1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ИСЛОМ МЎЪТАДИЛЛИК ДИНИ

05:00 / 13.03.2017 2928 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло мусулмон умматини сифати ҳақида Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида: Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик», деган (143 – оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ, мўътадил ва адолатли маъноларини англатади. Ўртани яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Ўтага мўътадиллик маъноси берилиши ҳам шунга ўхшайди.

Уламоларимиз «ўрта уммат»нинг яна кўп ва улкан маънолар англатишини кенг ва батафсил баён қилганлар. Ислом уммати ҳақиқатда тўла маънода ўрта - мўътадил умматдир. Ўрта деганда, яхшилик ва афзаллик маъноси ҳам, мўътадил ва адолатли маъноси ҳам ва ниҳоят ҳиссиётда ўрталик маъносида ҳам тушунилаверади.
Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътимод қилмайди. Балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.
Ислом уммати тафаккур ва ҳис-туйғу бобида ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Билиб олган нарсасинигина маҳкам тутиб, ундан бошқа маърифат ва тажрибаларни рад қилиб юборадиганлардан эмас. Ёки, аксинча, дуч келганнинг ортидан эргашиб, тақлид қилиб ҳам кетавермайди. Балки мўътадиллик билан, ўз қоидаларига тўғри келган илмий изланиш ва тажриба орқали, бошқалар эришган ютуқларни ҳам эътироф этиб, улардан фойдаланади.
Ислом уммати тартиб-интизомда ҳам ўртача, адолатли ва афзал умматдир. Унда ҳаёт фақат ҳис-туйғу, виждон ва одоб-аҳлоқ орқали тартиб-интизомга солинмайди. Ёки, худосизлар тузумидагидек, фақат куч ишлатиш, турли жазолар орқали тартиб-интизомга солинмайди. Балки инсоннинг маънавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалоллик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга, ҳукмни ҳам ишга солади. Чунки ҳамма ҳам руҳий-виждоний йўл билан тузалиб қолмайди.
Ислом уммати алоқа ва боғланишларда ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Худосизлар тузумдаги каби эмас, яъни, жамият шахснинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Капиталистик тузумлар каби эмас: шахс жамиятнинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Балки алоҳида шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор, айни чоғда, жамиятнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор.
Ислом уммати макон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Унинг қибласи, бошқача айтганда, диний маркази ернинг киндигига жойлашган. Шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ўртасида.
Ислом уммати замон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсоният униб-ўсиб, болалик, ўсмирлик ва ёшлик даврларини бошидан ўтказганидан сўнг вояга етганда Исломни юборган. Энди қариб, қиёмат қоим бўлгунча бу уммат ўрталик ҳолида унга гувоҳ бўлиб туради.
Исломда ҳатто молу пул сарфлашда ҳам мўътадил бўлиш йўлга қўйилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Фурқон» сурасида мўмин – мусулмонлар ҳақида: «Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар», деган (43 – оят).
Араб тилида «инфоқ»–»нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслик лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф ҳам қилмаслик керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавои нафсига биноан тасарруф қилишига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, молу мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» номини бериб, мусулмонларни исрофдан қайтарган. Молу мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одамни, «сафийҳ»–эси паст, дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг молу мулки тўхтатиб қўйилади. Керакли бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Бу билан баробар, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб беради.
Ислом бу дунё ва охиратга бўлган муносабатда ҳам мўътадилликни йўлга қўйган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримнинг «Қасас» сурасида қуйидагиларни айтади:«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар.
Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим.
«Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин...»
Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.
«...бу дунёдаги насибангни ҳам унутма».
Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ берган молу дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Чунки Аллоҳ таоло ҳалол-пок ризқларни бандалар фойда, ҳузур ва лаззат олишлари, сўнгра уларни берган зотга шукр қилишлари учун яратган. Ана шунда тавозуъли, ширин ва бахтли-саодатли ҳолга эришилади.
«Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил».
Ҳалол-пок молу дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неъматдан баҳраманд бўлган ҳар бир банда бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайру эҳсонлар қилиши шу жумладаги ишлар қаторига киради.
«Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас».
Молу дунёга қувониб, унга ишониб, бузғунчилик-фасод ишларга берилиш ҳеч тўғри келмайди. Аллоҳ бузғунчиларни хуш кўрмайди. Шунинг учун улар икки дунёда хору зор бўладилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақводор ва обид сифатида танилган саҳобалардан бири Абу Зарр алҒифорий р.а. бир қанча ҳадиси шарифларни ривоят қилган. Улардан бири жуда машҳур ҳадиси шариф давоми...

3294 12:17 / 15.03.2017
Қозилик дейилганда бугунги истилоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган .суд, калимаси тушинилади.Биз ҳозир барча қозилар ва қозилик ҳақида китоб ёзганлар учун давоми...

3745 05:00 / 13.03.2017
Ўтган асрда овруполиклар орасида, Ислом дини фикрий ҳаракатларнинг душмани бўлган, барча илмий ва фалсафий ҳаракатларга қарши кураш очган, деган нотўғри фикр давоми...

4284 05:00 / 13.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади Менинг ушбу масжидимга, Масжидул давоми...

5516 05:00 / 13.03.2017