1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

САЖДА ВА УНДАГИ ТАСБИҲ

05:00 / 04.01.2017 3827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. Қачон турсалар, икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.


Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Воил ибн Ҳужр ибн Робиъа ал-Ҳазрамий, кунялари Абу Ҳунайд.

Бу саҳоба «Ҳазрамавт» қабилаларининг биридан бўлиб, оталари шу қабиланинг бошлиғи эдилар.

Оталари бу кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи қилиб юборишларидан олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг келишларини башорат бериб:

«Воил ибн Ҳужр узоқ бўлган Ҳазрамавтдан, Аллоҳ ва Расулига рағбат билан итоат қилган ҳолда келади», деб айтдилар.

У келганда ўз ёнларига ўтказиб:

«Эй, Парвардигоро, Воил ва унинг зурриётини баракалик қилгин», деб дуо қилдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини қабилаларига яна бошлиқ қилиб тайинладилар.

Кейинчалик у киши Куфада истиқомат қилди. Али розияллоҳу анҳу билан Сиффин урушида иштирок этдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Саждага кетаётганда олдин тиззаларни, кейин қўлларни қўйиш.

2. Саждадан тураётганда олдин қўлларни, кейин тиззаларни кўтариш.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саждада мўътадил бўлинглар. Бирортангиз ҳам чиғаноғини итга ўхшаб ёймасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ит икки кафти ва чиғаноқларини ерга қўйиб ётади. Намозхон ўшандоқ қилмаслиги керак. Кафтларини қўйиб, чиғаноқларини кўтариб туриши керак.


Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб қўяр эдилар. Ҳатто қўлтиқларининг оқи зоҳир бўлар эди». Икки Шайх ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда: «Қачон намоз ўқисалар, қўлларини қочирар эдилар. Ҳатто, қўзичоқ қўллари орасидан ўтмоқчи бўлса, ўта олар эди», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятда саждада турган одам чиғаноқларини қанчалик кўтариб туриши ҳақида сўз бормоқда. Демак, у уларни ерга ҳам, қорнига ҳам яқин қилмай кўтариб туриши лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Биримиз ҳароратнинг шиддатидан кийимнинг бир тарафини сажда қиладиган ерга қўяр эди». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисни тўғри тушунишимиз учун ўша вақтдаги шароитни тўғри тасаввур қилишимиз керак. У вақтда сажда қиладиган гиламлар, турли жойнамозлар йўқ эди. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳам қуруқ ердан иборат эди. Намозхонлар ёмғир ёғса, лойга, ҳаво исиб кетса, оловдек қизиб турган тошли ерга сажда қилар эдилар. Сажда қиладиган жойларига соладиган нарсалари йўқ эди. Шунинг учун ноилож қолганларидан сажда қилаётиб, кийган кийимларининг бир тарафини қўйиб туриб сажда қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ноилож қолган одамдан бошқага кийимининг бир тарафига сажда қилиш мумкин эмас, деганлар.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар «Аллоҳумма лака сажадту ва бика а’манту ва лака асламту. Сажада важҳи’ лиллази’ холақаҳу ва соввароҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳ. Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн», дер эдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Дуонинг таржимаси:

«Эй, бор Худоё, Сенга сажда қилдим ва Сенга иймон келтирдим ва Сенга Ислом келтирдим. Юзим ўзини халқ қилган, суратини берган, қулоғи ва кўзини очган зотга сажда қилди. Энг яхши холиқ Аллоҳ олий ва муқаддас бўлди».


Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиган, у зот рукуъларида «Субҳа’на Роббиял Азийм» ва саждаларида «Субҳа’на Роббиял Аъла’» дер эдилар. Қачон раҳмат оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб сўрар ва азоб оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб паноҳ тилар эдилар».

Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рукуъда «Субҳа’на Роббиял Азийм»ни айтиш.

2. Саждада «Субҳа’на Роббиял Аъла’»ни айтиш.

3. Раҳмат оятини ўқиганда, Аллоҳ раҳматини сўраш.

4. Азоб оятини ўқиганда, Аллоҳдан паноҳ сўраш.


«Қачонки «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни рукуъларингизда қилинг», дедилар.

Қачонки, «Саббиҳисма Роббикал Аъла’» нозил бўлганда у зот:

«Буни саждаларингизда қилинг», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан рукуъ ва сажда ўқиладиган тасбиҳларимиз Қуръони Карим оятлари эканини билиб оламиз.

«Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» (улуғ Роббингнинг исмини поклаб ёд) эт ояти нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни рукуъларингизда айтинг деган эканлар.

«Саббиҳ исма Роббикал Аъла’» (Олий мақом Роббингнинг исмини поклаб ёд эт) ояти нозил бўлганда эса, бу оятни саждаларингизда айтинг, деган эканлар.

Шунинг учун бу оятларни ҳаммамиз рукуъ ва саждаларимизда айтиб келамиз. Аввал айтилганидек энг ози уч марта айтилиши керак. Кўпи эса ўн марта дейилган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Маҳбубим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени рукуъ ва сажда қилган ҳолимда қироат қилишдан наҳий қилдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Шунинг учун уламолар рукуъ ва саждада Қуръон қироат қилиш ҳаром, деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ғусл қилиш. 2. Энг яхши кийимларни кийиш. 3. Намозга чиқишдан олдин тоқ ададда хурмо ейиш. 4. Ҳайитни намозгоҳда ёки масжидда адо этиш. 5. Намозга юри6 бориш ва давоми...

953 14:59 / 09 апрель
...Кимдир қўшнисининг қиз чиқаришини тамоша қилиб quotмен қизимга бундан яхши сеп қиламан. Ундай қиламан, мундай қиламанquot деб орзу қилса, кимдир бошқа бир кишининг давоми...

5779 05:00 / 09.01.2017
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши давоми...

57972 05:00 / 04.01.2017
ЖУМАНИНГ ФАЗЛИ ВА ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА Аллоҳ жалла шаънуҳу .Эй, иймон келтирганлар Қачон Жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк давоми...

42205 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

119958 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41647 14:35 / 11.08.2021