1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ҳар бир яхшилик садақадир

05:00 / 04.03.2017 3165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир яхшилик садақадир», – дедилар». 

Шарҳ: Яхшилик, у қандай бўлмасин – каттами, кичикми, номи яхшилик бўлса, пулидан ёки молидан садақа қилиб савоб олгандек бўлаверади. 

Бизда пул ва мол сарфлаб, овқат пишириб, одамларни тўплаб едирсам, савоб оламан, деган ҳис-туйғу пайдо бўлиб қолган. Лекин, оддий ҳолатларда қилинадиган яхшиликлардан ҳам савоб олиш мумкинлиги ҳақидаги билимимиз камроқ. 

«Садақа» дегани албатта пул, мол сарфлаш билангина бўлмайди. Балки каттами, кичикми, ҳар қандай маъруф ишни, яъни яхши ишни қилиш билан ҳам садақанинг савоби олинади. 

Шунинг учун, ҳар биримиз катта-кичик, арзийди, арзимайди, демасдан, яхшилик борки, ҳаммасини қилишнинг пайидан бўлишимиз керак ва ўша қилинган яхшиликнинг ҳар биридан бизга садақанинг савоби етиши, номаи аъмолимизга ёзилиши, охиратда манфаат беришини унутмаслигимиз лозим.



Абу Мусодан, у киши оталаридан, у киши эса боболаридан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», – дедилар. 

«Агар топмаса-чи?» – дейишди. 

«Икки қўли билан ишлаб топади, ўзига фойда беради, садақа ҳам қилади», – дедилар. 

«Унга ҳам қодир бўлмаса-чи? Ёки қила олмаса-чи?» – дейишди. 

«Ҳожатманд бўлиб ноилож қолган кишига ёрдам беради», – дедилар. 

«Буни ҳам қила олмаса-чи?» – дейишди. 

«Яхшиликка амр қилади ёки маъруфга буюради», – дедилар. 

«Буни ҳам қила олмаса-чи?», – дейишди. 

«Ёмонликдан тийилади. Мана шунинг ўзи ҳам садақадир», – дедилар».

Шарҳ: Садақанинг маъноси сиз билан бизнинг тасаввуримизга ўрнашиб қолганидан кўра қанчалик катта эканини мана шу ҳадисдан билиб оламиз. 

Бир кишида имкон бўлса, хайр-эҳсон, садақа қилса–яхши, савобини олади. Имкони бор одам шу ишни кўпроқ қилиши керак. 

Аммо, бунга имкони йўқ одам куч-қуввати, ҳунари орқали ихлос билан меҳнат қилиб, мол-дунё топади, ўзига, оиласига сарфлайди, ортиб қолганини садақа қилиб, савоб олади. 

Баъзиларнинг моли ҳам, ишлашга имкони ҳам йўқ бўлса, уларнинг садақаси ҳожатманд, муҳтож бўлиб турган одамга ёрдам бериш экан. Ишини қилиб бериш, юкини кўтариш, йўл кўрсатиш, хуллас–бир одамнинг ҳожатини яхши ният билан чиқариб бериш ҳам садақа бўлар экан. 

Энди, шунга ҳам имконияти йўқ одам ҳам садақа қилиш имкониятидан маҳрум бўлмас экан. Бундайлар одамларни маъруфга чақириб, яхшилик қилишга ундаб турса ҳам садақа ўрнига ўтади. 

Бироқ, энг нотавон, ҳатто мазкур ишларни ҳам қила олмайдиган аҳволга тушиб қолган, яхшилик қилишнинг ҳеч қандай имкони йўқ одамда ҳам садақа қилиш имконияти бўлар экан. Бундай одам ёмонликдан сақланиши керак экан, ёмонликдан сақлангани туфайли ҳам садақа қилганнинг савобини олар экан. 

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Ушбу ҳадисни чуқур тушуниб, унга амал қилишга ўтсак, ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз – ҳамма-ҳамма фақат яхшиликка кўмилиб қолади. Ёмонликнинг номи ўчади, чунки ёмонликни қилмай қўйиш ҳам «садақа» деб эътироф қилиняпти. 

Бу ҳадиснинг қанчалар буюк эканини, ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир жамият учун шиор бўлиши лозим бўлган ҳадиси шариф эканини ўргандик.


 Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Ё Расулуллоҳ! Пули, моли бор аҳли дунёлар ажрни олиб кетишди. Улар худди биздек намоз ўқишади, биз рўза тутгандек рўза тутишади ва ортиқча молларидан садақа қилишади», – дейилди. 

«Аллоҳ сизларга садақа қиладиган нарсаларни яратиб қўймаганми? Ҳар бир айтилган тасбиҳда ҳам садақа бор. Жинсий эҳтиёжингизни қондиришингизда ҳам садақа бор», – дедилар. 

«Шаҳватни қондиришида ҳам садақа бўладими?» – дейилди. 

«Агар шу шаҳватни ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўлмасмиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунга ажр бўлади», – дедилар». 

Шарҳ: Мана бу ҳадиси шарифдан Исломда садақа, ажр-савоб тушунчаси, ажру савоб олишнинг доираси қанчалик кенг эканини кўриб турибмиз. 

Минг афсуслар бўлсинки, турли сабабларга кўра, бизларда бу тушунчалар жуда тор бўлиб қолган. Ваҳоланки, Исломда бу тушунчалар чексиз кенг эканини билиб олдик. 

Дастлабки пайтларда саҳобаларнинг онгида ҳам бизнинг бугунги онгимиздаги каби «садақа қилиш пул сарфлашдан иборат» деган тушунча бўлса керакки, аҳли дунёлар, яъни мол-дунёси борлар савобнинг ҳаммасини олиб кетди, деб шикоят қилишибди. Улар ҳам биз билан баравар намоз ўқийди, рўза тутади, лекин ортиқча молларидан садақа ҳам қилади, биз эса садақа қила олмаймиз, дейишибди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа тушунчасининг кенглигини баён қилиш мақсадида «Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилиш имкониятини бериб қўймаганми?» деб уларнинг эътиборларини ўзларига қаратибдилар. 

Пул, мол сарфлай олмай, садақа қила олмаганидан ҳасратда турган одамлар «Мол-дунёси бўлмай туриб, қандай садақа қилиш мумкин?» деб қизиқиб қолишибди. 

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Субҳаналлоҳ» дейиш ҳам садақа, «Алҳамдулиллаҳ» дейиш ҳам садақадир. Пул сарфлаган одам ҳам, тасбиҳ, ҳамд айтган одам ҳам садақа қилган бўлади, дебдилар. 

Сўнгра садақанинг маъносини, моҳиятини тушунтириш учун янада кенгроқ, кучлироқ қадам қўйдилар. 

«Шаҳватингизни қондиришингиз ҳам садақадир»,–дедилар. 

Одамлар жуда ҳайрон қолишди. «Қандай қилиб шаҳватни қондириш билан садақанинг савобига етиш мумкин?»–деб сўрашди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда осон ва тушунарли тарзда баён қилиб бердилар: «Агар шаҳватни ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўлмасмиди? Бас, шундай экан, уни ҳалол йўл билан қондирса, ажр олади»,–дедилар». 

Демак, Исломда ният тўғри қилинса, дийний таълимотлар кўрсатилганидек адо этилса, дийнимнинг таълимоти, буйруғи, кўрсатмаси бўлгани учун қиляпман, деган ихлосда қилинса, четдан қараганда бу дунёнинг иши бўлиб кўринган, шаҳватни қондириш сингари ҳойи-ҳавасга ўхшаш амаллар ҳам мусулмон банда учун ибодатга айланади, ажр-савоб олинадиган ишга айланади. 

Ҳар биримиз бу ҳикматларни чуқур англаб олишимиз керак. Шунда барча дунёвий ишларимизни ҳам ниятни тўғрилаш орқали, илм, маърифат орқали ибодатга айлантириб олишимиз мумкин бўлади. 

Бу дунёдаги кўзланган мақсад ҳам бўлаверади. Шаҳват ҳам қондирилади. Дунёнинг ҳаваси ҳам қондирилади. Бироқ ниятни тўғрилаб, маърифатни ўрнига қўйгани учун, бошқалардан фарқли ўлароқ, ажр-савоб ҳам олинади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ажр ва савоб касб қилиш фақат пул-мол сарфлаш билангина бўлмаслиги.

2. Исломда садақа тушунчаси кенг экани.

3. Кишининг тасбиҳ ва ҳамд айтиш каби зикрга оид амаллари ҳам садақага ўхшаш ажру савоб боисидир.

4. Шаҳватни қондиришда ҳам, агар дийний таълимот ва ният асосида амалга оширилса, садақага бериладиганига ўхшаш савобга эга бўлиниши.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бухорий ўзларининг .Саҳиҳ,ларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У зот .Дунёда ўзингни ғарибдек ёки йўловчидек давоми...

3321 05:00 / 04.03.2017
Ким айбдорАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсинСарлавҳадаги давоми...

3080 05:00 / 06.03.2017
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз давоми...

3366 05:00 / 01.03.2017
Устоз, аллома, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳақида ишланган 2 қисмли 4 соатдан ортиқ ҳужжатли фильмни томоша қилиб шунга амин давоми...

1466 15:10 / 14.04.2022