1609 19.03.2017

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўта камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганликларидан уларнинг ҳаётлари иқтисодий танглик ила ўтар эди. Бу ҳақиқат мўътабар ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда келган кўплаб ривоятларда ўз аксини топган.

Имом Абу Довуд ва бошқалар келтирган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Бир неча кунгача бизнинг ҳузуримизда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳам бирор нарса бўлмасдан туриб қолдик. Кўчага чиқсам, йўлда бир динор тушиб ётибди. Уни олсаммикан ёки олмасаммикан, деб бир муддат турдим. Кейин ўзимизга етган оғирликни ўйлаб, уни олдим. Савдогарларнинг олдига бориб, ун сотиб олдим ва Фотима розияллоҳу анҳонинг олдига олиб келиб, «Хамир қилиб, нон ёп», дедим. У хамир қилишга тутинди. Қувватсизликдан хамир қилаётганида пешона сочи жомнинг чеккасига тегиб кетай дер эди. Охири у нонни пиширди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабарни айтдим. У зот: «Еяверинглар. У Аллоҳ азза ва жалла томонидан сизларга берилган ризқдир», дедилар».

Ҳаннод Динаврий Шаъбийдан келтирган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳога уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй терисидан бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туямизга ем берар эдик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Фотимани никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган ёпинчиқ, ичига хурмо фатиласи солинган ёстиқ, тош тегирмон, сувидиш ва иккита мешча юборган эканлар (Фотима онамизнинг сеплари мазкур нарсалардан иборат бўлган).

Бир куни Али Фотимага: 

«Аллоҳ ҳаққи, қудуқдан сув тортавериб кўкрагим оғриб кетди. Аллоҳ отангга асирлар берди. Бориб, бирорта хизматчи сўрасанг қандай бўларкин?» деди.

Фотима: «Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб қўлларим қавариб кетди», деди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

«Нимага келдинг, қизим?» дедилар.

«Сизга салом бергани келган эдим», деди Фотима ва у зотдан сўрашга ҳаё қилиб, ортига қайт­ди.

«Нима қилдинг?» деди Али.

«У зотдан сўрашга ҳаё қилдим», деди.

Кейин икковлари биргалашиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва Али: 

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қудуқдан сув тортавериб кўкрагим оғриб кетди», деди.

«Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб қўлларим қавариб кетди. Аллоҳ сизга асирлар ва кенглик берди. Бизга хизматчи беринг», деди Фотима.

«Аллоҳга қасамки, сизларга бериб, аҳли суффаларни очликдан қоринлари буришиб турган ҳолда қўя олмайман. Мен уларга бергани нафақа тополмай турибман. Уларни (асирларни) сотиб, тушган маблағни ўшаларга инфоқ қилмоқчиман», дедилар.

Икковлари қайтиб кетишди. 

Улар қатийфа, яъни теридан бўлган ёпинчиқларига кириб ётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келдилар. Икковлари уни бошларига ёпсалар, оёқлари очилиб қолар, оёқларига ёпсалар, бошлари очилиб қолар эди. Улар сапчиб турдилар. У зот: 

«Жойингиздан қимирламанг! Мен сизларга мендан сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсанинг хабарини берайми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Бир калималарки, уларни менга Жаброил ўргатди. Ҳар намоздан кейин ўн марта Аллоҳга тасбеҳ айтасизлар, ўн марта ҳамд айтасизлар, ўн марта такбир айтасизлар. Тўшакларингиздан жой олганингизда эса ўттиз уч марта тасбеҳ айтинглар, ўттиз уч марта ҳамд айтинглар. Ўттиз тўрт марта такбир айтинглар», дедилар у зот.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан буён уларни тарк қилганим йўқ», деди».

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу халифа бўлишларидан аввал жуда ҳам содда ки­йинганлар, халифа бўлганларидан кейин ҳам мазкур одатларига содиқ қолиб, содда ва камтарона ки­йинишни тарк этмадилар.

Абу Нуъайм Абу Саъид Аздийдан ривоят қилади: 

«Али розияллоҳу анҳуни бозорга келганида кўрдим. У: «Кимда уч дирҳамлик бутун кўйлак бор?» деди. Бир одам: «Менда», деди.

Уни олиб келган эди, маъқул келди. «Бу яхшироқ шекилли», деди. Ҳалиги одам: «Йўқ, баҳоси ўшанинг ўзи», деди. Алининг кийими ичидан боғлаб қўйилган дирҳамларни олиб берганини кўрдим. Уни кийган эди, енги бармоқларидан узун келди. Бармоқларидан ортиб турган жойини кесишга амр қилди».

Абу Нуъайм Амр ибн Қайсдан ривоят қилади: 

«Алига: «Эй мўминларнинг амири, нима учун кўйлагингизни ямаб юрасиз?» дейилди. «Қалбнинг хушуъси учун ва мўминнинг иқтидо қилиши учун», деди».

Абу Нуъайм Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилади: 

«Алининг ҳузурига Басра аҳлининг ҳайъати келди. Уларнинг ичида хаворижлардан Жаъд ибн Баъжа деган одам ҳам бор эди. У Алининг кийимини айблади. Шунда Али: «Кийимимга нима бўлибди?! Кибрдан узоқроқ, мусулмоннинг иқтидо қилишига лойиқроқ», деди».

Имом Абдуллоҳ ибн Муборак Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилади: 

«Ҳузуримизга Али розияллоҳу анҳу чиқди. Унинг устида ридо билан изор бўлиб, уни латта билан боғлаб олган эди. Унга: «Бу қандай бўлди?» дейишган эди, «Мен бу икки кийимни ҳаволанишдан узоқроқ бўлиш учун, намозимда қулайроқ бўлиши учун ва мўминга суннат бўлиши учун кияман», деди».

Имом Байҳақий бир кишидан ривоят қилади: 

«Али розияллоҳу анҳунинг устида дағал изор кўрдим. У: «Буни беш дирҳамга сотиб олдим. Ким менга бир дирҳам фойда берса, унга сотаман», деди».

Яъқуб ибн Суфён Мужаммиъ ибн Самъондан ривоят қилади: 

«Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қиличини бозорга олиб чиқди ва: «Ким менинг мана шу қиличимни сотиб олади? Агар изор олиш учун тўрт дирҳамим бўлганида, буни сотмас эдим», деди».

Абу Нуъайм яна Али розияллоҳу анҳу Акбарога омил қилган сақифлик бир кишидан ривоят қилади: 

«У ерда намозхонлар яшамас эди. У (ҳазрати Али) менга: «Пешин бўлганда олдимга боргин», деди. Борсам, унинг қоровули ҳам йўқ экан. Мени ундан ҳеч ким тўсмади. Кирсам, олдига бир кўзада сув билан коса қўйиб олиб ўтирган экан. У маҳкамланган сопол кўзани келтиришни амр қилди. Ичимда: «Иш зўр бўлди-ку, менга жавҳарми ёки яна ким билади, бирор нарса берадиганга ўхшаб қолди», дедим. Қарасам, муҳри ҳам бор. Бир пайт у муҳрни синдирди. Қарасам, унинг ичида толқон бор экан. У ундан косага солди, устидан сув қуйиб, ўзи ичди ва менга ҳам ичирди. Сабрим тугаб: 

«Эй мўминларнинг амири! Ироқда туриб, шундай қиласизми?! Ироқнинг таоми бунда кўп-ку!?» дедим.

«Аллоҳга қасамки, уни бахиллигим учун муҳрлаб қўйганим йўқ. Лекин мен ўзимга кифоя қиладиганини сотиб оламан ва тугаб қолиб, бошқа нарса қилишдан хавф қиламан. Буни шу мақсадда сақлайман. Қорнимга пок нарсадан бошқа киришини хуш кўрмайман», деди».

Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Али розияллоҳу анҳу тушликка ҳам, кечқурун­га ҳам Мадинадан келтирган нарсасини ер эди».

Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шарикдан, у бобосидан ривоят қилади: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга фолунж келтиришиб, олдига қўйишди. Шунда у: «Сенинг ҳидинг ёқимли, рангинг гўзал, таъминг тотли, лекин мен нафсимни ўрганмаган нарсасига ўргатишни хоҳламайман», деди».

Имом Бухорий «Адабул-Муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан, у момосидан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳунинг бир дирҳамга хурмо сотиб олиб, дастрўмолига солиб, кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам: «Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнингизга мен кўтарай», деди. «Йўқ. Оила бошлиғи ўзи кўтаргани яхши», деди у».

Ибн Асокир Зозондан ривоят қилади: 

«Али розияллоҳу анҳу волийлик вақтида бозорларда ёлғиз ўзи юрар эди. Адашганга йўл кўрсатар, йўқолган нарсани эълон қилар ва заифга кўмак берар эди. Савдогар ва баққолларнинг олдидан ўтганда, «Биз ўша охират диёрини ер юзида баланд кетиш ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун (ато) қилурмиз» оятини тиловат қилар ва: «Ушбу оят одамларга волий ва аҳли қудрат бўлганлардан адолатли ва тавозелилари ҳақида нозил бўлган», дер эди».

Ибн Саъд ва Ибн Абдул Барр Журмуздан ривоят қиладилар: 

«Али розияллоҳу анҳунинг қасрдан чиқиб келаётганини кўрдим. Устида қатарий икки кийим: болдирининг ярмидан келадиган изор ва унга яқин шимариб олинган ридо бор эди. Қўлида дарра билан бозорда юриб, Аллоҳга тақво қилишга, савдони яхши қилишга амр қилар: «Ўлчаш ва тортишни тўлиқ қилинглар! Гўштни пуфламанглар!» дер эди».

Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Аҳмад ва бошқалар Абу Мотардан ривоят қиладилар: 

«Масжиддан чиқсам, биров ортимдан «Изоринг­ни кўтар, ўша Роббинг учун тақводир, кийиминг учун сафодир. Агар мусулмон бўлсанг, сочингни қисқартир!» деб нидо қилиб қолди. Қарасам, Али экан. Дарраси ҳам бор. У туя бозорига борди ва: «Савдо қилинглар, аммо қасам ичманглар! Қасам молни ўтказади, лекин баракани кетказади», деди. 

Хурмочининг олдига борган эди, ходима йиғлаб турган экан. «Нимага йиғлаяпсан?» деди. 

«Манави менга бир дирҳамга хурмо сотган эди, хўжайиним уни қабул қилмади», деди у. 

«Буни олиб, унга бир дирҳам бер, унинг иши ўз ихтиёрида эмас», деди. Хурмочи кўнмагандек бўлди. Мен унга: «Бу одамнинг кимлигини билмайсанми?» дедим. «Йўқ», деди. «Али-ку, мўминларнинг амири!» дедим. У дарҳол хурмосини олиб, бир дирҳам берди ва: «Мендан рози бўлинг, эй мўминларнинг амири», деди. Али: «Уларга вафо қилсанг рози бўламан», деди-да, хурмочиларнинг қаторидан ўтиб кетаётиб, «Мискинларни таомлантиринглар, касбингизга барака киради», деди. Кейин балиқфурушларнинг олдига бориб:  «Бизнинг бозорда сувда ўзи ўлиб қолган балиқ сотилмайди», деди. Сўнгра кийимфурушларнинг олдига борди. У каробис, яъни пахта бозори эди. (Али бир кишига) «Эй шайх, менга уч дирҳамга бир кўйлакни яхши савдо қиласанми?» деди. Савдогар уни таниб қолиб, ундан бирор нарса сотиб олмади. Кейин бошқасининг олдига борди. У ҳам таниб қолган эди, ундан ҳам бирор нарса сотиб олмади. Охири бир ёш боланинг олдига бориб, ундан уч дирҳамга бир кўйлак сотиб олди. Кийган эди, икки қўлининг кафтига яқин жойидан ва тўпиғидан келди. Кийимнинг эгаси келган эди, «Ўғлинг мўминларнинг амирига бир кўйлакни уч дирҳамга сотди», дейишди. У ўғлини: «У кишидан икки дирҳам олсанг бўлмасмиди!?» деб койиди ва бир дирҳамни олиб, Алининг олдига келиб, «Манави дирҳамни олинг», деди. «Унга нима бўпти?» деди Али. «Кўйлакнинг баҳоси икки дирҳам эди. Ўғлим сизга уч дирҳамга сотибди», деди у. «У рози бўлиб сотди, мен рози бўлиб олдим», деди Али».

Аскарий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Уч нарса тавозенинг бошидир: учраган кишига аввал салом бериш, пастроқ жойда ўтиришга рози бўлиш ҳамда риёкорлик ва хўжакўрсинни ёқтирмаслик».

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Басрадаги ишларини тамомлаб, Куфага юрдилар. У киши ўша ердан ўзларига қароргоҳ тутдилар. Бу ерга келганларидан кейин қилган ишларидан биринчиси байтулмолдаги бор нарсани ҳақдорларга бўлиб бериш бўлди. Атрофларидаги кишилар, ҳозир замон алғов-далғов бўлиб турибди, бир оз олиб қолинса бўлармиди, қабилида гап қилсалар ҳам, қулоқ солмадилар.

Байтулмолдан ҳеч нарса қолмай, бор мол-мулк ҳақдорларга бўлиб берилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уни тозалашни ва кейин ювишни амр қилдилар. Ҳамма айтганлари бажо келтирилганидан кейин ўша ерда икки ракъат намоз ўқидилар.

Кейин у кишини волийлик қасрига таклиф қилдилар. Қаср катта ва дабдабали эди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уни кўришлари билан фикрларини ўзгартирдилар ва орқага қайта туриб: 

«Бу Хабол қасри-ку! Бунда зинҳор турмайман!» дедилар.

Куфаликлар у кишини кўндиришга кўп уриндилар, аммо уддасидан чиқа олмадилар. У киши: 

«Менинг унга ҳожатим йўқ. Умар уни ёқтирмас эди», деб туриб олдилар.

У киши Куфада оддий одамлар билан аралашиб яшадилар. Чунки бундан бошқа нарсани билмас ҳам, хоҳламас ҳам эдилар. Кўча-кўйда, бозорда ўзлари ёлғиз уйларига керак ишларни қилиб юрган ҳоллари ҳам бўлар эди. У кишининг юкини кўтара олмай турган кишига уни кўтартириб қўйишлари, адашган кишини йўлга солиб қўйишлари, бозорда бирор нарсани талашиб турган кишиларни ажратиб қўйишлари ва шунга ўхшаш ҳолатлар оддий бир нарса эди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (зуҳд ва ҳаё китобидан)