206 28.03.2017

“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал тушунишдир. Шундай қилиб, “фақиҳ”, яъни фиқҳ олими шариат ҳумларини билиши, ёд олиши билан бирга уларнинг барча сабаб ва ҳикматларини чуқур билган ҳамда шариат асосчисининг мақсадларини англаган бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим дейилса ҳам, фақиҳ ҳисобланмайди.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг таърифига кўра фиқҳ:“Маърифат ан-нафс ма лаҳа ва ма ъалайҳа”дир. Яъни, фиқҳ ҳар бир кишининг (албатта, оқилу болиғ мусулмоннинг) ўз фойдасига ва зарарига бўлган нарсаларни (албатта шаръий ҳукмлардан) билиб олишидир. Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг таърифига кўра эса “ал-Илм би-л-аҳком аш-шаръиййа ал-амалиййа мин адиллатиҳа ат-тафсилиййа” (“Тафсилий далиллардан амалий шаръий ҳукмларни билиш”) фиқҳ ҳисобланади.
“Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”нинг биринчи моддаси фиқҳ таърифидан иборат бўлиб, унда фиқҳга: “Амалий шаръий ҳукмларни далиллари билан билиш” деб таъриф берилган. Бу ерда “аҳком”дан мурод шариатда буюрилган ёки қайтарилган нарсалар тушунилади, “амалий”дан эса эътиқодий ҳукмлар чиқиб кетиши билинади. Зотан, эътиқодий ҳукмлар бошқа илмнинг – каломнинг мавзусидир. Мана шуни эътиборга олиб, Мустафо аз-Зарқо (р.ҳ.) фиқҳ учун: “Исломдаги шаръий амалий ҳукмлар мажмуаси” деган умумий таърифни маъқул кўради.
Ислом фиқҳи икки йирик тармоққа, асосий икки қисмга бўлинади. Улар усул ал-фиқҳ ва фуруъ ал-фиқҳ деб аталади.
1) Усул ал-фиқҳ – фиқҳ асослари. Шариатнинг асосий манбаларидан шаръий ҳукмларни ишлаб чиқишнинг қоидаларини ўрганадиган исломий фан усул ал-фиқҳ соҳаси ҳисобланади. Саййид Шариф Журжоний (р.ҳ.) “Таърифот” ("Таърифлар") асарида келтирган усул ал-фиқҳ борасидаги таърифи ўта содда: “У фиқҳга етказадиган қоидаларни билишдир”. Унинг мавзуси шаръий далиллар бўлиб, улардан қай тариқада амалий ҳукмларни чиқариш мумкинлиги тадқиқ ва таҳлил этилади. Мазкур фан соҳаси тилшунослик, калом, тафсир, ҳадис ва бошқа ақлий илмлар (жумладан, мантиқ, фалсафа, тарих, сиёсат ва жамиятшунослик)га мустаҳкам боғланган. Унинг мақсади мутахассисларда тўртта асосий исломий манбалар – оят, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан шаръий ҳукмларни ишлаб чиқиш малакасини ҳосил қилишдир. Ушбу тўрт асосий манбага ҳар бир мазҳаб ўзига хос қўшимча манбалар қўшганлар. Ибн ан-Надим (р.ҳ.) ўзининг “ал-Феҳрист” ("Мундарижа") асарида хабар беришича, усул ал-фиқҳ борасида илк асар битган шахс ҳанафий олими Абу Юсуф (р.ҳ.)дир. Афсуски, унинг бу борадаги асари бундан анча асрлар олдин йўқ бўлиб кетган. Бизгача етиб келган усул ал-фиқҳга оид асарга асосланиб, унинг илк таснифчиси сифатида Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий (р.ҳ.) эътироф қилинади. Усул ал-фиқҳ соҳасида ҳанафийлик мазҳабида 50 га яқин асарлар ҳамда 100 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилгани маълум.
2) Фуруъ ал-фиқҳ – фиқҳ шаҳобчалари. Ҳар бир мазҳабнинг ўз усул ал-фиқҳида белгилаб берилган қоидаларига кўра ишлаб чиқилган амалий ҳукмлар мажмуаси фуруъ ал-фиқҳ ҳисобланади. Унда мужтаҳидлар, тахриж асҳоблари шаръий далил ва мазҳаб масдар (манба)ларидан ҳукмлар ишлаб чиқарган бўлади; ҳукмларнинг бир жойга йиғилган мажмуалари, фатово тўпламлари йиғилади ва ўрганувчиларга осонлаштириш мақсадида матнлар тузилади; ишлаб чиқилган ҳукмларнинг асослилиги, халқчиллиги, замон ва макон нуқтаи назаридан фойдалилиги таҳлил этилади; бошқа мазҳаблар билан қиёсий ўрганилади; янги ҳодисаларга замонавий фатволар изланади ва ҳоказо.
Ислом фиқҳи ўз ривожланиш йўлида бир қанча қўшимча соҳалар яратилишига сабаб бўлган. Фиқҳнинг мазкур икки қисми муфассал ва мукаммал бўлиши учун бир неча қўшимча соҳаларга суяниб келган. Уларни қуйидаги турларга бўлиб кўрсатиш мумкин:
Аҳком илми – фиқҳий масалаларнинг далилларини кўрсатиш ва ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш билан шуғулланадиган фан соҳаси бўлиб, мазҳаб соҳибларининг ҳар бир фиқҳий қарашига оят ёки ҳадисдан далил келтириш, фақиҳ фатвосини исботлаш билан шуғулланади. Бу соҳада яратилган манбалар мазҳаб қарашларини оят ва ҳадис билан исботлашни мақсад қилган бўлади. Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг “ал-Асор” ("Асарлар") номли китоблари шу хилдаги манбаларнинг биринчисидир. Кейинчалик Абу Жаъфар ат-Таҳовий (р.ҳ.)нинг “Шарҳ маоний ал-асор” ("Асарлар маъноларини шарҳлаш") ҳамда “Мушкил ал-асор” ("Асарларнинг мушкил ўринлари") номли китоблари, Абдуллоҳ ас-Субазмуний (р.ҳ.)нинг “Кашф ал-асор” ("Асарлар кашфи") асари, шунингдек, Шамсиддин ад-Дийрий (р.ҳ.)нинг “ал-Масоил аш-шарифа фий адиллати мазҳаб ал-Имом Аби Ҳанифа” ("Имом Абу Ҳанифа мазҳаби далилларидаги шарофатли масалалар"), Али ал-қори (р.ҳ.) қаламига мансуб “Шарҳ Мухтасар ал-Виқоя ("Шарҳ ан-Ниқоя)”, Абдулҳаққ ад-Деҳлавий (р.ҳ.)нинг “ат-Тибён фий адиллати мазҳаби ал-Имом Аби Ҳанифа ан-Нўъмон” ("Имом Абу Ҳанифа ан-Нўъмон мазҳабининг далиллари ҳақида баён этиш"), Муҳаммад ал-Муртазо аз-Забидий (р.ҳ.)нинг “Уқуд ал-жавоҳир ал-манифа” ("Юксак жавоҳирлар маржони"), Заҳир Аҳсан ан-Нимавий (р.ҳ.) қаламига мансуб “Асор ас-сунан” ("Суннатларнинг асарлари"), Ашраф Али ат-Таҳонавий (р.ҳ.) қаламига мансуб “Эҳё ас-сунан” ("Суннатларни тирилтириш") ҳамда “Жомеъ ал-асор” ("Асарлар тўплами"), Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий (р.ҳ.) қаламига мансуб йигирма икки жилдли “Эъло ас-сунан” ("Суннатларни олий қилиш") номли китоблар мазкур соҳадаги эътиборли манбалар бўлиб қолди.
Хилоф илми – қиёсий ҳуқуқшунослик (мазҳабшунослик) бўлиб, ҳозирда кўпроқ фиқҳи муқорин деб аталмоқда. У шариат манбаларидан чиқариб олинган ҳукмни мухолифлар ҳужумидан сақлаш мақсадида шаръий далиллардан фойдаланиш йўлларини кўрсатиб берувчи фан. У усул ал-фиқҳнинг энг асосий шўъбаларидан бири ҳисобланади. Хилоф олими мунозарали мавзу бўйича мухолиф томоннинг барча далил ва ҳужжатларини эшитгандан кейин масалаларни қиёсий услубда ўрганади. Унинг далилларини асосий усул-қоидаларга таянган ҳолда текширгандан сўнг уларнинг асоссизлигини кўрсатиб бериб, ўз мазҳабида чиқарилган ҳукмнинг тўғрилигини исботлайди. Айни ҳолда ўз мазҳабига қаратилган шак-шубҳани талқин этади. Ушбу фан соҳаси кўпроқ назарий аҳамиятга эга бўлгани боис унга назар илми ҳам деб аталади. Хилоф илмининг асосчиси сифатида Абу Зайд ад-Дабусий ал-Бухорий (р.ҳ.) тан олинган. Абу Зайд ад-Дабусий (р.ҳ.)нинг “Таъсис ан-назар” ("Қарашларни асослаш") ва “Тақвим ал-адилла” ("Далилларни баҳолаш") асарлари, шунингдек, Абу-л-Лайс ас-Самарқандий (р.ҳ.)нинг “Мухталаф ар-ривоя” ("Ривоятнинг ихтилоф қилингани") асари, Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.) қаламига мансуб 2660+9 байтдан иборат “Манзума фи-л-хилоф” ("Хилоф ҳақида манзума") асари ва унга ёзилган шарҳлар, Разийуддин ас-Сарахсий (р.ҳ.)га тегишли “ат-Тариқат ар-ризавийа” ("Рози бўладиган йўл") асари ва унинг шарҳлари ҳамда Абу-л-Маҳомид ал-Ҳасирий ал-Бухорий (р.ҳ.) қаламига мансуб “ат-Тариқат ал-Ҳасириййа фий илм ал-хилоф байн аш-Шофиъиййа ва ал-Ҳанафиййа” ("Шофиъий ва ҳанафийлар орасидаги хилоф илмига бағишланган Ҳасирийнинг услуби") номли асар хилоф илми бўйича ҳанафийликда эътироф қилинган манбалардир.
Жадал илми – мунозара қилиш услубларини ўрганадиган фан бўлиб, фақиҳлар ва турли мазҳаблар тарафдорлари орасида юз бериб турадиган мунозараларнинг одоб ва қоидаларини кўрсатиб беради. Жадал илми фиқҳ учун зарур бўлиб, айрим масалаларнинг қабул қилиниши ёки рад этилиши ёхуд шубҳа остига олиниши жадал ва мунозара орқали юз беради. Шу боисдан уни мунозара илми ҳам деб аталади. Ҳанафийлик фиқҳида жадал илмига асос солган фақиҳ “Усул ал-Баздавий” муаллифи Фахр ал-ислом ал-Баздавий (р.ҳ.) ҳамда “ал-Иршод” ("Йўлланма") соҳиби Рукниддин ал-Амидий (р.ҳ.) ҳисобланадилар. Жадал илми бўйича ҳанафийлик мазҳабида Абу Мансур ал-Мотуридий (р.ҳ.)нинг “Китоб ал-Жадал”, Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.)нинг “ал-Фусул” ("Фасллар") номли китоблари эътиборли манбалар бўлиб келган.
Шурут илми – ҳуқуқий шартномалар ва уларни тузишни ўргатадиган фан соҳаси. Шартномаларни қонуний расмийлаштириш бўйича ишлаб чиқилган, аниқ бир ўзгармас низомга солинган қоидалар мажмуаси “шурут” бўлиб, бу кенг маънода фиқҳда келтириладиган барча турдаги ақдлар, келишувлар, васиқалар, вақф ва бошқа расмий қози ҳужжатларини расмийлаштириш қонун-қоидаларидир. Шурут илми таркибига кўпроқ амалий аҳамиятга эга бўлган маҳзар ва сижилл (кўплиги “маҳозир ва сижиллот”) – баённома, қайд ва рўйхат, реестр, архив ҳужжатларини тузиш ҳақидаги фан ҳам кириб кетади. Усмонийлар (1281-1924) даврида мазкур соҳани умумий ном остида илм ас-сукук – сакк илми ҳам дейилган.
Шурут илми атама ва назария сифатида илк бор Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг “ас-Сийар ал-кабир” ("Катта сийрат") асарида тилга олинган. Ҳанафийликдаги шурут илмига оид энг йирик ва эътиборли асар Абу Жаъфар ат-Таҳовий (р.ҳ.) қаламига мансуб бўлиб, унинг икки асари – “Жомеъ ал-кабир фи-ш-Шурут” ("Шурут ҳақида катта тўплам") ва “Жомеъ ас-сағир фи-ш-Шурут” ("Шурут ҳақида кичик тўплам") ушбу мавзуга бағишланган. Бундан ташқари, ҳанафийликда ал-Хассоф (р.ҳ.) ёзган “Китоб аш-Шурут ал-кабир” ("Шурут ҳақида катта китоб") ҳамда “Китоб аш-Шурут ас-сағир” ("Шурут ҳақида кичик китоб"), Абу Наср ас-Самарқандий (р.ҳ.) қаламига мансуб “Китоб аш-Шурут ва-л-Васоиқ” ("Васиқалар ва шартномалар китоби") номли асарларни кўрсатиш мумкин.
Фароиз илми – мерос тақсимотига, мерос ҳуқуқига бағишланган фиқҳнинг алоҳида йўналиши бўлиб, унда оят, ҳадис ва фуруъий фиқҳга асосланган ҳолда вафот этган кимсанинг мол-мулкини меросхўрларга шаръий йўл билан тақсимлашнинг назарий ва амалий томонлари ўрганилади. Меросни тўғри тақсимлаш фарз амали бўлгани учун у шундай ном билан аталган. Бу фанни ўрганишга кўпроқ тарғиб қилингани боис “Илмнинг ярми” дея мадҳ этилган. Унинг мукаммаллиги риёзиёт билан боғлиқ бўлгани учун арифметика ва алгебра фанларини ҳам яхши ўзлаштириш талаб этилади. Шунга кўра, алгебра фанининг отаси Муҳаммад ал-Хоразмий (р.ҳ.) қаламига мансуб машҳур “ал-Жабр ва-л-муқобала” асарининг асосий қисми фароиз илмига бағишланган эди.
Абу Жаъфар ат-Таҳовий (р.ҳ.)нинг фароизга бағишланган алоҳида асаридан кейин Нажмиддин аз-Зоҳидий (р.ҳ.), Ибн ат-Туркмоний (р.ҳ.), Заҳириддин ат-Тумуртоший (р.ҳ.), Муҳаммад ал-Биркилий (р.ҳ.) кабиларнинг китоб ва рисолалари шуҳрат қозонди. Бурҳониддин ал-Марғиноний (р.ҳ.) қаламига мансуб дейиладиган “Фароизи Усмониййа”, Маҳмуд аз-Замахшарий (р.ҳ.) қаламига мансуб “ар-Роиз фи-л-фароиз” ("Фароиз илмида машқ қилдирувчи") асарлари ҳам шу жумладандир. Булар орасида Абу Тоҳир Сирожиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид ас-Сижовандий (р.ҳ.) ёзган “ал-Фароиз ас-Сирожиййа” асари ўрта асрларда жуда машҳур бўлган ва мадрасаларда асосий дарсликлардан бири ҳисобланган. Унинг ўнга яқин шарҳлари бўлса-да, Саййид Шариф Журжоний (р.ҳ.)нинг “Шарифиййа” номли шарҳи кўпроқ шуҳрат қозонган. Мазкур шарҳга ҳам ўндан ортиқ ҳошиялар боғланган. Улардан Шамсиддин Маҳмуд ал-Бухорий ал-Калободий (р.ҳ.) битган “Завъ ас-сирож” ("Чироқ нури") номли ҳошияси машҳурдир.
Шунингдек, фароиз илми мавзуси китоб (боб) ҳолида фатоволар (масалан, “Фатовойи Оламгириййа”) ва фиқҳий матнлар (масалан, “Канз ад-дақоиқ”) таркибига ҳам киритилган.
Адаб ал-қазо – ҳукм юритиш одоблари мавзусига бағишланган соҳа бўлиб, унда қози қандай бўлиши, ўзини қанақа тутиши кераклиги, ҳукмни қандай юритиши, бошқа қозилар ва аҳоли билан муомаласи, қозихонанинг қаерда бўлиши, қандай бўлиши, қози ва қозихона ишчилари фаолияти каби масалалар таҳлил этилади. Бу борадаги илк асарни Абу Юсуф (р.ҳ.) таълиф қилган бўлиб, “Адаб ал-Қози” деб аталган. Уни Бишр ибн ал-Валид ал-Мурисий (р.ҳ.) ҳамда Муҳаммад ибн Симоъа (р.ҳ.) каби шогирдлари имло қилиб олиб, ривоят қилганлар. Шундан сўнг бу соҳадаги Абу Ҳозим Абдулҳамид ибн Абдулазиз ал-Ҳанафий (р.ҳ.) асари пайдо бўлди, кейинчалик эса ал-Хассоф (р.ҳ.), ал-Жассос (р.ҳ.), ал-Ҳиндувоний (р.ҳ.), ал-Қудурий (р.ҳ.), Шайх ал-ислом ас-Сўғдий (р.ҳ.), Шамс ал-аиммалар ал-Ҳалвоий (р.ҳ.) ва ас-Сарахсий (р.ҳ.), Ҳусом аш-шаҳид (р.ҳ.), Хоҳарзода (р.ҳ.), Қозийхон (р.ҳ.) каби ҳанафий олимларининг асар ва шарҳлари шуҳрат қозонган.
Шунингдек, ҳанафийлик фиқҳида адаб ал-қазо йўналишида яратилган иккита фиқҳий манба – Бурҳониддин ал-Марғиноний (р.ҳ.)нинг невараси таълиф қилган Абу-л-Фатҳ Имодиддин Абдурраҳим ибн Абу Бакр (р.ҳ.) қаламига мансуб 651/1254 йили ёзилган “Фусули имодий”, яъни “Фусул ал-аҳком ли-усул ал-аҳком” ("Ҳукмларнинг асослари учун ҳукмларни ажратиш") ҳамда Алоуддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Халил ат-Тароблусий (р.ҳ.) қаламига мансуб “Муъин ал-ҳукком”, тўлиқ номи “Муъин ал-ҳукком фий мо йатараддаду байн ал-хасмайн мин ал-аҳком” ("Икки хасм орасида ҳукмлардан тараддудланган нарсалари борасида ҳокимларга ёрдамчи") асарлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Адаб ал-қазо соҳасига муфтийларнинг фатво бериш одоблари, фатвонавислик қоидалари, сўровчиларнинг одоблари борасида битилган “Одоб ал-муфтий ва-л-мустафтий” ("Фатво берувчи ва фатво сўровчининг одоби"), “Табсират ал-муфтий” ("Муфтийнинг кўрсатмаси") каби асарларни ҳам киритиш мумкин.
Ҳийал илми – шаръий тақиқланмаган, балки шариатга мувофиқ бўлган барча тадбирлар, воситалар, йўл-йўриқлардан ҳалол мақсадларга эришмоқ учун ишлаб чиқилган ҳийлалардан (“ҳийлаи шаръиййа”) фойдаланишнинг назарий томонларини ўрганадиган фиқҳга тегишли соҳа. У ҳанафийликка кўра ҳам ҳаромни ҳалол қиладиган ёки аксинча бўладиган ҳолатларда умуман дуруст эмас. Ҳийлаи шаръиййа шариат ҳукмларини суиистеъмол қилишдан чиқиб кетиш йўлларини ўргатадиган соҳа бўлгани учун унга “ал-махориж”(чиқиш ўринлари) деган ном ҳам берилган. Шаръий ҳийлаларни илк бор Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Абу Юсуф (р.ҳ.) тўплагани ҳақида гап бор бўлса-да, уни тадқиқотчи Абу Заҳра (р.ҳ.) мутлақо инкор қилади.
Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)дан “ал-Ҳийал ва-л-Махориж” ("Ҳийлалар ва чиқиш ўринлари") номли асарни унинг шогирди Абу Ҳафс ал-кабир ал-Бухорий (р.ҳ.) ривоят қилган бўлиб, унинг Ҳоким аш-шаҳид ал-Марвазий (р.ҳ.) мухтасар шаклини яратган. Шаръий ҳийлаларга бағишланган мазкур мухтасарни Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.) шарҳлаган. Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг мазкур асарини Ж.Шахт 1930 йилда Лейпзигда нашр эттирган. Шаръий ҳийлаларга бағишланган асарларнинг энг йириги икки жилдли ал-Хассоф (р.ҳ.)нинг асари ҳисобланади.
Сирожиддин ал-Ўший (р.ҳ.)нинг “Фатовойи Сирожиййа”, Ибн Нужайм (р.ҳ.)нинг “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” ("Назиралар ва ўхшашликлар") ёки фақиҳлар жамоаси яратган “Фатовойи Оламгириййа” каби асарларда ҳийлаи шаръиййага алоҳида боблар ажратилган.
Сийар илми – исломий халқаро ҳуқуққа бағишланган фан соҳаси. У оят, ҳадис, уламолар фатвосига ҳамда ахлоқ ва ақидага асослангани боис бу орада ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос қараш ва фикрлари бўлиши тайин. Шунинг учун ҳанафийликда ҳам бу соҳа анча ривожланган эди. Сийар илмида мусулмон давлатлари билан бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатлар, тинчлик ва уруш масалалари, мусулмон жамиятининг бошқа дин вакиллари билан муносабатлари, мусулмонларнинг миллий, урфий, илмий савияларидан келиб чиқиб, уларнинг ҳуқуқий ҳолатлари кабилар ўрганилади.
Ҳанафийликда сийар илмига бағишланган илк фиқҳий манба Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг катта-кичик “ас-Сийар” асарларидир. Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.) “ас-Сийар ал-кабир”га муфассал шарҳ битган. Сийар илмига бағишланган боблар ҳар бир эътиборли фиқҳий манбаларга киритилган бўлиб, баъзиларида бу мавзу “Жиҳод китоби” деб аталган.
Ислом тарихида “сийар” атамаси Пайғамбар (с.а.в.) ва саҳоба ҳамда тобеъинларнинг жангу жадаллари, юришлари, аниқроғи, ҳаёт фаолиятига бағишланган асарларга нисбатан ҳам ишлатилади.
Эҳтисоб илми – давлат бошқарувига асосланган сиёсат юритиш, шаҳар маданияти, аҳоли барча қатламларининг ўз вазифаларини тўғри ва қонуний адо этиши, давлат бошлиқларининг сиёсатни қандай олиб боришлари, фуқароларнинг шаръий амалларни бажаришларининг назорати –муҳтасиблик, назоратчилик кабиларни таҳқиқ қилувчи фиқҳнинг бир соҳаси. Шунинг учун уни умумий маънода аҳкоми султония деб ҳам номланади. Ҳозирги кунда унисиёсати шаръиййа деб ҳам атамоқдалар. Бу бобда ҳанафийликдаги энг эътиборли фиқҳий манба “Нисоб ал-эҳтисоб” ("Муҳтасиблик нисоби") деб номланган. 64 бобдан иборат ушбу асар Калкуттада оз ададда нашр этилган. Уни Мисрда қози ал-қузот бўлиб, Иззиддин ибн Аваз номи билан шуҳрат қозонган Умар ибн Муҳаммад ибн Аваз аш-Шомий ал-Ҳанафий (р.ҳ.) таълиф қилган. Шу номдаги яна бир асар Аҳмад Назиф (р.ҳ.) қаламига мансуб. Ҳусайн Воиз Кошифий (р.ҳ.)нинг “Маёмин ал-иктисоб фий қавоид ал-эҳтисоб” ("Назоратчилик қоидаларида касб қилишнинг мубораклиги") асари ҳам шу мавзуга бағишланган. Шунингдек, Али ибн Муҳаммад Али ал-Хоразмий (р.ҳ.) деган муаллифнинг Шайбонийхон (1500-1510)га бағишлаб ёзган “Фавоид” ("Фойдалар") номли асарида ҳам муҳтасиблик ҳақида жуда муҳим маълумотлар келтирилган. 878/1473 йилда ёзиб тугатилганТўғон Муҳаммадий ал-Мисрий ал-Ҳанафий (р.ҳ.) қаламига мансуб “ал-Муқаддимат ас-султониййа фий сиёсат аш-шаръиййа” (Шаръий сиёсат борасида султонликка тақдимот) асари ҳам шу мавзуга оиддир.
Фиқҳий қоидалар илми – мазҳаб доирасидаги ва умумфиқҳий қоидалар истинбот этиш; уларни таҳлил ва тадқиқ қилиш ҳамда улар орқали фаръий масалалар ишлаб чиқиш ёки кўрсатиб беришга бағишланган фуруъ ал-фиқҳнинг бир соҳаси. Улар умумий ном остида“қавоиди фиқҳиййа” ёки “қавоиди куллиййа” деб номланади. Ҳанафийликда илк фиқҳий қоидалар Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) ва Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг китобларида сочилган ҳолда учрайди. Улардан 17 тасини биринчи марта Абу Тоҳир ад-Даббос (р.ҳ.) ишлаб чиққан. Унинг замондоши Абу-л-Ҳасан ал-Кархий (р.ҳ.) эса мазкур қоидаларни кўпайтириб 37 ёки 39 тага етказган. Кейинчалик Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) ўзининг “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” ("Назиралар ва ўхшашликлар") асарида 44 та қоидани зикр қилиб шарҳлаган. XVIII асрга келиб Абу Саид Муҳаммад ал-Ходимий (р.ҳ.) “Мажомиъ ал-ҳақоиқ” ("Ҳақиқатлар мажмуалари") асарида ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни 154 та қоидада жамлашга ҳаракат қилган. Усмонийлар (1281-1924) даврида 1869-1876 йиллар давомида уламолар ҳайъати томонидан яратилган “Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да ҳанафийликдаги асосий 99 та фиқҳий қоида қайд этилган. Унинг ўнга яқин шарҳлари ҳам мавжуд. Шом муфтийси Маҳмуд Ҳамза ал-Ҳамзовий (р.ҳ.) ўзининг “ал-Фароид ал-баҳиййа фи-л-қавоид ва-л-фавоид ал-фиқҳиййа” ("Фиқҳий фойдалар ва қоидалар борасида қимматбаҳо дурдоналар") номли асарида 251 та фиқҳий қоидани тўплашга муваффақ бўлган. Уни фиқҳий мавзуларга бўлиб, тартиб берган. Бу ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни энг кўп тўплаган муҳим манба бўлиб, Дамашқда 1986 йилда нашр этилган.
XIX асрда Бухорода яшаган домлалардан бири Мулла Раҳимбобо Шофуркомий (р.ҳ.) фиқҳни (ал-машруъот) учга бўлиб кўрсатган:ибодот, муомалот ва уқубот.
Ибодот қисми бешта: намоз, закот, рўза, ҳаж ва жиҳод.
Муомалот қисми ҳам бешта: мол олди-бердиси, никоҳ (талоқ ҳам бирга), омонатлар, тарикалар (мерос тақсимоти), қозилик ишлари.
Уқубот қисми ҳам бешта: қасос ҳамда зино, ўғирлик, ичкилик ва туҳмат ҳаддлари (яъни, жиноятга жазолар).
Тадқиқотчи Мустафо Аҳмад аз-Зарқо (р.ҳ.) эса ислом фиқҳини қуйидаги қисмларга бўлиб кўрсатган:
1) Намоз, рўза каби ибодатга тааллуқли ҳукмлар;
2) Никоҳ, талоқ, васият, мерос каби инсоний ҳуқуққа бағишланган шахсий ҳолатлар;
3) Одамларнинг бир-бирига бўлган муомалалари, касб-кори, муносабатларига бағишланган муомалалар қисми. Бумаданий қонун ҳам деб аталади;
4) Давлатнинг фуқаро билан муносабатлари, бир-бирига бўлган мажбуриятларига бағишланган аҳкоми султония ёкисиёсати шаръиййа қисми;
5) Одамлар орасидаги ички низомлар, жазолаш ва мукофатлашга бағишланган қисм – уқубатлар;
6) Давлатнинг бошқа давлатлар билан алоқаси, уруш, сулҳ муомалаларига бағишланган сийар қисми, у умумий давлат ҳуқуқи деб аталади;
7) Одоб-ахлоққа, инсоний маданиятига бағишланган ахлоққисми.
Ҳанафийлик мазҳаби бўйича ёзилган тафсир, ҳадис, каломга оид асарлар ҳам ушбу мазҳаб вакиллари учун аҳамиятли бўлиб келган. Мазкур мазҳабдаги қонун-қоида ва меъёрларнинг кўпчилиги тафсир, ҳадис ва каломга оид асарларга суянгани боис ҳанафий олимлар бу соҳаларда ҳам баракали ижод қилиб келганлар. Жумладан, тафсир соҳасида Абу Мансур ал-Мотуридий (р.ҳ.)нинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” ("Аҳли сунна таъвиллари") ёки “Таъвилот ал-Қуръон” ("Қуръон таъвиллари"), Абу-л-Лайс ас-Самарқандий (р.ҳ.)нинг “Баҳр ал-улум” ("Илмлар денгизи"), Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.)нинг “ат-Тайсир фи-т-тафсир” ("Тафсир соҳасида осонлаштириш"), Абу-л-Баракот ан-Насафий (р.ҳ.)нинг “Мадорик ат-танзил” ("Қуръон маънолари") каби асарлари, шунингдек, ҳукм оятларига бағишланган асарлар – ал-Жассос (р.ҳ.)нинг “Аҳком ал-Қуръон” ("Қуръон ҳукмлари"), Мулла Жеван ал-Ҳиндий ал-Ҳанафий (р.ҳ.)нинг “Тафсироти аҳмадийа” ("Аҳмаднинг тафсирлари") каби манбаларни зикр қилиш мумкин.
Ҳадис соҳасида эса фиқҳий манбалардаги ҳадисларнинг тахрижлари – ҳадис ровийлари ва манбаларини кўрсатилган асарларни, шунингдек, ҳадис китобларига ёзган ҳанафий олимларининг шарҳларини кўрсатиш мумкин. Улардан энг аҳамиятлилари “ал-Ҳидоя”да келтирилган ҳадислар тахрижига бағишланган Жамолиддин аз-Зайлаъий (р.ҳ.)нинг “Насб ар-раъйа” ("Байроқ тикиш, ўрнатиш") ва “ал-Ихтиёр”да келтирилган ҳадислар тахрижига бағишланган Ибн Қутлубғо (р.ҳ.)нинг асарларидир. Ҳадис китобларига ёзилган шарҳлар ичида эса “Саҳиҳи Бухорий”га битилган Бадриддин ал-Айний (р.ҳ.)нинг “Умдат ал-қори” ("Ўқувчининг суянчиғи"), Али ал-қори (р.ҳ.)нинг “Мишкот ал-масобиҳ” ("Чироғлар токчаси")га ёзган “Мирқот ал-мафотиҳ” ("Калитлар нарвони") асарлари ҳисобланади.
Калом соҳасида эса илк бор Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг ўзи қалам тебратган, унинг фиқҳий асарлари йўқ, балки барча асарлари калом илмига тегишли. Уларнинг энг машҳури “ал-Фиқҳ ал-акбар” ("Энг катта фиқҳ") деб аталади. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) дин асослари бўлмиш эътиқод илмига энг зарур фиқҳ деб қараган. Бинобарин, унинг мазҳабига эргашганларнинг қарийб барчаси ақида борасида унинг йўлини тутдилар. Ушбу йўлни Абу Мансур ал-Мотуридий (р.ҳ.) илмий равишда ўрганиб, таҳлил қилиб, ривожлантирди ва шу асосда ўзининг мотуридия ақидавий мазҳабини яратди. Мотуридия ақидасига оид асарларнинг ҳаммаси билвосита ёки бевосита ҳанафийлик мазҳаби қарашларини ифода этади. Бу соҳада Абу-л-Муин ан-Насафий (р.ҳ.)нинг “Баҳр ал-калом” ("Калом денгизи"), “Тамҳид ал-қавоид” ("Қоидаларни енгиллатиш"), Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.)нинг “Ақидат ан-насафиййа” ("Насафликнинг ақидаси") каби асарлари асрлар давомида асосий манбалар бўлиб келди.

Бу Ҳамидуллоҳ Беруний (Аминов Хамидулла) таълиф қилган "Ҳанафийлик фиқҳининг асосий тамойил ва тушунчалари" номли асаридан олинган парча.