111 18.04.2017

а) Ҳажбнинг луғавий ва истилоҳий маъноси

б) Ҳажби нуқсон

в) Ҳажби ҳирмон, маҳжуб ва маҳрум орасидаги фарқ 

г) Ҳажбга доир билиш зарур бўлган қоидалар


а) Ҳажбнинг луғавий ва истилоҳий маъноси

Ҳажб луғатда: манъ қилиш, тўсиш маъносидадир. Шунинг учун ҳам эшик ёнидаги қоровулга араб тилида (حاجب) ҳажиб дейилади. (бировни изнсиз киришликдан манъ қилганлиги учун) ва яна юзни тўсадиган ҳижоб пардасига ҳам (حجاب) ҳижоб дейилади. Чунки, қарашдан манъ қилганлиги учун. Ва яна Аллоҳ таолонинг сўзи ҳам бунга мисолдир

﴿….كلا إنّهم عن ربّهم يومئذ لمحجوبون ﴾

«Йўқ! Улар бугун Роббиларидан тўсилгандирлар» 

Шариат истилоҳида эса - яқин ворис узоқ ворисни ёки яқинроқ меросхўр яқин меросхўрни мероснинг ҳаммасидан ёки баъзисидан манъ қилишига айтилади. Масалан: Бобо билан ота, ота бор жойда бобо мерос олмайди. Ота билан ўғил, ўғил бор ерда ота барча меросни емас, унинг олтидан биринигина олади.


б) Ҳажб қисмлари


Ҳажб икки қисм бўлади: Ҳажб нуқсон, ҳажб хирмон. 

1.     Ҳажб нуқсон - у кўп улушдан кам улушга манъ қилишдир. Масалан: ўлик эрни ёки хотинни ёки онани фарзанд    билан қолдирса ёки ўғилнинг қизини (неварани) қизи билан қолдирса ёки ота бир сингилни ота-онаси бир сингил билан қолдирса, хотин, эр ва онанинг улушлари ўликнинг фарзанди сабабли камаяди. Шунингдек ўғилнинг қизи улуши сулбия қиз сабабидан камаяди ва ота бир сингилнинг улуши ҳам ота-она бир сингил сабабли озаяди.

а) Ҳажб хирмон - бунда меросхўрга меросдан насиба оз бўлсин ёки кўп бўлсин тегмайди. Бунда ҳажб бўлишини сабаби меросхўр ва маййит орасида восита бўлганлиги учундир. Масалан: ота ҳаёт бўлган ҳолда бобога мерос берилмаганига ўхшаш. Ёки бир ворисдан маййитга бошқа яқинроқ ворис мавжуд бўлганлиги сабабидан. Масалан: ўғил бўлган суратда ўғилнинг ўҚлига ўхшаш. Агар бу меросхўрнинг ва майитнинг орасидаги восита она бўлса ўзининг фарзандларини ҳажб   қилмайди. чунки она молнинг ҳаммасини олмайди, яъни она учун асабалик йўқдир.

Маҳжуб ва маҳрум ўртасидаги фарқ: Маҳжуб (ҳажб қилинган шахс) ворис бўлади ва лекин уни яқин ворис яқин бўлгани учун манъ  қилади. Манъ қилувчи йўқ бўлса мерос олаверади. Маҳрум (меросдан маҳрум қилинган шахс) эса ҳеч қаон меросхўр бўлмайди. Қотил, кофир, қулга ўхшаш ва маҳрум шахс бизнинг наздимизда (ҳанафий) ҳажб қилувчи бўлмайди. Ибн Масъуд (р.а.)нинг фикрларича: маҳрум ҳажб нуқсон қилади дейдилар. Масалан: Хотин ўлиб, эр, ота ва қул ўғил қолдирса: эрга ярим 1/2, қолгани отага қул ўғилга эса ҳеч нарса берилмайди. Агар ўғил ҳажб қилганида отанинг улуши олтидан бир 1/6 бўлар эди. 

Маҳжуб шахс уламоларнинг иттифоқи билан бошқасини ҳажб қилади. Масалан: ака-укалардан ёки опа-сингиллардан иккитаси ёки ундан кўпроғи, қайси жиҳатдан бўлса ҳам ота билан бирга келсалар улар ота билан мерос олмайдилар, маҳжуб бўладилар, лекин онанинг 1/3 улушидан 1/6 га ҳажб қиладилар.


г) БИЛИШЛИК ЗАРУР БЎЛГАН ҚОИДАЛАР


1.     Ворислардан ҳеч бир ҳолатда ҳажб хирмон йўли билан ҳажб қилинмайдиган бир гуруҳ бор. Улар: 6 тадир. - ўғил, ота, эр, қиз, она ва хотин.

2.     Қолган меросхўрлар гоҳида мерос оладилар ва гоҳида ҳажб қилинадилар.

3.     Ким маййитга бир шахс воситасида нисбатланадиган бўлса ўша шахс билан бирга мерос олмайди. Фақатгина онанинг фарзандлари бундан мустаснодирки, она билан бирга меросхўр бўлаверадилар, чунки она қолган молни ҳаммасига ҳақли бўлмагани учун, яъни она асаба бўлолмайди. 

4.     Яқинроқ шахс бўлганда, яқин меросхўрга ҳеч нарса тегмайди. 

 

Мавзуга оид адабиётлар

1. Муҳаммад Анвар Бадахшоний, «Тавзихул-фароиз ас-сирожия».        Мадина Мунаввара, 1992-й.

2. Муҳаммад Али Собуний, «Ал-маворис фиш-шариатил-исломия», Лубнон

3. Носир ибн Муҳаммад Ғомидий, «ал-Хулоса фи илмил-фароиз» , Макка Мукаррама, 1996-й.

4. Муҳаммад Амин ибн Обидин, «Раддул мухтор алад-дуррил-мухтор», Қоҳира, 1966-й.

5. Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий, «Ал-Мабсут» Қоҳира, 1900-й.

6. Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, «Туҳфатул-фуқаҳо», Дамашқ, 1956-й.

7. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний, «Бадоиус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ», Қоҳира, 1910-й.

8. Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ибн Мадуд-дин ал-Мавсилий, «ал-Ихтиёр литаълилил-мухтор», Қоҳира, 1951-й.

9. Бурҳониддин ал-Марғиноний, «ал-Ҳидоя шарҳ Бидоятил-мубтадий», Қоҳира. 1996-й.

10. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ар-Раҳабий, «ал-Фароиз ар-Раҳабия», Дамашқ, 1903-й.

11. Сирожуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандий», «ал-Фароиз ас-Сирожия», Деҳли, 1860-й.