойлашиб олган экан. Салим “орган” отилиб кетгач, фирқалар туришган экан. Мана, Оллоҳ насиб қилган экан, отанг туғилган уй энди сеники бўлди.
— Қўшни ҳовли эса менинг катта бувам Абдулқодир қозиники бўлган, — деди Зулайҳо опа. — Отамдан олишиб, етимхона қилишган экан. Ҳозир етимхонани ҳам кўчириб юборишган. Сенинг ўринбосаринг турар экан.
— Ҳа, майли, тура–турсин. Бир куни ўзим бобомни кўчириб келиб, ўз уйларига жойлаштираман яна, — деди Қамариддин.
— Йўқ, бобонгни хурсанд қиламан деб гап–сўзга қолма, болам,— деди Абдулманнон махсум. — Бобонгга ҳовлининг ҳожати йўқ. Сен яхшиси, шаҳарни обод қилишни, ўзингдан яхши от қолдиришни ўйла. Қўлингдан келса масжид, мадрасаларимизни эҳтиёт қил. Ҳали бир кун келиб, яна халқимиз иймонга қайтиб, масжидларни тўлдириб–тўлдириб номоз ўқийди. Мадрасалар яна янги авлодга ҳалол–ҳаромни ўргатадиган бўлади. Шуларни сақлаб қолишни ўйла.
Шаҳарком ишини ҳар куни тонгда пиёда Шаҳристонни айланишдан бошлайдиган бўлди. Ободончиликка катта эътибор берди. Аста–секин шаҳар чирой очди. Қамариддин шаҳарком бўлган йиллари бир қанча завод, фабрикалар қурилди. Қишлоқлардан одамлар Шаҳристондаги корхоналарга оқиб келди. Шаҳар кенгайди, аҳолисининг сони сезиларли равишда ошди.
Бир куни тонгда ишга одатича яёв кетаётган Қамариддин ресторанга айлантирилган мадрасадан тонггача ароқхўрлик қилиб чиққан икки пиёнистанинг шундоқ дарвоза ёнида тик туриб “чоптираётганини” кўриб, таъби бузилди. Ходимларини йиғиб, мажлис қилди.
— Мадраса энди мадраса бўлмаса–да, у аждодларимиздан қолган маданий мерос, — деди тонгдаги нохуш манзарани тасвирлаб берган Қамариддин. — Ахир бу табаррук жойни маст–аластларга оёқ ости қилдириб қўя олмаймиз–ку?
Шаҳарком аъзолари бир сўз демадилар. “Ресторанни бошқа жойга кўчириш тадоригини кўринглар”, деганда ҳам ҳеч ким монеълик қилмай иш–ишига тарқалдилар. Ҳамма кетгач, фақат иккинчи котибгина шу ерда қолди ва Қамариддин билан мажлислар хонасидан чиқиб, унинг иш кабинетига кирар эканлар, секин сўз қотди:
— Қамариддин Абдуманнонович, мадраса Республика Компартияси марказкоми идеология бўлими бошлиғи кўрсатмаси билан ресторан қилинган. Қолаверса, рестораннинг хўжайини унча–бунчанинг гапини гап демайди. Унинг тоғаси Тоғаев марказкомда ишлаб турар экан, жиянининг мушугини ҳеч ким пишт деёлмайди.
— Мушугини мана, мен пишт дейман, — жаҳли чиқди Қамариддиннинг. — Тоғаси авлиё бўлмайдими? Шаҳристонга сиз билан бизни бош қилиб кўйдиларми, Ефим Игнатьевич, уни бошқарамиз. Ўзим бориб “Кўтар лаш–лушингни”, дейман.
— Ҳали ёшсиз, Қамариддин Абдуманнонович, — деди иккинчи котиб. — Ҳали анча қизиққонсиз. Сиз ҳали ўсишингиз керак. Бунақа масалалар қизиққонлик билан ечилмайди. Оғир–босиқ бўлиш керак. Ҳозир мадрасани тортиб олиб, яна мадраса ё музей қилиб қўйсангиз ҳеч ким “Архитектура ёдгорлигини ҳимоя қилди”, демайди. Аммо “Бобоси қурган мадрасани Фалончиевдан тортиб олди, шахсий адовати бор экан, шахсий манфаатини жамият манфаатидан устун қўйди”, дейдиган, юмалоқ хат ёзиб, сарсон қиладиган қитмирлар топилади.
— Ҳм–м, шунақа денг, Ефим Игнатьевич, — деди хомуш бўлиб Қамариддин. — Лекин буни шундоқ қолдириб бўлмайди. Нимадир қилиш керак. Қандайдир йўлини қидириб топиш керак. Балки Тоғаевнинг эркатойига бошқа ердан алоҳида ресторан қуриб берармиз?
— Жиянқулов ҳам анойи эмас. У биз қуриб берган бошқа ердаги замонавий ресторандан Шаҳристоннинг юраги бўлган шаҳар майдонидаги эски мадрасанинг мослаштирилган биносини афзал кўради. Ахир, бу ерда унга сутканинг хоҳлаган соатида мижоз бор–да. Марказни у тириклай қўлдан чиқармайди.
— Майли. Ниманидир ўйлаб топармиз.
— Тўғри айтасиз, Қамариддин Абдуманнонович, ишлаб турсин, бир чораси топилар.

2. Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди

Қамариддин Шаҳристонни обод қилиш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун кўп ишлар қилди. Аммо дилининг тубида масжид ва мадраса тақдири оғир тош бўлиб ётарди. Доимо нимадир қилиб, шу табаррук жойларни пок сақлаб, келажак авлодга соғ–омон етказишни ўйларди.
Ўйлай–ўйлай бир режа тузди. Режадан кўзда тутган асл мақсадини ҳеч кимга айтмади.
— Ўртоқлар! Немис–фашистлари устидан қозонилган ғалабага келгуси йил йигирма беш йил тўлади, — деди Қамариддин шаҳар фаоллари йиғилишида. — Шаҳристонимиздан етти мингдан ортиқ одам урушда шаҳид бўлди. Тирик қайтганларининг ҳам кўпи уруш асоратидан вафот этишди. Урушда қаҳрамонлик кўрсатган оталаримизга бир муносиб ёдгорлик ўрнатсак нима дейсизлар?
— Жуда ажойиб бўларди, — маъқуллашди йиғилганлар.
— Э, агар маблағ етишмаса биз ўзимиз, уруш иштирокчилари пул йиғамиз, — деди кўкси тўла орден бўлган бир уруш қатнашчиси.
— Маблағ йиғишга сиз шошилмай туринг–чи, биз сизларнинг, шаҳар аҳолисининг номидан Москвага мактуб тайёрладик. Унда бронзадан ясаладиган қаҳрамон жангчи ҳайкалини ясаб беришлари илтимос қилинган. Хўп десангизлар хатни жўнатамиз. ўалаба байрамигача олиб келиб ўрнатишса, байрам куни очамиз. Шаҳар партия қўмитасининг бир ҳайкал ўрнатишга кучи етар. Етмаса бақувват заводларимиз, фабрикаларимиз бор, қараб туришмас. Уруш қатнашчиларидан пул йиғишгача бориб етмасмиз.
Ҳамма таклифни маъқуллашди. Хатни тезда жўнатиш лозимлигини айтишди.
— Жойини қаердан танлаймиз, — деди залга синовчан назар ташлаб Қамариддин. — Ҳайкални қаерга ўрнатсак муносиб бўларкан?
Ҳамма ҳар жойни айта бошлади.
— Менда бир таклиф бор, — деди иккинчи котиб. — Ҳайкални Шаҳристоннинг қоқ юраги бўлган шаҳар майдонига ўрнатсак, ғарбга қараб турса. Худди фашистлар уяси томонга қараб ташланаётгандек туради.
Гарчи бу гапларни ўринбосарига ўзи ўргатган бўлса–да, Қамариддин севинч билан қарсак чалиб юборди. Қолганлар биринчи раҳбарга қўшилишди. (У замонлар биринчи раҳбар «бўлди», демаса қолганлар соатлаб қарсак чаларди.)
Бир ой ўтиб, Москвадан ҳайкалтарошлар етиб келишди. Улар Ефим Игнатьевич кўрсатган жойни маъ-қул топдилар. Улар ўзлари олиб келган тўрт хил ҳайкал макетини кўрсатдилар. Кўпчиликка қўлида автомат билан олға бораётган, юз–кўзида шижоат, мардлик, Ватанга фидойилик акс этиб турган жангчи ҳайкали маъқул бўлди. Шу ҳайкал шаҳар майдонига ўрнатиладиган бўлди.
— Фақат битта илтимосим бор, — деди Қамариддин. — Ҳайкал ёнида оппоқ мармар лавҳа қад кўтарсин. Унда урушда шаҳид бўлган ҳар бир Шаҳристон фарзандининг исми–шарифи битилсин!
Москвадан келган бош ҳайкалтарош беш–олти гугурт қутисини олиб бир–бирининг ичига гугуртдонини киритиб, уларни улади ва уни тик қилиб ҳайкал ёнига, сўнг ортига қўйиб кўрди.
— Қойилмақом бўлади,— деди у. — Бажарамиз!
Ҳайкалтарошларнинг асосий гуруҳи эртаси куниёқ Москвага жўнаб кетди. Бир гуруҳи Шаҳристонда қолиб ҳайкал қўйиладиган жойни, ҳайкал турадиган майдонни тайёрлашни бошладилар.
1970 йилнинг апрелида Москвадан буюртма берилган ҳайкал етиб келди. Уни апрел охиригача лойиҳадагидек қилиб ўрнатдилар. Ҳайкал ортида темир бетондан улкан лавҳа ҳам бунёд этиб, уни оппоқ мармар билан ёпдилар.
Мармар лавҳага эса уруш қаҳрамонларининг исми–шарифи зарҳал ҳарфлар билан битилди. Ҳайкал атрофи обод қилиниб, қисқа кунларда чаманзорга айлантирилди.
9 май куни Шаҳристонга вилоят ва Республика раҳбарлари ташриф буюришди. Тўпланган минг–минглаб уруш иштирокчилари, меҳнат фронти иштирокчилари, шаҳар мактаблари ўқувчилари, шаҳар ва шаҳар атрофидан келган аҳоли гувоҳлигида ҳайкал ва лавҳа устидаги оқ мато туширилди. Халқ ҳайкални кўриб кўп суюнди. Халқ ҳайкал атрофида кечгача байрам қилди.
Кечга яқин яна бир бор иккинчи котиб билан шаҳар майдонига келган Қамариддин ёрдамчисига деди:
— Программа минимум бажарилди, ўртоқ Ефим Игнатьевич. Энди навбат программа максимумга.
— Сиз мен ўйлагандан ҳам пишиқ экансиз, Қамариддин Абдуманнонович, — деди иккинчи котиб. — Асталик ва усталик билан иш олиб бораяпсиз. Уруш иштирокчилари сизни жуда зўр қўллаб–қувватлаяпти.
— Ҳаммаси отамнинг доно маслаҳатлари билан бўлаяпти, Ефим Игнатьевич, — деди Қамариддин. — Энди нима бўлса ҳам уларнинг масжид ва мадрасаларини ўзларига қайтариб беришимиз керак.
— Ҳали бунга вақтли, Қамариддин Абдуманнонович, — деди иккинчи котиб. — Шошилмай ишни олиб бораверайлик–чи, вақти келиб қолар. Масжид бўш турибди, уни ишлатиш мумкин. Бобойлар бир талабнома ёзиб Шароф Рашидовичга чиқсалар кифоя. У киши қаршилик қилмайдилар. Фақат бу ташаббус мендан, ё сиздан чиқмаслиги керак. Икки–уч фронтовик олиб кириши керак талабномани.

3. Маънавият қайда?

Шаҳристонлик номозхонлар Тошкентга мактуб ёзишди. Беш нафар уруш фахрийси уни Шароф Рашидовга олиб кирди. У киши отахонларни илиқ кутиб олди. Уларга чой қуйиб берди. Хатни ўқиб, анча хафа бўлди.
— Жойлардаги раҳбарлар арзимаган масалаларга ҳам сиз каби отахонларни Тошкентга сарсон қилиб юборишларини тушунмайман. Ахир ҳаммамиз мусулмон фарзандимиз, борар жойимиз бир. Шаҳрингиздаги маҳаллий раҳбарлар сизларни чақириб, масжидларингни очиб беришса бўлади–ку? — деди у хат бурчагида нималарнидир ёзар экан. — Мана, обкомларингга ёзиб бердим, ўзи бориб, масжидни очиб беради.
Ҳақиқатдан, обком отахонларга қўшилиб келди. Масжиднинг михланган, қулфланган эшиклари очилди. Ким уйидан гилам, ким жойнамоз олиб чиқди. Масжидда яна номоз ўқидилар. Аммо масжидда узоқ йиллар ҳар хил нарсалар, айниқса пахтага солинадиган дори, ўғитлар сақлангани боис жуда таъмирталаб бўлиб қолган экан.
— Лекин мен таъмирлашга рухсат беролмайман, — деди обком. — Бунга Опанинг рухсати керак.
Опа эса рухсат бермабди. Опа деганлари Ўзкомпартиянинг шунақа масалаларни назорат қиладиган раҳбари эди. Отахонлар ҳеч кимга билдирмай масжидни таъмирламоқчи бўлишди. Аммо иш бошланадиган куни иккита пўрим, келишган йигит келди.
— Отахонлар, номозларингни ўқиб турганларингга шукр қилиб, жимгина юринглар. Таъмирни ким бошласа ўзим олиб бориб турмага тиқаман, — деди уларнинг бири. — Таъмирлашга Москванинг рухсати керак.
Таъмир тўхтади. Ҳалиги йигитлар ишлайдиган жойнинг номи учтагина ҳарф билан аталса–да, номини эшитганда баъзи аёл бола ташлаб қўярди у пайтлар.
Москвага хат ёзишди. Москва фақат кўча бетдаги нураган деворини суваб, оқлашга рухсат берди. Тўрт пақир лой ва бир пақир оҳак билан битган шу ишнинг бошида ҳам ҳалиги йигитлардан иккитаси кўзу–қош бўлиб турди.
У пайтлари ҳамма иш Москва билан битарди. Қамариддин масжид ва мадрасани таъмирлаб эгаларига қайтариш йўлларини қидирди. Москвадаги ўртоқларини ишга солди. Аммо қайтанга Москвадан келган комиссия Қамариддиннинг ўзини текширишга тушиб кетди. ғоявий–сиёсий жиҳатдан малакасини ошириб келишга Москвага юборадиган бўлишди.
— Ўғлим,— деди бир куни Абдулманнон махсум Қамариддинга, — замон нозик, қўй, шу масжид таъмирланмаса таъмирланмасин. Мадраса мадраса бўлмаса бўлмасин. Шуларни деб ўзингга ғанимни кўпайтирма, болам. Ўзингни, болаларингни ўйла.
— Дада, ахир қачонгача бундай камситишларга чидаймиз, — куюнди Қамариддин. — Ўриснинг ҳар бир шаҳрида иботдатхоналари ишлаб турибди. Баъзисини музей қилиб қўйишган. Нега бизнинг мадраса ва масжидларимизни ресторан, омборхона қилишади? Таъмирлашга рухсат беришмайди?
— Бировнинг аравасига чиқсанг, ўша айтган ашулага ўйнайсан–да, болам, — деди отаси. — Ўзингдан, мусулмондан подшо чиқмаса бекор. Ана ўшанда сен айтган ишлар бўлади.
— Мен унгача қараб ўтиролмайман!
Қамариддин қараб ўтирмади. Яна уруш фахрийларини ишга солди. Улар Москвага мактуб олиб бордилар. Хат ажойиб ҳайкал қўйиб берган Москвага, Леонид Илъич Брежневга миннатдорчилик билан тўлиб–тошган эди. Хат сўнггида шу ҳайкалга муносиб бир музей бўлса, деб илтимос қилинган эди. Бино ҳам тайёрлиги айтилган бўлиб, бу бино мадраса биноси эди.
Москвадан келган буйруққа Тоғаев ҳам, Жиянқулов ҳам ғинг деёлмади. Мадраса таъмирланиб, оқланиб, Шаҳристоннинг ўлкашунослик музейига айлантирилди.
— Ҳеч бўлмаса, шу йўл билан мадрасани кейинги авлодга бутунлигича етказармиз, — деди ўринбосари билан мадрасани, энди музейни айланган “горком”.
— Яхши қилдингиз, — унинг ишларини маъқуллади Ефим Игнатьевич. — Энди бу табаррук жойларда маст–аластлар тентирамайдиган бўлди. Шаҳар майдони ўзгача чирой очди. Обод бўлди. Ёдгорлик, музей сабаб бўлиб қоровуллар, хизматчилар қўйилди. Майдон доим обод, гулу–гулзор бўладиган бўлди.

4. Рус тили — дўст тили

“Қоши қора” бутун мамлакатда рус тилига эътиборни кучайтириш ҳақида кўрсатмалар берди. Рус тилига эътибор кучайгандан–кучайди. Мактабларда рус тили дарслари кўпайтирилди. Рус тили ўқитувчиларининг ойлик маоши оширилди. Россия шаҳарларига ўзбек йигит–қизлари гуруҳ–гуруҳ қилиб жўнатиладиган бўлди. Уларга имтиёзлар берилди. Россияда ўқиб келган одамнинг иши тайин, амали тайин бўлди. Рус тили кўп улуғ тил бўлди.
“Рус тили –дўст тили” деб китоб ёзди Каттамиз. Бу шиор бўлди, байроқ бўлди. Фақат тилига эмас, ўриснинг ўзига–да эътибор кучайди. Катта шаҳарлардаги энг яхши уйлар, ғиштин–ғиштин уйлар ўрисларга берилди. Завод, фабрикаларда ўрис кўпайди. Амалман, мансабман, яхши маошли ўринман, дегани ўрисга берилди.
Ота–бобоси юртга эгалик қилган ўзбекка эса кенг–мўл дала, яйлов берилди. У пахта экди, чорва боқди, чўл қувди. Шаҳарга келганиям бетон уйда турди. Марказдан четроқда турди.
Бир хил ишни бажариб “катта оға”сидан кам маош олиб ишлади ўзбек.
Рус тили шунчалик дўст тилига айланди–ки, дўст тилида гаплашмасанг, айб бўлди. Дўст тилида гаплашмасанг, душман бўлдинг, ҳолинг вой бўлди. Тошкентга бориб ўзбекча гапирсанг одамлар устингдан кулар бўлди. Дўконларда навбатга туриб қолсанг–у, ўзбекча гапириб қўйсанг, ўрислар “ўрисча гаплаш, маҳаллийчилик, миллатчилик қилма”, деб турткилайдиган бўлди. Ўрис кампирлар шердай–шердай йигитларни рус тилини келиштиролмагани учун дўконларда навбатдан чиқариб юборганларини кўрдик. Қоғозман, ҳужжатман дегани русча тўлдириладиган бўлди. Муомала тили рус тили бўлиб қолди. Ўзбекнинг энг катта йиғини ҳам рус тилида ўтар бўлди.
“Рус тили–дўст тили” деб қўйган Улуғимиз съездларда “Ассалому–алайкум, ўртоқлар” дерди, гулдурос қарсак чалинарди. Депутатларнинг тушуниб қарсак чалган сўзи ҳам шу бўларди. Ўзбек тилига соғинч бў-либ жарангларди бу қарсак. Ўрисбозликка исён бўлиб гумбурларди бу қарсак. Шу билан бўлди бўларди. Қайтиб бир оғиз ўзбекча гапирмасди Каттамиз.
Ҳай–ҳай–ҳай! Ўрис бўлишимизга озгина қолувди.
— Аяси биз ҳам болаларни русча ўқитамиз, — деди Қамариддин хотинига. — Энди замон талаби шу бўлди. Русчани билса нони бутун бўлади болаларингнинг.
— Майли, дадаси, сиз нима десангиз шу, — деди хотини. — Аммо мен ўзим ҳам русчани кўп келиштиролмайман–ку?
— Куюнма, битта ўрис энага топдим, у уйда туриб болаларга қарайди. Баҳонада сен ҳам у билан гаплашиб, ўрисчани ўрганиб оласан.
Болаларга ўрис энага тил ўргатди. Болалар ўрис мактабга борди, ўрис тилини яхши ўрганишди. Болалар ўқишда ҳам, уйда ҳам ўрисча гапирадиган бўлишди.
Болаларнинг ўрислашуви уларнинг бувиси Зулайҳо момога ёқмади.
— Бувилари, момолари ким бўлганини унутди булар, — ёзғирди Зулайҳо опа.
— Қўявер, — унинг гапини чўрт кесди Абдулманнон махсум. — Замон шунақа, энди булар мендай мулла бўлишармиди, сендай отин ойи бўлишармиди? Мендай яктак киярмиди, сендай узун кўйлагу лозим киярмиди? Парво қилма, гап қайси тилда гаплашишда, нима кийишда эмас. Иймонлари саломат бўлса бас!

5. Бир умрлик дўстлик

Қамариддинни Москвага, Олий партия мактабига чақириб олишди. “Ташкилотчиликда, ишбилармонлик ва уддабуронликда тенги йўқ раҳбар”ни ғоявий–сиёсий жиҳатдан ҳам баркамол қилмоқчи бўлишди.
Икки йил Қамариддин СССР деб аталган улкан давлатнинг юраги бўлган серғалва шаҳарда сиёсий жиҳатдан обдан “пишди”. Москвада жуда кўп нарса ўрганди. Шаҳар партия қўмитаси ишини, шаҳар раҳбарларининг иш тажрибаларини ўрганди.
Москвада ўқиш давомида Қамариддин ўзига бир содиқ дўст топди–ки, бу дўстлик қиёматгача давом этадиган бўлди.
Икки йил давомида улар бир–бирини сўзсиз, бир имодангина тушунадиган бўлиб кетишди. Қамариддиннинг бу дўсти худди ўзидек “Сиёсий баркамолликка эришиш” учун Туркманистондан чақириб олинган шаҳар партия қўмитаси биринчи секретари Омонкелди Махтумқулиев эди. Қамариддинга унинг бир сўзлилиги, чўрткесарлиги, шу билан бирга бағрикенг ва садоқатли инсон эканлиги ёқиб қолди. Икки йилда уларнинг дўстлиги кўп бора синовдан ўтди. Бу синовлардан сўнг улар бир умр дўст бўлиб қолишга қасамёд қилишди.
— Энди қачон учрашамиз? — деди Омонкелди ўқишлари битиб, аэропортда хайрлашишаётган чоғлари. — Ахир сиз билан ҳали ажрашмай туриб сизни соғиниб қолаяпман?
— Энди тез–тез учрашиб турамиз, — деди уни бағрига босган Қамариддин. — Худо хоҳласа, янги йилда оилангиз билан бизникига келасиз, улар ҳам танишиб олишади.
— Ўҳ–ҳў, янги йилга тўрт ой бор–ку? — деди Омонкелди. — Унгача сизлар бир борингизлар, айтайлик, еттинчи ноябрь байрамига.
— Бизда у пайти пахта йиғим–терими авжига чиқади. Ҳеч ким ҳеч қаерга боролмайди.
— Унда ўша пахта йиғим–терими олдидан боринглар, майли, янги йилга биз келамиз.
— Бўпти, келишдик, — деди қўл ташлашиб Қамариддин. — Августнинг охирида мен оиламни олиб бораман.
Аммо Қамариддин оиласини Туркманистонга олиб боришга, Омонкелди оиласини Шаҳристонга олиб келишга улгурмади. Тақдирнинг ўзи бу икки оилани бирлаштирди. Икки оила Марида ё Шаҳристонда эмас, Самарқандга қўшни вилоят марказида учрашдилар.
Москва Қамариддинни шу вилоят партия қўмитаси саркотиблигига, Омонкелдини эса шу вилоят ижроия қўмитаси раислигига ишга юборди. Икки дўст зиммасига “оқсаётган” шу вилоятни “гуркиратиш” юкланди. Икки оила ҳукумат уларга ажратган уйда ёнма–ён истиқомат қилишди.
Икки оила бекалари ҳам тезда тил топишиб кетишди. Айниқса, болалар жуда тез дўсту–дугона бўлиб кетишди. Омонкелдининг ўнга кирган қизи Ойдин Қамариддиннинг кичик ўғли Шерзод билан бир синфда ўқишди.
Бир куни уларнинг мактабдан бирга қайтаётганини кузатиб турган Қамариддин ёнидаги дўстини туртиб, фарзандлари томонга ишора қилди:
— Омонкелди, дўстимсан–а?
— Қиёматлик дўстингман, нимайди?
— Бир гапим қулоғингда бўлсин, эртага ким бор, ким йўқ Яратган билади. Мен ана шу Ойдин қизингни келин қиламан. Мабодо менга бир гап бўлса, ўзинг тўйда бош бўлиб иккаласини қовуштириб қўясан.
— Нафасингни иссиқ қил, Қамариддин,— деди Омонкелди. — Иккаламиз ҳам уларнинг тўй–томошаларида соғ–омон бўлайлик. Мен розиман, дўстим. Ойдин шу бугундан сенинг келининг. Дўстлигимиз қариндошчилик иплари билан қиёматгача боғлансин!
— Омин, омин! — иккаласи ҳам дуо қилиб юзларига фотиҳа тортишди.
Шу билан ўзаро Шерзодни туркманлар куёв деб, Ойдинни ўзбеклар келин деб чақирадиган бўлишди. Учинчида ўқийдиган болалар бу нарсага эътибор ҳам бермай дарсларига бирга бориб келавердилар. “Куёв–келин” бўлиб йиллар ўтди. “Куёв” “келин”сиз туролмайдиган, “келин” “куёв”ни кўрмаса касал бўладиган ёшга ҳам етишди. Аммо тақдир уларнинг ҳам чекига синовлар тайёрлаб қўйган эди. Омонкелди бошқа вилоятга обком қилиб жўнатилди.
Қамариддин она Шаҳристонига қайтди.

6. Эгиз–эгиз қайғулар

Қамариддиннинг оиласи яна Шаҳристонга қайтиб келган йили унинг буваси Камолиддин қози дунёдан ўтди.
Камолиддин қозининг ҳали йили чиқмай туриб, Қамариддиннинг отаси Абдулманнон махсум ҳам қатағон ва урушларнинг етказган руҳий ва жисмоний озорлари натижасида бевақт вафот этди.
Дуогўй бувасидан, насиҳатгўй отасидан бирин–кетин айрилган Қамариддин жуда кўп қайғурди. Уларни ўйлаб, узоқ–узоқ ўй сурадиган бўлди. Кимларнингдир маслаҳатига кириб, бу қайғуларини унутиш учун оз–оз ичадиган бўлди. Олдинлари ичмагани учунми озгина ичса, маст бўладиган бўлди.
— Унақа қилманг, — деди бир куни хотини. — Бу кетишда ўзингизга ҳам бирор нима бўлиб қолмасин. Ўзингизни, болаларингизни ҳам ўйланг–да, ахир.
— Билмадим, Ҳалима, билмадим, — деди дераза оша узоқ–узоқларга термулган Қамариддин хаёл ичида. — Кўнглимга қил сиғмайди. Қўлим ишга бормай қолди.
— “Ота ўлмоқ мерос, она ўлмоқ мерос”, дейди кексалар. “Ҳеч ким болам демасин”, дейдилар. Ахир биз отамиз ўлди энди етимман, деб йиғлаб ўтирадиган ёшда эмасмиз–ку?
— Э, сен билмайсан, Ҳалима, кўнглимда дард кўп, ғам кўп. Оиламизда йўқотишлар, ишимда ҳам кўнгилхирачиликлар кам эмас.
— Нима, бирон хато қилибсизми ёки қўл остингиздагилар норозими?
— Йўқ. Раҳбарлар ишимдан мамнун. Келадиган бир–иккита тафтишчилар ҳам ишимдан бирор хато топишгани йўқ. Қўл остимдагилар ҳам юргизаётган сиёсатимдан норози эмас. Улар доимо мени қўллаб–қувватлаб туришади. Шаҳар аҳли ҳам ҳурматимни жойига қўйишади. Улар мен шаҳрим учун қилган хизматлардан мамнун.
— Ҳаммаси яхши экан–ку? Унда нега бунча ғам чекасиз?
— Ўзимнинг кўнглим тўлмайди. Қилаётган ишларимиз жудаям кам. Аждодларимиз ёди мени қайғуга солади. Улар билан фахрланамиз. Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур бобомиз, Мирзо Бобур, Ҳазрат Навоий каби боболаримиз билан фахрланамиз. Спитамен, Муқанналар авлодимиз деймиз ўзимизни. Аммо мен дунёни титратган Амир Темурнинг вориси, авлоди бўлиб нима қилдим? Масжиднинг деворини таъмирлаш учун Москвадан рухсат сўрадим, Москва рухсат бермади. Шундан кейин ҳам мен шаҳарнинг эгасиманми? Консерва заводининг директори Ивановни пиёнисталиги учун ишдан олиб ташловдим, Москвадан келган вакил уни жойига тиклаб кетди. Иванов яна кайфу–сафо қилиб юрибди. Шундан кейин ҳам мен шаҳарнинг эгасиманми? Олтита қўйини бўрилар еб кетган чўпон ўн икки йилга қамалди. Оғайнилари депутат деб мендан ёрдам сўраб келишди. Ўн икки қўйни сотиб олиб, отарга қўшган бўлишига қарамай, “Нега бўрига эҳтиёт бўлмадинг”, деб чўпонни ўн икки йилга қамаган “одил суд” қамоқ муддатини гарчи Москвагача бориб келсам–да, ўн икки кунгаям қисқартирмади. Қани ҳақиқат? Қани адолат? Ишимдан қандай қилиб кўнглим тўлсин?
— Қўйинг, дадаси, шу нарсаларни ҳам ўйлаб сиқилаверманг. Фарзандларимизни яхши ўқитиб, уйли–жойли қилсак, уларни оёққа қўйсак бас. Шуни ўйланг.
— Фақат сен айтган нарсаларнигина ўйлаш хотинларнинг иши. Хотинлар учун дунё остонадан ҳовли тўригача. Мен ундай ўйлай олмайман. Мен эркакман, раҳбарман. Эркакдан из қолиши керак. Ўлиб кетганимиздан кейин ҳам бизни узоқ йиллар эслаб юришларига арзийдиган ишлар қилишимиз, ёдгорликлар қолдиришимиз лозим. Миллатимиз шаънини кўтаришимиз лозим.
— Мен бунақа гапларни кўп тушунавермайман, дадаси, — деди Ҳалима. — Менинг тушунганим шу бўлди–ки, сиз анча сиқилиб қолдингиз. Бир қидириб келсак, нима дейсиз? Омонкелди дўстингизникига бормаганимизга ҳам ҳадемай бир йил бўлади. Бир бориб, уч–тўрт кун айланиб келайлик, зора кўнглингизнинг чигили ёзилса.
Қамариддиннинг бу таклифга розилиги бутун оила аъзоларини, ҳаммадан ҳам Шерзодни хурсанд қилди. Икки кун ўтгач, ҳаммалари Омонкелдиникига жўнаб кетишди.

7. Юрак темир эмас, юрак тош эмас

Тоғаев деганлар, Жиянқулов деганлар ўзларини ҳақоратланган деб ҳисобладилар. “Бизга горком ёмонлик қилди”, деб ҳисобладилар. Ёмонликни эса унутадиганлар хилидан эмасди улар. Улар ўч олишнинг инсон зоти хаёлига келмайдиган йўлларини ўйлаб топишди. Очиқчасига енголмагач, энг синалган усулда курашга ўтдилар. Яъни, ҳали Тошкентга, ҳали Москвага Қамариддиннинг устидан “юмалоқ хат” ларни устма–уст жўнатавердилар. У замонлар имзосиз хатлар ҳам текширилар эди. “Кечагина шу одамни шу масалада текширувдик, ҳамма иши тўғри эди, бугун яна шу масалада хат тушибди, текшириб ўтирмайлик”, дейдиган мард топилмас эди. “Фалончи қурган уйнинг фундаментига беш қатор пишиқ ғишт терилибди, умумий сони икки мингта бўлади. Бу ғиштни қайси пулига олибди”, деб ўнта хат тушса ўнта хат ҳам текшириларди. Ўн марта келиб, “Икки мингта ғиштни қаердан олдинг, кимдан олдинг, ғишт қайси заводники, қайси пулдан олдинг, нега олдинг, ўзи ойлик маошинг қанча, қандай орттирдинг?” деб сўрашар, ёзма жавоб олишарди. Шунақа текширишларга асаби дош бермай қурган пахса уйини бузиб ташлаган одамларни ҳам кўрдик. Ҳозир беш–олти юз минг ғиштни Арабистондан олиб келтириб, данғиллатиб уй қурсалар йигирма йил бурун икки минг ғиштнинг ҳисобини олган тафтишчилар бу янги бойларга ҳамду–сано ўқийдилар. Ақалли “Нега Ўзбекистоннинг ғиштидан қурмадингиз?” деб сўраб қўймайдилар.
Хўп замонлар эди–да. Кўп ишини тушунмасдинг. Бир грузин дўстим бир латифа айтувди. У замонлар олимлар докторлик ишиниям, номзодликниям Москвада ҳимоя қилишарди. Бирор грузин номзодлик ё докторлик ишини ёқласа ўша куни Грузиядан Москвага қучоқ–қучоқ гуллар ва грузин виноси борар экан. Мабодо бирор ўзбек номзодлик ишини бўлсаям ҳимоя қилса, ўша куни Ўзбекистондан Москвага қучоқ–қучоқ юмалоқ хат ва чўп борар экан. (Чўп кавлаш учун экан). Грузин дўстимнинг латифасига қолганлар роса кулган эди. Мен эса қаттиқ хафа бўлувдим. Чунки, бу латифа эмас, айни ҳақиқат эди. “Бор бўлса кўролмайдиган, йўқ бўлса беролмайдиган” миллат биз эдик. Энди йўқсилга ҳам ишимиз йўқ, борсилга ҳам.
Хулласи калом, маҳаллий раҳбарлар Қамариддин қилаётган ишларни мақтаб, олқишлаб турсалар–да, марказдан текшириш устига текшириш бўлиб, Қамариддиннинг асаблари анча қақшади. Қирққа ҳам кирмаган Қамариддиннинг қон босими кўтариладиган бўлиб қолди.
Қамариддинни кўргани келган дўсти Омонкелди уни ўзи билан олиб кетмоқчи бўлди.
— Дўстим, бекорга айтишмаган “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деб. Сенинг қадрингни биладиганлар билан ишла. Юр, сени ўзим билан олиб кетаман.
— “Ўзга юртнинг подшоси бўлма, ўз юртингнинг гадоси бўл”, дейдилар. Мен она шаҳрим Шаҳристонни жонимдан ортиқ севаман. Энди ундан ҳеч қаёққа кетмайман. Қолган умримни ҳам унинг равнақига бағишлайман, — деди Қамариддин.
— Ҳеч бўлмаса бир–икки ой дам ол, — деди Омонкелди. — Бирга курорт, санаторияларга борайлик.
— Вақт йўқ, дўстим, кўп режалаб қўйган ишларни бажаришга улгуришим керак.
— Улгурасан. Қайтанга бир дам олиб келсанг, кўпроқ иш қиладиган бўласан.
— Олтмиш ёшимгача ҳамма мўлжаллаган ишларимни қилиб бўлишим керак.
— Кейинчи? — сўради Омонкелди. — Кейин нима иш қилмоқчисан?
— Олтмишга кирган куним ҳамма ишлардан қўл силкийман–у, масжидга кетаман. Мулла бўламан. Аждодларим сингари дин йўлида хизмат қиламан. Ўзимни тақво ишига бағишлайман.
— Қойил–э, бир умр комсомол, партия тарбиясини олган коммунист қариганингда зоҳид бўлар экансан–да?
— Нима, ишонмайсанми? — сўради Қамариддин. — Мендан зўр мулла чиқади. Коммунист бўлганим билан бир мулла билиши лозим бўлган нарсани мен ҳам биламан.
— Сенинг муллаликни эплашингга ишонаман, — кулди Омонкелди. — Аммо бобойлар сени мулла қилиш тугул, ўз сафларига олармиканлар?
— Олишади, жон деб олишади. Сен билмайсан, мен улар билан ҳеч кимга билдирмай учрашиб, суҳбатлашиб тураман. Кўпи отамни, боболаримни кўрган одамлар. “Келинг, муллачиликни ўзингиз қилинг, сиз бизнинг сафимизда бўлсангиз, тилимиз ҳам, қўлимиз ҳам узаяди”, дейдилар.
— Горком имомлик қилса қолганларнинг қўли узайиши тайин, — деди Омонкелди. — Аммо горкомнинг ўзини қўли ҳеч ерга етмайдиган қилиб қўйишмасин!
— Биласанми нима, мен араб тилини мукаммал ўрганмоқчиман.
— Бу сенга нимага керак?
— Уйимизда боболаримиздан қолган нодир китоблар бор. Айниқса, биттасини бувимга отаси “Бирорта неваранг ё эваранг барибир қори бўлади, мана шу китобни унгагина берасан, унда бир сир бор”, деб берганлар, ўшани ўқиб боболарим сиридан воқиф бўлмоқчиман.
Аммо Қамариддин араб тилини ўрганишга улгурмади. Қори бўлишга ҳам улгурмади. Масжидга бориб мулла ҳам бўлолмади. Бобойлар сафида тақводор ҳам бўлиб ўтиролмади. Қамариддиннинг куч–ғайрати, шижоати, эл–юрт ғамидаги орзу–ўйлари унинг юрагига сиғмади. Одамларнинг ғаюрлиги, ҳасадчилиги, тинимсиз руҳий зўриқишлар, севимли кишиларининг жудолиги унинг юрагига зўрлик қилди. Қирққа ҳам кирмаган Қамариддин сўнгги нафасида ҳам “Боболаримга муносиб бўлолмадим, Оллоҳ йўлида муносиб иш қилолмадим, ўзинг кечир!” деб жони узилди.

VI–Боб. ДИЛ ОЛЛОҲДА

Оловли чоҳ ёқасига келиб қолган эдинглар. У сизларни қутқариб қолди... Шоядки ҳидоят йўлидан адашмай борурсизлар”.
“Оли–Имрон”, 103–оят

1. Самарқанднинг бедор кечалари

Шерзод отасидан ёш етим қолса–да, эсанкираб қолмади. Рус мактабини аъло баҳоларга битириб, ўқишга тайёрлана бошлади.
— Шерзоджон, қайси ўқишга кирмоқчисан, — деб сўради онаси Ҳалима опа.
— Мен дадам ўқишимни истаган институтда ўқийман, — деди Шерзод. — Мен иқтисодчи бўлмоқчиман.
— Майли, болам, илоҳи, ўқишга кириб олгин, — кўзлари ёшланди Ҳалима опанинг. — Даданг тирик бўлсалар ўзлари ўқитардилар. Энди дадангнинг ўринлари билиниб, қийналиб қоламизми, дейман–да?
— Қайғурманг, аяжон, ҳаммаси яхши бўлади. Сиз қийналмайсиз, мен ўз билимим билан ўқишга кириб, аъло баҳоларга ўқийман.
Шерзоднинг айтгани рост бўлди. У иқтисодиёт факультетига муваффақиятли имтиҳон топшириб талаба бўлди. Биринчи кунданоқ тиришқоқлик билан дарсларни тайёрлашга зўр берди.
Бирор ҳафта ўқиганда уни кимдир ташқарига чақираётганини айтишди. Чиқиб қараса, ҳовлида оппоқ кўйлакда, сумкасини силкитиб, Ойдин турарди. Улар ташвишлар билан бўлиб, анча вақтдан бери кўришмаган эдилар. Факультет биқинидаги чойхонага кирдилар.
— Табриклайман, — деди учрашганларидан беҳад севинган Ойдин. — Талаба бўлибсиз.
— Раҳмат, — деди қувончини яширмай Шерзод. — Мана, бир ҳафта ўқиб ҳам қўйдик. Ўзингиз нима қилиб юрибсиз, биз томонларда?
— Ана шунақасиз–да, билмайсиз. Ёнгинангиздаги факультетга ўқишга кириб, мен ҳам бир ҳафта ўқиб қўйдим, сиз хабар олай ҳам демайсиз.
— Ана холос, бепарволикни кўринг, ахир сиз ҳам Самарқандга ўқишга келишингизни билардим–ку? Аммо жуда хурсандман, табриклайман, — деб Шерзод ўрнидан туриб Ойдиннинг қўлини сиқиб қўйди. — Зиёфатини қачон еймиз энди?
— Ана шуни айтгани келувдим. Шанба куни кечқурун қариндошларингизни ҳам чақираркансиз, у ёқдан дадам ва аямлар ҳам келишаркан. Иккаламизнинг ҳам ўқишга кирганимизнинг шарафига Самарқандда зиёфат беришмоқчи.
Омонкелди ака дўстининг оиласини ҳам, домлаларни ҳам чақириб, зиёфат берди. Битта жойдан толиби илмлар учун ижара уйлари олиб берди. Шу–шу Шерзод билан Ойдин дарсларга бирга бориб, бирга келадиган, имтиҳонларга бирга тайёрланадиган бўлишди.
Уларни вилоят кутубхонасининг шинам қироатхоналарида, тушлик пайти талабалар ошхонасида, дам олиш кунлари кинотеатрларда ҳам бирга кўриш мумкин эди. Гарчи уларнинг ўртасида ошиқона сўзлар айтилмаса–да, ёшлар оталари ўртасидаги аҳдлашувдан, Омонкелди ака Ойдинни Шерзодга бериш ҳақидаги сўзларни Қамариддиннинг сўнгги нафасларида худди қасамёд сингари айтганидан хабардор эдилар.
Шерзод ҳам, Ойдин ҳам фақат аъло баҳоларга ўқидилар. Шерзод яхши ўқишидан ташқари жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этарди. У аввал ўзи ўқиётган курсда, сўнгра бутун иқтисодиёт факультетида комсомол ташкилоти раҳбари бўлди. У факультетда ўтказиладиган байрамлар, дам олиш кечалари, турли танловларга бош–қош бўларди.
Ўша йиллари олий ўқув юртларида талабалар қурилиш отрядлари бўларди. Ўттиз–қирқ талабалардан ташкил топадиган бу отрядларга талабаларнинг ўзлари бош бўлиб, турли қурилишларда ёзги таътил давомида ишлар эдилар. Бу ҳаракат собиқ Иттифоқ бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, талаба қурилиш отрядлари Бутуниттифоқ миқёсида марказдан бошқариладиган бўлганди. Бутуниттифоқ талаба қурилиш отрядлари турли республикаларга бориб, фаолият юритарди. Шерзод ҳам ана шундай отрядлардан бирига командир бўлиб Россиянинг Новгород, Иваново, Владимир каби бир қанча шаҳарларидаги қурилишларида иштирок этди. У командирлик қилган отряд Бутуниттифоқ талаба қурилиш отрядлари орасида бажарган иш ҳажмига кўра биринчи ўринни олиб, ҳали тўртинчи курсда ўқиётган Шерзод Москвага чақирилиб, унинг кўкрагига Шуҳрат ордени тақилди. Унга партбилет топширилди. Ўқиши тугагач, Шерзодни университет комсомол ташкилотида ишга олиб қолишди. Ўша йили Шерзод ва Ойдинларнинг никоҳ тўйи ҳам бўлиб ўтди.
Самарқанд орзу–умидлари унинг осмонидаги юлдузларидан ҳам кўп бўлган бир оилага кўпайди.

2. Тобланиш йиллари

Шерзод университетда ишга қолгач, катта иштиёқ, шижоат билан ишга киришди. Бир–икки йил ўтмаёқ, унинг ташкилотчилик, ёшларни ўз ортидан эргаштира билиш қобилиятлари намоён бўлди.
Университет талаба ёшлар қурилиш отрядлари штаби бошлиғи сифатида бажарган ишлари айниқса таҳсинга сазовор бўлди. Унинг бошчилигида ташкил этилган ўттизга яқин отряд Шерзод шартнома тузиб келган Россиянинг қатор шаҳарларидаги қурилиш ташкилотларида фаолият кўрсатди. Бир қанча отрядлар Бутуниттифоқ миқёсидаги мусобақалар ғолиблари бўлишди. Буларнинг натижаси ўлароқ, Шерзод Москвада ўтадиган комсомолларнинг олий анжумани–ВЛКСМ съездига делегат бўлди.
Шерзоднинг ташкилотчилик қобилиятини кўрган шаҳар комсомол ташкилоти раҳбарлари уни шаҳар комсомол ташкилотининг ёшлар билан ишлаш бўлимига ишга таклиф этишди. Шерзод шу бўлимга раҳбарлик қила бошлади. Энди у битта университет эмас, бутун шаҳар ёшлари, ўндан ортиқ олий ўқув юртлари, юзлаб билим юртлари, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари билан ишлар эди.
Шерзод ва унинг ёрдамчиларининг саъйи–ҳаракатлари билан шаҳарда ёшларнинг бошини бириктирадиган турли тадбирлар ишлаб чиқилди. Шерзоднинг ташаббуси билан Самарқандда Бутуниттифоқ ёшлар фестивали ўтказилди. Турли мусиқа ва спорт анжуманлари, мусобақалар ўтказилди.
Шаҳристон ёшларининг талаблари инобатга олиниб, Шерзод она шаҳрига ишга юборилди. Шаҳристон ёшлари уни ўзларига сардор қилиб сайладилар. Икки йил давомида Шаҳристон ёшлари йигирма йилда эришиб бўлмайдиган муваффақиятларга эришдилар. Шаҳристон ёшларини Ўзбекистон таниди, Иттифоқ таниди.
Ниҳоят, ҳали йигирма олтига тўлмаган ғайрат–шижоати танасига сиғмайдиган Шерзодни вилоят ёшлар қўмитаси саркотиблигига сайлашди. Энди унинг ташвиши бошидан ошди. Уйга ҳам эрта кетиб, кеч қайтадиган бўлди. Энди Шерзод бутун вилоят ёшлари ҳақида қайғурар, вилоятдаги ҳар бир туманда олиб борилаётган ишларни ҳам назорат қилиши, ҳам ривожлантириши зарур эди. У кабинетда деярли ўтирмас, гоҳ у, гоҳ бу туманга бориб, ёшлар билан олиб борилаётган ишларни ўрганар, йўл–йўриқлар берарди. Туманларда, ҳатто узоқ қишлоқларда ўтказиладиган тадбирларда ҳам унинг ўзи бош–қош бўларди.
— Ҳой, дадаси уйни ҳам бундоқ ўйлайсизми? — деб қолди бир куни Ойдин. — Қоронғуда кетиб қоронғуда келасиз. Кетганингизда болалар ухлаётган бўлади. Келганингизда яна ухлаб қолишган бўлади.
— Иш кўп, аяси, иш кўп, — деди Шерзод. — Иш жудаям кўп. Хафа бўлманг, якшанба куни болалар билан бирга истироҳат боғига чиқамиз, бўптими? Бир йўла бир тадбиримизни ҳам томоша қиласизлар. “Ёшлар ичкиликбозликка қарши”, деган тадбиримиз бор. Зўр артистларни чақирганмиз.
— Яхшиям боғда тадбирингиз бор экан, аммо боққа борганимиз билан барибир болалар билан яна ўзим қоламанми ҳар галгидек? Сиз комсомолларингиз билан бўлиб кетасиз, шундайми?
— Бўлди, бу сафар сизлар билан бирга бўламан. Ёнларингиздан қимирламайман, келишдикми? Музқаймоқ еймиз, болаларни учоқларда ўйнатамиз, кинога тушамиз. Вақтлироқ уйга келиб, ўзим сизларга палов дамлаб бераман.
— Кўрамиз.
Кўришди.
Шерзод бирор тадбирда томошабин бўлиб, четдан кузатиб ўтирмас эди. Яна доимгидек, ҳамма ишга ўзи бош–қош бўлиб кетди. Болаларни Ойдиннинг ўзи айлантирди. Ошни ҳам ўзи дамлади.
Шерзод келганда болалар ухлаб қолганди.

3. От ўрнини той босар

— Ўзбекистонни мустақил Республика деб эълон қиламан!
Бу янги давр бошланишининг, ўзгача ҳаёт бошланишининг дебочаси эди.
Ана шу сўзлар Москвага мутеъларча термулишларга чек қўйди.
Ана шу сўзлар бир юз ўттиз йиллик ўриснинг истибдодига чек қўйди.
Ана шу сўзлар етмиш йиллик коммунизм қурамиз, деб алдаб келган коммунистик партиянинг якка ҳукмронлигига чек қўйди.
Ана шу сўзлар билан тузум ўзгарди. Ана шу сўзлар билан бошқариш тизими ўзгарди.
Халқ ўзи ишонган, ўзи истаган кишиларни ўз ичидан раҳбар қилиб сайлайдиган бўлди.
Шаҳристонликлар шаҳарга ҳоким қилиб ўттиз ёшли Шерзодни сайлашди. Ҳокимлар орасида энг ёши бўлган Шерзод бу юксак ишончни оқлаш учун кечаю кундуз тинмай ишлашига тўғри келди. Уйи, оиласи, соғлиғини ўйламай, кунига йигирма беш соатдан ишлашига тўғри келди.
Шерзод ҳоким бўлиб иш бошлаган дастлабки кунларданоқ, илгари турли лавозимларда ишлаган, ҳозир нафақада бўлган обрўли отахонларни, уруш иштирокчиларини, диний уламоларни йиғди.
— Мен ҳали ёшман, — деди Шерзод. — Бундай лавозимга тажрибам ҳам йўқ. Аммо она шаҳримизни гуллатиб–яшнатишни жон–дилим билан истайман. Менга маслаҳатларингиз, йўл–йўриқларингиз керак. “Кенгашли тўй тарқамас”, деганлар. Мен нима қилсам сизлар билан кенгашиб қилай, деб сизларни таклиф қилдим.
— Баракалла, жуда тўғри иш бошлабсиз, — деди Сирожиддин ака деган раҳбарлик ишида сочи оқарган киши. — “От ўрнини той босар”, деганлари рост экан. Биз отангиз раҳматлик билан бирга ишлаган одамлармиз. Қамариддин раҳматли ҳам бирор ишни бошлашидан олдин дуогўй отахонларни йиғиб, улар билан маслаҳат қиларди. Сиз ҳам шундай иш бошладингиз, Худо хоҳласа, кам бўлмайсиз.
— Бизлар доимо ёнингизда бўламиз, — деди уруш қатнашчилари уюшмаси раиси Мустафоқул бобо. — Фақат маслаҳат бериб қолмаймиз. Ҳали ҳам унча–бунча иш қўлимиздан келади. Сизга амалий ёрдам беришга ҳам тайёрмиз.
— Бўлмаса энг аввал қиладиган ишларимизнинг режасини тузиб олсак, — деди Шерзод. — Ишни нимадан бошлаймиз? Нима қилсак Шаҳристонимиз обод ва гўзал бўлади?
Ўша куни режалар тузилди, кўп улуғ ишлар келишиб олинди. Ободончилик ишлари эса Шаҳристон йўлларини тартибга солишдан бошланадиган бўлди.
Шерзод ўзи бош бўлиб, шаҳар йўлларини тартибга солиш бош режасини тузди. Қисқа муддат ичида шаҳар йўллари кенгайтирилиб, асфальт ётқизилди. Деярли ҳамма кўчалар таъмирланди. Барча катта кўчалар тунда ҳам ёритиладиган бўлди.
Отахонлар маслаҳати билан кейинги эътибор бозорга қаратилди. Шаҳристоннинг катта бозори кенгайтирилиб, янги, замонавий расталар қурилди. Турли чет давлатлардан мол олиб келувчи тадбиркорлар қўллаб–қувватланди. Шаҳарнинг турли ҳудудларида ҳам кичик бозорчалар очилди.
Ундан кейин Шаҳристоннинг катта қабристонини обод қилишга киришдилар. Тиригида Шаҳристоннинг шаънини юксалтирган не–не улуғ, покиза зотлар ётган табаррук қабристон жуда қисқа вақт ичида тартибга солинди. Чиройли шарқона дарвоза ўрнатилиб, атрофидаги девори пишиқ ғиштдан қайтадан тикланди. Зиёратчилар учун йўлкалар қилиниб, ҳар–ҳар жойда ўриндиқлар ўрнатилди.
— Тўғри, Шаҳристон қадимгидек қўрғон эмас, — деди бир йиғилишда Шерзод. — Энди унинг қадимги дарвозаларини тиклаш ҳам амримаҳолдир. Аммо қадимги номларини тиклаб шаҳримизга рамзий маънода бўлса ҳам дарвозалар ўрнатсак, нима дейсизлар?
— Жуда тўғри, дарвозаларнинг номи фақат тарихий китобларда қолди, — деди Неъматилла ака деган кекса тарих ўқитувчиси. — Рамзий дарвозаларни қуриб, уларга тарихий номларни берсак, жуда улуғ иш бўлади. Қадимда шаҳримизнинг тўрт дарвозаси бўлганини, шаҳарга шу дарвозалар орқали кириш мумкин бўлганини ёшлар билишади. Номига ҳам ўрганишади. Хотира янгиланади. Қолаверса, кейинги авлодларга чиройли ёдгорликлар бўлиб қолади.
Кексаларнинг қўллаб–қувватлаши билан шаҳарга дарвозалар қуриш бошланди. Аввал, “Самарқанд дарвоза” қурилди. Самарқанд тарафдан кириб келадиган йўл устига қурилган бу дарвоза қизил пишиқ ғиштдан жуда чиройли қилиб тикланди. Кейин “Бухоро дарвозаси” ва яна қолган икки дарвоза қурилиши режалаштирилди.
Қурилиш ишлари кенг кўламда авж олди. Мактаблар, ошхоналар, дўконлар, замон талабига мос лицей ва коллежлар қурилди. Ёшлар ташаббуси билан шаҳарда амфитеатр қурилиши ҳам бошлаб юборилди.
Замонавий янгиликларни жорий қилишга ўч бўлган шаҳар ҳокими америкалик ишбилармонларнинг таклифини қабул қилди ва Шаҳристонда замонавий телефон алоқаси хизмати йўлга қўйилди. Энди шаҳристонликлар уйида ўтириб, дунёнинг хоҳлаган нуқтаси билан алоқа ўрнатадиган бўлдилар.

4. Даст ба кору, дил ба ёр

Шерзод шаҳар имом хатибини йўқлаб борди.
— Э, э, ҳоким бува, чақиртирсангиз ўзим борардим, — деб пешвоз чиқди ўғли тенги Шерзодни ҳоким бува деган имом. — Қани, ҳужрамизга марҳамат қилсунлар.
Дуо қилиш ва сўрашишлардан сўнг Шерзод вазмин гап бошлади:
— Қори ака, Абу Бакр Сиддиқ ҳазратлари номидаги масжидда нима учун намоз ўқилмаяпти?
— Ҳоким бува, у масжид кўп улуғ масжид. Уни сизнинг жаннатмакон бобокалонларингиз барпо этишган. Отангиз шаҳарга эгалик қилган кезлар очилиб, бироз муддат обод бўлган эди. Отангиз ўтгач, яна ҳукумат одамлари ёптириб ташлаган эди.
— Ҳозир ким қўймаяпти у ерда ибодат қилгани?
Остонақул қори ерга қараб жим қолди.
— Ноибларингиз билан бориб кўрингизлар, у–бу нарса олиш керак бўлса, айтинг. Аммо боболаримиз қурган масжидда намоз ўқилсин. Иймонли бирор шогирдингизни қўйинг.
— Ўзим бораман, ҳоким бува. Ахир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номларидаги масжид имоми бўлиш ҳар бир мўъминга шараф–ку!
Остонақул қори масжидни бориб кўрди.
Ҳайҳот! Масжидни таниб бўлмас эди. Масжид ҳужралари кишиларга уй–жой (квартира) қилиб бўлиб берилган, энг ёмони, масжиднинг ўзи ҳам икки қаватли уйга айлантирилиб, унинг ичига оз эмас, кўп эмас ўн олти оила жойлаштирилган эди. Бу ўн олти оилага шу табаррук ибодатхона ичидан ошхона, ювиниш хоналари ва э, воҳ, тил бормайди–я, ... ҳожатхоналар қилинган эди. Бунда турувчиларнинг аксарияти ўрислар эди.
Во, ҳасрато, ҳаммаси ўрис бўлса бўлмасмиди?
Сабаби шундаки, масжидда истиқомат қилган оилаларга шаҳарнинг бошқа ерларидан бир–икки хонали уйларни тавсия қилишлари билан гап–сўзсиз чиқиб кетишди. Аммо у ерда яшаётган, ўзини мусулмонман деган саноқли ўзбек оиласи уч–тўрт хонали уй ундирмагунча масжидни тарк этишмади. Энг охирида масжиддан чиққан, масжид меҳроби рўпарасида яшаган Нафсонқул деган одам ўзига алоҳида, икки ўғлига алоҳида иккита уч хонали уйларни олмагунча масжид ундан халос бўлмади.
Шаҳар имоми масжиднинг жуда таъмирталаб бўлиб қолганини Шерзодга айтиб ўтирмади. Гилам ва жойнамозларни ҳам ўзи топиб, жума намозига элни йиғди. Кексалар имом Остонақул қорини ҳам, Шерзодни ҳам кўп дуо қилди.
— Бир ишни мўлжаллаб турибман, аммо сал иккиланаяпман, — деди Шерзод Ойдинга. — Сиз бир маслаҳат беринг–чи? Совет давридан қолган уруш қаҳрамонларига қўйилган ҳайкални олиб ташламоқчиман. У тураверса менга “Отинг мустақил, аммо ҳали–бери советдан қутулмайсан”, дегандай бўлаяпти.
— Билмадим, дадаси, — ўйланди Ойдин. — Совет–поветни билмадим–у, одамлар “Отаси қўйган ҳайкални ўғли буздирди”, демасмикин?
— Дейишмайди, ўрнига урушда эрини, ўғлини, ака–укасини йўқотиб, уларни ўлгунча кутган ўзбек аёлининг, ўзбек онасининг ҳайкалини қўйдираман.
— Бўлмаса олдин ўша ҳайкални ясатинг. У бундан ҳам маҳобатли, чиройли бўлсин. Шунда паст–баланд гаплар болаламайди.
Ҳайкалга занжир боғлаб машиналар тортиб ағдарганда, ҳақиқатдан Ойдин айтган гап–сўзлар бўлди. Аммо шаҳар майдонига 9–май арафасида мотамсаро Она ҳайкали қўйилиб, хотира китобида ҳар бир уруш қурбонининг исми–шарифи қайд этилгач, у гап–сўзлар тез орада барҳам еди. Халқ гуруҳ–гуруҳ бўлиб келиб, бу майдонни зиёрат қиладиган, ўтганларни хотирлайдиган, Она ҳайкали пойига гуллар қўядиган бўлди.
Шерзод “Хотира ва қадрлаш куни”да қўй сўйдириб, ош дамлатиб, хайру–худойи қилдирди. Ҳар “Хотира куни” наҳорда ош тарқатиб, худойи қилиш Шаҳристонда анъана бўлиб қолди.
Шерзод шаҳар иқтисодини кўтариш, шаҳарни обод қилиш, элни маъмур қилиш йўлида ҳам кўп ишлар қилди. Аммо дилида доимо Оллоҳ бўлди. Гарчи ибодат қилмаса–да, ибодатдаги мусулмонларнинг, элу–юртнинг кўп дуосини олди.

5. Бу ўйинни ўйнамайман

Ватан мустақил бўлгани билан, юрт мустақил бўлгани билан одамлар эскича фикрласа қийин. Мустақиллик, ҳурлик одамнинг онгиги етиб бормаса қийин. Узоқ давом этган тобеълик, мутеълик одамлар онгини шол қилган, шекилли.
Тобеъ бўлиб яшаган одамга ҳар саҳару ҳар шом “Ҳур бўлдинг, озод бўлдинг”, деб турсанг ҳам тепадан бўладиган буйруқни, амрни кутиб турадиган бўлиб қолади, шекилли. Совет давридаги “Ҳар мушкулни пора бериш, таниш–билиш йўли билан ҳал қилиш мумкин”, деган ақидалар бир–икки авлод ўтиб кетгунча яшайдиганга ўхшайди. Ҳасад, кўролмаслик, зимдан чоҳ қазиш деган иллатларнинг томири қиёматгача қуримайдиганга ўхшайди.
Шаҳристонда ҳам эскича тузумнинг нонини кўп ва хўб еганлар, ўша тузумни, ҳеч бўлмаса ўша тузумдаги тутумларни соғинган собиқ амалдорлар зимдан бирикиб, Шерзоднинг амалига кўз тикдилар. Очиқчасига курашиб ҳокимликни ололмасликларини билиб, хуфёна иш юритдилар. Шерзод амалга ошираётган ишларни иғво йўли билан катта раҳбарларга ёмон кўрсатиш пайида бўлдилар.
Иш бор жойда камчилик бўлади. Шерзод йўл қўйган баъзи камчиликларни ваҳима қилиб, тепадагиларга фожеадек тақдим қилдилар.
Нўноқлиги, янгича ишлаш талабларига жавоб беролмагани учун ишдан четлатилган кишиларни топиб, “Ноҳақ ишдан бўшатилдим, адолат қани”, мазмунидаги шикоят хатларини ёздирдилар.
Шерзод бу нарсаларни майда–чуйда ҳисоблаб, эътибор қилмай юрди. Аммо майда–чуйдалар бирлашса, катта беъмазагарчиликлар бўлишини билмади. Ахир “Дарахтни қулатишга келганда арра, болта дўст бўлур”, деган нақл бекорга айтилмаган–да.
Авваллари ўзаро ихтилофда бўлган амалдорлар, ишдан кетган катта–кичик “собиқ”лар бирлашиб, ға-разли мақсадлари йўлида ҳомийлар ҳам топдилар.
Шаҳар ҳокимлигига янги сайловлар арафасидаги “ўйинлар” чоғи Шерзоднинг кўзи очилди. Аммо ўз ихтилофчиларига қарши уруш очмади. Уларнинг тепадан қўллаб–қувватланаётганини кўриб, хафа бўлди. Юсуфбек Ҳожи ибораси билан айтганда “Давлат ишларидан қўлини ювиб қўлтиғига урди”. Ҳафсаласи пир бўлиб, ўз ихтиёри билан шаҳар ҳокимлигидан кетди. Буни фожеа деб билмади. Қайғуга ҳам ботмади. “Тишни берган Оллоҳ ризқни ҳам беради”, деб ўзини тадбиркорлик ишларида синаб кўришга бел боғлади.
Шерзодни чекинмасликка даъват қилган дўстлари, комсомолда бирга тобланган сафдошлари талайгина эди. Шаҳар ҳокимиятида бирга ишлашган ёр–дўстлари, шогирдлари ҳам, оксоқоллар ҳам Шерзоддан ишни ташлаб кетмаслигини, охиригача курашишини сўрашиб, улар ҳам ёнида туришларини изҳор қилишди.
— Ҳаммангизга мен билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлганингиз, мени қўллаб–қувватламоқчи бўлаётганингиз учун раҳмат, миннатдорман, — деди Шерзод. — Аммо иш сиз ўйлаганингиздан анча чигал. Менинг ишлайдиган давримга ҳали анча бор, шекилли. Нима бўлганда ҳам мен кетишга қарор қилдим, энди қароримни ўзгартирмайман.
Шерзоднинг одати шунақа эди. У бир қарорга келгунча кўп ўйлар, тунларни уйқусиз ўтказар эди. Аммо бир қарорга келдими, у қарор хато бўлган тақдирда ҳам ўз қарорини ўзгартирмасди.
Шунинг учун эртага “Кабинет калитини топшираман”, деганида “Хўжайин, жанговарлигингиз қани, охиригача курашмайсизми?” деган Ойдинга ҳам биргина жумлани айтиб, бу мавзуга узил–кесил нуқта қўйди:
— Мен бу ғирром ўйинни ўйнамайман!

6. Ҳаракатда баракат

“Ҳеч қачон сиёсат ҳақида ёзма, яхши ният билан ҳам ёзма, ёзганингни сенинг зиёнингга талқин қилувчилар ҳамиша топилади”, дейдилар устозимиз. “Сиёсат бобида бугун нима демагин, барибир эртага бошингга тўқмоқ бўлади”, дейдилар у киши. “Катта ёзувчиларни қара, бирортаси ёзмайди, ақалли эртак тўқишмайди, сиёсат ҳақида”, дейдилар устозимиз.
Устоз ҳақ. У киши қайтарган мавзуда ёзмайман, дейман. Сиёсат–сиёсатчининг иши, аммо тарихий мавзуда ёздингми, аралашмасанг–да, озгина таърифлаб кетмасанг ёзганинг думсиз товуққа ўхшаб қоларкан.
Асли ҳам “Ҳаракат қил ҳаракат, ҳаракатда баракат”, дер эдилар. СССР тугул Амир Олимхоннинг даврида ҳам ҳаракат қилган одам яхши яшаган. Фарқи шуки, СССР даврида ҳаракат қилмаган одам ҳам очдан ўлмасди. Ишламайдиган ялқовга ҳам давлат икки қоп уннинг пулини берарди, шуни майда чайнаб юраверарди. Сизу–бизнинг даврга келиб ҳаракат қилмаган одам ўлиши аниқ бўлди. Давлат текин–томоқ одамга нафақа бермайдиган бўлди. Аммо ишлаган одамга, тинмай ҳаракат қилган одамга давлат шунақа имкониятлар яратиб берди–ки, нолисак кўзга зиён қилади. Давлатдан қарз олиб савдо қиласизми, корхона қурасизми, чет эллар билан ҳамкорлик қиласизми, ҳаммасига йўл очиқ. Минглаб юрагида ўти бор йигитлар турли ўлкалардан юртга керакли юкмидир, жиҳозлар, кийим–кечаклар, ускуналармидир олиб келишаяпти. Хорижда ишлаб ўзини, Ватанини бой қилишаяпти.
“Берсанг ейман, бермасанг ўламан”га ўрганган одам эса ўз ҳасади ўзини кемириб, бошқалар устидан мағзава ағдариш, замондан, раҳбарлардан нолиш билан овора.
Қиссамизга қайтайлик.
Шерзод Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда Шаҳристонда жемпер тўқийдиган корхона очди. Жаҳон талабига жавоб берадиган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган корхонада юздан ортиқ Шаҳристон ёшлари тўқиган бежирим, пишиқ жемперлар ҳадемай чет элларда сотиладиган бўлди. Икки–уч йилда корхона кенгайиб, тоза чармдан оёқ кийимлари, чарм камзуллар тикадаган цехлар ҳам очилди. Шерзод қизининг номи билан атаган “Муҳаббат” фирмаси маҳсулотлари ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлди.
— Ишларимиз кўпайиб кетди, сизнинг ҳам ёрдамингиз керак бўлаяпти, — деди Шерзод хотинига.
— Шунча йил ишлатмадингиз, уйда ўтирдим, энди ишлашга кўникармиканман? — деди Ойдин. — Нима ишда сизга нафим тегиши мумкин?
— Ишингиз унча оғир бўлмайди, аммо муҳим. Худога шукур, фирмамиз яхшигина даромад қилаяпти. Шунга яраша солиқларни ҳам вақтида, бекаму–кўст топширишимиз керак. Ҳисобчиларимиз бошқа корхоналар, савдо ташкилотлари билан ҳисоб–китобни қилишади. Сиз эса даромадларимизни ҳисобга олиб борасиз ва солиқларнинг ўз вақтида тўланишига масъул бўласиз. Маъқулми?
— Маъқул, ҳатто сизнинг ёнингизда камарбаста бўлиб туришдан хурсандман, аммо эплай олармиканман?
— Бош ҳисобчимиз Юнус ака ўргатадилар. Бир–икки ойда ўрганиб кетасиз. Сўнг банклар билан олди–бердини ҳам сизнинг зиммангизга юклаб қўяман.
— Жуда масъулиятли ходимингиз бўлар эканман–да?
Ростдан бир йилга бормай Ойдиннинг ҳисоб–китоб ишларига пухталиги, банклар, мижозлар билан муомала қилишда уддабурон дипломатлиги билинди ва у фирманинг энг моҳир йўриқчисига айланди.
“Муҳаббат” фирмасининг довруғи достон бўлди. Беш йилда фирмада костюмлар, либослар тикадиган, музқаймоқ, ширинликлар ишлаб чиқарадиган, хуллас, ўн икки хил йўналишда ишлайдиган цехлар очилди. Шерзод Россиядаги дўстлари ёрдамида у ёқдан сифатли ёғоч–тахталарни олиб келиб, замонавий мебеллар ишлаб чиқарадиган корхона ҳам очди.
— Ҳар йили икки–учта янги корхона очаяпсиз, хўжайин, шу ёғи етар, тағин чарчаб қолманг, — деди Ойдин бир куни. — Фаолиятимиз тури ҳам кўпайиб кетди. Бу кетишда ҳамма ишларимизни назорат қилиш ҳам қийин бўлиб қолади.
— Корхоналаримиз қанча кўпайса, шунча яхши, — деди Шерзод. — Аввало ҳар бир корхона иш ўрни дегани. Қаранг, ҳозир фирмамизда ишлаб ҳалол меҳнати туфайли яхши даромад қилаётган йигит–қизларнинг сони мингдан ошди. Биз корхоналаримизни очмасак, шунча одам иш қидираётган бўлармиди?
— Майлику–я, чарчаяпсиз дейман–да!
— Чарчамайман, назорат қилишим ҳам шарт эмас. Ҳар бир цех учун, ҳар бир иш учун ишончли, синалган дўстларим, шогирдларимни бош қилиб қўйибман. Масалан, кондитер цехининг увол–савобига Умаржон жавоб беради. Мен қайси шоколад нимадан тайёрланишини ҳам билмайман. Ўзлари ҳал қилишади. Биз уларга шароитини яратиб, маблағ билан таъминласак бўлди. Қайси ширинлиги харидоргир бўлса, ўшанисини ишлаб чиқараверишади. Яқинда автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси, ёнидан автомобилларни таъмирлаш устахонаси очаман. Ана шундан кейин бир нафас ростлайман. Россиялик дўстларим ов мавсумида таклиф қилишаяпти, бир дам олиб келамиз.
— Устахона билан тўхтайсизми, ишқилиб?
— Тўхтайман, — деди Шерзод ва бироз ўйлаб қўшимча қилди: — Тўғри, яна бир–икки лойиҳа бор. Гугурт, қоғоз ишлаб чиқарадиган корхоналар, иссиқхона қуриш лойиҳалари, аммо улар кейин.
— Ўзимизга бир тузукроқ ҳовли жой қуриш ҳақида ҳам ўйласангиз бўларди. Болаларимиз улғайишаяпти. Отангиздан қолган уйга ҳадемай сиғмай қоламиз.
— Сиқилманг. Юз хонали уй қуриб берсам ҳам, иккита ё учта хонасида ўтирасиз. Худога шукур тўртта хонамиз бор. Ўзимизга ҳам, меҳмонларимизга ҳам етиб турибди. Ўғлингиз уйланса, бирорта уй олиб берармиз. Ортиқча уй–жой, дабдабани ёқтирмаслигимни биласиз–ку?

7. Сочганинг ўзингники

— Буванг раҳматли бир ривоят айтиб берувдилар, — деб қолди бир куни доимо гапини ривоятдан бошлайдиган Ҳалима хола ўғлига. — Бир киши ўғлига оёғидаги пайпоғи билан кўмишни васият қилибди. Яна бир васиятномани ёзиб қўйганини, аммо у васиятномани ўлганидан сўнг, отани кўмиб қабристондан қайтиб келгач, очиб ўқишини тайинлабди. Отаси ўлгач, ҳалиги йигит “Пайпоқ билан кўмсам нодуруст бўлар”, деб уламолардан маслаҳат сўрабди. Улар оёғида пайпоғи билан кўмиш Исломда йўқлигини айтишибди. “Васият ношаърий бўлса, уни бажармаган фарзанд гуноҳкор бўлмайди”, дейишибди. Хуллас, кафанлаб, жанозасини ўқиб, пайпоқсиз қўмишибди. Ўғил шундан сўнг отасининг ёзиб қолдирган васиятномасини ўқибди: “Ўғлим! Кўрдингми, бу дунёдан битта эски пайпоқ ҳам олиб кетолмадим. Бундан тўғри хулоса чиқар. Йиққанинг бировларга қолади, сочганинг ўзинг билан бирга Яратганнинг қошигача боради. Топганингни йиғмагин, қўлинг доимо очиқ бўлсин, хайру–саховатни кўп қил. Етим–есирга доимо молингнинг бир қисмини бер, Оллоҳ бирингни минг қилиб қайтаради”. Қиссадан ҳисса шулки, ўғлим, сен мачит қурган, мадраса қурган саховатпеша одамларнинг авлодисан. Йўл солган, ариқ қазган, кўприк ясатган одамларнинг авлодисан. Қара, ёнверимизда қанча ёрдамга муҳтож одамлар бор. Кўпларни иш билан таъминладинг. Қанчалари орқангдан бой бўлишди. Қанчалари қўлингда ишлаб, бола–чақа боқишаяпти. Оллоҳ бандасига давлатни бекорга бермайди. Сенга берибдими, сен уни бошқалар билан баҳам кўр!
— Хўп бўлади, аяжон, — деди Шерзод. — Ўзим ҳам бир савобли иш қилсам деб юрувдим. Наврўз байрами куни элга ош бериб, маҳаллада суннат қилинадиган ёшга етиб қолган, аммо ота–онасининг қўли калталик қилиб турган ўн беш–йигирма боланинг қўлини ҳалоллаб берсам, девдим. Сиз нима дейсиз?
— Баракалла, болам. Ниятинг муборак бўлсин! Бўлмаса менга чиройли мато, пахта олиб бер, мен Жамила маҳаллақўм билан болаларнинг бўй–бастини ўлчаб чиқаман–да, ҳаммасига бир хил қилиб тўнчалар тикамиз, белбоғ, қалпоқ оламиз.
— Майли, аяжон, олиб бераман. Лекин уларнинг бўй–басти ўлчанган. Уларга ўзимизнинг корхонамизда ҳар бирига алоҳида костюм, кўйлак, туфлилар тикилаяпти. Ҳар бирига совғалар, ширинликлар, музқаймоқлар берамиз.
— Булардан ташқари уларга ҳар бири ўн саккизга киргунча фоизи қўшилиб бориладиган қилиб банкка қўйилган пулнинг омонат дафтарчаларини ҳам топширамиз, — деди Ойдин.
— Барака топинглар, — деди келинини қучоқлаб ўпган Ҳалима хола. — Ниятларингга етинглар!
Наврўз байрами куни байрам ҳақиқий тўйга айланиб кетди. Маҳалланинг йигирма бир боласи ўша куни яп–янги либослар, тўн ва белбоғлар, ширинликлар олдилар. Ҳаммаси бир кунда суннат қилиндилар. Уларнинг ота–оналари, оқсоқоллар Шерзоднинг ҳаққига, ота–оналари ҳаққига, корхонаси ва ишчиларининг ҳаққига узундан–узоқ дуолар қилишди.
— Давлатинг бундан ҳам зиёда бўлсин! — деди юз ёшли Умрзоқ бобо. — Илоё менинг ёшимга етгин! Менданам ўтиб кет!
Мустақиллик байрамига Шерзод яна бир савобли иш ҳозирлади. Шаҳар майдонига бешта саҳна ясатди. Катта саҳнага эл суйган Ҳофизни таклиф қилди. Қолган тўртта саҳнага эса корхонасида ишлаб турган ёрдамга муҳтож оиладан бўлган, никоҳ тўйини ўтказиш ташвишида юрган тўрт йигитни келинчаклари билан таклиф қилди. Минглаб кишилар бу тўй дастурхонидан баҳраманд бўлдилар. Шаҳристон аҳли ҳам бунақа тўйни кўрмаган эди. Халқ яйради, халқ маза қилди, халқ таҳсин айтди, халқ дуо қилди.
— Сизларга камтарона совғам бор, ҳар бир келин–куёвга икки хонали уйларнинг калитини “Муҳаббат” фирмаси номидан топшираман, — деди Шерзод тўй сўнггида. — Уйлар чиройли қилиб безатилган, ўз мебелларимиз билан тўлдирилган. Қолганини меҳнат қилиб ўзларингиз топасизлар!
Эл тан берди. Эл қойил қолди. Эл ҳавас қилди. Эл “шундайлар кўпайсин”, деб дуо қилди.
Кўплаб завод, фабрикалар, катта–кичик корхоналар турли сабабларга кўра тўхтаб турган, ёпилиб кетган, сотилиб кетган, бузилиб кетган замонда минглаб кишиларни дурустгина маош тўлаб ишли қилиш, уларга меҳрибон бўлиб, ҳаммасини бир оила фарзандларидек қилиб дўст–биродар, бир тан–бир жон қилишнинг ўзи бир улуғ савоб ишдир. Яна ҳар бир ходимнинг иссиқ–совуғидан хабардор бўлиш, уларнинг муаммоларини ўз муаммосидек билиб, уларнинг шодлигини, қайғусини ўзиникидек қабул қилиб, шу қувончлар ва ташвишлар аро яшаш, бир эмас икки қўлини, энг муҳими кўнглини ҳам саховат учун очиб қўйиш солиҳ кишиларнинг, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига пайровлик турмуш тарзидир.
Шерзод гарчи намозхон бўлмаса–да, бундай оят ва ҳадисларни мутолаа қилган бўлмаса–да, қилган амаллари доимо қалбида бўлган Оллоҳ буюрганига, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ўргатганига монанд эди.

VII–Боб. ҲИКМАТ ИЗЛАГАНГА ҲИКМАТДИР ДУНЁ

«Яратганнинг ўзи унинг йўлидан адашганни ҳам, ҳидоятда юрувчиларни ҳам билувчидир».
«Қалам» сураси, 7–оят

1. Тил ўрганмоқ фарздур

Шерзод амалга ошираётган ишлар ҳар қандай одамнинг ҳам ақлини шоширар, вақтини бутунлай олиб қўяр эди. Аммо ундаги раҳбарлик маҳорати, ишларини бошқариш тизимини оқилона йўлга қўйиши самараси ўлароқ Шерзод дам олиш, сайру–саёҳатга чиқиш, ёр–дўстлари билан меҳмонавозлик қилишга ҳам ҳамиша вақт топар эди. У табиатан саёҳатчи эди. Ҳар йили бир марта бирор узоқроқ шаҳарга бориб, ҳеч бўлмаса бирор ҳафта айланиб келарди. Шерзод бу одатини корхоналардаги ишчи–хизматчиларига ҳам “юқтирди”. Шерзод ўзи бош бўлиб ишчи хизматчиларни ҳар йили бир–икки марта саёҳатга олиб чиқар, лола мавсумида албатта тоғлар бағрига, табиат қўйнига олиб чиқарди.
Шерзод фарзандлари тарбиясига ҳам алоҳида эътибор билан қарар, уларнинг олаётган билимларини доимо назорат қилиб борарди. Уларнинг чет тилларни ўрганишига айниқса катта эътибор берарди. У фарзандларининг илм ўрганишга айниқса, хорижий тилларни ўрганишга рағбати кучли эканлигидан шодланар, уларга керак бўладиган адабиётлар, дарсликлар, турли луғат ва сўзлашгичларни эринмай топиб келтирарди.
Муҳаббат инглизчани ўрганишга аҳд қилгач, у билан шуғулланиши учун малакали репетиторни таклиф қилди. Муҳаббатга аудио, видеоаппаратуралар ва бошқа замонавий воситалар ҳамда компьютер олиб берди.
Муҳаббат чет тиллар институтига муваффақиятли имтиҳон топширди. Институтда форс тилига ҳам қизиқиб қолди.
— Мен сизга ўхшаб иқтисодчи бўлмоқчиман, — деди тўққизинчини тугатган Собиржон, — ҳужжатларимни иқтисодиёт лицейига топширсам нима дейсиз?
— Жуда яхши ўйлабсан, ўзи сенда математикага қобилият бор, — деди Шерзод. — Унда имтиҳонларга жиддий тайёрлан. Ўртоғим Холмурод ўша ерда дарс беради. Бирга ўқиганмиз у билан. Айтаман, сенга имтиҳонларга тайёрланишингга ёрдам беради.
Шерзод Собиржонга ҳам туғилган кунида компьютер совға қилди. Собиржон лицейга киргач, иқтисодиётга, айниқса Германия иқтисодиётига қизиқиб қолгани учун келажакда уларнинг иқтисодини жиддий ўрганиш мақсадида немис тилини қунт билан ўрганишга киришди.
Бу борада ҳам омад унга кулиб боққан эди. Отаси айтган, унга устозлик қилаётган домласи Холмурод Ҳайдаров Германияда олти йил ишлаб келган, немис иқтисодиётини ҳам, немис тилини ҳам мукаммал билар эди.
— Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия вайронага айланган, ҳарбийлаштирилган завод–фабрикалар талон–тарож қилинган, иқтисодиёт ҳақида гап–сўз бўлиши мумкин эмас эди. Аммо ватанпарвар немислар арзимаган ўн беш–йигирма йил ичида харобалар ичидаги Германияни иқтисодий бақувват мамлакатлар қаторига олиб чиқишди. Уни енгдик деган айрим давлатлардан ҳамма кўрсатгичлар бўйича жуда олдинлаб ҳам кетишди, — дер эди Ҳайдаров. — Бунинг асосий сабаби, немис халқи шуни истади. Ҳар бир завод, фабрикани тиклаш учун немислар ота–боболаридан мерос бўлиб келаётган энг сўнгги тилла, кумуш буюмларини, аёллари эса қўллари, қулоқларидаги сўнгги тақинчоқларини ҳам аямай беришди.
— Ўзбеклар ҳам немислардан кам эмас, — деди Шерзод бу гапларни Собиржондан эшитганида. — Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз. Кам бўлмаймиз ҳам.

2. Аждодлар қони

— Дадаси, Искандарингиздан ҳам ким бўлишини бир сўраб қўйинг, — деди болаларининг орзу–ю, режалари ҳақида суҳбатлашиб ўтиришган чоғи Ойдин. — Ё ҳали боғчага борадиган боланинг орзуси нима бўларди деб, бизнинг орзуларимизни писанд қилмайсизларми?
— Қани, Искандарнинг ўзи айтсин–чи? — деди Шерзод .
Искандар қаддини ғоз тутиб, тантанали, баланд овозда ўз орзусини эълон қилди.
— Мен президент бўламан!
Ҳаммалари гуруллаб кулиб юборишди.
— Уйимизгами ёки бирор фирмагами? — деб ҳазиллашди Собиржон.
— Боғчаларингда ҳамма болалар президент бўлмоқчими? — сўради Муҳаббат.
— Кулманглар, — уларни тўхтатди Шерзод. — Орзуга айб йўқ. Биз кичкиналигимизда ҳаммамиз космонавт бўламиз, дер эдик. Ҳозирги болалар ҳаммаси президент бўламан, дейди. Начора, Искандар президент бўлмоқчи экан ўзига мос бирорта майдагина давлат қилиб берамиз, президентлик қилаверади–да.
— Мен Ўзбекистон президенти бўламан, — аччиқланди Искандар.
— Кейин Искандар Зулқарнайнга ўхшаб бутун ер юзига подшоликни даъво қилмайсанми, ишқилиб? — ҳазиллашди Собиржон.
— Майли, боламнинг устидан кулманглар,— деди уни бағрига босиб, ўрнидан турган Ойдин Искандарнинг хонаси томон юраркан. — Президент чарчади, унинг ухлайдиган вақти бўлди.
Ҳаммалари кулиб–кулиб “президент”га хайрли тун тилашди.
Искандар ўн ёшида “президентлик” дан “кетди”. Уни муҳимроқ ишлар қизиқтириб қолди. Кўпинча бувиси билан бирга бўладиган Искандар бувисидан намоз ўқиш қоидаларини ўрганиб олди. Рамазон ойида беш–ўнта синфдошларига қўшилиб, масжидга борди. Искандар бир ҳафта давомида таробеҳ намозида кўп ўқиладиган Қуръоннинг сўнгги ўнта сурасини ўрганиб олди.
Масжид имоми Остонақул қори ҳаммадан кейин қолиб, икки ракаат шукрона намозини ўқиб, кейин масжиддан чиқарди. Бир куни одати бўйича нафл намозини адо қилиб бўлгач, орқасида ўтирган Искандарга кўзи тушди.
— Ҳа ўғлим, жўраларингиздан ажралиб масжидда қолибсиз, энди кетишга қўрқмайсизми? — деб сўради ундан.
— Уйимиз масжидга яқин, Ҳожи бобо, — деди Искандар. — Сиздан бир нимани сўрамоқчи эдим.
— Қани, сўрангчи? — деди Остонақул қори.
— Нега ҳар куни хуфтон намозидан сўнг “Табарок” сурасини тиловат қиласиз. Сиз уни жуда яхши кўрасизми?
— Э, боракаллоҳ, болам. Шунга эътибор берибсиз–да. “Табарок”ни яхши кўришим рост. “Табарок” жуда улуғ сура. Унинг номи “Мулк сураси”дир, бир номи “Сақловчи”, бир номи “Нажот берувчи”дир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Қуръонда бир сура бор, оятлари ўттизта холос, у кишига Қиёмат куни шафоат қилади. Дўзахдан сақлаб, жаннатга киритади, бу “Табарок” сурасидур», деганлар. Яна бир ҳадисларида “Мулк» сураси ҳар бир мўъминнинг қалбида бўлишини истайман”, деганлар. Шунинг учун мусулмонлар кечалари бу сурани тиловат қилишади. Мен ҳам уни севиб кўп такрор қиламан.
— Жуда улуғ сура экан. Менга ҳам “Табарок” сурасини ўргатинг. Мен ҳам уни ҳар куни тиловат қилишни истайман.
— Боракаллоҳ, бўтам, кўп яшанг, аммо бу сура сизга ҳали оғирлик қилади. Мен сизга бошқа, осонроқ сурани ўргатаман. Қани мен билан бирга қайтаринг–чи? Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим! Қул ҳу валлоҳу аҳад...
— Бу “Ихлос” сураси–ку? Уни биламан, — деди Искандар ва сурани жарангдор овозда тиловат қилди.
— Боракаллоҳ, кўп яшанг. Қани, ортимдан қайтаринг. Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Қул аъувзу биробиннос..
— “Ван нос” сурасини ҳам биламан, Ҳожи бобо, — деди Искандар ва бу сурани ҳам бехато айтиб берди.
— Э, боракаллоҳ, кўп яшанг, — деб Остонақул қори Искандарнинг елкаларинин силаб қўйди. — Яна қайси сураларни ёдладингиз, айтинг–чи?
— Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Алам тарокайфа фаъла раббука би асҳобул фил, — тиловат қила бошлади Искандар ва охирги ўнта суранинг ҳаммасини айтиб берди, кейин “Шарҳ” сурасини ҳам кеча ўрганганини айтиб, у сурани ҳам айтиб берди.
— Мошааллоҳ, барака топинг, болам, — деди ҳожи бобо. — Ҳаммасини бехато айтдингиз. Биргина хато қилдингиз. “Ва инна маъал усри юсро” эмас, “Фа инна маъал усри юсро”, деб айтинг, хўпми, ўғлим.
– Хўп, Ҳожи бобо, — деди Искандар ва дарров “Шарҳ” сурасининг ўша оятини тузатиб, такрор қилди.
— Сиз бу сураларни кимдан ўргангансиз, болам, — деди Остонақул қори. — Бехато ўрганибсиз, устозингиз ким?
— “Алҳамду” билан “Ихлос”ни бувим ўргатувдилар, қолганини шу ерга келиб сиздан эшитиб ўргандим.
— Бир ҳафтада–я! — ҳайратини яшира олмади Остонақул қори. — Ёзмасдан, эшитиб–а? Оллоҳ, Оллоҳ! Ўзингга шукур. Шундай қувваи ҳофизаси кучли фарзандларни бино қилганингга шукур, Алҳамдулиллоҳ! Болам, сиз кимнинг ўғлисиз, отангиз ким, онангиз ким, кимлардансиз?
— Шерзод аканинг ўғлиман, Ҳожи бобо — деди Искандар. — Бувамнинг исмлари Қамариддин.
— Э, бўлди, бўлди. Ҳоким буванинг ўғиллари экансиз–да! Кўп яшанг. Тилингиз бурролиги бекорга эмас экан–да. Сизнинг зотингизда бор–да, болам. Ахир сиз қабринг нурга тўлгур, Қори Нодирнинг, Абдулманнон махсумларнинг зурриёдисиз–да. Бувангиз менинг отамни ўқитган эканлар. Оллоҳга шукур, қайтадиган бўлибди. Энди, насиб қилса, шу кишининг невараларини ўқитадиган бўлибман. Исмингиз нима, ўғлим?
— Искандарман, Ҳожи бобо.
— Боракаллоҳ, мулла Искандар, бўлмаса гап бундай, эртага бир қалин дафтар олиб келасиз. Мен сизга “Таборак”ниям, бошқа сураларни ҳам ўргатаман, аммо олдин Қуръон ҳарфларини ўқиш, ёзишни ўрганиб олишингиз керак. Ўшанда эшитиб эмас, ўқиб ёдлайсиз. Эшитганда хато ўрганиб қўйсангиз, тузатмоқ қийин бўлади.
Искандар араб ёзувини ўрганишга қаттиқ жидду–жаҳд қилди Бир ойга бормай ҳам ўқийдиган, ҳам ёзадиган бўлди. Икки йилда Искандар “Қуръон”ни хатм қилди. Остонақул қори шогирдининг бу қадар хотираси кучли эканига дам ҳайрати ошар, дам ваҳима босарди.
— Искандаржон, ўғлим, — деди Остонақул қори шогирди Қуръонни хатм қилган куни. — Битта гапни айтиб қўяй. Қуръонни ёд олганингизни бировга айтиб юрманг. Ҳали ёшсиз, билмайсиз, турли хил одамлар бор. Ҳасад қилишлари мумкин. Сизни ёмон кўздан Ўзи асрасин. Аммо эҳтиёт бўлинг. Сўраганларга «Икки–уч пора Қуръонни ёдлаганман, ҳали тўлиқ билмайман», деб қўяверинг.
Аммо Искандарнинг довруғи Шаҳристондан ташқарига ҳам чиқиб улгурган, унинг қўнғироқдай овозда Хатмул Қуръон қилишини кўргани, эшитгани узоқ–узоқлардан аҳли дин, аҳли уламолар ташриф буюришар, офаринлар айтишарди.

3. Ўрганишнинг эрта-кечи йўқ

Шерзод ўғлининг шарофати билан уйларига турли шаҳар ва қишлоқлардан обрўли ва номдор дин пешволари кела бошлагач, уларнинг суҳбатларида ўтириб, ўзининг бу соҳада ҳеч нима билмаслигидан хижолат бўла бошлади. Бир сафар Андижондан ташриф буюрган ўндан ортиқ олиму–уламолар “Бу қори йигит турганда бизнинг имомлик қилишимиз нодуруст”, деб Искандарнинг ортида туриб, намоз ўқишгач, ўзининг намозни билмаслигидан жуда уялди.
— Мулла ўғлим, — деди бир куни Шерзод устози ҳузуридан келиб, китобини жавонга қўяётган ўғлига, аммо гапини қандай давом эттиришни билмай анча вақт жим қолди.
— Эшитаман, дадажон, — деди Искандар. — Бирор хизмат буюрмоқчи эдингизми?
— Ҳа, сенга бир хизмат чиқиб қолди, — деди Шерзод. — Энди, менгаям намозни ўргатмасанг бўл-майдиганга ўхшаяпти, ўғлим.
— Дадажон, мен сизга ўргатишим жоиз эмас, эртага бирга борайлик, Ҳожи бобом жуда тез ўргатадилар.
— Ҳожи бобонгнинг олдига ҳеч нарсани билмайдиган ҳолимда борсам айб қилади–да, ўғлим. Жоиз, ножоизингни қўй, ўғлим. Сен ўргатавер.
— Ундай бўлса, ҳарфларни ўрганишдан бошлаймиз, дада.
— Ҳарфларингни кейин ўргатасан, ўғлим. Ҳозир келаётган муллаю имомларнинг олдида хижолат бўлмаслигим учун бир намозлик нарсани тезроқ ўргатмасанг бўлмайди. Меҳмонлар намозга турганда гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб қочавериб, баҳона ҳам қолмади.
— Яхши, дада, бўлмаса шу бугуноқ, ҳозироқ бошлаймиз. “Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳорат”, дейдилар. Ишни таҳорат қилишдан бошлаймиз.
“Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, деганлар. Сўраш, ўрганишнинг ор қиладиган ери йўқ. Нима қилибди ота ўғлидан намозни ўрганса?
Шундай қилиб бир замонлар дин оламида довруқ таратган, фарзандларини йўргагиданоқ дину–диёнатга ўргатган Шамсуддин қори, Абдулвоҳид қори, Нодир қори, Абдулманнон махсумларнинг авлоди Шерзод ўз ўғлидан дин илмини ўргана бошлади.

4. Қайта туғилган мадраса

Бухородан, “Мир Араб” мадрасасидан бир гуруҳ уламолар меҳмон бўлиб келишди.
— Алҳамдулиллоҳ! “Ер юзи авлиёлардан холи эмас”, деганлари бежиз эмас экан, — деди Искандар билан уч–тўрт соат мулоқот қилишгач, мадраса мударриси ва Шерзодга мурожаат қилди: — Тақсир, бу фарзанди аржумандингиз миллат гавҳари бўлғуси, иншоллоҳ. Аммо уни уйингизда бекитиб ўтирмоғингиз унинг ҳаққига, Ислом дини ҳаққига жабр қилган билан баробар. Беринг, биз фарзандингизни мадрасамизда ўқитайлик. Сўнгра насиб бўлса, олий маъҳадни Тошконда, истасалар Миср ё Қоҳирада хатм қилурлар.
— Ҳожи бобо, — Остонақул қорига мурожаат қилди Шерзод. — Бир замонлар Шаҳристондаги мадраса довруғи “Мир Араб”никидан кам бўлмаган дейишади, шу ростми?
— Рост, Шерзоджон, рост, — деди Остонақул қори, — “Ҳазрати Усмон”нинг довруғи жаннатмакон катта бувангиз Қори Нодир мударрислик қилган замонларда тилларда достон эди. Аммо замона бундай бўлиб...
— Замонага ҳеч нарса бўлган эмас, — қорининг гапини чўрт кесди Шерзод. — ”Ҳазрати Усмон” мадрасаси қайтадан иш бошлаши учун нима қилиш керак?
— Аввало мадрасани очиш учун диний идоранинг рухсатини олиш, диний ўқув юрти сифатида қайд қилдириш лозим, — деди мадраса мударриси.
— Сўнгра музей бўлиб турган мадраса биносини бўшатиб, қайта жиҳозлаш керак бўлади, — деди Остонақул қори.
— Ўзим у ерни музей қилганман, ўзим бир кунда музейни кўчиртираман, — деди Шерзод. — Сизлар айтган ҳамма шартларни қилиб, шароитини тўғриласам, мадрасани билимдон муаллимлар билан таъминлаб, болаларни ўқитишни йўлга қўйиб бера оласизларми?
— Қанийди–ку? Агар мадраса очилишига эриша олсангиз, биз уни энг кучли, иқтидорли, малакали мударрислар билан таъмин этардик, — хитоб қилди мударрис.
— Сизлар бир дуо қилинглар, мадраса очилиши учун ҳеч нарсани аямайман, — деди Шерзод. — Худо хоҳласа Искандар “Ҳазрати Усмон”да ўқийди.
Ҳамма дуога қўл очди.
Ҳақиқатдан ҳам Шерзод музейни бир кунда кўчирди. Шаҳар раҳбарларидан музейни кўчиришга рухсат олди, холос. Мадраса ҳақидаги режалари ҳақида ҳеч кимга оғиз очиб ўтирмади. Бир ой ичида таъмирталаб жойларини таъмирлаб, мадрасани асл ҳолига келтирди. Дарсхоналар, ҳужралар, қироатхоналарни ганчкор усталарни чақириб, бошқатдан пардозлатди. Замонавий ёритгичлар ўрнатиб, деразаларига ҳарир пардаларни илдирди.
Бухоро ва Тошкентдаги мадрасаларни, Ислом университетини кўриб келгач, университетдагига тенг шароитларни муҳайё қилди. Фан кабинетлари, компьютер хоналари, видеозал, ошхона, дам олиш хоналари ва ҳоказоларни ғоятда гўзал қилиб тайёрлади. Ана шундан сўнггина Муфтий ҳазрат бошчилигидаги диний идора ҳодимларини Шаҳристонга чорлади.
Мадраса ҳовлисини, ўқув хоналарини айланиб кўрган, кирган жойдаги мармар лавҳада битилган мадраса тарихини ўқиб чиққан Муфтий ҳазратлари таҳсину офаринлар айтгач, кўзлари намланиб Шерзоднинг ҳаққига дуо қилди:
— Қанийди, сиздек дин йўлида хизмат қиладиган, Оллоҳ ризолиги учун молу–давлатини аямайдиган асл ўғлонлар кўпайса. Илоҳи, сарфлаган молингизнинг бирига минг қилиб қайтарсин! Мадраса учун зарур ҳужжатларни тайёрлашни ўз зиммамга оламан. Вазирликнинг рухсатини ҳам ўзим олиб бераман, иншооллоҳ. Мударрислар, ўқув дарсликлари, аудио–видео қўлланмалари билан диний идорамиз томонидан тўлиқ таъминлашга кафиллик бераман. Худо хоҳласа, келаётган ўқув йилига мадрасада ўқиш истагида бўлган ёшлар учун қабул эълон қиламиз.
Муфтий ҳазрат ваъдаларининг устидан чиқди. Унинг айтган гапларининг ҳаммаси амалга ошди. Қабул имтиҳонларини Ислом университети мударрислари қабул қилишиб, эллик нафар толиби илм мадраса талабаси бўлди. Уларнинг биринчиси Искандар бўлди. Мустақиллик байрами арафасида юрт оғалари, диний уламолар иштирокида мадраса тантанали очилди.
Илк сабоқлар олдидан қўй сўйиб, хайру–худойи қилинди. Мадрасани қурдирганлар, қурганлар, унда илк дарс берганлар–у, уни хатм қилганлар ҳаққига хатмул Қуръон қилинди. Эзгу тилаклар ва дуойи хайрлар билан етмиш беш йил чалинмай қолган қўнғироқ чалиниб, илм толибларини сабоққа чорлади.

5. Менга китоб олиб беринг

Искандар мадрасада жуда тиришқоқлик билан ўқиди. Сабоғининг иккинчи йилидан бошлаб фиқҳ илмига қаттиқ қизиқиб қолди. Бир йилга бормай мадраса кутубхонасида, устозларида бўлган исломий ҳуқуқ масалаларига, шариат аҳкомларига оид барча китобларни ўқиб, улардаги масалаларга адашмай жавоб айтадиган бўлди.
— Оллоҳ таолонинг марҳаматини кўр, Шерзоджон, — деди Ҳалима хола устози билан фиқҳий мавзуда баҳс юритаётган Искандарни кузатиб ўтириб. — Даданг раҳматликнинг ота авлоди қорилар эдилар. Она томонидан бувалари зукко ва одил қозилар эдилар. Икки покиза авлоднинг зурриёди бўлган Искандаржоним ҳам қори, ҳам қози бўлади, шекилли?
— Айтганингиз келсин, аяжон, — деди Шерзод.
Устозини кузатиб қўйган Искандар уйга қайтиб киргач, отасига юзланди:
— Дадажон, менга яна айрим фиқҳ тўғрисидаги китоблар зарур. Мадрасамизда бор китобларни ўқиб чиқдим. Булардан ортиғи диний идорада ҳам йўқ эмиш. Қоҳирада фиққий китобларнинг тўлиқ тўплами бор экан. Ўша ёқдан менда бўлмаган китобларни келтириб бера олмайсизми?
— Бунинг иложи бор, ўғлим, — деди Шерзод. — Ўша ёқда ўқиётганлар бор, ишлаётганлар бор. Қолаверса, ўша ёқларга бориб келаётган тижоратчиларимиз бор. Ўшаларга сен айтган китобларнинг рўйхатини бериб юборамиз, олиб келишади. Жуда бўлмаса, ўзим ғириллаб бориб келаман. Хоҳласанг, устозинг билан бирга ўзингни юбораман, китобларни ҳам олиб келасизлар, бир йўла ўша ёқлардаги мадрасаларни, у ерда қандай ўқитишаётганини ҳам кўриб келасизлар.
— Зўр иш бўларди, дада. Мен ўша ёқларга боришни жуда орзу қиламан. Ҳатто тушларимга киради. Бир куни тушимга кирган бинони чизиб кўрсатсам, устозим “Ахир, бу “Ал–Азҳар” мадрасаси–ку”, дейдилар. Қанийди, ўша мадрасани бир кўрсам.
— Ундай бўлса устозингга ҳам айт, сафар тадоригини кўрсин. Таътилларингиз пайти бир ой ўша ёқларни айланиб келасизлар.
— Шерзоджон, — деди бир нима эсига тушгандай Ҳалима хола. — Дадангнинг онасидан қолган қози Камолиддиннинг китобларини Искандарга берадиган пайт бўлди, чоғи?
— Ҳа–я, ёдимиздан чиқай дебди, — деди Шерзод. — Аяси, китобларни олиб чиқинг!
Ойдин кўпдан бери очилмаган Шерзоднинг бувисидан қолган сандиқни очди. Яшил духоба матога ўралган китобларни авайлаб олиб келиб, қайнонасининг қўлига тутқазди. Ҳалима хола китобларни духоба устидан ўпиб Шерзодга берди.
— Йўқ, аяжон, китобларни ўзингиз неварангизга топширинг, бунга сиз ҳақлироқсиз, — деди онасидек китобларни жилди устидан кўзига суртиб ўпган Шерзод уларни онасига қайтиб бераркан.
— Аяжон, отангизнинг башоратлари ҳақ чиқди. “Отам башорат қилган, бир неварам ё чеварам қори бўлади. Мен кўрмайман, келин, аммо сиз кўрасиз”, дердингиз. Жойингиз жаннатда бўлсин, аяжон, айтганингиз келди. Мен шу кунга етдим, — деб йиғлаб ўрнидан турган Ҳалима хола Искандарнинг юз–кўзларидан ўпиб, китобларни унга тутқазди. — Ўқиб олим бўл, болам. Бу китобларни бобонгнинг бобоси ўқиган. Улар бир уй эди болам. Аммо сенга насиб қилгани шулар бўлди.
Искандар ҳам отаси ва бувисидек, олдин жилдни ўпди. Сўнгра жилдни авайлаб оча бошлади. Ундаги оқ сурп халтачага солинган, мовий бахмалга ўралган китобни очди.
— О, бу “Қуръони Карим”–ку! — ҳайқириб юборди Искандар ва уни уч бора кўзига суртиб ўпар экан, бир–икки варағини очиб илова қилди: –”Абдураҳмоний Қуръон” экан.
“Қуръон”ни тез–тез варақлаб чиққан Искандар айрим оятларни овоз чиқариб ўқиди. Охирги варақларини ўқиб деди:
— Жуда ноёб нусхаси экан. Ҳойнаҳой, Муфтий ҳазрат айтган, йўқолган илк нусхаси шу китоб бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда ўша китобнинг илк кўчирилган нусхаларидан бири бўлса карак.
Сўнгра Искандар қизил бахмалга ўралган китобни ҳам кўзларига суртиб, ўпиб, авайлаб очди.
— Бу Бурҳониддин Марғиноний Ҳазратнинг “Ҳидоя”си–ку! — ҳайратини яширолмади Искандар. — Оллоҳга шукур. Энди менда “Ҳидоя”нинг асл нусхаси бор.
Искандар бу китобларни ҳам варақлаб чиқар экан, деди:
— Ҳар бир бетида эслатмалар, ҳошияларида туркийда битилган байтлар бор экан. Аммо уларнинг айримларини ўқишга қийналаяпман. Улар кўфийда битилган экан.

6. Ўзини ўзи таъмирлаган масжид

Бир ой деганда Искандар кўфий хатини ҳеч қийналмай ўқийдиган бўлди. Энди у кўпчилик нақш деб ўйлайдиган Самарқанд мадрасаларининг пештоқидаги, миноралардаги Қуръон оятларини, “Шоҳи–зинда”даги мақбаралардаги жимжимадор ёзувларни, ҳатто сурат шаклидаги бекитиб ёзилган ёзувларни ҳам бемалол ўқийдиган бўлди. Шундан сўнг “Ҳидоя” ҳошиясидаги ёзувларни мутолаа қилишга тушди.
— “Қандаҳорлик Абдулжалил исмлиғ кишиға айбиға нисбатан енгил жазо тайин қилдим. Асли Бухоро яқинидан эркан. Аллоҳ мағфират қилсин”. “Аюбхонни қатл этиш ҳақиндағи ҳукмим ўзимни энг қайғуға солған ҳукм бўлди. Шаҳзодани қатл этмасликни кўп сўрадим. Амир ҳазратлари ҳаргиз кўнмадилар. Эссиз. Бир амирзода жувонмарг бўлди. 1300–ҳижрий, 5–шаввол”.
Яна шундай эслатмалардан беш–олтитасини ўқигач, яхши тушунмаётган ўғлига Шерзод тушунтирди:
— Бу китобларни бувамизга оталари — Афғонистонда қозикалонлик қилган Жалолиддин қози берганлар. Бу китоблар бутун Ислом олами мамлакатлари қозиларининг ҳукм чиқаришда суянадиган асосий манбалари бўлган. Ўзимизда ҳам шариат асосида ҳукм қилиш бекор қилиниб, судлар ташкил этилмагунча, яъни 1930 йилгача қозиларимиз мана шу китобга таяниб ҳукм чиқаришган. Орқароқдаги саҳифаларни ўқисанг, бувамиз Камолиддин қозининг сўзларини ўқийсан.
Орқароқдаги саҳифалар ҳошиясида байтлар ёзилган эди.
— “Қасри дин, қасри имонни қилди ғорат болшавой,
Аҳли дин, аҳли имонни қилди ҳақорат болшавой“.
Мана яна бири:
“Икки ифтор, бир саҳарлик ўтди бурда нонсиз,
Эл–улус дармонсизу раҳнамо иймонсиз”.
— Ҳа, Камолиддин қози бувангиз кўп шоиртабиат киши эдилар, — деди Ҳалима хола. — У кишининг бир девон бўлгулик ғазаллари, мухаммасу рубоийлари бор.
— Манави ерда “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди ҳақида сўзлар бор экан, — деди Искандар ва ўқий бошлади.
— Иккита кабутар шаклидаги эслатма бор экан. Бири масжид қурилган сана, устанинг исмлари экан. Иккинчисида хум, тилло сўзлари, эшикнинг ўнг томонидаги кўк тош остига қўйилган белги бор экан. “Масжид таъмирга муҳтож бўлса тошни кўтаринглар”, деб ёзилган экан.
— Нима учун “Китобларни эҳтиёт қилинглар, бегона қўлга тушмасин”, деб тайинлаганларини энди тушундим, — деди Шерзод. — Демак масжид устуни остида бирор хум тилло кўмилган экан–да.
Эртасига масжидга борган Шерзод масжиднинг жуда таъмирталаб бўлиб қолганини кўрди. Айрим устунлар синган бўлиб, уларнинг ёнидан бошқа ёғочлар тиргак қилиб тираб қўйилган эди.
— Масжид жуда таъмирталаб бўлиб қолибди–ку, қори ака? — деди Шерзод ёнидаги Остонақул қорига.
— Ҳа, нимасини айтасиз, бирор кун қулаб тушиб беш–ўнтани босиб қолмайсайди, деб қўрқаман, — деди масжид имоми Остонақул қори. — Томидан ҳам чакка ўтаяпти.
— Эртага пешин намозига ҳамма оқсоқолларни йиғинг, гап бор, — деди Шерзод.
Эртасига ўзи шаҳар раҳбарлари билан бирга келди.
— Кўпчиликнинг хабари бор, шу масжидни отамнинг буваси, менинг катта бувам қурган, — деди Шерзод ва “Биламиз, биламиз”, деган овозларни эшитгач, давом этди. — Бувамиз Камолиддин қози мана шу кўк тош остига бир хум тилло кўмган эканлар. Мен сизларга бир сўз демай кавлаб олсам ҳам бўларди. Аммо бувамиз “Масжид таъмирга муҳтож бўлса кўк тошни кўтаринглар”, деб ёзиб қолдирган эканлар. Мана, ҳукумат вакиллари олдида шу хумни оламиз. Масжидни бундан икки баравар катта қилиб, замонавий қилиб қурамиз. Чиқадиган нарса етмаса, етмаганини ўзим қўшаман.
Кўпчилик бўлишиб, айтилган устун ўрнига иккита ёғоч тиргак қўйишиб, устунни олишди. Устун остидаги кўк тошни ўрнидан қўзғатишди. Озроқ кавлашган эди, айтилган хумча чиқди. Хумча тўла тилло танга бўлиб, булар икки аср олдин Афғонистонда зарб қилинган тангалар эдилар.
“Тилла дилларингизни туғёнга солмасин. Уни фақат масжид учун ишлатинг. Бир донаси бошқа жойга ишлатилса, рози эрмасмиз. Руҳларимизни чирқиратманг”, деб ёзилган эди хумча ичидан чиққан хатда.
Бир ҳафтада масжидни бузиб бўлишди. Аждодлар меҳр билан ясаган эшикни таъмирлашди. Ўша эшикни олиб қолишди. Қолган устуни борми, ёғочу тахтаси борми, ён–атрофда қурилаётган бошқа масжидларга бериб юборишди. Энг номдор, катта шаҳарлардаги масжидларни қурган тажрибали усталарни чорлашди. Кўзга кўринган меъморларни чақириб, янги масжид лойиҳасини чиздиришди. Замонавий қурилиш ашёларидан энг маҳобатли масжид қурилишини бошлашди.
Удумга биноан жума намозини адо этиб чиққан Муфтий ҳазратга пойдеворга биринчи ғиштни қўйдиришди.
Олти ой масжид қурилиши кечаю–кундуз тинмади. Олти ой деганда вилоятда тенги йўқ, республикада ҳам саноқли масжидлардан бири бўлган масжид қурилиб битказилди. Томи учта улкан гумбаз қилинган масжиднинг катта гумбази устига бир замонлар ўрислар синдириб, ўғирлаб Москвага олиб кетган соф тилладан қилинган янги ой шаклини аввалгисидан ҳам чиройли қилиб ўрнатишди.

7. Ҳидоят оламига марҳабо

Шерзод масжид қурилиши бошланган кунданоқ, кечаю–кундуз деярли шу ерда бўлди. Усталар нима керак десалар топиб келди. Уларнинг ейиш–ичишларидан доимо хабардор бўлиб турди. Ойдинни ҳам фирма ишларидан озод қилиб, қурилишдаги усталарга овқат қилаётган ошпазларга бош қилиб қўйди.
— Ўзингиз назорат қилмасангиз бўлмайди, — деди Шерзод унга. — Усталарга хилма–хил, энг мазали таомлар пиширилиши керак. Тўрт–беш маҳал иссиқ овқат пиширишсин. Ахир улар бошқалардек саккиз соат ишлаётганлари йўқ. Овқатлари қувватли бўлиши, дастурхонда доимо мева–чевалар бисёр бўлиши керак.
Шерзод масжид битгач, таҳоратхоналар, ҳаммом, ҳужраларни ҳам ўта замонавий қилиб қурдирди.
Масжид битиб, сўнгги пардоз ишлари бўлаётган кунлари Шерзодникига Туркиядан бир неча йиллардан бери фирма ишларида ҳамкорлик қилаётган Мустафо Пошшо меҳмон бўлиб келди. Бориб янги қурилаётган масжидни томоша қилди.
— Чўх гўзал обида бўлубдур, — деди роса айланиб масжидни томоша қилган Мустафо. — Истанбулда–да бундай масжид оздур. Қачондан бошлаб намоз ўқимакчисизлар бунда?
— Рамазон бу йил шанба куни бошланар экан, жума куни жума намози ўқилиб, кечқурун таробеҳ ўқилар экан. Муфтий ҳазрат жума куни келиб жума намозини ўқир эканлар, “Кечқурун илк таробеҳни ҳам ўзим ўқиб бераман”, дедилар.
— Чўх гўзал, — деди Мустафо. — Бир ой бор экан. Улгураман.
У шундай деб масжиднинг ўлчамларини суриштирди. Устабошидан сўраб ён дафтарига масжид ичи, айвонининг ўлчамларини ёзиб олди.
— Энди мен шошилинч кетишим керак, — деди Мустафо. — Масжидга гилам сотиб олманг. Ичкари ва ташқарига етадиган турк гиламлари мендан сизим масжида туҳфа ўлсун!
— Сиз овора бўлмасангиз ҳам бўлади, — деди Шерзод ва хумча тарихини сўзлаб берди.
— Майли, барибир гиламни мен совға қиламан, — деди Мустафо. — Сиз гиламга ажратган пулингизга бошқа нарса олинг.
— Бир ҳафта меҳмон бўлмоқчи эдингиз?
— Йўқ, кейин, бир ой кейин келиб бир ҳафта меҳмон бўламан. Балки бир ой меҳмон бўлиб, рамазонни ота юртда ўтказарман.
Ҳақиқатдан Мустафо бир ойга қолмай етиб келди. Иккита улкан машиналарда гиламлар олиб келди. Биринчи машинани эшикка ўнглаб, Мустафо деди:
— Буниси махсус буюртма билан сизнинг масжидингиз учун тўқилди. Кўпроқ одам чақиринг, тушириш осон бўлмайди.
Юздан ортиқ одам гиламни ичкарига олиб кирдилар. Беш минг киши бир йўла намоз ўқийдиган улкан масжиднинг юзини бутунлай оладиган бу гилам яхлит ҳолда тўқилган эди. Патлари ярим қарич келадиган бу ноёб гилам Исломий нақшлар билан безатилган бўлиб, ундаги ёрқин ранглар ғоят жозибадор эди.
Одамлар ҳайратини яшира олмадилар. Мустафога офаринлар айтдилар.
— Офаринни тўқувчи қизларга айтасизлар. Бу гиламни ҳали турмуш қурмаган ўн икки–ўн тўрт ёшли қизлар тўқишади, — деди Мустафо.
Масжид айвони ҳам Каъба сурати туширилган гиламлар билан тўлди.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган жума куни келди. Саҳардан бир неча ҳўкизлар, қўйлар сўйилди. Шаҳар майдонига дошқозонлар осилди. Пойтахтдан, турли шаҳар ва қишлоқлардан меҳмонлар келди. Турли ноз–неъматлар билан тўла дастурхонлар тузалди.
Муфтий ҳазрат йиғилганларга янги, гўзал масжидни муборакбод қилди. Искандарни чақириб, Хатмул Қуръон қилишликни сўради.
— Ҳазрат, сиз туриб, улуғ–улуғ қорилар туриб, мен тиловат қилсам одобсизлик бўлмайдими? — деб истиҳола қилди Искандар.
— Одобсизлик эмас, — деди Муфтий ҳазрат, — сиз ўқисангиз савоби аждодларингизга тезроқ етиб боради.
Искандар ёқимли овозда тиловат қилди. Муфтий ҳазрат Хатмул Қуръоннинг савобини Искандарнинг етти пуштига, шу масжидни қурганлар, бошлари шу масжидда саждага текканлар, шу масжид аҳлидан дуо умидида бўлганлар руҳига бағишлади. Эл–юрт тинч бўлишини, Ислом дини жаҳонда барқарор бўлишлигини, юртдошларимизнинг иймон–эътиқодлари зиёда бўлишлигини тилаб дуолар қилинди.
Жума намозига азон айтилди.
Муфтий ҳазрат “Илоё ушбу масжид минг йиллар ўтиб ҳам элга, халққа хизмат қилсин”, деб масжид сари қадам қўйди. Ўзини орқага олаётган Шерзодга “нима гап?” дегандек савол назари билан қаради.
— Мен олтмишга кирсам, сўнгра масжидга кираман, ўзимни бутунлай дин ишига бағишлайман, дегандим, ҳали бирор марта масжидда намоз ўқиганим йўқ, — деди Шерзод секингина.
Муфтий ҳазрат бир шогирдига имо қилди. Шогирди бир тугун кўтариб келди. Муфтий ҳазрат тугунни очди ва ундаги адрас яктакни Шерзодга кийдирди. Бошига дўппи кийдириб, белига белбоғ ўратди.
— Бугун ушбу масжидга мендан ҳам аввал сиз киришга ҳақлироқсиз, — деди Муфтий ҳазрат. — Қани, бошланг, аввал сиз кирмасангиз мен кирмасман.
Масжиднинг залворли эшиклари очилди. “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим”, деб Муфтий ҳазрат билан Шерзод ўнг оёқларини масжид ичкарисига қўйдилар.
Муфтий ҳазрат билан қўлтиқлашиб, меҳроб сари борар экан, Шерзоднинг юзларидан шовуллаб ёш оқар эди.
Шерзод рўмолчасини чиқариб, юзларини артар экан, меҳроб рўпарасида қиблага қараб ўтирган, оппоқ либосдаги саккиз нуронийга кўзи тушди.
“Биздан олдин кириб ибодатга машғул бўлишган бу отахонлар ким экан”, деб ўйлади Шерзод.
Оппоқ кийимдаги оппоқ юзли фариштамисол нуронийлар баравар ўринларидан туриб, буларга пешвоз юрдилар. Шерзод олдинда келаётган отасини таниди.
— Чап томондагилар отам Абдулманнон махсум, ёнларида бувам Қори Нодир, у кишининг ёнларидаги оталари Абдулвоҳид қори, у кишининг ёнларидаги оталари, ҳаммамизнинг отамиз Мавлоно Шамсуддин қори бўладилар, — деди отаси Қамариддин. — Ўнг томондагилар бувам, онамнинг оталари қози Камолиддин, ёнларидаги оталари қози Жамолиддин, у кишидан юқорида у кишининг оталари қози Абдулқодир отамиз бўладилар.
— Ассалому–алайкум, ҳаммаларингизга ассалому–алайкум, — деди бўғзига кўзёш тиқилган Шерзод.
— Биз сени интиқ кутаётган эдик, — деди Мавлоно Шамсуддин қори. — Иймон топганинг муборак бўлсин! Сен бизларга муносиб фарзанд бўлдинг.
Ҳаммалари икки тарафдан Шерзодга меҳробни кўрсатиб, имо қилишди:
— Ҳидоят оламига марҳабо!

Қисса ниҳоясига етди