1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мусталахул хадис (дарслар)

«МУСТАЛАҲУЛ ҲАДИС» илми тарихи

16:12 / 18.04.2017 4919 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннати мутоҳҳарани авлоддан авлодга нақл қилиб келган салафи солиҳ уламолар суннатни нақл қилиш ва ривоят қилиш, соғлом сақлаш борасида турли қоида ва қонунларни аниқлик билан ишлаб чиқдилар. Ана ўша қонун-қоидаларни ишлатиб, аҳли ботилларнинг бузғунчилигидан суннатни сақлаб қолдилар. Салафи солиҳдан кейин келган уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий этилган қоидаларни аввал ўтган уламолардан яхшилаб қабул қилиб олдилар ва уларни тартибга солдилар, сайқалладилар, жамладилар ва бу борада мустақил китоблар таснийф қилдилар. Мана шу қилган ишларини кейинроқ ««Мусталаҳул ҳадис илми» деб атадилар.

Диққат билан кузатувчи шахс ривоят илмининг асосий арконлари, хабарларни нақл қилиш илмининг асослари Қуръони Каримда ва суннати Набавийяда бор эканини мулоҳаза қилади. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Ҳужурот» сурасида бундай деб буюради: «Эй, иймон келтирганлар, агар бир фосиқ хабар келтирса, текшириб кўринг» (6-оят). 

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин мусулмон бандаларига нидо қилиб, бир одам сизга хабар келтирса, уни шундайича олмасдан, текшириб кўринг, демоқда. Хабар қандай хабар, айтаётган одам ким, унга ишонса бўладими ёки йўқми, асоси борми ёки асоссизми? Ана ўшанда Аллоҳнинг амрига юрилган бўлади, хабарлар содиқ ёки содиқ эмаслиги аниқланади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай деб марҳамат қиладилар:

«Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди ўзи эшитганидек бошқаларга етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин! Бас, баъзи бир хабар етган одамлар эшитгандан кўра яхшироқ англовчидир». 

Шу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Баъзи бир илмни кўтариб юрувчилар ўзидан кўра фақиҳроқга беради», яна бошқа ривоятда: «Баъзи фиқҳни кўтариб юрувчиси фақиҳ эмас», дейилган. 

Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифда хабарни қабул қилиб олишда, собитликни текшириб кўриш ва унга эътибор бериб қараш, уни яхшилаб тушуниш ҳамда бошқаларга нақл қилишда диққатли бўлиш асослари талаб қилинган.

Аллоҳ таолонинг ва Расулининг амрларига бўйсунган ҳолда саҳобалар розияллоҳу анҳум хабарларни нақл қилиш ва қабул қилишда собитликка қаттиқ эътибор берар эдилар. Хусусан, хабарни нақл қилувчи шахснинг ростгўйлигида шубҳа қилиб қолсалар, яна ҳам алоҳида эътиборлироқ бўлар эдилар. Шунга биноан, хабарларни қабул қилиш ёки рад қилиш борасида санадга иноят қилиш, унинг қийматини ўлчаш иши зоҳир бўлди.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзилган муқаддимада Ибн Сийрийндан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Аввалгилар хабарнинг санадидан сўрамас эдилар, лекин орага фитна тушгандан кейин, бир хабар келса, ўша хабари келган одамларингизнинг номларини айтинг-чи, дейдиган бўлишди. Номларини айтишса, хабарни нақл қилувчиларга қарашар, агар аҳли суннадан бўлса, хабарини олишар эди. Аҳли бидъатдан бўлса, бу аҳли бидъатдан экан, биз унинг хабарини олмаймиз, дейишар эди».

Чунки, фитнада бидъат соҳиби бўлганлар ёлғон гапиришган. Фитнада қатнашганлар саҳобаларнинг, мусулмонларнинг жумҳурига қарши чиққанлари учун, улар ёлғончи деб қабул қилинганлар. 

Агар санади маълум бўлмаса, хабар қабул қилинмайди. Мана шунга биноан, жарҳ ва таъдийл илми – ровийларнинг жароҳатли ёки адолатли эканини ўрганишга бағишланган илм – юзага чиқди. Шу билан бирга, ровийлар ҳақида гапириш бошланди. Санад узулуксиз келганми ёки узилганми экани ҳақида ҳам гапириладиган бўлди. Шунингдек, махфий иллатлар бўлса, уларни ҳам билишга ҳаракат қилинди. Баъзи бир ровийлар тўғрисида гаплар чиқди. Лекин бундай гаплар дастлабки пайтларда жуда ҳам оз эди. Чунки, дастлабки пайтларда жароҳатли – адолати етишмайдиган – ровийлар жуда ҳам оз эди.

Кейинроқ, уламолар бу ишда кенг йўл тутишди. Ҳатто, кўпгина илмларда баҳс юритиш юзага чиқди. Ҳадисни эслаб қолиш, унинг таҳаммули – ёдлаб, олиб юриш ва адо қилиш тарафидан, носих-мансухини билиш, ғарийби борми-йўқлиги ёки бошқа тарафлардан гап кўпайди. Лекин бу гапларнинг ҳаммаси оғзаки тарзда бўлар эди. 

Кейин бу борадаги иш яна ҳам ривожланди ва юқорида айтиб ўтилган илмлар ёзиладиган, чизиладиган бўлди. Лекин бу ёзиш ва чизишлар турли китобларда, турли жойларда бўлди ва бошқа илмларга аралашиб кетди. Мисол учун, усулул фиқҳ илмида, фиқҳ илмининг ўзида, ҳадис илмида ровийлар тўғрисида «жарҳ», «таъдийл», «зобт» каби «Мусталаҳул ҳадис» илмининг истилоҳлари ишлатиладиган бўлиб қолди. 

Бунга мисол қилиб айтадиган бўлсак, имом Шофеъийнинг «Ар-рисала» ва «Ал-умм» деган иккита катта китоблари бор. Бу китобларни ўқиган одам уларда «Мусталаҳул ҳадис»га оид гаплар борлигини ва бу гаплар тарқоқ ҳолда, у ер-бу ерда келганини мушоҳада қилади. 

Охири келиб бу илм пишиб етилди, истилоҳлари ва қоида-қонунлари қарор топди ва ўзидан бошқа илмлардан ажралиб, мустақил илм шаклига келди. Бу нарса ҳижрий тўртинчи асрда юзага чиқди. Шундан бошлаб уламолар мусталаҳ илми ҳақида алоҳида мустақил китоблар ёздилар.

1. Бу илмда биринчи бўлиб китоб таснийф қилган зот қози Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Абдурроҳман ибн Холлад Ромаҳурмузий эди. У киши ҳижрий 360-санада вафот этганлар. У кишининг «Мусталаҳул ҳадис» илми бўйича ёзган китобларининг номи эса «Ал-муҳаддисул фосил байнар-ровий вал воъий» деб номланган. Лекин Ромаҳурмузий бу китобида «Мусталаҳул ҳадис»нинг барча баҳсларини қамраб ола билмаган.

2. Сўнгра Ҳоким Абу Абдуллоҳ Найсобурий «Маърифату улумул ҳадис» китобини ёзди. У киши ҳижрий 405-санада вафот этган. Лекин, Ҳоким ҳам мазкур китобини яхшилаб, чиройли ҳолатга келтиролмаган, керакли тартибга сола олмаган.

3. Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатийб Бағдодий «Кифая фий илмир-ривая» номли китоб ёзган. Бу одам жуда ҳам машҳур олим бўлиб, китоблари ниҳоятда кўп. Имом Хатийб Бағдодий ҳижрий 463-санада вафот этганлар. Мана шу китоб «Мусталаҳул ҳадис» илмида тўлиқ китоб ҳисобланади. Бу китоб «Мусталаҳул ҳадис» илмига доир жуда кўп масалаларни ўз ичига олган, ривоятнинг қоидаларини баён қилган. Шунинг учун ҳам у мана шу илмдаги энг улуғ манбаълардан саналанади. 

Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатийб Бағдодийнинг «Мусталаҳул ҳадис» илми бўйича ёзган яна бир китобининг номи «Ал-жомеъу лий ахлақир-ровий ва адабис-сомеъ»дир. Бу китоб ривоятнинг одоблари ҳақидадир. Бу хусусияти унинг номланишидан ҳам очиқ - ойдин кўриниб турибди. Бу асар ўз бобида ягона китоб ҳисобланади. Унинг баҳслари, мундарижасида келган нарсалари жуда ҳам фойдалидир.

Ҳадис илмларидан ҳар бирида Хатийб Бағдодийнинг алоҳида китоби бор. Шунинг учун ҳам, Ҳофиз Абу Бакр ибн Нуқта: «Ҳар бир одам инсоф қилиб қарайдиган бўлса, барча муҳаддислар Хатийбнинг китобларида унга боқиманда эканини билади, яъни унинг китобларидан фойдаланмаган муҳаддис йўқдир», деган.

4. Қози Иёз Ибн Мусо Яҳсубий «Ал-илмаъу ила маърифати усулир-риваяти ва тақйидис-самъи» номли китоб ёзган. Қози Иёз ҳижрий 544-санда вафот этган. Бу китоб тўлиқ эмас, мусталаҳ илмининг ҳамма баҳсларини ўз ичига олмаган. Балки бу китобда таҳаммул қилиш кайфияти ва ундан келиб чиқадиган нарсалар билан чегараланган, холос. Лекин шундай бўлса ҳам, у ўз бобида яхши китоб ҳисобланади. Мавзуълари бир-бирига мувофиқлаштирилган ва тартибли китобдир.

5. Абу Наъийм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний «Ал-мустахрожу ала маърифати улумул ҳадис» китобини ёзган. У киши ҳижрий 430-санада вафот этган. Имом Ҳоким у кишининг қолдириб кетган нарсаларини топиб «Маърифатул улумул ҳадис»га қўшган. Мана шу илм бўйича кўп қоидаларни қўшимча қилган. Шу билан бирга, яна диққат билан назар солинса, бу одамнинг ҳам баъзи бир топа олмай қолган нарсаларини, йўл қўйган нуқсонлари ва хатоларини топиш мумкин бўлади.

6. Абу Амр Усмон Ибн Абдурроҳман Шаҳразурий «Улумул ҳадис» номли китобни таълийф этган. У киши Ибн Салоҳ номи билан машҳур бўлган. Бу имом ҳижрий 643-санада вафот этган. Китоблари кишилар орасида жуда ҳам машҳурдир. Бу китобни уламолар «Муқаддимату Ибн Салоҳ» деб атайдилар. Ушбу китоб мусталаҳ фанидаги энг яхши китоблардан ҳисобланади. Муаллиф ўзининг бу китобида бошқа китоблардаги, хусусан Хатийбнинг китобларидаги ва ундан аввал ўтганларнинг китобларидаги сочилган маълумотларни тўплаган. Бу асар фойдалари жуда ҳам тўлиқ китоб бўлган. Лекин унинг тартиби ўзига муносиб ҳолатда эмас. Чунки, Ибн Салоҳ бу китобини шогирдларига бўлиб-бўлиб ёздирган. Лекин шундай бўлса ҳам, «Муқаддимату Ибн Салоҳ» Ибн Салоҳдан кейин келган барча уламоларнинг суянадиган китоби бўлиб қолган. Кўпгина уламолар бу китобнинг мухтасарини ёзган, уни шеърга солган, кимдир қарши чиққан, кимдир тарафини олган.

7. Абу Ҳафс Умар Ибн Абдулмажийд Маёнажий «Ма лаа ясаъул муҳаддиса жаҳлуҳу» исмли китобни таснийф қилган. У киши ҳижрий 580-йилда вафот қилган. Бу кичкина бир китобча бўлиб, фойдаси оздир.

8. Муҳйиддийн Яҳё ибн Шараф Нававий «Ат-Тақрийб ват-тайсийр лимаърифати сунанил башийрин-назийр» номли китобни ёзган. У киши машҳур олим бўлиб, ҳижрий 676-санада вафот этганлар. Ушбу китоб Ибн Салоҳнинг «Муқаддимату улумул ҳадис»ининг мухтасари ҳисобланади. Бу асар яхши китоб бўлиб, лекин аҳёнда иборалари қийин келади.

9. Жалолуддийн Абдурроҳман Ибн Абу Бакр Суютий «Тадрийбур-ровий фий шарҳи тақрийбин-Нававий» китобини ёзган. У киши ҳижрий 911-йили вафот этган. Бу китоб Имом Нававийнинг «Ат-Тақрийб ват-тайсийр лимаърифати сунанил башийрин-назийр» китобларига шарҳ ҳисобланади. Бу маъно унинг номидан ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. Муаллиф ўзининг бу китобида жуда кўп фойдали нарсаларни жамлаган.

10. Зайнуддийн Абдурроҳийм ибн Ҳусайн Ироқий «Назмуд-дурар фий илмил асар» китобини ёзган. У киши ҳижрий 806-санада вафот этган. Назм услубида ёзилган асар «Алфияту Ироқий» номи билан машҳур бўлган. Муаллиф ўзининг бу асарида Ибн Салоҳнинг «Муқаддимату улумул ҳадис» китобини шеърга солган ва ўзидан баъзи нарсаларни зиёда ҳам қилган. Бу асар фойдаси кўп, яхши китоблардан ҳисобланади. Унга бир неча шарҳлар ҳам ёзилган.

11. Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий «Фатҳул муғийс фий шарҳи алфиятил ҳадис» номли китобни ёзган. У киши ҳижрий 906-санада вафот этган. Бу китоб «Алфияту Ироқий»нинг энг яхши ва тўлиқ шарҳларидан ҳисобланади.

12. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний «Нухбатул фикар фий мусталаҳи аҳлил асар» китобини таълийф қилганлар. У киши ҳижрий 852-санада вафот қилганлар. Мана шу асар – кичкина мухтасар китоб. Лекин энг фойдали китоблардан бўлиб, тартиби яхшилиги билан ажралиб туради. Муаллиф бу китобида янгича тартиб ва тақсимни йўлга қўйган. Бу тақсим ва тартибни у кишидан олдин ҳеч ким қилмаган. Муаллифнинг ўзи «Нухбатул фикар»га шарҳ ёзиб, уни «Нузҳатун-назар» деб номлаган. Муаллифдан бошқалар ҳам бу китобни шарҳ қилган.

13. Умар ибн Муҳаммад Байқуний «Манзуматул Байқуния» китобини таснийф қилган. У киши ҳижрий 1080-санада вафот қилган. Ушбу китоб мухтасар бўлиб, назм услуби билан ёзилган 34 байтдан иборат. Бу китоб фойдаси кўп, машҳур мухтасарлардан ҳисобланади. Унинг жуда кўплаб шарҳлари мавжуддир.

14. Саййид Шарийф Журжоний «Мухтасар фий мусталаҳи аҳлил асар» номли китоб ёзган. Бу зот ҳижрий 816-санада вафот топганлар. Ушбу китобга Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий «Зафарул амоний фий шарҳи мухтасари Журжоний» номли шарҳ ёзган.

15. Ҳофиз Шамсуддийн Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий «Ал-мувқиза фий илми мусталаҳил ҳадийс» номли китоб ёзган. Имом Заҳабий машҳур олимлардан бўлиб, ҳижрий 748-санада вафот қилган.

16. Абдулҳаққ ибн Сайфуддийн ибн Саъдуллоҳ Бухорий Деҳлавий «Муқаддиматун фий улумил ҳадийс» китобини ёзган. Муаллиф ўзининг бу китобида «Мусталаҳул ҳадис» илми бўйича жуда кўп ва керакли маълумотларни жамлаган. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оҳод хабар машҳур бўлсин, азиз бўлсин ёки ғарийб бўлсин, қуввати ва заифлигига қараб иккига бўлинади 1. Мақбул..Мақбул хабар, хабар берувчисининг содиқлиги устин давоми...

4131 16:17 / 18.04.2017
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсинОламларнинг сарвари, Набийларнинг афзали давоми...

4085 16:11 / 18.04.2017
1. Мустахражнинг мавзуъиУнда бир мусанниф ҳадис китобларидан бир китобни олади. Кейин ўзининг алоҳида санадлари ила ҳалиги олган китобдаги ҳадисларни китоб давоми...

4036 16:19 / 18.04.2017
Суннати мутоҳҳарани авлоддан авлодга нақл қилиб келган салафи солиҳ уламолар суннатни нақл қилиш ва ривоят қилиш, соғлом сақлаш борасида турли қоида ва давоми...

4919 16:12 / 18.04.2017
Аудиолар

120071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41736 14:35 / 11.08.2021