136 28.03.2017

Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номлайди. Ҳақиқатда ҳам у киши бунга сазовор зотдирлар.

Зар қадрини заргар билади деганларидек, у кишининг қадрларини ҳам уламолар, имомлар биладилар.
Имом Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий:
«Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар.
Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.
Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.
Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмоъ, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.
Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар «Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар.
Баъзилар Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имом Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар.
Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар».
Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни насс (яъни, ҳадисдан) устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар.
Имом Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.
Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳни асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, Имом Аъзам эса фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча бу хато фикр. Бунга Имом Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.
Мисол учун Имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада, ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.
Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушиниб етади.
Аммо Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобига ёзган «Шарҳи Ниқоя» номли асарини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.
Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг мазкур китобларида ҳанафий мазҳабига қилинган юқоридаги тўҳматга илмий асосда жавоб берилган. У киши ҳанафий мазҳаби уламолари ҳақида сўз юрита бориб қуйидагиларни ёзади:
«Билки, бизнинг уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим бошқалардан кўра суннатга кўпроқ эргашадилар. Чунки улар мурсал (ровий саҳобийнинг номи тушиб қолган) ҳадисни қабул қилишда салаф уламоларига эргашганлар. Улар мазкур ҳадисни муснад каби деб эътиқод қиладилар. Саҳобаларнинг мурсалларини қабул қилишга барча низосиз иттифоқ қилган бўлсалар ҳам. Табарий, уламолар мурсални қабул қилишга ижмоъ қилганлар. Иккиюзинчи сананинг аввалигача бунга улардан бирортаси ҳам хилоф қилмаган, деган. Ровий ўша (биринчи хилоф қилган) киши
Шофеъий бўлса керак, деди.
Бунга ҳофиз Абу Амр ибн Абдулбарр ҳам ўзининг «Тамҳид» номли асарида ишора қилган. Бас, ким бизнинг асҳобларимизга суннатга хилоф қилишни ва райъ ва қиёсга эътибор беришни нисбат берса, батаҳқиқ, улкан хато қилган бўлади. Чунки бизда саҳобийга тўхтаган ҳадис қиёсдан устиндир. Шунингдек, заиф ҳадис ҳам. Бас, ким зикр қилинган нарсаларда бизга хилоф қилса, бу унинг фосид фикридан ва касодга учраган қиёсидандир».
Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи баҳсларининг давомида яна қўйидагиларни ёзади:
«Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида суннатдан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундоқ олимларга Таҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар мисол бўла оладилар.
Асҳобларимиздан кейинги даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг ишларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни мазкур ёмон хислат ила айблаш ҳалол эмас».
Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан Аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим самоҳатли шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила «Эълооус Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб сўнгра гап бошласалар яхши бўлади.
Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизнинг барчасини, жумладан, Имом Аъзамни раҳмат айласин. Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф