196 18.04.2017
Ислом оламидаги умумий тушкунлик, жумладан, исломий илмлардаги тушкунлик даврида бошқа барча илмлар қатори ««Мусталаҳул ҳадис»» илми ҳам эътиборсиз қолди. Эски китобларни чанг босди. Янгиси эса, умуман ёзилмай қолди.
Ўтган милодий асрнинг биринчи ярмида бошқа илмлар қатори ««Мусталаҳул ҳадис»» илмига ҳам аста-секин қайта мурожаат қилиш бошланди. Бу муҳим илмдан дарслар ўтилиши қайтадан йўлга қўйила бошлади. Эски услубда ёзилган китоблар билан бир қаторда янгилари ҳам пайдо бўла бошлади. Бошқа исломий илмлар каби кўп бўлмаса ҳам, баъзи илм толиблари бу илмга мутахассис бўлиш учун ҳаракат қила бошладилар.
Шунингдек, ««Мусталаҳул ҳадис»» илмига оид илмий анжуманлар ҳам, оз бўлса-да, ўтказила бошланди. Мазкур ҳаракатларнинг самараси ўлароқ янги дарслик китоблар ва илмий асарлар ҳам пайдо бўла бошлади.
Қуйида бизнинг асримизда ёзилган ««Мусталаҳул ҳадис»» илмига оид баъзи китоблар билан таништириб ўтишга ижозат бергайсиз.
1. Қоваидут-таҳдийс.
Бу китобни Муҳаммад Жамолуддийн ибн Муҳаммад Саъийд ибн Қосим ибн Солиҳ ибн Исмоил ибн Бакр Қосимий Димашқий таснийф қилган. У киши ҳижрий 1283-санада туғилиб, 1332-санада вафот этган. (1866 – 1914 м). Муҳаммад Жамолуддийн Қосимийни «Шомнинг алломаси» деб атайдилар. У киши турли исломий илмлар бўйича етмиш тўққизта китоб ёзган. Жумладан, Қуръони Каримга тафсир ҳам ёзган ва у китоб «Тафсири Қосимий» номи билан машҳур бўлган.
«Қоваидут-таҳдийс»нинг тўлиқ исми «Қоваидут-таҳдийс мин фунуни Мусталаҳул ҳадис» бўлиб, жуда ҳам фойдали китобдир. Муаллиф бу китобни ёзишда аввалги машҳур китоблардан унумли фойдаланган.
2. «Тавжийҳун-назар ила усулил асар».
Бу китобнинг муаллифи шайх Тоҳир ибн Солиҳ ибн Аҳмад Жазоирий Дамашқийдир. Нисбатдан кўриниб турибдики, бу киши асли жазоирлик бўлиб, кейинчалик Дамашқда яшаб ўтган. У киши ҳижрий 1338-санада вафот этган.
Шайх Тоҳир ибн Солиҳ ибн Аҳмад Жазоирий «Қоваидут-таҳдийс»нинг муаллифи шайх Муҳаммад Жамолуддийн Қосимий билан ҳамаср бўлган. У кишининг китоби илмийлиги билан ажралиб турган. Бошқача қилиб айтганда, ушбу китоб мутахассисларга мос қилиб ёзилган.
Шайх Тоҳир ибн Солиҳ ибн Аҳмад Жазоирий ўзининг «Тавжийҳун-назар ила усулил асар» китобини ёзишда Ҳоким Найсабурийнинг «Китабу улумил ҳадис»идан ва Ибн Аби Ҳотим Розийнинг «Илалул ҳадис» китобидан кенг равишда фойдаланган.
3. «Ал-манҳалул ҳадийс фий улумил ҳадийс». 
Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад Абдулазийм Зарқонийдир. У киши Мисрдаги «Ал-Азҳар» дорулфунунининг уламоларидан бўлган. Усулуд-дийн куллиясининг даъват ва иршод қисмида «Улумул Қуръон» ва «Улумул ҳадис» фанларидан дарс берган.
Шайх Муҳаммад Абдулазийм Зарқоний «Ал-Азҳар уламолари жабҳаси»нинг бош котиби ҳам бўлган. У киши Улумул Қуръон фани бўйича ёзган «Манааҳилул ирфон фий улумил Қуръон» номли китоби билан машҳур бўлган. Аммо шу билан бирга, «Мусталаҳул ҳадис» илми бўйича «Ал-манҳалул ҳадийс фий улумил ҳадийс» китобини ҳам ёзган.
 Шайх Муҳаммад Абдулазийм Зарқоний ҳижрий 1367-милодий 1948-санада вафот этган.
4. «Улумул ҳадис ва мусталаҳуҳу».
Бу китобнинг муаллифи Ливанлик ҳамаср олимлардан доктор Субҳи Солиҳдир. У киши Ливандаги Аҳли сунна олимларидан бўлиб, ўндан ортиқ китобларнинг муаллифидир. Доктор Субҳи Солиҳ Ливан бош муфтийи Ҳасан Холид раҳматуллоҳи алайҳининг яқин кишиларидан эди. Бизнинг ватанимизга у киши билан бир неча бор ташриф буюрган. Ўтган милодий асрнинг етмишинчи йилларида Ливандаги тоифачилик урушида душманлар томонидан уюштирилган суиқасдда отиб ўлдирилган. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олган бўлсин.
Доктор Субҳи Солиҳнинг «Улумул ҳадис ва мусталаҳуҳу» китоби биринчи марта 1958-йили чоп этилган. Бу китоб ўзидаги илмий баҳсларнинг чуқурлиги ва услубининг соддалиги ҳамда аср талабига жавоб бериши билан таҳсинга сазовор бўлган. Кўпчилик таълим муассасаларида дарслик сифатида ўқитилган.
5. «Ламаҳотун фий усулил ҳадис».
Бу китобнинг муаллифи доктор Муҳаммад Айюб Солиҳдир. Бу киши Шомлик уламолардан бўлиб, бизга ушбу китоби билан танилган. «Ламаҳотун фий усулил ҳадис»нинг тўртинчи нашри 1985-йили чоп этилган. Китобнинг кириш қисми бироз чўзилиб кетган. Унда ҳадис илми таърифи ва тарихи, муаллиф «Усулул ҳадис» деб номлаган «Мусталаҳул ҳадис» илми тарихи ва таърифи батафсил берилган.
«Ламаҳотун фий усулил ҳадис» китоби услубининг енгиллиги, маълумотларининг кўплиги ва тартибли баён қилингани билан ажралиб туради.
6. «Тайсийру мусталаҳил ҳадийс». 
Бу китобнинг муаллифи Абу Ҳафс Маҳмуд ибн Аҳмад Тоҳҳандир. У киши бир неча дорулфунунларда, жумладан, Мадийнаи Мунаввара ва Кувайтда «Мусталаҳул ҳадис» илмидан дарс берган. Ўзининг айтишича, авваллари бу фандан белгиланган дарсликлар эски китоблардан иборат бўлган. Уларни тушуниш талабаларга қийин кечган. Кўзланган мақсадга эришиш осон бўлсин учун доктор Абу Ҳафс Маҳмуд ибн Аҳмад Тоҳҳан янги тил ва услубда китоб ёзишга қарор қилган ва ушбу «Тайсийру мусталаҳил ҳадийс» китобини ёзган. Китобнинг номини таржима қиладиган бўлсак, ««Мусталаҳул ҳадис» илмини осонлаштириш» деган маъно чиқади. Ҳақийқатан ҳам, китобнинг исми жисмига мос келган. Кейинчалик, бу китоб кўпгина ўқув юртларида қўлланмага айланди.

 БИЗДАГИ ҲОЛАТ

Албатта, ҳадис ва унга тегишли илмларнинг бобокалонлари ватани бўлмиш бизнинг она ватанимизда улумул ҳадисга оид илмлар ўз вақтида жуда ҳам ривожланган. Гарчи ҳозирги шаклдаги «Улумул ҳадис» деб аталган алоҳида китоблар ёзган ҳамюртларимиз ҳақида маълумотимиз бўлмаса ҳам, аммо ушбу ном остидаги илмларнинг ҳар бирига оид асл китобларнинг кўпи боболаримиз томонидан битилгани ҳаммага маълум.
Кейинчалик, бошқа илмлар қатори бу илм ҳам таназзулга юз тутди. Айниқса, дийнга қарши қатағон даврида «Мусталаҳул ҳадис» илмини ўрганиш одати йўқолди. Кўпчилик бу номдаги илм борлигини ҳам билмайдиган ҳолга келдик.
Болалик даврида «Мусталаҳул ҳадис» деган илм борлигини отамиздан эшитган эдик. Кейинчалик, Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида ўқиб юрган чоғимизда, пешқадам талабалар суҳбатида бу илм қийин илмлардан бири эканини билдик. Аммо бирор асосли маълумот олишимиз насийб бўлмади.
Хорижда таҳсил олаётганимизда доктор Субҳи Солиҳнинг ««Мусталаҳул ҳадис ва улумуҳу» номли китобини ўқиб имтиҳонлар топширдик.
Тошкент Ислом Маъҳадида мудир бўлиб ишлаш жараёнида дарс барномаларини мукаммаллаштириш борасида олиб борилган ишлар ичида «Мусталаҳул ҳадис» илмини ҳам дарс сифатида ўқитишни йўлга қўйдик. Дарслик китобларни ҳозир қилдик. Азиз биродаримиз Зоҳиджон домла Абдулқодир ўғли жаноблари биринчи бўлиб талабаларимизга улумул ҳадисдан дарслар ўтдилар. Ўшанда у киши «Муқаддимату Ибн Салоҳ» ва бошқа китоблардан фойдаланган эдилар.
Алҳамдулиллаҳ, ҳозир ҳам бу иш ўзига яраша давом этиб турибди. Айниқса, ушбу дарсдан устозлик қилаётган Жалолуддийн домла бу фан бўйича рисола ёзганлари бизни жуда ҳам хурсанд қилди.
«Ҳадис ва Ҳаёт» номли ўттиз тўққиз жузли асаримизнинг биринчи жузи «Муқаддима»да ҳам «Мусталаҳул ҳадис» илмига оид маълумотларни кўпчиликка тушунарли тарзда тақдим этишга ҳаракат қилган эдик. Ўша китобга суянган ҳолимизда, унда бор маълумотларнинг кўпини бу китобда такрорламадик.
Турли дийний илмларни ўзлаштириш жараёнида муҳтарам имом домлаларимиз билан биргаликда улумул ҳадис бўйича бирор китобни алоҳида эътибор билан ўрганиш ниятимиз бор эди. Бу ниятни амалга оширишга уриниб, бирқанча китоблар жамланди. Улардан ўзимизга энг муносиб кўрилганини танлаб олиб ўқишга қарор ҳам қилдик. Шу аснода мазкур дарслар асосида она тилимизда бир китоб тузиш нияти ҳам туғилди.
Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳамду санолар бўлсинким, У зот мазкур ниятни амалга ошириш имконини ҳам берди. Қўлдан келганича, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ожизона уринишни лозим топдик. Оламларнинг Робби бу ишни баракотли қилсин ва ҳаммамизга фойдали бўлишини насийб этсин! Омийн!