1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

ЯНА РЎЗА БОРМИ

21:06 / 19.04.2017 2954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим!

— Маҳалла масжидига Шайх Ҳазратлари келармишлар! Маърифат қилармишлар! Сиз ҳам чиқинг, дадаси, кўнглингизга нур киради!
— Бир умр чиқмаган масжидга нима деб чиқаман, — деди профессор Файзулла Зарипов. — Одамлар «Шайхни кўргани келибди», дейишмайдими?
— Одамларнинг гапига нима ишингиз бор? — хафа бўлди хотини. — Майли, сиз Шайх Ҳазратларини кўргани бораверинг. У кишининг суҳбатларидан баҳраманд бўлганингиз фойдалироқ.
— Ўзингга ўхшатиб намозхон қилмасанг қўймайсан чоғи, мулланинг қизи, — деди Файзулла Зарипов. — Кўрамиз, ишдан барвақтроқ қайтсам чиқарман.
Профессор университетга боргунча Ислом дини, унинг мавқеъи, жамиятдаги ва дунёдаги ўрни, ўзининг динга муносабати ҳақида ўйлаб борди. Нима қилсин, бир умр «Дин афюндир», «Дин зарарлидир», «Дин тараққиёт кушандаси», «Дин хотин-қизларни камситади, таҳқирлайди» каби шиорлар байроқ қилинган жамиятда, коммунистик руҳда тарбияланган бўлса? Нима қилсин намоз ўқийдиган ёшга етмасдан пионер бўлиб, кейин комсомол бўлиб, талабалигиданоқ коммунст бўлиб, устозларига эргашиб динга қарши курашиб келган бўлса? Нима қилсин, бир умр «Ислом динини Муҳаммад деган бир саҳройи, босқинчи араб ўз манфаати учун ўйлаб топган», деган ақидага ишониб улғайган бўлса (Астағфируллоҳ!)? Нима қилсин, динга ишонганлар доимо камбағал ва фақир бўлиб, зўрға кун кўрганини, доимо тазйиқларга учраб, камситилиб, қувилиб яшагани ва дин йўқ деганларнинг ошиғи олчи бўлиб, тўқ ва фаровон яшаганини, уларнинг турли лавозим ва мансабларга эга бўлганини кўриб яшаган бўлса? Хотини айтаверади-да. Унинг отаси мулла бўлган. Қишлоқдаги масжидида бир умр даъват қилиб, ўн иккита бобой намозхонини ўн учта қилолмай ўтиб кетган. Қайтанга мулла Умар ўлгач, қолган ўн битта бобой ҳам камайиб-камайиб, масжидга ҳеч ким бормай қўйган.
Мустақилликдан кейин ўн беш-йигирмата тенгдошларини йиғиб, профессорнинг қайноғаси отасидан қолган масжидни обод қилиб, беш вақт намозни ўқиб туришибди. Мулла Умар қизи Озодани ҳам намозхон қилиб тарбиялаган. Ҳар замон хотини профессорга тарбия бермоқчи бўлиб, уни ўзининг сафига қўшишга ҳаракат қилиб кўради. «Ўқимишлини ўқитма, оқу қорани сендан яхши ажратиб оламан», дейди профессор хотинига. «Тўғри йўлга киринг, адашманг», деганда эса «Мен-ку фан доктори, профессорман, сен кимсан, нега менга ақл ўргатасан?» деб овозини сал кўтаради, шу билан хотини «Ўзингиз биласиз», деб ишига машғул бўлади.

* * *

Файзулла Зарипов уч дарс маъруза ўқиди. «Эртароқ қайтсам ўтарман», деган ваъдаси эсига тушиб, уйига қараб йўл олди. Келгунча яна мушоҳадаларга берилди. «Дин тумандир, у албатта тарқаб кетади», деган эди устозлари, аммо профессор гувоҳки, дин тарқаб кетмади. Қайтанга мустақилликдан кейин юртда минглаб янги-янги масжидлар қурилди. Йиллаб берк ётганлари очилиб, таъмирланиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб намозга кираяпти. Унинг тенгдошлари ҳам ҳаммаси аллақачон масжидга қатнашаяпти. Ўйлаб кўрса, фақат Файзулла Зарипов билан доим ичиб юрадиган Шоди пиён масжидга бормас экан. Бу нарсани ўйлади-ю, ўзини Шоди пиён билан бир хил мавқеъда, у билангина ҳамроҳ бўлиши мумкиндай ҳис қилиб, дилига ғашлик тушди. «Шоди пиёндан нарироқ бўлиш учунгина бўлса ҳам масжидга боришим керак, шекилли?» деган хаёл ўтди миясидан.
Файзулла Зарипов уйга келиб, хотини билан тушлик қилди.
— Масжидга соат нечада чиқиш керак экан? — сўради хотинидан.
— Худога шукур, — суюнди хотини. — Боришга аҳд қилибсиз-да? Ҳазрат кечки олтига келар эканлар. То хуфтон намозигача маърифат қилар эканлар. Кейин илк таробеҳ намозини ўзлари ўқиб берар эканлар. Маҳалламиздагилар учун бу катта бахт. Эртароқ чиқаверинг, ҳамма байрамга тайёргарлик кўргандек, шайланиб ётибди. Бир гуруҳ аёллар ҳам чиқмоқчи бўлиб турибмиз, биз ҳам Ҳазратнинг маърифатларидан бебаҳра қолмайлик, дедик.
— Яхши, ҳали соат иккидан энди ўтибди, мен икки соатча дам олай, кетаётганингда чақирарсан, — деди профессор ва бир чойнак чойни кўтариб, кутубхонасига кириб кетди.
Қайси куни хотини берган «Мен ҳам намоз ўқийман» деган китобчани варақлаб, таҳорат қилиш, намозга кириш тартибларини ўрганган бўлди. Кўзлари китоб¬да-ю, хаёлида ўз-ўзи билан баҳси давом этарди.
Аллоҳнинг борлигига ишониб-ишонмай шу ёшга етди. Аммо шундай мўъжизаларни кўрди, эшитдики, узил кесил «Худо йўқ», деёлмайди. Бир вақтлар «Одам маймундан тарқалган»лигига ўзи ҳам ишонарди. Қайси йили биринчи курсдаги бир талаба шу сўзларни айтган домласига «Балки сиз маймундан тарқагандирсиз, менинг отам одам, отамнинг отаси ҳам одам. Энг катта отам эса Одам алайҳиссалом. У отамни эса Аллоҳ одам қилиб яратган», деб дарсини ташлаб чиқиб кетганидан бери шу сўзларни эшитса ўзининг ҳам кулгуси қистайди.
Ўшанда ҳалиги домла талабани университетдан ҳайдашни талаб қилувди. Ректор эса ўша домланинг ўзини қайсидир бошқа ишга ўтказиб юборди.
— Э, таваккал, — деди профессор ва ҳаммомга бориб ҳалиги китобга қараб таҳорат қилди ва бунга ҳам кўнгли тўлмай доимгидек чўмилиб ҳам олди.
Хотини яхши ният билан олиб қўйган чопон ва дўппини сандиқдан олиб, эрига тутди.
— Бир йўла саллаям олмапсан-да, — деди профессор ва тарки одат амримаҳол, галстугини ҳам боғлаб, тўн ва дўппиларни кийиб, «Йўл бошла», дегандек хотинига қаради.
— Кўз тегмасин, дуппа-дуруст мулла бўлдингиз-қўйдингиз, — деди астойдил қувониб хотини.

* * *

Шайх Ҳазратларини юксак эҳтиром билан кутиб олишди. Ҳазрат шундай улуғ кунларга соғ-саломат етказганлиги, иймон аҳллари билан дийдорлаштиргани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиб, анжуманга ташриф буюрганларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундан сўнг Рамазон ойининг рўзаси ҳақида сўзладилар.
— Рўза баъзилар ўзлари тўқиб, ўзлари ишониб, бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилиб юрганларидек, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васаллам ўйлаб топган нарса эмас, — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида «Мен сизларга сизлардан олдин ўтган қавмларга буюрганимдек, бир ой рўза тутишни фарз қилдим. Бу ой Рамазон ойидирки, бу ой одамлар учун ҳидоят ойи, унда Қуръон нозил қилинди, ким бу ойга етса рўзани мукаммал ўттиз кун қилиб тутсин, шоядки, шукур қилсангизлар», деб марҳамат қилади. «Барча амалингиз ўзингиз учундир, биргина тутган рўзангиз мен учун, унинг савобини, ажрини ўзим бераман», дейди Аллоҳ таоло. Бу ойда қилинган савобли амалларнинг ажри бир неча юз маротаба зиёда қилиб берилади. Кечалари қилинган ибодатларнинг савоби мислсиз зиёда бўлиб, биргина Қадр кечасида қилинган ибодатнинг ажрига «Минг ойда қилинган ибодатнинг савобини бераман», дейди Аллоҳ таоло. Шунинг учун севимли Пайғамбаримиз бу ойда кечалари ибодатни кўпроқ килишимиз лозимлигини васият қилганлар.
Тўпланганлар кимлар рўза тутмаса бўлишлиги, нималар рўзани бузишлиги каби масалаларда кўплаб саволлар бердилар. Шайх Ҳазратлари барча саволларга мулойимлик билан батафсил жавоб бердилар. У зотнинг айтган барча гаплари профессор Файзулла Зариповнинг қалбида муҳрланаётгандек эди гуё.
«Ажабо, мен бу одамни бир мулла деб юрсам, бу одам кучли нотиқ, фавқулодда бой илмга эга катта олим ҳам экан-ку? — деб ўйларди профессор. — Агар университетимизнинг ўқитувчилари ҳам маърузаларини шу кишидай ўқиганларида эди, юз фоиз талаба аълочи бўлиб, тўртинчи курсдаёқ диссертация ишларини бошлаб юборган бўлишарди».
Шайх Ҳазратлари анжуман сўнгида у кишидан дуо умидида бўлганлар ҳаққига узундан-узоқ дуо қилдилар, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилдилар.
Профессор маърифат анжуманидан хотини айтганидек, кўнглига нур олди. Ҳатто бир-икки марта кўзи ҳам намланди. Эртароқ масжидга чиқмагани учун ичида ўзини койиди ҳам.
Хуфтон намозига азон айтилди. Ҳалиги гаплардан кейин профессор бурилиб уйига кетолмасди. Секингина туриб, сафдан жой олди. Хуфтон намозини ҳам, таробеҳ намозини ҳам Шайх Ҳазратларининг ўзлари ўқиб бердилар. Намоздан кейин ҳам бир-икки нарсаларни насиҳат қилиб тайинладилар.
— Бу йилги Рамазон ойини «Қалбларни поклаш, ахлоқни сайқаллаш ойи», деб эълон қилдик, — дедилар Шайх Ҳазрат. — Ҳар Рамазонда биттадан ўзингизда бўлган иллатдан қутулиб бораверсангиз, яқин орада хул¬қингиз Расули акрам саллоллоҳи алайҳи вассалламнинг хулқларига яқин бориб қолади, иншааллоҳ. Бу йил бизни тинглаб турганлардан биргина нарсани илтимос қиламан. Инсоннинг энг ёмон душмани, ўз ичидаги ғаними — ёлғончилик. Менинг сўзларим кўнглига озгина яхшилик уруғини ташлаган биродаримга шу ой ичида умуман ёлғон гапирмасликни вазифа қилиб юклайман. Зора, муборак Рамазон шарофати билан шу иллатдан қутулсангиз. Ёлғон гапиришдан қутулиб олсангиз қолгани жуда осон кечади.
Файзулла Зариповнинг тенгдош дўсти, маҳалла имоми ҳожи Абдураҳим домла худди профессорни назарда тутгандек, у томонга ишора қилиб деди:
— Муҳтарам Шайх Ҳазратлари, бугун сизнинг ташрифингиз шарофати билан масжидимизга илк бора келган биродарларимиз бор, уларнинг ҳаққига ҳам бир дуо қилсангиз!
Шайх Ҳазратлари ҳам худди масжидга янги келган биргина Файзулла Зариповдек, унга қараб қўлларини дуога очдилар:
— Аллоҳнинг уйига қадам қўйдингизми, ортга қайтишга йўл йўқ. «Мўъминни бир кавакдан икки марта чаён чақмайди», деганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам. Энди сиз билан биз битта халқадамиз, масжидга келмай қўйсангиз халқамизнинг битта занжири узилади ва бутун халқа заифлашади. Бунга йўл қўйманг! Ибодатда полвон бўлинг! Аллоҳим барчангизга икки дунё саодатини берсин, Аллоҳи таолонинг уйига қўйган қадамларингиз қутлуғ бўлиб, ҳар бир қадамингизга Аллоҳ беҳисоб ажру савобларни ёзсин!

* * *

Масжиддан уйига келар экан, профессор Файзулла Зариповнинг қалбини ажиб ҳаслар қамраб олган эди. Гўё олам кўзига доимгидан бошқача кўринар, гарчи ярим кечаси бўлса-да, хаёлида чор-атроф чороғондек туюларди. Бир неча соатда у тубдан ўзгариб, бутунлай бош¬қа одамга айланиб қолгандек эди. Профессор енгил қадам ташлаб борар экан, руҳида ҳам латиф бир енгилликни ҳис қилар, икки-уч ойдан бери кўнглини тарк этмаётган ғашлик, муттасил қилаётган ишларидан қониқмаслик кайфияти бутунлай йўқолган эди. Ҳамма уни кўрганда олдингидан бошқачароқ тавозеъ билан салом бераётгандек эди гуё. Бир-бирларига «Ҳа, ана, профессор ҳам аҳли солиҳлардан экан, қара, масжиддан келаяпти», дейишаётгандек ичида бир фахрланишми, намоз ўқиганидан ғурурланишми, шунга ўхшаш ҳислар жунбушга келаётган эди.
Профессор худди ёш боладек қувониб уйига кириб борди. Хотинининг ҳам бошқача бўлиб қолганини кўриб, энди ростдан ҳайратга тушди.
— Муборак бўлсин, дадаси, ўқиган намозларингиз қабул бўлсин, — деб хуш кайфият билан кутиб олган хотини профессорнинг тўнини олиб илди, ёнбошлаган профессорнинг оёқларини уқалаб қўйди.
— Бироз китоб қарай, — деб Файзулла Зарипов кутубхонасига кирди ва кундузи мутолаа қилган китобини қайта қўлига олиб, Қуръондан олинган ўнта кичик сураларни ўқий бошлади.
«Қул йа айюҳал кафирун…», «Қул ҳу валлоҳи аҳад…», Қул аъузу бироббил фалақ…», «Қул аъузу бироббин нас…» деб бошланувчи сураларни бир-икки ўқигандан уларни ёддан билиши эсига тушди. Кўзларини юмиб, ўша сураларни бир-бир такрорлаб чиққач, ўзининг хотирасига қойил қолди. У бу сураларни ҳали мактабга бормасдан туриб ёдлаган эди.
Худо раҳматли отаси намозхон одам эди. Беш вақт намозини канда қилмас, рўзани муттасил тутар, ҳар йили Қурбон ҳайити куни битта қўчқорни сўйиб, қурбонлик қиларди. Аммо замоннинг зайлига қараб, болаларига намоз ўқитмади. Лекин профессор бугун билди, отаси ўшанда болаларига бир намозлик нарсани, бир мўъмин киши билиши лозим бўлган нарсаларни ёдлатиб кетган экан.
«Ла илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»ни кўп айтиб юринглар, шунда у дунёда ҳам бирга бўламиз, — дерди отаси. — Кечаси ёлғиз юрганларингда, бир жойга кираётганларингда албатта «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим», денглар, у ердан шайтон қочади. Мана бу тўртта сурани ёдлаб олинглар, кечаси шуларни ўқиб ётсангизлар, ёмон тушлар кўрмайсизлар, ҳар хил инсу жинлар зиён бермайди. Бу сураларни «Чор қул» дейишади, Пайғамбаримиз севган суралар булар.
Отаси раҳматли шу тўрт сурани ёддан айтган опаларига ҳар куни йигирма тийиндан пул берарди. Муштдеккина Файзулла ҳам балки йигирма тийин илинжида шу сураларни ёдлагандир, аммо ҳар куни отаси ўргатган калималарни ва ўша тўрт сурани такрор-такрор ўқирди. Биринчи синфга борганида муаллима «Ким нимани ёдлаб келган бўлса айтсин», деганда чиқиб, «Қул ҳу валлоҳу аҳад»ни айтиб балога қолиб, директор қулоғини чўзиб, «Бунақа нарсаларни оғзингга олма», деганидан сўнггина отаси ўргатган нарсаларни овоз чиқариб айтишни бас қилган эди. Аммо то мактабни битиргунча ҳам ҳар тунда уйқуга кетишдан олдин тўртала сурани такрорлаб қўярди. Университетда худосизлик фани — атеизмни ўрганди-ю, билганларини ичида айтишни ҳам бас қилди. «Гўл бўлган эканмиз-да», деди.
Гўллик эшигини ўшанда очганини билмай қолди.

* * *

— Дадаси, туринг, саҳарлик қиламиз!
Файзулла Зарипов чаққон туриб таҳорат олди ва саҳарлик дастурхонини тайёрлаб, унинг келишини кутиб ўтирган хотини ва келинининг ёнидан жой олди.
— Келин сиз ҳам ният қилибсиз-да, — деб қўйди келинининг саломига алик олиб.
— Келинингиз келин бўлиб келганидан бери бирор йил рўзани қолдиргани йўқ, дадаси, — деди хотини. — Етти ёшидан бери рўза тутар экан. Сиз билмайсиз-да, намозларни ҳам биз қайнона-келин бирга ўқиймиз.
— Ҳа, қайнона билан келиннинг лойини бир жойдан олиши рост экан, — деди профессор.
Саҳарликдан сўнг жойнамоз сўраган эди, хотини деди:
— Сиз энди масжидга чиқинг. Беш вақт боролмайсиз, аммо Бомдод ва Таробеҳ намозларини ўқиш учун масжидга чиқмасангиз айб бўлади. Икки юз қадамда масжид туриб, уйда ўқисангиз дуруст эмас. Эркак намозини жамоат билан ўқиса савоби йигирма етти марта, Рамазон ойида эса етти юз марта зиёда савоб оларкан. Хотинларга бу савоб уйда ўқиса бериларкан.
Профессор тўнини кийиб, масжидга йўл оларкан, хотинига ҳазил қилди:
— Бир кунда отангга ўхшатиб мулла қилдинг-қўйдинг!
Шу-шу профессор ҳар куни cаҳарлаб масжидга чиқадиган бўлди. Таробеҳни ҳам жамоат билан ўқир, маҳалладагилар таклиф қилишганда ишдан эртароқ қайтиб, бобойларга қўшилиб, ифторликларга ҳам борадиган бўлди.

* * *

Файзулла Зарипов бир ой Рамазонда руҳиятида катта ўзгаришлар бўлаётганини англаб борди. У ўзини шу бир ой ичида худди анча улғайгандек ҳис қила бошлади. Кўпгина воқеа-ҳодисалар тўғрисида бошқачароқ мушоҳада қила бошлади. Аввваллари иш дебди, илм дебди, билгани уйи ва университет бўлибди. У энди элга қўшилиб, элнинг, маҳалла-кўйнинг ўй -ташвишлари билан ҳам ошно бўлди. Атрофдагилар нима билан нафас олаётганларини англади. Энг муҳими, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи вассалламнинг «Ножоиз жойларга қараманг, кўзингизнинг рўзаси бузилади, ғийбат, фасод гапларни эшитманг, қулоғингизнинг рўзаси бузилади, ношаръий гапларни гапирманг, оғзингизнинг рўзаси бузилади», деган муборак ҳадисларига риоя қилиб, ўқитувчилар орасида ҳам бўлиб турадиган иғво, ғийбатлардан, майда-чуйда баҳслардан ўзини четга олди. Ой давомида жангдаги ўқини тежаган аскар мисоли айтадиган сўзларини тежади. Пайғамбаримизнинг «Кам енг, кам денг, кам ухланг», деган ҳадисларини ўзига шиор қилиб олиб, иложи борича кам гапиришга ҳаракат қилди. Саҳарлик ва Бомдод намозидан кейин қайтиб ўринга кирмади ва ҳадисларни мутолаа қилди. Бир неча кичик сураларни ёдлади. Айниқса, Шайх Ҳазратларининг «Сизга шу ой ичида умуман ёлғон гапир масликни вазифа қилиб юклайман», деган гаплари деярли ҳар куни қулоғида жаранглаб турди ва бир ой ичида бир неча марта ёлғон гапиришга тўғри келган жойда, ёлғон гапирса иши битиб кетадиган жойда, ёлғон гапирса наф топадиган жойда ёлғон гапирмади. Рост гапиргани учун маломатларга қолса-да, ёлғон гапирмади.

* * *

Профессор Файзулла Зарипов университет қабул комиссияси раиси эди. Ҳуқуқшунослик факультетига имтиҳон топширган бир абитуриентнинг отаси қабулига кирди. Профессор уни яхши танир, кўпгина катта лавозимларда ишлаган бу кишининг ҳозир бир неча хусусий ресторанлари, меҳмонхонаси бор эди.
— Домлажон, жиянчангиз шу десангиз… прокурор бўлишни ният қилувди, — ўзининг «олтин заҳираси»ни кўрсатиб табассум қилди ресторан соҳиби. — Шу, шарт¬нома асосида ўқийдиганлар қаторидан жой олишга бир балмикин, ярим балмикин етмай қолибди-да. Шунга озгина ёрдам қилсангизу, биз камбағалларнинг боласи ҳам талаба бўлиб қолса, деган илтимос билан келувдим. Бу ёғига ҳар қандай хизматга мана, биз шаймиз, Файзулла ака.
— Ўғлингизнинг «Абитуриент гувоҳномаси»ни беринг¬чи, Ҳамид ака, — деди профессор ва Ҳамид ака узатган гувоҳномадаги рақамларга қараб, ҳуқуқшунослик факультетига имтиҳон топширган абитуриентларнинг рўйхатидан унинг ўғлига тегишли маълумотларни топди.
— Анча яхши балл тўплаган экан, — деди профессор қоғозлардан кўз узмай. Йиқилганларнинг ичида тепадан иккинчи ўринда турибди. Имконият бўлади, агар шартнома асосида қабул қилинганлардан икки киши ўқишни истамаса, ўғлингизни албатта чақирамиз, ҳозир битта ариза ёзиб ташлаб кетсин.
Ҳамид ака пишиқ одам, шартта чиқариб аризани узатди.
— Бўлди, — деди Файзулла Зарипов. — Энди бирор ҳафта кутасиз, қайси талабалар шартнома пулини белгиланган вақтда тўламаса ўрнига ўғлингизни чақирамиз, келиб шартнома пулини тўлаб ўқийверади, ака.
— Ҳамма нарсани тушунаман, — деди Ҳамид ака эшикка бир қараб олиб, овозини пасайтираркан. — Икки талабангиз ўқишни истамади ҳам дейлик. Кейин бу икки ўринга казо-казоларнинг нечтаси боласини тиқиштириш учун пойлаб ўтирганини ҳам биламан. Ҳозир шундай дейсиз-у, эрта ўғлим қолиб кетиб, ҳов, юз балл ҳам ололмаган Палончиевларнинг боласи ўқиб кетади.
— Ундай эмас, битта ўрин бўшаса ҳам аввал сизнинг ўғлингиздан тепада турган боладан, кейин сизнинг ўғлингиздан, кейин учинчисидан сўраймиз. Улар ўқийман деб турганда биз тўртинчи ўринда турган болани чақириб ўқитмаймиз.
— Майли, бу гаплар ўз йўлига, — деди Ҳамид ака эшикка яна бир марта қараб олиб ва ёнидан беш боғлам пул чиқарди. — Бўладиган гапдан гаплашайлик. Мана бу беш минг доллар пул. Азимжон жиянингиз талаба бўлса бас, шу пул ҳаққи-ҳалол сизники. Камига яна биз хизматдамиз. Азимжон ўқишни битиргунча сизнинг меҳмонларингиз менинг меҳмонларим бўлади. Зиёфати, меҳмонхонаси менинг бўйнимда. Азимжон прокурор бўлиб олса қолган хизматни ўзи қилади.
— Нима қилаяпсиз, Ҳамид ака, олинг пулингизни, айт¬дим-ку, иккита ўрин бўшаса Азимжонингиз ўқийди деб. Пул-мулсиз, ўзи тўплаган балл билан ўқийди.
— Майли, Файзулла ака, ўзи кирсаям майли, шу пулни олинг, илтимос, қайтарманг, менинг кўнглим тўқ бўлсин!
— Кўнглингиз тўқ бўлаверсин, Азимжоннинг ўрнига бошқа бола кириб ўқий олмайди.
Ҳамид ака такрор-такрор пулни ташлаб кетиш ҳаракатини қилди, аммо Файзулла Зарипов пулни олиб қолмади.
Кечқурун, ифторликдан сўнг хотини ва ўғли билан қолганида бу воқеани уларга айтиб берди.
— Икки йилдан бери йиққан пулимиз машинага етмай турувди, олсангиз эртагаёқ яп-янги «Нексия» олардик-да, дада, — деди ўғли.
— Худо кўрсатмасин, кейин ўша машинада бирор фалокатга учрасак, айбни ким-кимлардан ахтариб юрардик, олмай тўғри қилибсиз, дадаси, — деди хотини. — Ҳаром нарса барибир буюрмайди. Ҳаромдан ҳазар қилмаган одам тез бойидим деб ўйлайди. Аммо ундан ҳам тез хор бўлишини билмайди. Бу дунёда хор бўлмаса охиратда албатта хор бўлади.
Орадан беш кун ўтиб ҳуқуқшунослик факультетидан учта ўрин бўш қолгани аниқ бўлди. Файзулла Зарипов Ҳамид ака қолдирган телефон рақамини ахтариб турганда унинг хонасига факультет декани кириб келди. Салом аликдан сўнг бўшаган уч ўринга кимларни чақириш мумкинлиги ҳақида гап бошлади. Уч кишининг исми шарифи ёзилган қоғозни узатди. Профессор унга кўз югуртириб Азимжоннинг исмини кўрмади. Кейин декан тавсия қилаётган абитуриентларнинг тўплаган балларига кўз югуртирди.
— Буларнинг бали анча паст-ку, Фаррух Фирдавсович? Мана бу Шуҳратов деганиники юзга ҳам етгани йўқ.
— Тўғри, Файзулла Шарипович, аммо… Шуҳратов деганимиз… Шавкат аканинг ўғиллари…
— Нима бўпти Шавкат Шуҳратовнинг ўғли бўлса? Шавкат акангиз ўғлини ўқитсин эди вақтида. Энди шу бали билан у талаба бўлса, салкам икки юз балл тўплаб оғзимизни пойлаб ўтирган болаларга нима деймиз?
— Файзулла Шарипович, ўзингиздан қолар гап йўқ, Шуҳратов ўн минг «кўк»идан ташлаб кетган, олмайман десам ҳам мажбурлаб ташлаб кетган… Менга бир сўми ҳам керак эмас. Шуни олинг-да, ўғлини чақиринг. Мен ўша одамнинг олдида ер чизиб қолмасам бўлди. У одам билан ўйнашиб бўлмайди. Кейин мен тинч юролмайман.
— Ўн минг «кўк» денг, — деди Файзулла Зарипов ўғлининг «Яп-янги «Нексия» олардик», деган гапини эслаб. — Шуҳратов билан ўйнашиб бўлмайди, денг. Майли, сиз бораверинг, ўйлашиб кўрамиз.
Декан чиқиб кетгач, Файзулла Зарипов Ҳамид акага қўнғироқ қилди. Ҳамид ака эшик тагида пойлаб ўтирган экан, шекилли, профессорнинг бўлаётган ишлар ҳақидаги мушоҳадалари тугамасданоқ кириб келди.
— Керакли ҳужжатларни девондан олинг, шартнома тўловларини тўланг ва эртадан Азимжонни ўқишга юборинг, табриклайман.
Ҳамид ака шошиб қолди. Урнидан туриб профессорни қучоқлаб олди. Ёнидан ўша, профессорга таниш долларлар тахламини олди.
— Раҳмат, домлажон, биздан қайтмаса Худодан қайтсин! — Ҳамид ака пулларни профессорнинг чўнтагига солмоқчи бўлди.
— Қани, жойингизга ўтиринг-чи, — деди Файзулла Зарипов ва Ҳамид ака жойига ўтиргач, давом этди: — Пулингизни олиб қўйинг, яхши кунларга ишлатинг. Азимжон ўз кучи, ўз билими билан талаба бўлди. Бориб униям, онасиниям табриклаб, хурсанд қилиб қўйинг!
— Аммо биламан-ку, домлажон, унга сиз ёрдам қилдингиз. Казо-казоларнинг қанча пулни кўтариб эшикма-эшик юрганиниям биламан. Мабодо кам деётган бўлсангиз, айтинг, етса молим, етмаса жоним.
— Қизиқ одам экансиз-ку, Ҳамид ака, — деди профессор. — Бўлди, энди кетинг, бўлмаса мелиса чақираман. «Худодан қайтсин», дедингиз-ку, ана шунинг ўзи етади. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин, ҳаромдан сақласин, ҳалол ризқ берсин!
— Э, яшанг, Файзулла ака, — деди Ҳамид ака эшикка қараб юраркан. — Ўлай агар, «Университетда шунақа домла бор экан», десам биров ишонмайди.
— Ишонишади, ишонишади, — деди профессор. — Бундан кейин ишонишади. Ҳалол домлалар кўп экан десангиз ҳам ишонишади, ҳадемай…

* * *

Файзулла Зариповнинг ҳаётида кўп ўзгаришлар ясаган муборак Рамазон ойи ҳам ўтди. Профессор бирданига бир нимасини йўқотган одамга ўхшаб қолди. Бир ой рўзасини бузиб қўймаслик учун ҳушёр бўлган, оғзига бир нарса солишдан эҳтиёт бўлиб юрган одам бирданига хоҳлаган пайти, хоҳлаган нарсани оғзига солиши мумкинлиги унга эриш туюлиб юрди бир-икки кун. Аммо энди саҳарликларга туриш масъулияти бўлмаганидан ора-сира Бомдод намозига ухлаб қоладиган кунлари ҳам бўлди. Шундай кунлар кун бўйи профессорнинг таъби хира бўлиб юрарди. Айниқса, кечқурунлари байрамга боргандек, тайёргарлик кўриб таробеҳ намозларига бориш йўқ бўлгач, кундалик ҳаётидан қандайдир файз кетиб қолгандай туюлди. Ўз устидан бир ой ўрнатган назорати сусайиб, ишхонада бўладиган айрим гап-сўзларга аралашадиган бўла бошлади. Авваллари бундай суҳбатлардан сўнг айрича таассуротга берилмаган Файзулла Зарипов энди бундай гап-сўзлардан сўнг, пушаймонлик ҳиссини, ўзини айблаш ҳиссини туя бошлади.
Ана шундай ўзи билан ўзи курашиб юрган кунларидан бирида қўшни маҳаллага маърифатга таклиф қилишди. Саҳарлаб Абдураҳим домла билан қўшни маҳаллага кириб келган профессор овоз кучайтиргичлардан таниш, жонига малҳам бўлгувчи овозни таниди-ю, қадамини тезлатди. Бу овоз профессорнинг Ҳақни танишига, унинг иймон эшикларини қоқишига воситачи бўлган, эътиқоди мустаҳкам бўлишига сабабчи бўлган Шайх Ҳазратларининг овози эди.
— Мана, муборак Рамазон ортда қолди, энди Рамазондаги шу савоблар, шу фараҳбахш туйғулар, шу кўтаринки кайфият, шу Ҳаққа яқинлик бардавом бўлишлиги учун нима қилишимиз керак? — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Ўзимизни худди Рамазондагидек тутиб, Рамазонда қутилишга ҳаракат қилган салбий одатларимизни бутунлай тарк этишимиз керак. Азизлар, рўзанинг уч босқичи, уч даражаси бор. Биз шу пайтгача тутган рўзамиз, яъни кундузлари емай-ичмай, нафсимиз ва фаржимизни тийиб юриш билан чекланиладиган рўзамизни уламолар «Омманинг рўзаси» дейишади. Омманинг рўзаси — ҳамманинг рўзаси. Рўзанинг даражаси улуғроқ, иккинчи босқичдагисини уламолар «Хосларнинг рўзаси» дейишади. Бунда нафси ва фаржини тийишдан ташқари тана аъзоларининг ҳам рўзасига эҳтиёт бўлинади. Яъни, кўзлар намаҳрамга қарашдан, қулоқлар ношаръий гапларни эшитишдан, тил ножоиз гапларни айтишдан, қўллар сизники бўлмаган нарсага узатилишдан, оёқлар нораво жойларга бориш, нопок жойга қадам босишдан тийилади. Даражаси энг юқори бўлган учинчи босқичдаги рўза ҳам борки, у рўзани хосларнинг хоси тутади. Ундай рўзани тутган одам нафсини, фаржини, тана аъзоларини тийишдан ташқари, қалбини ҳам рўза туттиради. Ўзини шундай тутадики, унинг қалбида Аллоҳ таолодан ўзга, унинг зикридан, унинг дийдорини кўриш орзусидан бошқа ўй, фикр, ният қолмайди. Энди бундай рўзани саноқли одамларгина тутадики, улар етишган зотлар. Аммо сиз билан биз биринчи босқичдаги рўзани тутиш машқини олдик, энди секин-секин иккинчи босқичга ўтсак ҳам бўлади. Бу унчалик қийин ҳам эмас. Ўрганган рўзамиздан озгина фарқи тана аъзоларимизни ҳам эҳтиёт қилсак, уларни ҳам рўза туттирсак бўлди. Ана шунда қалбларимиз покланиб боради, ахлоқимиз сайқалланиб боради ва яқин йилларда севимли Пайғамбаримиз бизга мерос қолдирган, мукаммал эгаллашимизни васият қилган хулқ соҳиби бўлишимиз мумкин бўлади.
Файзулла Зарипов Шайх Ҳазратлари холи қолишларини пойлаб, у кишининг дуоларини олишни ният қилди. Шайх Ҳазратлари кетар маҳали барча ихлосмандларга қўл бериб сўрашган, дуо қилган маҳали ниятига етди ва дилидаги саволини ҳам берди:
— Шайх Ҳазратлари, Рамазон ойининг рўзасидан бош¬қа рўзалар ҳам борми? Йил бўйи тутишимиз мумкин бўлган рўзалар ҳам борми?
— Бор. Ҳар турлик нафл рўзалар бор, — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Пайғамбаримиз ҳар ойнинг аввалида, ўртасида, охирида уч кундан рўза тутганлари, ҳафта кунларидан эса ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўзадор бўлиб юрганлари маълум ва машҳур. Кимки «Амалларим севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳи алайҳи вассалламнинг амалларига пайровлик бўлишини истайман, жаннатда у киши билан бирга бўлишни истайман», деса унга ана шу рўзаларни тавсия қиламан. Аммо йил бўйи узлуксиз рўзадор бўлишдан, ҳафта кунларидан эса алоҳида ажратиб олиб, жума кунининг ўзида рўза тутишдан саллаллоҳи алайҳи вассаллам қайтарганлар. Аммо пайшанбага ёки шанбага қўшиб тутилса, жума куни ҳам рўза тутса бўлади.
— Аллоҳга шукур, — енгил нафас олди профессор. — Мен энди шу билан келаси Рамазонгача рўза йўқмикан, деб қўрққан эдим.
— Нима учун нафл рўзаларга қизиқиб қолдингиз? — деб сўрадилар Шайх Ҳазратлари профессордан. — Рамазон ойида рўза тутиб, рўзанинг алоҳида бирор фазилатини англаб қолибсиз, чоғи?
— Кўп фазилатини англадим, — деди профессор. — Аммо бир алоҳида хислатига гувоҳ бўлдимки, бу нарса менинг ҳаётимда катта бурилиш ясади. Аммо батафсил сўзлаб берай десам вақтингизни олиб қўйишдан истиҳола қиаяпман.
— Қани, қани? — қизиқиб қолдилар Шайх Ҳазратлари ва профессорнинг билагидан тутиб яқинларида турган стулга ўтиришга таклиф қилдилар.
Файзулла Зарипов Шайх Ҳазратлари билан ёнма-ён ўтиришган заҳоти уларниг атрофини одамлар ўраб олишди.
— Қани, сўзлаб берингчи? — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Истиҳола қилманг, аввало биз шошаётганимиз йўқ, вақтимиз бемалол. Қолаверса, бу нарса одамларга ҳам қизиқ ва фойдали бўлиши мумкин. Сиз айтиб бермоқчи бўлаётган гаплар балки бошқаларга ибрат бўлар? Марҳамат, бемалол сўзланг!
— Очиғини айтсам, сизнинг даъватингиздан кейин бу йил умримда биринчи марта рўза тутдим, — деб гап бошлади профессор. — Эсингизда бўлса, бизнинг маҳалламиздаги масжидда Рамазоннинг илк кунида барчамизга бир нарсани вазифа қилиб юклаган эдингиз. Ҳар Рамазонда биттадан хулқимизда бўлган иллатдан қутулиб боришимизни тавсия қилиб, «Сизга шу ой ичида умуман ёлғон гапирмасликни вазифа қилиб юклайман», деган эдингиз. Сиз бу гапни айнан менга айтмадингиз, ҳаммага айтдингиз, аммо мен тарафга қараб туриб айтгандингиз. Рамазон ичида сиз бизга юклаган шу вазифани ўзимга шиор қилиб олдим. Бошида тарки одат амри маҳол бўлиб, бироз қийналдим. Аммо бора-бора баъзан билиб-билмай, баъзан иш юзасидан мажбур бўлиб, баъзан шунчаки, беэътиборлик қилиб гапирадиган ёлғон гапларимиздан ҳазар қиладиган даражага келдим. Кўп идораларга ишим тушиб борганимда биргина ёлғон сўз ишлатсам ишим битиб кетарди, аммо «Рўзам бузилмасин», деб ўзимни тийдим. Текширувчилар келишди, биргина ёлғон гап айтсам, ўзимнинг айбим очилмас, кейин ҳамкасбларимдан маломатга қолмас эдим. Аммо «Рўзам бузилмасин», деб ўзимни тийдим, рост гапириб, ташвиш орттириб олдим. Яқингинада ўғли ўқишга кирганида мени ёрдам берди, деб ўйлаб беш минг доллар пулни таклиф қилган одамга бир оғизгина «Ҳа, мен ёрдам қилдим», десам ўша пуллар меники бўларди. Аммо «Рўзам бузилмасин», деб ёлғон гапиролмадим. Хуллас, кўп бора ёлғондан рўзам боисгина ўзимни тийдим. Аммо энди рўза йўқ. Рўза бўлмаса, «Рўзам бузилмасин», деган қўрқув бўлмаса, баъзан мажбур бўлиб, баъзан нафсим устун келиб, ёлғон гапириб қўймасмиканман, деган шубҳам бор эди. «Қани эди ўн икки ойнинг барчаси Рамазон бўлса-ю, биз рўзадор бўлиб, рўзанинг ҳурматидан гуноҳларимиздан тийилиб юрсак», деб орзу қилувдим. Аммо мана, муҳтарам Шайх Ҳазратлари, нафл рўзаларни санаб бердингиз, энди мен Пайғамбаримиз тутган рўзаларни муттасил тутишга аҳд қилдим. Зора, хулқимдаги бошқа иллатлардан ҳам бутунлай қутулсам.
— Барча нарсага қодир зот бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! — деб Шайх Ҳазратлари ўрниларидан туриб кетдилар ва профессор Файзулла Зариповни маҳкам бағрларига босиб дедилар: — Меҳрибон Аллоҳим қалбингизга ҳақиқий иймон нурини жойлабди. Сизни покиза ҳидоятга мушарраф қилибди, муборак бўлсин!
Шайх Ҳазратлари атрофда турган одамларга мурожаат қилдилар:
— Бу айтилганлар сизларга ҳам ибрат бўлсин! Ибодатни англаб қилишни, қилган ибодатингиздан роҳат қилиб ибодат қилишни ўрганинг. Келинглар, азизлар, биродаримизнинг ҳаққига дуо қилайлик: Аллоҳ таоло бу биродаримизга ҳақиқий иймонни бергани рост бўлсин, ўзлари аҳд қилганларидек ибодатлари бардавом бўлиб, ахлоқлари сайқалланиб боришларини, қалблари, руҳлари покланиб, Аллоҳ суйган бандалардан бўлишлигини, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи вассалам билан бирга Кавсар ҳовузи атрофида бирга бўладиган умматлардан бўлишлигини Аллоҳ бу кишига ҳамда сизу бизларга ҳам насиб қилсин! Омин, Аллоҳу Акбар!

Каримберди Тўрамурод

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун махлуқоту мавжудотни яратган ва биз бани одамни ўзининг улуғ китоби бўлмиш Қуръони каримидаquotДарҳақиқат, биз бани одамни одам болаларини мукаррам қилиб давоми...

2640 21:12 / 19.04.2017
Ўн икки ойнинг султониmdashcор бўлиб кел, Рамазон,Расулуллоҳ умматигаёр бўлиб кел, РамазонЖоним тўшай йўлларинггазор бўлиб, кел, Рамазон,Хаста руҳим даво изларmdashкор давоми...

3319 21:14 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймРамазон ойи улуғ бир неъматдир. Бу ойда Аллоҳнинг рахмат, мағфирати янада зиёда ҳолда бандаларига тақдим этилади. Росулуллоҳ с.а.в. давоми...

3653 21:12 / 19.04.2017
Ярим тун. Бухоро мадрасасида таҳсил олувчи талабалар мириқиб ухлашмоқда. Фақат илмга ўта чанқоқ бириккита талаба жойлашган хонанинггина чироғи ёқиғли. Бир пайт давоми...

3279 21:15 / 19.04.2017
Аудиолар

120088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41757 14:35 / 11.08.2021