128 18.04.2017

Ҳар бир илмда бўлгани каби «Мусталаҳул ҳадис» илмида ҳам ўзига хос атамалар, таърифлар ва тушунчалар бор. Мазкур нарсаларни яхшилаб тушуниб олиш бу илмнинг қоида ва қонунларини ҳамда ундаги нозик сирларни англаб етишга ёрдам беради. Зотан, бу нарсалар ушбу илмни ўрганиш давомида тез ва кўп такрорланадиган ҳамда бу илмни ўрганаётган толиби илм тушуниб етиши лозим бўлган таърифлардир.

1. «Мусталаҳул ҳадис» илми.

«Мусталаҳул ҳадис» илмлардан бир илм бўлиб, унда ҳадисни қабул ёки рад қилиш учун матн ва санаднинг аҳволларини текширишни ўргатадиган қоида ва усуллар ўрганилади».    

«Мусталаҳул ҳадис» илми бир неча усул ва қоидаларни ўргатадиган илмдир. Ана шу усул ва қоидаларни ўрганган одам ҳадиснинг матнини, санадини ва уларнинг аҳволларини ўрганиш имконига эга бўлади. Маълум ҳадиснинг санадида нима гап бор? У қабулга ярайдими ёки ярамайдими? Яраса, қайси даражада ярайди? Ўша ҳадиснинг матнида нима гаплар бор? У яроқлими ёки яроқсизми? Яроқли бўлса, нима учун яроқли? Хатоси ёки нуқсони бўлса, нима учун хатоли ёки нуқсонли? Қисқаси, «Бу ҳадисни қабул қиламиз ёки қабул қилмаймиз» дея олишга етадиган нарсаларни, усул ва қоидаларни ўрганилади.

2. «Мусталаҳ» илмининг мавзуъи.

«Мусталаҳул ҳадис» илмининг мавзуъи қабул ёки рад қилиш жиҳатидан ҳадиснинг матни ва санадини ўрганишдир.

«Мусталаҳул ҳадис» илмида ҳар бир ҳадисни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин унинг санадини, яъни ҳадисни ривоят қилувчи шахсларни бирма-бир ўрганиб чиқилади. Уларнинг ривоятларининг турлари, ривоятлар узилмай келганми ёки узилиб қолганми, қайси лафзлар билан қилинган ва шунга ўхшаш кўп тарафлари ўрганилади.

Ҳадиснинг санади ўрганиб бўлинганидан кейин, унинг матнини ҳам ўрганиш бошланади. Ундаги нуқсонлар ҳам ўзига яраша қоидалар асосида ахтарилади. Олиб борилган изланишлар натижасига қараб, ҳадисни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида ҳукм чиқарилади.

3. «Мусталаҳул ҳадис» илмининг фойдаси.

Бу илмнинг фойдаси ҳадисларнинг саҳиҳини саҳиҳ эмасидан ажратиб беришдир. Маълумки, ҳадис дийний ҳужжат сифатида Қуръондан кейин иккинчи ўринда турадиган манбаъдир. Аммо бу савиядаги далил бўлиши учун ҳадис маълум даражада кучли бўлиши шарт.

Турли сабабларга кўра, ҳадислар аралаш бўлиб кетган. Уларнинг саҳиҳини, ҳужжат ва далил бўлиш кучига эгасини ва саҳиҳ эмасини ажратиш учун алоҳида илм керак. Ўша илм «Мусталаҳул ҳадис» илмидир. Айнан шу илмни ишга солиб уламоларимиз қадимда ҳадисларни саралаб чиққанлар. Ҳозирда эса, уларнинг қилган ишларини қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки тушуниб етиш учун «Мусталаҳул ҳадис» илми ўрганилади.

4. Ҳадис.

«Ҳадис» лафзи араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, «ҳадис» деганда, луғатга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.

«Ҳадис» – уламолар истилоҳида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ва сифатлардан иборатдир.

Ҳадис муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), хулқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар ҳадис ёки суннатдир».

Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбаълар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «ҳадис» деб номланишини англатмоқда. Ана ўша таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

«Гап»

Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради. Мисол учун, у зот: «Албатта, ишлар ниятга боғлиқдир», – деганлар.

Ушбу муборак гапни эшитган одамлар, уни омонат сифатида эшитмаганларга айнан ўзлари эшитган ҳолатда етказганлар. Шу тарийқа авлоддан авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, китобига ёзган. Буни «қавлий (гап) суннат» ёки «қавлий ҳадис» дейилади.

«Иш»

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш – амалларидир. Мисол учун, тоҳарат қилиш, намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва бошқа ишларни олиш мумкин. Шунга ўхшаш амалларни кўрган кишилар бу ҳақда кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тарийқа ҳадис олимига етиб келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» ёки «амалий ҳадис» дейилади.

«Тақрир»

Бу сўз луғатда бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборатдир. Бунга мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш гап билан «маъқул» деб айтиш ёки инкор қилмай индамай қўйиш билан ҳам бўлади Буни «тақририй суннат» ёки «тақририй ҳадис» дейилади.

«Халқий» (тана тузилишидаги) сифатлар»

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари, айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълийф қилмасалар-да, ушбу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

«Хулқий(ахлоқий) сифатлар»

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

«Таржимаи ҳол»

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб то Роббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўпламини «Сийрат» ҳам дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз ушбу олти бандга тегишли ҳар бир маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, сўнгра ўз китобларига киритганлар.

5. Хабар.

«Хабар» сўзи, луғатдаги маъносига кўра, содир бўлган маълумотни бировга етказишдан иборатдир.

Уламолар истилоҳида хабарнинг таърифида уч хил гап келган.

1. Хабар – ҳадиснинг муродифи (синоними). Хабар ҳам, ҳадис ҳам бир хил маънодаги нарса, яъни, уларнинг орасида фарқ йўқ.

2. Хабар ҳадисга тескари маънода ишлатилиши ҳам мумкин. Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган нарса «ҳадис» дейилади. Ул зот алайҳиссаломдан бошқалардан ривоят қилинган нарсани «хабар» дейилади.

3. Бу қавл аввалгилардан умумийроқ бўлиб, икки нарсани жамлайди. «Ҳадис» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидангина келган нарсадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, бошқа шахсдан ҳам келган нарсани «хабар» дейилади.

6. Асар.

«Асар» сўзи луғатда «қолдиқ» деган маънони билдиради.

Уламолар истилоҳида эса, «асар»нинг таърифида икки хил гап айтилган:

1. Асар ҳадиснинг муродифидир. Яъни, ҳадис билан асарнинг маъноси истилоҳда бир хилдир, дейилади.

2. Асар ҳадисга тескари бўлиб, у ҳадис билан бир хил маънони ифода этмайди. «Асар» деганда, саҳоба ва тобеъинларга нисбат берилган сўзлар ва феъллар тушунилади.

7. Иснод.

«Иснод» сўзининг икки хил маъноси бор.

1. Бир сўзни унинг айтувчисига нисбат бериш, суяб қўйиш, бу гапнинг эгаси фалончи, дейиш «иснод» дейилади.

2. Матнга улаштириб олиб борадиган одамларнинг силсиласини «иснод» дейилади. Бу маънода «иснод» ва «санад» бир хилдир.

8. Санад.

«Санад» сўзи араб тилида «суянилган нарса» маъносини билдиради. Санадни «санад» дейилишидан мақсад ҳадис ана ўша санадга суянганидандир.

Санаднинг истилоҳий маъноси – матнга олиб борувчи кишиларнинг силсиласидир.

9. Матн.

«Матн» сўзи араб тилида қаттиқ ва ердан кўтарилиб турган нарсани англатади.

Уламолар истилоҳида эса, каломнинг санади етиб борган нарсани «матн» дейилади.

10. Муснад.

«Муснад» сўзи араб тилида исми мафъул бўлиб, бир нарсани суяб турган нарсага айтилади. «Унга нисбат берилди» дегани «унга суяб қўйилди» деган маънода бўлади.

Уламолар истилоҳида эса, «муснад» сўзининг уч хил маъноси бор.

1. Ҳар бир саҳобийнинг ривоят қилган ҳадисларини алоҳида жамловчи китобга «муснад» дейилади. Мисол учун, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад» номли китоблари бўлиб, бу китобдаги ҳадисларни ўқийдиган бўлсак, бошқа китобларга ўхшаб «иймон боби», «намоз боби», «тоҳарат боби» каби боблар йўқ. У ерда «муснади Абу Бакр» деб туриб, ҳазрати Абу Бакрдан нечта ҳадис имом Аҳмадга етиб келган бўлса, кетма-кет келтирилган. Ундан кейин, мисол учун, ҳазрат Умар ривоят қилган ҳадислар келтирилиши мумкин. Бу нарса алифбо тартибида бўладими ёки бошқа тартибдами, фарқи йўқ. Муҳими, муҳаддислар тузган қоидага биноан, битта саҳобий нечта ҳадис ривоят қилган бўлса, шу ҳадислар келтирилиб, китобга жамланган бўлса, «муснад китоб» дейилаверади.

2. Санади муттасил – кетма-кет бир-бирига улашган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиб борилган ҳадисни ҳам «муснад» дейилади. Яъни, охирги ровийдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача борган ровийларнинг ҳар бири ўзидан олдинги ровийдан хабарни тўғридан-тўғри олса, шуни «муснад ҳадис» дейилади.

3. «Муснад» сўзи «санад» маъносида ҳам ишлатилади. Бунда муснад «масдари миймий» маъносини ифода қилган бўлади.

11. Муснид.

«Муснид» ҳадисни санади билан ривоят қилувчи шахсдир. У ўзи ривоят қилган ҳадисни илм тарзида биладими ёки ёдлаб олиб гапиряптими, фарқи йўқ. Уни ҳам, буни ҳам «муснид» деб аталади.

12. Муҳаддис.

«Муҳаддис» ҳадис илмининг ривояти ва дирояти билан машғул бўлган кишидир.

«Ривоят»нинг маъноси ким тарафдан ривоят қилинаётганини билишдан иборатдир.

«Дироят»нинг маъноси ҳадиснинг матнидан чиқадиган илмни ўрганишдир. Кўпгина ривоятлардан ва ровийларнинг аҳволларидан хабардор бўлган кишини «муҳаддис» дейилади. Муҳаддис жуда кўп ҳадисларнинг матнини ёд билади. Шунингдек, у саҳиҳ китоблардан кўпини ўрганган, ҳадислар фиқҳини биладиган ва ғарийбларини ҳам ажратадиган бўлади.

13. Ҳофиз.

«Ҳофиз» лафзи ҳам ҳадисга боғлиқ китобларда кўп учрайди. Унинг икки хил маъноси бордир.

1. Кўпчилик муҳаддисларнинг наздида «ҳофиз» дегани «муҳаддис» сўзи билан муродифдир.

2. Ҳофизнинг даражаси муҳаддисдан юқорироқдир. Яъни, унинг ҳар табақадаги билими жаҳолатидан устиндир. Ушбу гап тўғрилигини кўпчилик тасдиқлайди.

Ибн Саййидиннас юқорида ўтган муҳаддиснинг сифатларини зикр қилганидан кейин, шундай дейди:

«Агар бу нарсада яна ҳам кенг кўламга эришиб, шайхлари ва шайхларининг шайхларини табақама-табақа яхши биладиган бўлса ва ҳар бир табақада билгани билмаганидан кўп бўлишига эришса, ҳофиз бўлади».

Жамолуддийн Миззий эса, ҳофиз ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Кам деганда, таржимаи ҳоллари, аҳволлари ва юртларини билган одамлари билмаганларидан кўп бўлганда, ҳофиз бўлади».

14. Ҳоким.

Баъзи аҳли илмнинг фикрига қараганда, ҳадисга боғлиқ ҳамма илмни иҳота қилиб олган одамни «ҳоким» дейилади. Унинг билмай қолган нарсаси жуда оз бўлади.

15. Амирул мўъминийн.

Ушбу унвон ҳадис илми бўйича энг олий унвон ҳисобланади. Бу унвонга жуда ҳам оз ва нодир шахсларгина сазовор бўлганлар. Улар ҳадисда энг пешқадам олимлар саналади. Ўз асрларининг кўзга кўринган олимлари бўлганлар. Ушбу унвонга сазовор бўлганлар ичида Абу Зинод куняси билан машҳур бўлган Абдурроҳман ибн Абдуллоҳ ибн Заквон Маданий, Шўъба ибн Ҳажжож Воситий, Суфён Саврий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Бухорий, Дорақутний ва бошқалар бор.