1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаёт лаззати ва унинг ахлоққа таъсири

20:45 / 18.03.2019 4774 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқатда одамларнинг хулқ атворлари учун энг хатарли нарса бу мана шу дунё, унинг матоҳи ва жозибали нарсаларидир. Дунё ўзидаги зеб- зийнатлари, аёллар, болалар, тўп-тўп тилла ва кумуш, гўзал отлар, (бугунги тезюрар автомобилларнинг барча турлари ва барча рангдагилари уларга қиёсланади),  чорвалар ҳамда экин-текиндан иборат шаҳватлари  биландир.

Дунёга меҳр бериш барча хатоларнинг бошидир. Уни деб мусобақалашиш барча мусибатларнинг асоси. Дунё матоҳини деб оға ўз инисини сотади. Уни деб фарзанд ўз отасини ўлдиради. Уни деб одамлар омонатларга хиёнат қиладилар, аҳдларини бузадилар. Уни деб одамлар ўзгалар  ҳуқуқларини тан олмайдилар, ўз мажбуриятларини унутадилар. Уни деб одамлар бир-бирларига зулм қиладилар ва ўрмондаги ваҳшийлардек ёки кучлиси кучсизини ғажиб, каттаси кичигини бир луқма қилиб юрган денгиздаги балиқлардек яшайдилар. Дунё шаҳватларини ва ўзига мафтункор нарсаларини деб савдогарлар фирибгарлик қиладилар ва тарозудан уриб қоладилар. Бошлиқлар манманлик қиладилар ва кибру ҳавога кетадилар.  Қозилар зулм қиладилар ва пора оладилар. Бойлар дабдабага бериладилар ва туғёнга кетадилар. Иродаси бўшлар ҳушомад қиладилар ва иккиюзламачига  айланадилар. Дунё учун олим ўзи ҳақ деб билган нарсасини беркитади ва ўзи ботил деб эътиқод қилган нарса билан фатво беради. Дунё учун мухбирлар ёлғонни ва бўҳтонларни ривож олдирадилар, оппоқ ойдин тонгдан кўра равшанроқ бўлган ҳақиқатларни яширадилар. Дунё учун  қонлар тўкилади, муқаддас нарсалар оёқ ости қилинади, қадриятлар топталади, дин, шараф, ватан ва ор номус ҳамда ҳар бир буюк инсоний фазилатлар сотилади.

 Ана шуларнинг барчаси дунёни, унинг  матоҳини ва шаҳватларини  деб бўлади: хотин ё қадаҳ учун, иморат ё бир парча ер учун, катта-кичик мансаб ёки озми-кўпми пуллар учун, бошлиққа бир қадам яқинроқ юриш  ё одамлар орасида обрў топиш учун, булардан бошқа яна қориннинг ғами ва фаржнинг шаҳвати, молу мартабага бўлган муҳаббат ва ҳукмронлигу бошқалардан устун бўлиш каби нарсалар учун. 

Тўғри, ҳаётни севиш, узоқ умр кўришни исташ инсон табиатининг бир бўлагидир. Агар шу нарса бўлмаса ер юзи обод бўлмас эди, ҳаёт дарахти гуллаб яшнамаган бўлар эди. Бинобарин, одамлар учун шаҳватларга бўлган муҳаббатнинг зийнатлаб кўрсатилиши ҳикматга тўғри келмайдиган ишлардан эмасдир. Аммо, ҳақиқий хатар Аллоҳга йўлиқадиган кунга ишонмайдиган ва Ҳисоб китоб кунига иймон келтирмайдиган ана уларнинг, охиратга иймон келтирсалар ҳам уни ёддан чиқариб қўйган ва дунё топиш билан банд бўлиб охиратни ўйлашдан тўсилиб қолган мана буларнинг ишларига ўхшаб  одамларнинг дунёга қаттиқ меҳр қўйишлари ва унга қаттиқ умид боғлашлари, ана шу қисқа муддатли ҳаёт энг муҳим матлаблари  ва илм ўрганишдан мақсадлари ва орзуларининг энг чўққиси бўлиб қолганидир.  Шунинг учун ҳам  Исломнинг Элчиси Аллоҳга дуо қилиб: “Эй, Аллоҳим, дунё (тўплаш)ни энг катта мақсадим ва илм ўрганишдаги ғоям қилиб қўймагин”, дейишимизни бизларга таьлим берганлар.

   Ҳақиқатда, ҳаёти дунёга бўлган муҳаббат ва унга эришишга бўлган орзудан кўра кучлироқ бошқача бир муҳаббат ва бошқача бир орзу ҳавас бўлиши керак. У  ҳам бўлса охиратнинг муҳаббати ва Аллоҳ билан мулоқот қилиш  орзуси, У берадиган савобга Унинг розилигига бўлган умидворлик, Унинг ҳисобидан ва азобга дучор этишидан қўрқишдир. Муҳаббат, орзу ҳавас, умидворлик ва хавф каби маънолар ана шуларнинг ўзи дунёга қаттиқ меҳр бериш, унга нисбатан очкўз бўлиш ва унга талпинишларнинг хатарларидан халос этгувчи омиллардир. Шубҳасиз, булар  ҳаётнинг шаҳватларига берилиб кетишда ҳаддан ошиш ва шўнғиб кетиш хатарига қарши “хавфсизлик клапани”дирлар.

 Ўз соҳибининг қалбини охиратга бўлган яқийн ва Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотга умид қилиш билан ўраб оладиган иймоннинг вазифаси ана шудир. Шунинг учун Қурьонда тақводорлар ва муҳсинлар қайта қайта тавсифланади: “Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирурлар ва охиратга аниқ ишонурлар”, (Бақара, 4-оят) оятида “ва охиратга аниқ ишонурлар”, деган сўзи билан; “Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир”,  (Намл, 3-оят); “Намозни тўкис адо этадиган, закотни  берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганларга”, (Луқмон, 4-оят) деган сўзлари билан.

Агар улар Роббиларига қайтарилишларига ва Унга рўбарў бўлишга ишонган бўлганларида эди қабиҳ жиноятлар, даҳшатли қатл қилишлар ва аёвсиз зўравонликлар қилмаган бўлар эди.

Албатта, Аллоҳга ва охиратга иймон келтиргувчи киши, ана шу одамгина дунё шаҳватларидан ғолиб кела олади, унинг ўзига ром қиладиган нарсаларига қўл силтайди,  унинг матоҳини оёқости қилади ва унга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу айтган гапини айтади: “Кўзимдан нари кет, эй тилло ва кумуш. Мендан бошқаларни бошини айлантир... Сен мени қаттиқ хоҳлайсанми? Сен менга дуч келдингми? Мен сени қайтариб бўлмайдиган қилиб уч талоқ қўйиб бўлганман!”.   Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб келганларида у зот бўйра устида ётган эканлар. Ёнбошларига ботиб кетибди. Буни кўрган ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бундан кўра юмшоқроқ тўшак сақласангиз эди”, дебдилар. Шунда у зот: “Менинг дунё билан нима ишим бор? Менинг мисолим билан дунёнинг мисоли иссиқ кунда улов миниб кетаётганида бир оз соялаш учун бир дарахтнинг тагига ўтириб кейин яна йўлида давом этган йўловчига ўхшайди”, деганларидек гапирар. 

Фақат иймонгина мўминга дунёдан кўра юксакроқ бўлган мақсадни берадиган, унинг шаҳватларидан ҳам боқийроқ ва баландроқ бўлган қадриятлар сарига бошлайдиган нарсадир. Фақат  иймонгина ўз соҳибига дунёнинг фитнаси ва алдовига қарши курашиш учун куч қудрат бера олади. У дунёнинг эгаси бўлади, дунё унинг эгаси эмас. Қўли дунё билан тўла бўлади, аммо қалби ундан холи. Бунга сабаб у дунёда йўловчининг руҳияти билан яшайди: Гўёки у ғариб ё йўловчи. Ким дунёда ана шу руҳият билан яшаса тўп-тўп тилло ва кумушларнинг эгаси бўлишдан унга хавфу хатар йўқдир.  Бу  дунёда у охиратликларнинг қалби билан яшайди. Оёғини ерга босиб юрганида қалби само билан боғланган бўлади.

Фақат мўмин одамнинг қалбигина албатта бу дунё Аллоҳнинг наздида бир пашшанинг қанотичалик қийматга эга эмас, албатта бу дунё боқий ҳаётга ўтиб олиш учун бир кўприкдир, Аллоҳдан қўрқиб ўқилган икки ракаат намоз дунё ва дунёдагилардан яхшироқдир, албатта Аллоҳнинг йўлида босилган биргина қадам дунё ва дунёдагилардан кўра яхшидир ва албатта жаннатдаги одамнинг бир оёқ изига тенг келадиган жой дунё ва дунёдагилардан кўра яхшироқдир, деган ишонч билан лиммо-лим бўлади. Мўмин  киши Аллоҳнинг набийлари ва расуллари, Унинг авлиё бандалари дунёда азоб чекиб ва эзилиб яшаганликларини, Унинг душманлари ва Расулларию авлиёларининг душманлари бўлган кофирлар, каззоблар ва худосизлар кўпинча бахтли ва роҳат фароғатда яшаганликларини  билиб қўйса кифоядир.

Дунё матосидан ўзни устун қўйиш ва унинг шаҳватлари ҳамда жозибали нарсалари устидан ўзни катта тутишнинг маъноси унинг покиза неъматларини ҳаромга чиқариш ёки унинг ишларини ташлаб қўйиш ёхуд унинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш дегани эмас. Асосий мақсад охират ҳаёти мўминнинг муроду мақсади ва саъй-ҳаракатининг ғояси бўлишлигидир. Ана шунда у инсон дунё  ҳосилини, ўткинчи ҳаётни истайдиганлардан.... Қуръон каримда: “Аммо кимики туғёнга кетиб, ҳаддидан ошган бўлса ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса, бас, албатта, Жаҳийм ўрин бўладир”, (Нозиъот, 37–38-оятлар) дея сифатлаганлардан бўлмайди. Расул алайҳиссаломга хитоб қилиб: “Бизнинг зикримизга орқа ўгирган, ҳаёти дунёдан бошқани хоҳламайдиганлардан юз ўгир. Уларнинг эришган илмлари мана шу.”, (Нажм, 29–30-оятлар) деганлар тоифасидан бўлиб қолмайди.

Мўмин одам охиратни танлайдиган ва унинг учун хатти-ҳаракат қиладиган, дунёни ғоя эмас, восита деб, қароргоҳ эмас, ўтиш учун кўприк, деб биладиганлардан бўлмоғи керак. Охиратга қатъий ишонч билан ишонмайдиган одамни дунё шаҳватларидан ажратиб олишлик, унинг лаззатию ахлоқсизлигидан буриб юбориш қийин бўлади. Чунки у нақд бўлиб турган олдидаги лаззатни унинг учун гумон бўлиб турган насия лаззатга алмаштиришга рози бўлмайди.

Албатта, иймон  қудратли ва енгилмас кучдир. Инсонларнинг табиати ва шаҳватидан кўра кучлироқ. Инсондаги одатнинг ҳукмронлигидан-да, кучлироқ. Инсонга таьсир кўрсатгувчи барча омиллардан ҳам кучлироқдир.

Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Ҳофий таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон оятларида инсонни ўзига назар солишга ундаш ва қандай вужудга келганини тафаккур қилишга даъват бор .Инсон нимадан яралганига назар солсин. У давоми...

2548 13:35 / 01.07.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтмишлар . . .Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Огоҳ давоми...

2443 11:39 / 22.06.2019
Абдурраҳмон ибн Зайддан ривоят қилинади .Ибн Мункадир Абу Ҳозимга шундай деди .Эй Абу Ҳозим, қанчаданқанча инсонлар билан учрашаман. Уларни умуман танимасам ҳам давоми...

1644 07:10 / 22.07.2019
Абу Ҳабиб айтади .Бир киши Ҳасаннинг олдига келиб, .Эй Абу Саъид, кам овқат есам, очиқяпман. Кўпроқ есам, бўкиб қоляпман,, деди. Ҳасан унга .Бу диёр сенга тўғри давоми...

1509 08:02 / 16.05.2020
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41763 14:35 / 11.08.2021