1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳажни эълон қилиниши

14:05 / 24.03.2017 2399 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 


 “Албатта одамлар (Аллоҳга) ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламларга ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадур. Унда мақоми Иброҳим бор ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омонда бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бор. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир”. (Оли Имрон сураси: 96,97-оятлар)


“Эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): «(Эй Иброҳим), сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим – Уйимни тавоф қилгувчилар, қиёмда турувчилар, рукуъ ва сужуд қилувчилар учун пок тутгин! Ва одамлар орасида (юриб, уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг чақириғингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар»”. (Ҳаж сураси: 26,27-оятлар)


Ривоят қилинишича, Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)лар Каъбани қуриб битказишгач, оятда келганидек, Аллоҳ таоло Иброҳимга одамларга ҳажни эълон қилишни буюради. Иброҳим (алайҳиссалом): Ё Раббий, дунёдаги ҳамма одамлар қандай қилиб, мени эшитадилар, дея ўз ҳайратини изҳор қилади. Шунда Аллоҳдан: “Эй, Иброҳим, етказиш сиздан, эшиттириш эса Биздандир”, деган жавоб келади. Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) бир тоғ тепасига чиқиб, чор атрофга ҳажни эълон қилиб, одамларни Маккага чорлайди. Шунда у кишининг даъватини ҳамма-ҳамма ҳаттоки, қоринлардаги ҳали туғилмаган болалар ҳам, сувдаги балиқлар ҳам эшитган экан... 

Ана ўшандан бери, бугунги кунимизга қадар неча минглаб йиллар ўтди. Ҳар йили шаввол ойи охирлар экан, ҳаж мавсуми бошланади. Рубъи маскуннинг ҳар еридан, сон-саноқсиз кишилар ридо ва изордан иборат эҳром кийимини кийиб, Аллоҳнинг чақириғига лаббай дея жавоб бериб, шаҳарлар онаси Макка сари йўл оладилар. Уларнинг ўз уйлари, ватанлари, аҳли аёлу бола-чақаларини ташлаб, лаззатларини тарк этиб, қийинчилик ва машаққатни елкага олган ҳолда узоқ сафарга отланишларига сабаб бўлган нарса битта. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг чақириғи, Аллоҳнинг амридир: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир”. 


Шунинг учун ҳам улар мудом талбия айтиб кетадилар: Лаббайкаллоҳумма лаббайк... Лаббайка лаа шарийка лака, лаббайк... Иннна-л-ҳамда ва-н-ниъмата лака ва-л-мулк... Лаа шарийка лака... Лаббайк...  


“Лаббайка”сўзининг маъноси ҳақида уламолар кўплаб сўзларни айтганлар, мазкур сўзларнинг мағзи эса қуйидагича: “Эй, Раббим менинг йўналишим ва қасдим Сен томондир, ихлосим, таважжуҳим Сенгадир, Сени рози қилиш учун чақириғингга лаббай, дея амрингни бош устига бажо қилурман. Сенга итоат қилурман...”.


Бу сўзлар сидқ ва ихлос билан айтилади... Шавқ ва тазарруъ билан айтилади... Уларни бора-боргунча орзу-умидлар етаклайди, хавф билан ражо чулғайди. Қалбларини ажиб муборак ҳислар қоплайди...  Ҳокисорлик кафтларини Аллоҳ томонга кўтариб, Унинг ғуфрону ризвонини сўрайдилар. Арафотларда Аллоҳга муножот қиладилар. Не-не кўз ёшлар тўкилган жойларда кўз ёш тўкадилар… 

Сафо ва Марвада саъй қилар эканлар, Каъбаи Муаззамани тавоф қилар эканлар, жамаротларда шайтонга тош отар эканлар, Миною Муздалифаю Арафотларда турар эканлар мангуликка дахлдор бўлган бу маконларнинг ўз тарихи ва сир-синоатлари, воқеа ва ҳодисалари уларнинг кўз ўнгида беихтиёр гавдаланди. Бу маросимларнинг аввал билинмаган ҳикматлари юзага чиқади... 

     Пайғамбарлар имоми, башарият саййиди Муҳаммад (алайҳиссалоту вассалом) юрган жойларида юриб, турган жойларида туриб, дуо қилган жойларида дуо қилиш... Вақт тўсиғини ўртадан хаёлан олиб ташлаб, гўёки Ул зот билан биргаликда ҳаж қилаётганини ҳис қилиш, видолашув ҳажидаги Ул зотнинг ўгит ва насиҳатларини ўз қулоғи билан эшитиб, ўз кўзи билан кўриб турганини тасаввур қилиш... Бу қандай бетакрор шуур...    


Нақадар гўзал машҳад... Нақадар буюк бир манзара... 


Арафотда вуқуф қилиш, бу – ҳаж ибодатининг мағзи, хулосаси ва қаймоғидир. الحج عرفة дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Яъни “Ҳажнинг  асосий, энг катта рукни Арафотда туришдир”.  

Бошқа бир ҳадисда  “أفضل الدعاء دعاء يوم عرفة” (маъноси): “Дуоларнинг энг афзали Арафа кунидаги дуодир”, дея марҳамат қилинган. Шу боис, ҳам баъзи салафларимиз ҳатто ҳажга бормаганлар ҳам арафа кунида масжид каби бирон-бир жойда тўпланиб, дуо қилишга рухсат берганлар. 


Бу куннинг ниҳоясида Парвардигори олам Арафотда тўпланган жамга Ўз ҳузуридан бениҳоя фазлу марҳаматини, мағфират ва раҳматларини ёғдиради. Буни кўрган шайтон шу қадар ёмон алам ва ҳасрат тортадики, бошқа бирон кунда унчалик алам ва ҳасратга ботмайди.


Ривоят қилинишича, машҳур ватандошларимиз ва буюк салафларимиздан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳматуллоҳи алайҳи) арафа кунида арафотда юраркан, Суфёни Саврий (раҳматуллоҳи алайҳ)га дуч келади. У киши чўккалаган кўйи қўлларини осмонга кўтариб, Аллоҳга илтижо қилар, икки кўзидан эса шашқатор ёш оқарди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак Суфёни Саврийга деди: “Эй, Суфён нима деб ўйлайсан, ушбу ерда жамланган кишиларнинг энг бахтиқароси ким”? Суфён жавоб берди: “У – (ушбу маконда) дуо қила туриб, Аллоҳ мени кечирмаса керак, деб ўйлаган кишидир”. Демак, арафотда Аллоҳ таолога ихлос ила дуо қилиб, гуноҳларига мағфират сўраётган инсон дуоси ижобат бўлиши ва гуноҳи кечирилишига қатъий ишонмоғи лозим экан. 


Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: 

 “Мабрур ҳажнинг жазоси (мукофоти) эса фақат жаннатдир!” (муттафақун алайҳ). Мабрур ҳаж нима деган саволга уламолар айтадилар: Мабрур ҳаж бу – гуноҳу маъсият аралашмаган ҳаждир. 


Шундай экан, ҳожилар бу ноёб ибодатнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билишлари, ҳар дам дуою зикрда, Қуръон тиловатида ёки талбия айтиш билан машғул бўлмоқ мақсадга мувофиқдир. Лекин, бундай ҳаж ҳаммага ҳам насиб бўлиши қийин. Ҳазрати Умар (разияллоҳу анҳу)нинг даврида бир йили мавсумда ҳажга келганлар сони ниҳоятда кўпайиб кетибди. Эътибор бериб, қараб турсалар, уларнинг кўплари ибодатга, ҳаж одобларига бепарво, жасади эҳром боғласа ҳам аммо қалби эҳром боғламаган. Шунда у киши: “Карвон кўпу ҳожи кам” деган эканлар.      

Эй, ҳожилар, ҳар они ғанимат, ҳар лаҳзаси муҳаббат ва шавқдан иборат бўлган бу ибодат, бу анжуман сизларга муборак бўлсин!... Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!..  

Эй Раҳмоннинг меҳмонлари, Раббингиз ҳузурига хуш келибсиз!.. Эҳромингиз, тавофингиз, саъйингиз муборак бўлсин!.. Аллоҳ тоатингизни қабул қилсин ва онадан туғилган кунингиздагидек хатолардан покиза ҳолда уйингизга қайтишни насиб қилсин!.. 

Бу йил ҳажга бориш насиб бўлмаган биродарим, сен эса муборак карвонга етишиш учун Аллоҳга ихлос ва сидқ кўз ёшлари ила дуо қил. Гуноҳу маъсиятларни тарк эт. Модомки, Аллоҳнинг ҳарамидан узоқда бўлибсан, энди гуноҳларинг билан Унинг раҳматидан ўзингни узоқлаштирма. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати тавба қилувчиларга яқиндир... Агарда баданинг билан эҳром боғлаш насиб бўлмаган бўлса, у ҳолда қалбинг эҳром боғласин... 

Қалбинг учун гуноҳлардан покланиш вақти келмадими?.. Қалбинг учун тоат лаззатини тотиш вақти келмадими?.. Мана бу васиятга қулоқ тутиш вақти келмадими?..

Вуҳайб ибн Варддан сўрадилар: “Гуноҳ ишлар қилиб юруви одам ибодат лаззатини топадими”?

Жавоб бердилар: “Йўқ, балки, уларни ният қилган киши ҳам буни тополмайди”.

Эй қалб, сен учун эҳромга кириш вақти келмадими?..


Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Гоҳида бандага гуноҳлари учун бериладиган бу дунёдаги жазо маънавий жазо бўлади. Бани Исроил уламоларидан баъзилари шундай дер экан: 

- Ё Рабб, Сенга қарши қанча гуноҳу маъсиятлар қиламану лекин мени жазоламайсан”. Шунда унга дейилди:

- Сени қанчалар жазолайману, сен буни билмайсан!.. Сени Менга муножот қилиш лаззатидан маҳрум қилмадимми, Менга ибодат қилишдаги ҳаловатдан маҳрум қилмадимми?!..

Ибну-л-Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Гуноҳлар учун бериладиган жазолардан бири шуки, гуноҳлар киши қалбида Рабб жалла жалалуҳуни улуғлаш ҳиссини сусайтиради, банда қалбидан Аллоҳнинг азамат ва виқорини заифлаштиради. Зеро, банда қалбидаги Аллоҳнинг азамати Унинг ҳурумотларини (таъқиқлаган, муқаддас қилган ишларини) улуғлашни тақозо қиларди. Аллоҳнинг ҳурумотларини улуғлаш эса банда билан уларни бузиш яъни гуноҳ содир қилиш ўртасида тўсиқ бўлади”.  


Бас, эй қалб, гуноҳлардан эҳром тут... 


Одилхон қори Юнусхон ўғли (Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом хатиби)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айни дамлар серқуёш заминимиздаги бор нознеъматлар ғарқ пишган пайт, пишиқчилик, тўкинсочинлик мавсуми. Бозорларимиздаги манзарадан кўз қувнайди. Инсон давоми...

2546 18:47 / 22.04.2017
Ибн Масъуд Косоний Бадаиъrdquoда Таҳорат қилувчидан талаб қилинадиган нарса поклик. Бисмиллоҳrdquoни айтишнинг бунга дахли йўқ. Сабаби сув пок яратилган. Сувнинг давоми...

5073 20:17 / 22.04.2017
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман ё Расулаллоҳ. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига давоми...

2254 13:51 / 24.03.2017
...Соғлом фикрли ақлли одамлар одамларни ўзини фойдасига эмас балки зарарига деб билади. Улар билан ёндашиб ёки қарор қабул қилиб одамларга суяниб олишмайди. Лекин давоми...

6421 14:28 / 15.03.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021