1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

“Ҳикамул атоийя”

05:00 / 13.03.2017 4543 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Ҳикамул атоийя”га қилган шарҳ ва таҳлиллари


Биринчи ҳикмат


“Адашиш топилган пайтда ноумид бўлиш амалга таяниш аломатидандир”.

Амалга таяниш шариатда маҳмуд ишми ёки мазмум?

Ибн Атоуллоҳ бизга дейдиларки: “Аллоҳнинг сендан розилиги тўғрисида, сенга ваъда қилган мукофоти хусусида намоз, рўза, садақалар ва турли яхшиликлар каби қилган ва муваффақ бўлган амалларингга суянишдан сақлан. Балки бу тўғрида Аллоҳнинг лутфи, фазли ва карамига таянгин”.

Бу айтганларига далил борми? Ҳа. Бунга далил имом Бухорий ва бошқалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисдир: “Сизлардан бирингизнинг амали ҳаргиз жаннатга киритолмас”. “Сизни ҳамми, ё Расулаллоҳ?”, дейишди. Айтдилар: “Мени ҳам, илло Аллоҳ мени раҳмати билан сақласа (кираман).”

Демак, амал жаннатга кириш нархи эмас экан. Иш шундай экан, тоатлар адосига муваффақ бўлсангиз, Аллоҳнинг розилиги ва савобини умид этмоғингиз матлубдир. Буни муваффақ бўлган амалингизга ажр деб эмас, балки Унинг фазли, афви ва карамини ўйлаб қилишингиз керак.

Ибн Атоуллоҳ шу ерда айтадилар: “Аллоҳнинг фазлига эмас, амалга таянишингизнинг энг ёрқин далили –  гуноҳ ва адашишга ўралашиб қолган пайтингизда Аллоҳ таоло афвидан ноумид бўлмоғингиздир”.

Бунинг маъноси шуки, сиз Аллоҳнинг карами ва атосини ражо этган вақтингизда, бу тўғрида амалингизга таянган бўласиз. Вақтики амаллар камайиб, гуноҳлар кўпайганда умидингиз йўқолади! Сизнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фазлига эмас, амалингизга таянганингизни кўрсатувчи миқёс мана шу бўлади. Ибн Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ҳикматларининг мухтасар маъноси шудир.

Сўнг айтамизки, бу ҳикматнинг ақидада муҳим ўрни бор. Саййидимиз Расулуллоҳ (с.а.в.) каломлари бўлган суннатда тажаллий этган муҳим маъноси бор. Булардан кейин эса ахлоқий-тарбиявий аҳамияти ҳам борки, Худо хоҳласа буларнинг барчасини баён қиламиз.


***



Шу муносабат билан биламизки, Ибн Атоуллоҳнинг ҳикматлари уч турга бўлинади:

Биринчи қисм, тавҳид меҳварида айланади.

Иккинчи қисм, аҳлоқ меҳварига доирдир.

Учинчи қисм, сулук ва нафсни кирлардан поклашга тааллуқлидир.

Ишни биринчи ҳикматдаги эътиқодий аҳамият баёни ва таҳлили билан бошлаймиз. “Жавҳаратут тавҳид” соҳиби айтади:

“Агар савоб берса маҳзи фазли биландир, гар азобласа маҳзи адли иладир.”

Бу ақидага ҳар бир мусулмон инсон эътиқод қилмоғи лозимдир. Салафи солиҳ ризвонуллоҳи алайҳим йўллари айнан шундай эди.

Киши: “Балки биз ҳақли бўлганимиз савоб, қилган солиҳ амалимизга биноан бўлиши кўриниб турибди”, дейиши мумкин.

Лекин агар ўйлаб кўрсак, банда ва Парвардигори ўртасидаги алоқа тўғрисида чуқур мулоҳаза этсак, иш бундай эмаслигини идрок қиламиз.

“Албатта Аллоҳ амалимга қараб савоб беради”, “Жаннатга амалим туфайли киргизади”, деган сўзларингнинг маъноси нима? Бу гапнинг маъноси, Албатта Аллоҳ азза ва жалла жаннатга нарх белгилади. Бу нарх дирҳамларда ёки молиявий қийматларда эмас, балки ибодатлар, тоатлар ва гуноҳ ишлардан узоқ юришларда намоён бўлади. Агар тоатлар қилсангиз, ёмонликлардан сақлансангиз, демак нархни тўлабсиз. Шу боис сотиб олган молингизга ҳақли бўлибсиз! “Қилиб қўйган амалим сабабидан савоб оламан”, деганингизда, гапингизнинг маъноси мана шундай бўлади. 

Аммо иш ҳақиқатда ана шундайми? Яъни, сиз Аллоҳ азза ва жалла талаб этган буйруқларни бажарганингизда жаннатга мустаҳиқ ва пешона терингиз билан унга молик бўлдингизми? Бу ҳолатингиз бир миқдор пулни муайян ерни сотувга қўйган сотувчисига тўлаган муштарийнинг ҳолига батамом ўхшайдими? Агар ўйлаб кўрсангиз иш жудаям катта фарқ билан фарқланаётганини кўрасиз. 

Мен сотувга қўйилган боғчанинг пулини сотувчи истаган нархда, нақд тўлаган пайтимда, бу боғчага тўла молик бўламан. Сотувчи менга ҳеч қандай миннат қилолмайди ва энди қонун ҳам уни меники эканини расмиятчиликлар йўли билан исботлаб беради. “Еримдан чиқ, пулини ҳеч кам қилмай, тўлиқ тўлаб қўйганман”, дейишга менинг ҳаққим бўлади. Бу банданинг банда билан бўлган алоқасидаги ҳолат.

Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизга лозим этган тоатларни буюрган, сизни огоҳлантирган ёмонликлардан наҳий этган пайтда ва вожиботни адо этишга, муҳаррамотдан узоқ бўлишга муваффақ қилган ҳолатда иш энди тамоман фарқланади. Адо қилган намозингизга сизни ким қодир қилди? Тутган рўзангизга ким сизни муваффақ этди? Иймонга қалбингизни ким очди? У Аллоҳ азза ва жалла эмасми? “Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур. (Ҳужурот сураси, 17-оят), деган Аллоҳ рост сўзлабди. 

Демак икки сурат, икки ҳолат ўртасида катта фарқ бор. Сизга ким иймонни яхши ва куфр, гуноҳ ва исённи ҳунук кўрсатиб қўйди? Ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Аллоҳнинг байтларидан бир байтга келиб жамоат намозига ҳозир бўлишга ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқин қиладиган сўзларни эшитишликка ким қалбингизни очди ва қодир қилди? Ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Демак, боғчага эга бўлиш учун ўз молининг бир бўлагини берган билан, тоат-ибодат ҳам Аллоҳ таолонинг жаннатига эга бўлишнинг муқобилига мулкингиздан берган тўловга ўхшайди, дейишингиз жудаям катта фарқли қиёсдир, ўхшатишдир.

Шундай экан, сиз ўзингизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жаннати ва савобига ҳақлиман, деб тасаввур қилишингиз жоиз бўлмайди. (Мен ишлатган; “.. ҳақлиман, деб тасаввур қилишингиз жоиз бўлмайди”, нозик таъбирини яхшилаб мулоҳаза қилинг). Чунки сиз У талаб қилган нарсани тақдим этдингиз. Чунки сиз У вожиб этган ишни қилдингиз, ҳаром этган нарсадан узоқ бўлдингиз. Сизга бундай эътиқод жоиз бўлмайди. Агар шундай эътиқод қилсангиз, ширкнинг энг хатарли турларидан бири бўлади. Бунинг сабаби, чунки бу эътиқод, намозингиз сиздан бўлган зотий, ички қудрат сабабидан эканига иймон келтирганингизни ва бу билан сиз Аллоҳга ўтказиб қўйганингизни билдиради. Бу Аллоҳ азза ва жалла сизга буюргандаги қилган тоатингиз, борлиғингиздаги ҳаракат туфайли, борлиғингиз эса ўзингизнинг мулкингиз ва қудратингизлигини, ҳамда ўзингизга тегишли эканини, амалингизга молик ҳам ўзингиз эканингизни, куч-қудратингизнинг яратувчиси ҳам, бор қилувчиси ҳам ўзингизлигини, Борийнинг эса буларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини англатади. 

Демак, гўё сиз хаёл қилаётган нарсангизда шундайсиз; унга тақдим қилган тоатларингиз ўзаро келишувга мувофиқдир. Ва шу сабабли айтасиз: “Мана булар буйруқларинг. Уларни ўзимнинг куч ва қудратим билан Сен хоҳлагандек амалга оширдим. Энди менга улар эвазига ваъда қилган жаннатингни бергин”.

Амалиёт мана шундай қилиб, олди ва сотди амалиётига айланди. Сенга қийматни бердим, демак Сендан унинг эвазини талаб қиламан!! 

Банда ва Парвардигори ўртасидаги мантиқ шуми? Унда сиз Аллоҳга убудийятингиз воқеълигидан қаердасиз? Сиз Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларига ўргатган: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (маъноси: (Маъсиятдан) тўсиқ ва (тоатга) қувват фақат Аллоҳ биландир) қудсий калимасидан қаерда турибсиз?  Бандаларнинг феълини яратувчиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло экани ҳақидаги бешубҳа бўлган иймоний инончдан қанчалик масофадасиз? Бизнинг банда сифатида феълларимизни ким яратади? 

Салафи солиҳ ақидаси бўлган ҳақиқатнинг баёнини қилиш вақти ўтмади, деб ўйлайман. Улар ашъраийлар ва мотуридийлар тимсолидаги Суннат вал жамоат аҳлларидир. 

Демак мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тилим билан ҳамд айтаётган пайтимда, ана шу ҳамд билан тилимни ҳаракатлантираётган Аллоҳга шукр қилмоғим керак бўлади. Намоз ўқиш учун тун ярмида уйғонганимда, мени Ҳузурида туришга муваффақ қилган Аллоҳга сано айтмоғим лозим бўлади. Агар Унинг менга севгиси бўлмаганда, менга иноят қилмаганда ва менга лутф этмаганда, уйқуга ғарқ бўлардим, бундайин Олдида туриш билан икром қилинмаган бўлардим.

Олдин ҳам бир оиланинг хизматида бўлган солиҳа қиз қиссасини сўзлаб бергандим.  Тунлардан бирида оила бошлиғи ярим тунда уйғонди ва қизни уйнинг бир четида намоз ўқиётган ҳолда кўрди. Қиз сажда қилган ҳолида шундай деяётган эди: “Аллоҳим менга севгинг сабабидан мени бахтли, офиятли ва икромли қилишингни сўрайман”. Уй соҳиби унинг дуосини эшитиб, уни жуда оғир санади. Намозидан салом бергунча кутиб туриб, унга юзлангач: “Аллоҳга бу қандай даллол бўлди? Унинг ўрнига: “Аллоҳим Сенга бўлган севгим туфайли мени бахтли, офиятли ва икромли қилгин”, десанг бўлмайдими?”, деди. Шунда қиз унга жавоб қилди: “Эй хўжам, агар У мени севмаганда, бу соатда мени уйғотмасди. Агар мени севмаганда, Олдида турғизиб қўймасди. Агар мени севмаганда, бу муножотни гапиртириб қўймасди!!”

Мулоҳаза қилинг биродарлар.. Бу – ҳар биримиз эътиқод қилишимиз керак бўлган тавҳиддир. Қандай қилиб Аллоҳга намозимизни миннат қиламиз, ваҳоланки унга муваффақ қилган Унинг ўзи бўлса?!

Ақида уламолари: “Агар савоб берса маҳзи фазли биландир, гар азобласа маҳзи адли иладир.”, деган пайтда айнан шу асосни назарда тутишган. 

Шу ерда кейинги савол пайдо бўлади: Агар иш бундоқ бўлса унда Аллоҳ азза ва жалланинг: “Қилган амалларингиз сабабидан жаннатга киринглар!”, (Наҳл сураси, 32-) ояти каримасининг маъноси нима? Аллоҳ таоло бу Каломини қадим Баёнида кўп марта такрорлаган бўлса? Бу саволнинг жавобида Аллоҳга муҳаббатингизни янада зиёда қиладиган ва Унинг убудийяти ҳисларига янада чуқур чўктирадиган сўзларни айтаман:

Албатта бу калом бир тарафнинг қарори. Бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан берилган қарор, икки томонлама келишув қарори эмас! Аллоҳ сизни амалга муваффақ қилди. Уни тўғри бажаришга илҳомлантирди. Эшигида дуо билан қалбингиз жўш уриб дейсиз: “Ҳол ҳам, қувват ҳам фақат Ўзингдан. Пешонам Қўлингда. Хоҳлаганингдек тасарруф қиласан. Уни саодат ва рашод йўли сари бургин!”. Аллоҳ дуойингизга ижобат этади, қалбингизни яхшиликка очади ва солиҳ амалга муваффақ қилади. Сўнг қиёмат куни сизга: “Қилган амалларингиз сабабидан жаннатга киринглар!”, дейди. Аллоҳ азза ва жалладан бўлган бу калом, У билан сизнинг ўртангиздан жорий бўлган ўзаро розилик келишувининг ижросими? Бу худди сотувчи ва олувчи ўртасида бўлган битимга ўхшайдими? 

Йўқ, Аллоҳ асрасин! Албатта У азза ва жалла жаннатга киришингизга амалингизни сабаб қилган экан, буни У ўзидан сизга фазл ва эҳсон ўлароқ қилди.

Агар сиз масалани Аллоҳ ва бандалари ўртасидаги муносабат, ҳаққа ҳақ билан эваз бериш кўринишида бўлади, деб тасаввур қилсангиз ва бу даъвони ўзингиз билан қиёматгача кўтариб борсангиз ва: “Мендан талаб қилган амалларингни бажаришим сабабидан жаннатга ва унда абадий қолишга ҳақлиман”, десангиз, бу даъвойингизга биноан Аллоҳ азза ва жалла сизни дақиқ ҳисобга тортса, бу ҳолда даъво қилаётган ҳаққингиздан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг барчаси Аллоҳга убудийятингиз ва Унинг ёрдами, тавфиқига муҳтожлигингиз соясида йўқ бўлиб кетади.

Бунга ота ўз фарзандини олийжаноблик ва яхши ишларга йўллаган пайтда: “Агар сен мана бу камбағалга бир миқдор маблағ берсанг, сени совға билан сийлайман”, деб, боланинг чўнтагига сездирмай пул солиб қўйиш ҳолати ёрқин мисол бўлади. Бола отасининг истагини ваъда қилган совғасини қўлга киритиш илинжида амалга оширади ва ҳалиги камбағалга отаси чўнтагига ташлаб қўйган пулни беради. Ота бундан хурсанд бўлади ва фарзандининг саховатидан ҳайратланганини ушбу сўзлар билан ифодалайди: “Буюк инсонийлик қилдинг! Сен бу ишинг билан катта ажр ва улкан савобга эга бўлдинг!”. 

Равшан кўриниб турибдики, албатта бу отанинг болага бераётган тарбияси. Фарзанд ҳам унинг чўнтагида бўлган мол отасининг моли эканини, яхши амали учун мукофот ва совға номи билан олаётган сийлови, бу инсоний гўзал амални янада кўпроқ қилишга ундаш мақсадида, унга тарғиб этишнинг бир кўриниши эканини шубҳасиз кейинчалик билиб олади. Аллоҳ азза ва жалланинг: “Қилган амалларингиз сабабидан жаннатга киринглар!”, дейиши мана шу қабилдаги ишдир.

Хабарларда келишича, Аллоҳ таолонинг бандаларидан бири қиёмат кунида: “Эй Раббим, мени адлинг билан ва ҳақли бўлганимга кўра ҳисоб қилгин. Мен дунё ҳаётимнинг ҳаммасини сенга бирор кун ҳам осий бўлмай яшадим”, дейди. Шунда Аллоҳ унга бериб қўйган икки кўрувчи кўзи неъматини эслатади: “Сен бу кўз шукрини адо қилдингми?”. Ва кўз тўғрисида унга бўлган Аллоҳнинг фазлини тарозининг бир палласига ва унинг тоат-қуруботларини тарозининг бошқа палласига қўйилади. Шунда Илоҳий фазл палласи унинг Аллоҳ бажаришга қодир қилган тоат-қуруботлари палласини босиб кетади.

Агар ўзингиз яшаб турган дунё ҳаётингизда фойдаланаётган Аллоҳнинг неъматларига боқсангиз, неъматлардан баҳра олаётган бир лаҳзангиз, бажарган тоатларингизнинг ҳаммасидан кўп ва оғир эканини кўрасиз. Сиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандасисиз. Қудрати билан Унга итоат қиласиз. Раҳмати билан У томон юрасиз. Меҳрибонлиги билан Унга яқинлашасиз. 

Мен ҳам отам (Аллоҳ раҳмат қилсин!) дуоларида айтган сўзларни айтаман:

“Эй Раббим, мен Сенга шукр айтаман. Лекин Сенга шукр қилишга мени илҳомлантирган Сенинг Ўзинг! Сенга шукр қилишим, мени бу шукрга муваффақ қилганинг учун, яна шукрга муҳтождир. Бундай ҳолда шукр силсила бўлиб кетади, чунки Сен ҳар нарсанинг Яратгувчисисан. Ва Сен ҳар қандай ҳолатларда менга лутф қилгувчисан!”

Давоми бор...


Таржимон Мубашшир Аҳмад



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энг буюк йўқотиш қачон бўлади Қачонки, инсон бу дунёга қайтиб кела олмаганда. Қачонки, кўзёшлар, узрлар фойда бермаганда. Қачонки, қалблар азобдан ёрилганда. давоми...

5411 16:35 / 04.01.2018
Сўзимиз бани Исроил ҳақида... Уларнинг тарихи ва ҳозиридан бир ибрат хусусида.Қуръони карим жуда кўп ўринда бани Исроилни тилга олади. Айтилишича, Аллоҳнинг давоми...

4927 05:00 / 13.03.2017
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизни дастлаб асранди ўғиллари бўлмиш Зайд розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берганлари, кейин у киши Зайнаб онамизни давоми...

3900 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом ва саловотлар бўлсинАллоҳ таоло бандаларини ҳалолпокиза ҳаёт кечиришга буюриб, қабиҳ ва давоми...

7024 05:00 / 09.03.2017
Аудиолар

118807 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40755 14:35 / 11.08.2021