1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ДУНЁДАН ОГОҲЛАНТИРИШ ҲАҚИДА

05:00 / 02.03.2017 5938 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло «Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас», деган. Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо ҳақиқий матоҳ-охират дунёсидадир ва у ҳар қанча саъйу ҳаракатга лойиқ нарсадир. Чунки у бандани дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишга боис бўлади. Қачонки инсон қалбида ушбу ҳақиқат жо бўлса, қалбдан дунё ҳирси кўтарилади. Бу мақомга эса зоҳидлик ила эришилади.

Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос», деган.
Одамлар «бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ» эканлигини англаб етиб, оқибатини ўйлаб иш тутганларида, ҳам бу дунёни, ҳам охиратни қозонган бўлур эдилар. Аллоҳ аввал бу дунё неъматларини бериб, сўнгра охират неъматларига эриштирар эди. Чунки У зот Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилиб қўяди, хоҳлаганиникини тор қилиб қўяди.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Магар сизлардан бирингиз мана бу бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсин-чи, бармоғига нима илашибди», деб кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар», дейилган.

Аллоҳ таоло: «Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор», деган.
Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади.
Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бундай бир ҳадисни ривоят қилганлар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом хутба айтиб турган эдилар. Бирдан Ҳасан билан Ҳусайн қизил кўйлак кийиб, қоқилиб, йиқилиб кела бошладилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом минбардан тушиб, икковларини кўтариб, олдиларига қўйдилар, ва: «Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас», деб Аллоҳ билан Унинг Расули тўғри айтган. Бу икки гўдакнинг қоқилиб-йиқилиб келаётганини кўриб, чидаб тура олмадим ва гапимни бўлиб, уларни кўтариб олдим», дедилар».
Аллоҳ таоло. «Анъом» сурасида: «Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми?» деган.
Дунё ва охират бу ояти каримада илоҳий мезон билан ўлчаняпти. Аллоҳнинг эътиборида бу дунё ҳеч нарсага арзимайди ва у дунёга солиштирганда ҳеч нарсага айланиб қолади.
Охиратни ўйламай, бу дунёнинг тавиши ила ўтадиганлар учун:
«Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас».
Улар ушбу беш кунлик дунё ҳаётини айшу-ишрат, ҳойи-ҳавас ва ўйин-кулгу билан ўтказиш пайидан бўладилар. Чунки охиратдан умидлари йўқ. Унга ишонмайдилар. Аслини олганда эса,
«Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир».
Тақво қилувчилар учун бу дунё ҳовлиси ҳам яхши, лекин у дунё ҳовлиси улар учун бу дунёникидан яхшироқдир. Тақводорлар бу дунёда Аллоҳ таолога тақво қилиб, ҳалол пок яшаганлари учун бетавфиқлар дучор бўлган муаммолардан холи, ширин турмиш кечирадилар. Аммо у дунёда уларга бериладиган жаннат неъматлари васфига тил ожиздир. У дунёда тақводорлар учун бериладиган мақом ва ҳузурлар эг яхши нарсалардир. Бас, шундоқ экан,
«Ақл юритмайсизларми?»
Аллоҳ таоло. «Юнус» сурасида: «Бу ҳаёти дунё матоҳи, холос. Сўнгра Бизга қайтишингиз бор. Бас, Биз нима амал қилишингизнинг хабарини берурмиз», деган.
Демак, Аллоҳнинг айтганига зид ўлароқ зулм қилганлар ўзларига зиён келтирадилар, холос. Бу зиён бу дунёдаёқ уларнинг ўзларига уради. Турли касаллик, бало-офатлар ва мусибатларга йўлиқадилар. Қолганини охиратда кўрадилар.
«Сўнгра Бизга қайтишингиз бор. Бас, Биз нима амал қилишингизнинг хабарини берурмиз».
Қиёматда қилганингизга яраша жазо олурсиз.
Келгуси оятда одамлар қизиқаётган ҳаёти дунёнинг асл моҳияти баён қилинади:
«Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз».
Ушбу ояти каримада бу дунё ҳаёти ва унинг матоҳлари табиатда рўй бериб турадиган ҳодисаларга ўхшатилмоқда. Қуруқ ерга ёмғир ёғиб, сув тушса, одамларга ҳам, чорва ҳайвонларига ҳам озуқа бўладиган наботот-ўсимликлар униб чиқади. Бу ўсимликлар ер юзини безайди. Ўсган сари гўзаллиги ортиб боради. Ҳосил вақти яқинлашганида эгаларининг кўзлари қувонади. Энди бир нарсали бўладиган бўлдим, деб келгуси ҳосил устида ҳар хил режалар тузади. Шунда, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, Аллоҳдан амр келиб, ҳалиги ўсимликлар бирдан қуриб қолади. Қуруқ хашакка айланади. Яшиллиги ҳам, гўзаллиги ҳам, мева-ҳосили ҳам йўқ.
Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, ўсади. Тинмай ҳаракат қилади. Маълум бир натижаларга ҳам эришади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришган нарсани олиб қўйиши мумкин. Яъни, бу дунё матоҳи бир лаҳзага арзимайдиган нарсадир.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, қиёмат куни бу дунёда энг улкан неъматларга эришганларни олиб келиб, дўзахга бир солиб олиб: «Ҳеч яхшилик кўрганмисан? Ҳеч бир неъматга эга бўлганмисан?» деб сўралганида, «Йўқ», деб жавоб берар эканлар. Бундай нарсаларни ҳар бир банда яхши тафаккур қилмоғи лозим.
«Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз».
Аммо тафаккур қилмаганлар, Аллоҳнинг айтганига юрмаганлар бу дунёю у дунёларини куйдиради.
Аслида, ҳар бир инсон Аллоҳнинг айтганига амал қилиб яшамоғи лозим.
Аллоҳ таоло. «Қасас» сурасида: «Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?» деган.
Сизга бу дунёда берилган моддий фаровонлик ва омонлик ҳам, руҳий хотиржамлик ва бошқа матоҳлар ҳам–ҳамма-ҳаммаси ўткинчидир. Улар бу дунёнинг ортиқча зебу зийнатидир. Сиз уларга ўч бўласиз, шулар учун Аллоҳнинг динини тарк этасиз. Ҳолбуки,
«Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир».
Беш кунлик дунё ҳирсига кўнгил қўймай, Аллоҳнинг йўлида юрган инсонлар учун унинг ҳузурида дунё маишатига берилган одамлар эришадиган нарсадан кўра яхшироқ ва боқий неъматлар бор. Иймонлилар икки дунёда ҳам саодатманд бўладилар.
«Ақл ишлатмайсизларми?»
Демак, иймонли ва иймонсизлар орасидаги фарқни билиш учун ақл ишлатиш керак. Ақли бор одам бу фарқни дарҳол тушунади ва Ислом йўлида юради. Ақлсизлар бу фарқни тушуна олмайдилар. Шунинг учун ўзларига фойдали амални қўйиб, зарарли йўлни танлайдилар.
Аллоҳ таоло. «Анкабут» сурасида: «Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир», деган.
Агар одамлар охиратни унутиб, фақат бу дунё учун яшайдиган бўлсалар, ҳаёти бекорчи ўйин-кулгидан бошқа нарса бўлмай қолади. Аслида, бу дунё ўткинчи бўлса-да, охират учун тайёргарлик босқичини ўташи керак.
«Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир».
Чунки у ўткинчи эмас, абадийдир. У ҳаётга лиммо-лимдир. Лекин мушрик ва кофирлар бу ҳақиқатни англамай, охиратни қўйиб, ҳаёти дунёга ўзларини урадилар. Уларнинг бундай нотўғри йўллари дунё ҳақидаги нотўғри тасаввурларидан келиб чиқади.
Аллоҳ таоло. «Луқмон» сурасида: «Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин», деган.
Куфр, ширк ва залолат йўлларига тушиб қолмаслик учун Аллоҳ таолога тақво қилиш ва қиёмат кунидан қўрқиб юриш керак.
«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг...»
Бу дунё ва у дунё учун энг зарур зоду роҳила тақводир. Тақво бўлмаса, ҳеч бир яхши натижани умид қилиб бўлмайди. Роббул Оламийнга тақво қилиш ҳар бир инсоннинг инсонийлик бурчидир. Аллоҳга тақво қилмаган одам ҳеч бир ёмонликдан қайтмайди. Аксинча, Аллоҳга тақво қилган одам ҳеч бир ёмонликка қўл урмайди.
«...ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг».
Бу кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто, ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.
«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».
У ваъдасига хилоф ҳам қилмас, кечга ҳам сурмас. Демак, қиёмат қоим бўлиши ҳақ. Инсонларнинг қайта тирилиши ҳақ. Маҳшарга тўпланиши ҳақ. Заррача бўлса ҳам, яхшию ёмон амаллар адолат тарозуси ила тортилиши ҳақ. Дақиқ ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Кофир ва осийлар дўзахга киритилиши ҳақ. Мўмин ва муҳсинлар жаннатга дохил бўлиши ҳақ.
«Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин».
Бу дунё матоҳига алданиб қолманг. Бу дунё ҳаёти охират экинзори, холос. Шуни унутманг.
«Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин».
Уламоларимиз «ўта ғурурга кетказгувчи»ни шайтон деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, шайтон турли нарсалар билан ғурурга кетказади. У ҳатто Аллоҳ билан ҳам, яъни, Аллоҳнинг марҳамати кенг, бу дунёда ўйнаб қол, деб ҳам ғурурга кетказади. Буларнинг ҳаммасидан сақланиш учун тақво ва қиёмат кунидан қўрқув бўлиши керак.
Аллоҳ таоло. «Фотир» сурасида: «Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин», деган.
Эй одамлар, турли хаёлларга бориб, ғофил қолманг.
«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».
У зот, қиёмат бўлади, деб ваъда берганми, демак, қиёмат бўлиши ҳақ. У зот, ўлганлар қайта тирилади, деб ваъда берганми, демак, қайта тирилиши ҳақ. У зот, бу дунёдаги ишлар охиратда ҳисоб-китоб қилинади, деб ваъда берганми, демак, охиратдаги ҳисоб-китоб ҳақ. Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар, осийлар ва гуноҳкорлар дўзахда азобланади, деб ваъда берганми, демак, уларнинг азобланиши ҳақ.
«Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин...»
Бу дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига берилиб, алданиб қолманг. Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг.
«Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин».
Бу жумладаги «ўта ғурурга кетказувчи»дан мурод шайтондир. Шайтон одамларни энг кўп ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.
Аллоҳ таоло. «Шуро» сурасида: «Сизга берилган нарсалар ҳаёти дунёнинг матоҳи, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса, иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир», деган.
Бандалар Аллоҳ таолонинг бу дунёда берган неъматларини ҳисоблайман десалар, ҳисобига ета олмайдилар. Лекин ушбу берилган нарсалар хоҳ молу дунё бўлсин, хоҳ мулку давлат бўлсин, хоҳ нозу неъмат бўлсин, хоҳ обрў-эътибор бўлсин, ҳуллас, нима бўлса бўлсин-ҳаммаси бу дунёнинг матоҳи, ўткинчи ҳой-ҳавас, холос. Уларнинг ҳақиқий қадр мезонида ҳеч бир оғирлиги, қиймати ва боқийлиги йўқ. Ўақиқий қадр-қийматга, боқийликка эга нарсалар бошқа томонда-охиратда, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўша нарсалар, бу дунё матоҳи каби, ким бўлишидан қатъи назар ҳамма учун эмас.
«Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса, иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир».
Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий, қадр қийматли нарсаларга эришиш учун қуйидаги сифатларни ўзида мужассам қилган жамоанинг аъзоси бўлиши керак:
Биринчиси: 
Иймонли. Иймон мазкур сифатларнинг асли ва асосидир. Иймон, умуман, дунёдаги барча яхши сифатларнинг асосидир. Агар иймон бўлмаса, инсон инсон эмас. Агар иймон бўлмаса, бошқа ҳамма яхши сифатларнинг заррача ҳам фойдаси бўлмайди. Иймон бўлмаса, дунё ва ундаги нарсалар тўғри тушунилмайди ҳам бўлмайди. Иймон бўлмаса, дунё ҳақидаги тасаввур ҳам, ундаги тасарруф ҳам умуман бошқача бўлади. Яъни, нотўғри бўлади. Шунинг учун иймонсиз бирор яхши иш қилиб бўлмайди, қилинганда ҳам, асоссиз, қандайдир ғараз билан қилинган бўлгани учун ўрин ўтмайди. Инсоннинг дунё ҳақидаги, ҳаёт ҳақидаги тасаввури ва ундаги тасарруфи фақат иймон билан тўғри бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳамма нарсанинг ҳақиқатда яхши бўлиши учун иймон шартдир. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг энг бош сифати ўлароқ иймон зикр этилмоқда.
Иккинчиси: 
Роббиларига таваккал қилган. Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг иймондан кейинги иккинчи сифати Роббиларига таваккал қилишдир. Ўар бир нарсада фақат Аллоҳ таолога суянишдир.
Бу эса, ҳақиқий тавҳиддир. Мўмин-мусулмон ўзининг фикрида ҳам, зикрида ҳам, тасаввурида ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина таваккал қилади-суянади. Унинг Аллоҳдан ўзга ҳеч бир суянчиғи йўқдир.
Бирор нарсада Аллоҳдан бошқага суяниш тавҳидга зарар етказади, ширкка олиб келади. Шунинг учун ҳам, барча нарсада фақат Аллоҳга таваккал қилиш-суяниш иймондан кейинги энг муҳим сифат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло. «Муҳаммад» сурасида: «Албатта, бу дунё ҳаёти ўйин ва кўнгил хушидир ва гар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, У зот ажрларингизни берур ва молу дунёларингизни сўрамас», деган.
Бу дунё ҳаёти мақсадсиз, ғоясиз бўлса, нима қилиб бўлса ҳам умр ўтказишдан иборат бўлса, албатта ўйин-кулги ва кўнгил хушидир. Ҳа,
«Албатта, бу дунё ҳаёти ўйин ва кўнгил хушидир…»
Нима қилинса, бу дунё ҳаёти «ўйин ва кўнгил хуши»ликдан чиқиб, инсон бу дунёдаги ўзининг ҳақиқий вазифасини, Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси бўлишдек улуғ ва мўътабар вазифасини адо эта олади? Бу саволнинг жавоби оятнинг ўзида бевосита келтирилган:
«ва гар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз»,
Демак, фақат иймон ва тақвогина бу дунё ҳаётини ўйинликдан жиддийликка, кўнгил хушидан охират экинзорига айлантиришга хизмат қилар экан. Инсон ҳаётини фақат иймон ва тақвогина ҳайвонийлик сифатидан юқорига кўтариб, Аллоҳга ер юзида халифа бўлган зотнинг обрўйига яраша ҳаёт кечириш даражасига чиқаради. Бугун инсон Аллоҳ йўлида баъзи мол дунёсини сарф қиладиган бўлса, беҳуда кетмайди, чунки:
«У зот ажрларингизни берур...»
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло иймон ва тақво учун бандаларидан молу пул талаб қилмайди:
«...ва мол-дунёларингизни сўрамас».
Аллоҳ таоло. «Ҳадид» сурасида: «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас», деган.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.
«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан»,
Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.
Бу дунё ҳаёти яна,
«ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».
Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.
Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.
«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.
Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.
«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».
Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.
Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.
«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».
Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.
«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».
Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом елкамдан тутиб туриб: «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана», дедилар».
Ибн Умар «Қачон кечкиртсанг, сабоҳга интизор бўлмагин. Қачон тонг отдирсанг, кечқурунга интизор бўлмагин. Сҳаттингдан беморлигингга олгин. Ҳаётингдан ўлимингга олгин» дер эди».
Шарҳ: Зуҳд ва рақоиқ бобида келган барча оят ва ҳадиси шарифлардаги «дунё ҳаёти»дан мурод Аллоҳ таоло. ва охиратни эсдан чиқарадиган ҳойи ҳавас ва молу дунёлардир.
Пайғамабар алайҳиссаломнинг бу ҳадиси шарифдаги «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана», деганлари ҳар бир киши учун доимий керакли эслатмадир. Чунки одам боласида бу дунёда боқий қолмаслигини унитган заҳоти ҳаром харишга, зулмга ва барча ёмонликларга қарши туйғу қолмайди. Оқибатда у гуноҳларни киприк қоқмай қилишга ўтади.
Шунингдек, одам боласи ўзининг бир куни келиб аҳли қабрлардан бўлишини унитганида ҳам ундан барча ёмонликлар бирин кетин чиқаверади.
Инсонда ушбу ҳолат, яъни, дуёдан кетиши ва аҳли қабрлардан бўлишини унитиш тез ва кўп бўлганидан Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар бу нарсалар унга тез-тез ва такрор-такрор эслатиб турилади.
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамабар алайҳиссаломнинг ўзларига айтган бу насиҳатларидан олиймақом ибрат олган эдилар ва бошқаларга бундан юғирилиб чиққан ўта ҳикматли сўзларни айтиб юрар эдилар.
«Ибн Умар «Қачон кечкиртсанг, сабоҳга интизор бўлмагин. Қачон тонг отдирсанг, кечқурунга интизор бўлмагин. Сиҳаттингдан беморлигингга олгин. Ҳаётингдан ўлимингга олгин» дер эди».
Эсон омон кечқурунга етиб олган одам тонг отишига интизор бўлиши, унинг келишини кутиб бепарво бўлиши мукин эмас. Ким билади, эҳтимол тонгдан олдин унга ўлим келар. Шунинг учун банда ўзига берилган ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Соғлик вақтини ғанимат фурсат билиб ибодат ва яхши амалларни кўпроқ қилиб олмоқ керак. Бемор бўлганда, аттанг, соғлигимнинг қадрига етмапман, дейшлик фойда бермайди.
Ҳаётлик чоғида зоди роҳилани таёрлаб олмоқ керак. Ўлганда, аттанг, тириклигимда у қилсам бўлар экан, бу қилсам бўлар экан дейишлик фойда бермайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки неъмат бор. Одамларнинг кўплари уларнинг қадрига етмаслар. Саломатлик ва фароғлик», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мўмин одам саломатликнинг қадрига етиб уни гуоҳларга эмас, ибодат ва савоб ишларга сарфлашга ҳаракат қилади.
Мўмин одам бўш вақтидан ҳам унумли фойдаланади. У ўзининг бўш вақтини турли бўлмагур нарсаларга эмас, зикр, дуо, қироати Қуръон ва шунга ўхшаш савобли амалларга сарфлайди.

Абу Убайда Баҳрайндан мол келтирди. Баъзи саобалар интизор бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом уларга: «Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен сизлар учун дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек талашиб кетишингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Амр ибн Авф Ансорий ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят бу ҳадиси шарифга баъзи тўлдиришлар киритади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом Абу Убайда ибн ал-Жарроҳни Баҳрайнга у ернинг жизясини олиб келиш учун юбордилар. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом аҳли Баҳрайн билан сулҳ тузиб уларга ал-Алоо ибн Ҳазрамийни амир қилган эдилар. Абу Убайда Баҳрайндан молни келтирди. Ансорлар унинг келганини эшитдилар ва Бамдод намозини Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом билан ўқидилар. У зот уларга намозни ўқиб берганларидан кейин бурилиб кетаётган эдилар, улар йўлларини тўсиб чиқдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом уларни кўрганда табассум қилдилар ва:
«Ўйлайманки, сизлар Абу Убайда бир нарса келтирганини эшитгансизлар?» дедилар.
«Худди шундоқ! Э-и,!» дейишди.
«Суюнаверинглар! Ўзингизни масрур қиладиган нарсани орзу қилаверинглар! Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен сизлар учун дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек талашиб кетишингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар».
Пайғамабар алайҳиссаломнинг хавфлари уммат ичида ҳамма молу дунёга берилиб бир-бирлари билан ҳалокатга олиб борувчи мол талашига гирифтор бўлишларидан экан. Чунки бу ҳолат олдинги умматларни ҳалок қилган ва кейингиларни ҳам ҳалок қилиши турган гап.

Муслимнинг ривоятида: «Дунё ям-яшил, шириндир. Албатта, Аллоҳ сизларни унга сизларни халифа қилиб қўядир. Қандоқ амал қилишингизга назар соладир. Бас, дунёдан қўрқинглар ва аёлллардан қўрқинглар. Шубҳа йўқки, Бани Исроилнинг аввалги фитнаси аёларда бўлган», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Дунё янги пишган мева каби гўзал кўринишли ва таъмли бўлиши.
2. Аллоҳ таоло.нинг мўмин-мусулмонларни молу дунёга Ўзидан халифа қилиб қўйиши. Бундан мўмин-мусулмонлар ичида бой- бадавлат одамлар бўлиши аввалдан маълумлиги қелиб чиқади.
3. Аллоҳ таоло. мўмин-мусулмонларга мол дунё берганда уларни синаш учун, қандоқ амал қилишларини юзага чивариш учун назар солиши. Шунинг учун молу дунёга эга бўлган киши уни Аллоҳ таоло.ни рози қиладиган йўлларга сарфлаши лозим бўлади.
4. Дунёдан эҳтиёт бўлиш кераклиги. Чунки эҳтиёт бўлмаган киши фитнага учраб гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин.
5. Аёл кишиларга эҳтиёт бўлиш кераклиги. Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса бало офат эканлигига ҳамма ҳам, ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшиладилар.
Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид. Бу ҳам зоҳидликнинг бир кўринишидир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Дунё мўминнинг қамоғи ва кофирнинг жаннатидир», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таоло. мўмин-мусулмонларга охиратда берадиган жаннат ва унинг неъматлари олдида бу дунёнинг роҳат фароғатлари қамоққа ўхшаб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таоло. кофир ва мунофиқларга охиратда берадиган дўзах ва унинг азоблари олдида бу дунёнинг роҳат фароғатлари улар учун жаннатга ўхшаб қолади.

Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом билан бирга ўзи ўлган қўйнинг устида турган гуруҳда бўлган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Мана шуни аҳли арзимас нарса сифатида ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?» дедилар.
«Арзимагани учун ташлаб юборишганда, э-и,», дейишди.
«Дунё Аллоҳ учун манашу аҳлига бўлгандан ҳам арзимас бир нарсадир», дедилар». Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Албатта, ўзи ўлиб қолган қўй эгаси учун тезроқ қутулиши керак бўлган ёқимсиз матоҳга айланиб қолади. Аллоҳ таоло. учун бу дунё ҳам ундан ҳам кўра арзимасроқ экан.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Агар дунё Аллоҳ наздида чивиннинг қанотича қимматга эга бўлганида кофирни ундан бир хўплам сув билан ҳам суғормас эди», дедилар».
Шарҳ: Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло. Ўзига куфр келтирган кофирларга ҳам бу дунё неъматларини бераверади. Агар дунё Аллоҳ таоло.нинг наздида бирор қимматга эга бўлганда кофирга ундан ҳеч нарса берилмас эди. Чунки у ўзининг куфри ила бирор қимматли нарсага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Шу боис Аллоҳ таоло. мўмин-мусулмонлар ҳам молу дунё тўплаш ила Аллоҳ таоло.ни рози қила олмайдилар. Аммо ўша молу дунёни Аллоҳ таоло.ни рози қиладиган равишда тўплаб, сарфлаш ила савоб касб қилиш мумкин.

Бани Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Дунё охиратда бирингиз панжасини денгизга солгани мислича ҳам эмас. Бас, нима ила қайтишига назар солсин», дедилар».
Шарҳ: Агар банда бутун оламдаги молу дунёни тўплаб охиратга олиб келса ҳам унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги молу дунёни тўплаганда ҳам охиратда худди денгизга бир панжани солганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандек тураверади. Шунинг учун ҳар бир банда бу дунёда охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса ўшанга лойиқ иймон, ибодат ва амали солиҳларни қилиши керак. Жумладан молу дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Огоҳ бўлинглар! Дунё малъундир ва ундаги нарсалар малъундир. Илло Аллоҳнинг зикри, У зотнинг яхши кўрган нарсаси, олим бўлиш ва таълим олиш мутаснодир», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда банда учун бу дунёда қилиши керак бўлган нарсалар зикр қилинмоқда:
1. Аллоҳнинг зикри.
Бундан мурод Аллоҳ таоло.нинг ибодатидир. Яъни, Аллоҳ таоло.ни ва У зотнинг амрларини эслаб адо этиладиган амаллардир.
2. У зотнинг яхши кўрган нарсаси.
Аллоҳ таоло. қайси нарсаларни яхши кўришини Қуръони карим ва Пайғамабар алайҳиссаломнинг суннатлари баён қилиб берган.
3. Олим бўлиш.
Аллоҳ таоло.нинг дини аҳкомларини ўрганиб олим бўлиш учун қилинадиган ишлар ҳам энг яхши амаллардан бўлади. Олимларнинг Аллоҳ таоло.нинг ҳузуридаги мартабалари қанчалар улуғ эканлигини шундан ҳам билиб олса бўлади.
4. Таълим олиш.
Аллоҳ таоло.ни рози қиладиган илмларни таълим олиш ҳам жуда зарур ва Аллоҳ таоло.га ёқадиган ишлардандир. Киши бунинг учун ҳаракат қилиши лозим.
Мазкур тўрт нарсани бир четга қўйиб дунёнинг ортидан тушиши эса Аллоҳ таоло. лаънатлаган нарсанинг ортидан тушишидир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Дунёдаги зоҳидлик ҳалолни ҳаром қилиш билан ҳам, молни зое қилиш билан ҳам эмасдир. Лекин дунёдаги зоҳидлик икки қўлингдаги нарса Аллоҳнинг қўлидаги нарсадан кўра ишончлироқ бўлмаслигингдир. Ўзингга етган мусийбатнинг савобига уни сенга етмай қолишидан кўра кўпроқ роғиб бўлишингдадир», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни тўлиқ маънода Исломий зоҳидликнинг мукаммал таърифи десак муболаға қилмаган бўламиз.
Исломда Аллоҳ таоло. ҳалол қилган нарсадан ўзини олиб қочиш ила зоҳидлик қилишга йўл йўқ.
Исломда молу дунёни зое қилиш билан зоҳидлик қилиш мумкин эмас. Исломда молу дунёни олиб ташлаб юборган ёки уни бошқа турли йўллар билан зое қилганларни зоҳид демаслар.
Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло. берадиган савобга кўпроқ ишонишни зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди. Балки у ўша қўлидаги матоҳни ҳам Аллоҳ таоло.нинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади. Мусулмон зоҳид дунёнинг бошқа барча орзу ҳавасларини ҳам шу тариқа кўради. Ўзига етган моддий неъматларни ҳаёт мақсади деб билмайди. Балки ҳаётнинг асосий мақсади бу дунёда охират учун зоди роҳила тўплаб олиш фурсати деб билади. У ўзига берилган неъматларини зое қилмайди. Балки тўғри йўлда ишлатади. Аммо ул неъматлари қалбини ишғол қилиб қолиб Аллоҳ таоло.нинг ҳузуридаги нарсаларни унитиб қўймайди.
Шунингдек, мусулмон зоҳид бу дунёнинг мусийбатларига ҳам алоҳида муносабатда бўлади. У ўзига мусибат этганда сабр қилиб савоб касб қилиб қолишга ҳаракат қилади. Мусулмон зоҳид бўлиб ўтган ишга афсус қилиб, ўзига етган мусийбат етмаса яхши бўлишини таманний қилмайди.

Каъб ибн Иёз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ҳар бир умматнинг ўз фитнаси бордир. Умматимнинг фитнаси молдир», дедилар».
Шарҳ: Фитна сўзининг маъноларидан бири синовдир. Дарҳақиқат мол мусулмон уммати учун бош синовдир. Кўпчилик молу дунё сабабли фитнага учрагандир. Баъзи кишилар фақат молу дунёга мубтало бўлганларида ўзларида кетиб фитнага учраганлари маълум. Шунинг учун молу дунё фитнасига учрамаслик учун керакли чораларни кўриш лозим. Жумладан тақво ва зоҳидлик йўлидаги тарбияни тўғри йўлга қўймоқ даркордир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Даромад манбаси тутишга берилиб кетманглар. Яна дунёга рағбат қилиб кетишингизга сабаб бўлмасин», дедилар». Ушбу олтитани Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Албатта, бу ҳадиси шариф ҳамма нарсани унитиб, молу дунёнинг ортидан кетиб қолмасликка ундашдир. Аслида эса ризқ рўз учун жидди жиҳад қилмоқ шариатда матлубдир. Зотан Аллоҳ таоло. «Исро» сурасида:
«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин», деган.
Ушбу оятда пулу мол сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.
«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма».
Яъни, бахил бўлма. Оятда бахиллик жуда ҳам ажойиб бир тамсил ила васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон ҳамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга нафақа бера билмайди. Демак, бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.
«Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма».
Яъни, қўлингни бир йўла ёзиб, бору бурдингни бошқаларга бериб тугатиб ҳам қўйма.
«Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».
Ўйламасдан борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин, унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади. Исломда ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Кўпайтирувчилар қиёмат куни озайтирувчидирлар. Илло кимга Аллоҳ яхшиликни берган бўлсаю у ўнгига ва чапига, олдига ва ортига пуфлаган ва у билан яхшилик қилган бўлса мустаснодир», дедилар». Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу дунёда молу дунёни кўпайтирувчилар охиратда ўз савоб ва мартабаларни озайтирувчилардир. Фақат бир тоифа молу дунёни кўпайтирувчилар ундоқ бўлмайдилар. Уларга Аллоҳ таоло. яхшиликни-молу дунёни берган бўлади. Аммо улар ўша молу дунёни ҳар тарафга Аллоҳ таоло.нинг рози қиладиган тарзда сарфлаган бўлади. Улар ўзларига Аллоҳ таоло. томонидан берилган молу дунёни фақат яхшиликка сарфлаган бўлади. Ана ўшалар охритда ҳам савобларини ва даражаларини кўпайтирувчилар бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Агар одам боласининг икки водий тўла моли бўлса ҳам учинчисини талаб қилади. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўлдиради. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади», дедилар».
Шарҳ: Шунинг учун молу дунёга ўч бўлмаслик керак. Доимо Аллоҳ таоло.ни унитмаслик керак.

ИбнЗубайр Маккада минбарда хутба қилиб: «Эй Одамлар! Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом «Агар одам боласига водий тўла тилло берилса ҳам иккинчисига муҳаббат қилади. Агар унга иккинчиси берилса учинчисига муҳаббат қилади. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади» дер эдилар», деди». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳа, одам боласи ичида дунёдаги энг бой одам бўлгани ҳам тўймаётганини кўриб турибмиз. У тўйиш ўрнига янада очкўз бўлиб бораётгани ҳам бор гап. Одам боласи молу мулкка ўч бўлганида ўлиб кўзига тупроқ тўлмагунча молу дунёга тўмай юраверади. Аммо ўз вақтида ўзини билиб молу дунёга эмас Аллоҳ таоло.га муҳаббат қўйган бандани Аллоҳ таоло. тавбасини қабул қилади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Динор ва дирҳам, қатийфа ва хомийса бандаси бадбахт бўлди. Унга берилса рози бўлади. Берилмаса норози бўлади», дедилар».
Шарҳ: Қатийфа-чизиқлари бор ёпинчиқ. Хомийса-қора, тўртбурчак кийим. Пулга қул бўлган банда бадбахтдир. Чунки у пулнинг айтганини қилиб яшайди. Кийим кечакка қул бўлган банда бадбахтдир. Чунки у кийим кечакнинг айтганини қилиб яшайди. Улар эса бандага ҳеч қачон яхшиликни айтмайди. У фақат ўзига динор ва дирҳам берилса рози бўлади. У фақат ўзига қатийфа ва хомийса берилса рози бўлади. Акс ҳолда норози бўлиб ўтади. Бу эса унинг бадбахтлигининг аломатидир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Агар менинг Уҳуд тоғидек олтиним бўлганида ҳам уч кеча ўтмай туриб ундан ҳузурмида бирор нарса қолмаслиги мени масрур қиларди. Илло қарз учун сақлаганим қоларди», дедилар».
Иккисини Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Молу дунёни муҳтожларга ёрдам сифатида сарф қилиш қандоқ ҳам яхши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Чолнинг қалби икки нарсани; умрнинг узунлиги ва молнинг кўплигини орзу қилишда ёшдир», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Одам қаригандан кейин кўп нарсадан кўнгли қолади. Ул нарсаларга ёшлигидаги каби орзу ҳавас қилмай қўяди. Аммо қариган чоғида ҳам кўп яшашни ва кўп молли бўлишни орзу қилишини қўймайди.

Мутаррифдан, у ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ҳузурларига етиб борганда у зот:
«Сизларни кимники кўп демоқлик машғул қилди. Одам боласи «молим, молим» дейди. Сенинг молингдан фақатгина садақа қилиб ўтказганинг, еб битирганинг ва кийиб чиритганинг ўзингники холос», демоқда эканлар
». Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Муслимнинг лафзида:
«Банда «молим, молим» дейди. Албатта, унга молидан учтаси; еб битиргани, кийиб чиритгани ва бериб ўзига савоб олгани бўлади, холос. Ундан бошқаси беҳуда кетган ёки одамларга тарк қилинган бўлади», дейилган.
Шарҳ: Одам боласи қанча кўп мол тўпламасин унга ҳақиқий фойда берадиган мол жуда ҳам оз бўлади. Унга тўплаган молидан уч нарсадагина фойда бўлиши мумкин.
1. Одам боласи ўзи егани.
2. Одам боласи ўзи кийгани.
3. Одам боласи ўзи хайри садақа қилгани.
Албатта, биринчи иккиси ҳақида ҳам охиратда сўроқ савол бўлади. Буни ҳам унутмаслик керак.
Бошқа молу мулк ўзини тўплаган шахсга ҳеч ҳам вафо қилмайди. Балки беҳуда кетган бўлади. Ёки у ўлганидан кейин бошқа шахсларга қолган бўлади.
Бас, шундоқ экан молу дунёга қул бўлиб яшашнинг нима кераги бор?! Унинг ўрнига молу мулкни ўзига қул қилиб уни Аллоҳ таоло.нинг рози қиладиган йўлда сарфлаб ўтган яхши эмасми?!

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Кимингизга меросхўрининг моли унинг ўзининг молидан кўра маҳбуброқ?» дедилар.
«Э-и, ҳар биримизга ўзининг моли меросхўрининг молидан кўра маҳбубдир», дейишди.
«Албатта, унинг моли тақдим қилганидир. Меросхўрининг моли тўплаб қўйганидир», дедилар
». Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бас, шундоқ бўлгандан кейин банда ўзига Аллоҳ таоло. томонидан берилган молни Аллоҳ таоло.нинг розилиги йўлида тақдим қилгани маъқул эмасми?!

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Албатта, мен сизлар учун кўпроқ қўрқадиган нарсам, Аллоҳ сизларга ер баракотларидан чиқариб берадиган нарсадир», дедилар.
«Ер баракотлари недир?» дейилди.
«Дунёнинг зийнатларидир», дедилар.
Шунда у зотга бир киши:
«Яхшилик ҳам ёмонлик келтирадими?» деди.
Бас, Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом жим бўлиб қолдилар. Ҳаттоки биз у зотга бирор нарса нозил қилинаётганмикан деб гумон қилдик. Сўнгра у зот пешоналарини силай бошладилар ва:
«Сўровчи қани?» дедилар.
«Менман!» деди у.
«Яхшилик фақатгина яхшилик келтиради. Албатта, бу мол дегани яшил ва шириндир. Албатта, баҳорда ўсган ҳар бир нарса қоринни шишириб ўлдиради ёки ўлдирай дейди. Илло яшилни егувчилардан еб икки ёнбоши шишганда қуёшга ўзини тутиб ковуш қайтаргани, ичидагини чиқариб ташлаб сийгани ва қайтиб бориб яна егани бундан мустасно.
Албатта, бу мол дегани шириндир. Ким уни ҳақи билан олиб ҳақи билан қўйса, у қандоқ ҳам яхши ёрдамдир. Ким уни ноҳақлиу ила олса, худди еб тўмайдиганга ўхшайдир», дедилар
». Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Молу дунё гўзал ва ширин шакардир. У зида маҳлиё қилади. Аммо молу дунёнинг гўзаллиги ва ширинлиги баҳорда янги чиққан ўт-ўланга ўхшайди. У ўзига қараганларга ишва билан қарайди ва уни тановул қилганларга тотли татийди. Аммо баҳорги ўт-ўлан ўзини кўп еган ҳайвонларни қорнини шишириб ҳалок қилади. Ҳеч бўлмаганда ҳалокат ёқасига олиб келади. Мазкур ўт-ўланларнинг ҳалокатли зараридан фақат керакли чораларни кўрганларгина соғ-саломат қолиши мумкин. Шунингдек, молу дунёдан ҳам эҳтиёлик билан фойдаланганларгина мақсадга етадилар.
«Албатта, бу мол дегани шириндир».
Шунинг учун уни кўпчилик яхши кўриши турган гап. Бу ҳол табиий бир ҳолдир. Фақат ўша ҳолатдан фойдаланишнинг ўзига хос услуби бор.
«Ким уни ҳақи билан олиб ҳақи билан қўйса, у қандоқ ҳам яхши ёрдамдир».
Банда молу дунёни ҳалол пок йўл билан топса уни ҳақ билан олган бўлади. Банда молу дунёни Аллоҳ таоло.нинг рози қиладиган йўлда сарфласа, уни ҳақ билан қўйган бўлади. Шунда молу дунё бандага яхши ёрдамчи бўлади.
«Ким уни ноҳақлик ила олса, худди еб тўмайдиганга ўхшайдир».
Банда молу дунёни ҳаром йўл билан олса худди еб тўймайдиган очкўз ҳайвонга ўхшаб қолади. Худди ўша ҳайвон қорни шишиб ҳалок бўлганидек ҳаром мол топадиган ҳам ўзи билмаган ҳолда ҳалок бўлади.

ҲОЖАТСИЗ БИНО ЯХШМАС

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг вақтларида ўзимни ёмғирдан пана қиладиган ва қуёшдан тўсадиган уни ўзим қурдим. Бу ишда менга Аллоҳ таоло.нинг махлуқотларидан бирортаси ёрдам бермади», деди».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом қабз қилинганларидан бери бир ғиштнинг устига иккинчисини қўйганим ҳам, бирор дона хурмо экканим ҳам йўқ», деди». Иккисини Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятнинг соҳиблари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўта тақво йўлни тутган саҳобалардан эдилар. У киши бу борада кўп саҳобалардан ҳам ажраб турар эдилар. Шунинг учун Пайғамабар алайҳиссаломнинг ҳаётдалик вақтларида ўзларига қурган уйда ўзларидан бошқа одамнинг ишлашини раво кўрмаганлар ва бинони ҳожатни қоплайдиган даражадан оширмаганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом қабз қилинганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қўллари ўзлари учун орзу ҳавас йўлида бирор нарса қилишга бормаган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен онам билан деворимни суваётган эдим олдимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ўтиб қолдилар ва: «Бу нима, эй Абдуллоҳ?» дедилар.
«Э-и, бир нарсани тузатмоқдаман», дедим.
«Иш бундан кўра тезроқ», дедилар
».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Биз қамишдан қилинган чеварамизни ислоҳ қилаётган эдик одимиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ўтиб қолдилар ва: «Бу нима?» дедилар.
«Қамишдан қилинган чеварамизни ислоҳ қилмоқдамиз», дедик.
«Ишни бундан ҳам кўра тезроқ деб биламан», дедилар
». Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу икки ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларини рўзадор, кечаларини намоз ўқиш ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишинингдан хабарим бор. Умринг узайиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишнгдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил»-дедилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга хабар берилишича сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?-дедилар.
«Албатта мен ўшандоқ қилурман-дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг кўзиниг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингни ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. ухлаб ҳам ёт-дедилар».
Бу икки ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўта тақводарлик хислатларини ҳисобга олиб айтилган бўлса ажаб эрмас.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом баланд қилиб кўтарилган қуббани кўрдилар ва: «Бу нима?» дедилар. «Фалончи ансорийники», дейишди.
Бас, у зот сукут сақладилар. Аммо ёдларига олиб қўйдилар. Унинг эгаси келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломга салом берганда у зот юзларини ўгириб олдилар. У зот буни бир неча марта қилдилар. Охири ҳалиги киши ўзига нисбатан ғазаб ва юз ўгириш борлигини билди. У бу ҳолдан ўз асҳобларига шикоят қилди. Бас, унга қуббанинг иши ҳақида хабар берилди. У қайтиб бориб уни бузиб ерга текислаб ташлади. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ўша ердан ўтганларида уни кўрмадилар ва унинг ҳақида сўрадилар. Шунда у зотга: «Унинг эгаси сизнинг ўзидан юз ўгирганингизни кўриб уни бузиб ташлади», дейишди. Бас, у зот: «Албатта, ҳар бир бино ўз эгаси учун ҳалокатдир. Илло лозими, илло лозими, яъни, лозим бўлгани мустаснодир», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Нафақанинг барчаси Аллоҳнинг йўлидадир. Фақатгина бинода хайр йўқдир», дедилар».
Иброҳим ан-Нахаъий: «Бинонинг барчаси ҳалокатдир», деди.
«Лозим бўлгани ҳақида нима дейсан?» дейилди унга.
«Ажр ҳам, гуноҳ ҳам йўқ», деди». Иккисини Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларни келтирилгандан кейин шайх Мансур Али Носиф р-ҳ. қуйидагиларни айтганлар:
«Бу уларнинг замонларига нисбатандир. Аммо бино қуриш ва уни баланд қилиш унда яшашга, ундан фойда топишга ҳожат учун ва яхши одамларнинг одатига биноан бўлса, ҳеч гап эмас. Балки бундай ҳолатларнинг кўпида ажр бўлиши ҳам мумкин. Чунки емоқ, ичмоқ, киймоқ ва аҳли аёл учун саъйи кўшиш қилмоқ каби бошқа мубоҳ нарсаларда шундоқ бўлади. Масжид, мадраса, меҳмонхона ва мискинларга аталган биноларда ажр бўлишида шубҳа йўқ.
Бошқа уламоларимиз ҳам бино ҳақидаги ҳадиси шарифлар маълум шахс ва маконлар учун айтилганини қайта-қайта таъкидлайдилар. Ҳақиқатда ҳам Аллоҳ таоло. Қуръони каримда бандаларга уйларни неъмат ва оромгоҳ қилганини алоҳида таъкидлаган ва «Наҳл» сурасида:
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди».
Инсоннинг уйи энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйдан бошқа жойда одам оромини йўқотади. Ўз уйидагича тинчлана билмайди инсон. Буни ҳар бир инсон, хусусан, уйи йўқ кишилар жуда яхши ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга ва унинг осойишта, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди».
Ҳар бир уй–оромгоҳ. Мусулмон инсон учун емакхона, омонлик жойи, хотиржамлик маскани ва тинчлик-осойишталик марказидир.
«У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди».
Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Агар шундай қилмаганида кўчиб юрувчи, саҳро, чўлу биёбонларда яшовчи қабилалар оромгоҳ топа олмай қийналар эдилар.
«Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди».
Қўйнинг жуни, туянинг юнги ва эчкининг қилида уйга ишлатишдан бошқа, жуда кўп манфаатлар бор. Айниқса, кейинги вақтларда бу матоларнинг қиймати янада ортди, талаби кучайди. Инсон Аллоҳнинг бу неъматига ҳам шукр қилиши керак. Уларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ибодат этиши лозим.

ХУЛОСА

Дунёнинг мазаммати ҳақидаги матнларга алоҳида эътибор бермоқ керак. Бу ерда катта илоҳий ҳикмат бор. Дунёни ва ундаги барча нарсани, жумладан инсонни ҳам ҳалқ қилган Холиқ таоло уларнинг сир-асрорларини тўла тўкис билдир. Шунинг учун уларга Ўзи билиб амрлар қилади. Аллоҳ таоло. инсонни яратганда уни бу дунёга қизиқадиган қилиб яратган. Агар инсон табиатида бу дунёга қизиқиш бўлмаса, дунё обод бўлмас эди. Аллоҳ таоло. инсонни бу дунё ва унинг матоҳларига қизиқадиган қилиб яратгани бўйича тек қўйиб қўйганида у дунёдан бошқа нарсани демай қўяр эди. Шунинг учун дин юбориб унинг нафсини жиловлаб туришни ҳам йўлга қўйди. Инсоннинг нафси дунёга тортади, дин эса уни дунёга қизиқмасликка чорлайди оқибатда ўртача ҳолат пайдо бўлади. Бу улкан ҳақиқатни ва илоҳий ҳикматни қуйидаги оятларнинг тафсирини ўрганиш орқали яна ҳам яхшироқ тушуниб олишимиз мумкин.
Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор.
«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди».
Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.
Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанд жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.
Сўнгра, тўп-тўп тилло ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар молсизлардан кўра кўпроқ бойлик тўплашга уринаётганини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби–у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканлигидадир.
Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзларига обрў билганлар. (Ҳатто ҳозирги техник замонда ҳам милёнлаб долларга савдо бўлаётган отлар бор.) Аммо бу ерда умуман улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганини кўрамиз.
Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-текинларга ҳам муҳаббат кучли. Ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қилишади.
Ояти каримада, ушбу нарсаларнинг муҳаббати, зийнатланди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки, мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки, у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.
Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима тушган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,
«Улар дунё ҳаётининг матоҳидир».
Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.
«Аллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой бор».
Бу жой–жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.
Шунинг учун дунёдан охиратни устун қўйиш керак. Кофирлар эса, дунё зийнати ортидан тушишади холос. Ким дунё зийнатига берилган бўлса, уни огоҳлантириш лозим. Шунинг учун:

Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт».
Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан:
«Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?!, деб айт, деб буюрмоқда.
Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмаслигидир.
«Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор».
Бу дунёда экин-текинларга, далаларидан чиқадиган маҳсулотларга рағбат, хоҳиш иштаҳа бўлган бўлса, у дунёда, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. У ерда истиқомат қилувчи қайси мева ёки маҳсулотни хоҳласа, ўша ҳозир бўлади. Агар бу дунёнинг экин-текинлари вақтинчалик бўлса, у дунёники абадийдир:
«Унда абадий қолурлар».
Бу дунёнинг матоҳлари ичида энг иштаҳа уйғотадигани аёллар ва болалар бўлса, у дунёнинг абадий неъматлари ичида,
«Покиза жуфтлар» бор. Жаннат аҳлларига насиб этадиган бу жуфтлар, турли ҳиссий ва маънавий нопокликлардан ҳолидирлар. Уларни Аллоҳ таоло аслида пок қилиб яратган. Уларнинг шу покликларининг ўзи ҳар қанча ҳавасга арзийди.
Бу дунё матоҳлари ичида чиройли отлар, чорва ва тўп-тўп тилло-кумушлар бошқа шаҳватларга етишишга восита ҳисобланар эди. Жаннатда воситага ҳожат йўқ. Аҳли жаннат нимани хоҳласа, ўша онда муҳайё бўлади.
Охират неъматлари ичида ҳамма матоҳдан, орзу-ҳавас қилинган барча нарсадан устун турадиган яна бир нарса бор. У ҳам бўлса:
«Аллоҳ томонидан розилик бор».
Аллоҳнинг розилиги бу дунёнинг матоҳию у дунёнинг неъматларини қўшганда ҳам, улардан устун туради.
«Ва Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».
Уларнинг қандай яратилганликларини, нималарни хоҳлашларини, уларга қандай муомала қилишни яхши билади.
Юқорида зикр этилган инсондаги молу дунёга нисбатан унга қўшиб Аллоҳ таоло. томонидан яратилган табиий майл ва ўша майлни жиловлаб, тўғри йўлга солишга йўнатилган диний таълимотлар орасидаги мутаносибликни тўғри тушунмаслик оқибатида турли ноқулайликлар юзага келади.
Кўпгина кишилар дунёни мазаммати ҳақидаги оят ва ҳадиси шарифлардан хабардор бўлган баъзи кишилар дунёдан бутунлай юз ўгириш зарур экан деган хулосага келганлар. Улар ўзлари учун фойдали бўлган таом, либос ва бошқа нарсалардан ҳам ўзларини четга олганлар.
Аслини олганда эса дунё матоҳларида инсон учун фойдали нарсалар мавжудлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ким дунёдан ўзига фойдалисини шариат кўрсатган ҳалол йўл ила тановул қилса мадҳга сазовор иш қилган бўлади. Ким дунёдан ўзига керагидан ортиғини олса ва очкўзлик қилса, мазамматга лойиқ иш қилган бўлади. Демак, бу масалада ўртача йўл тутиш матлубдир.
Энг машҳур зоҳидлардан бўлмиш Суфён Саврий вақти келганда яхши таомларни ер ва сафарга чиқса ўша таомлардан ўзи билан бирга олиб кетар эди.
Бошқа бир улкан зоҳид Иброҳим Адҳам р-ҳ. бўлса вақти вақти билан яхши таомларни ер ва «Агар топсак, эркаклар емагини еймиз. Агар топмасак, эркаклар сабридек сабр қиламиз», дер эди.
Энг муҳими бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ва у зотнинг саҳобаи киромлари барчамиз учун ўрнак бўлишлари лозим. Улар бу масалада ўртача йўл тутганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат этади.Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги давоми...

3197 05:00 / 07.03.2017
Амр ибн Ос музаффар саркарда ва ҳайбатли амир бўлишларига қарамай, иш давомида йўл қўйилган баъзи хатолари учун халифадан танбеҳ ёки жазо олганларида ҳам хафа давоми...

3842 18:52 / 27.03.2017
Бу ndash инсон Инсон ожизлигининг чўққисига касаллик ва шаҳват пайтида чиқади. Кучқувватининг чўққиси эса урушлар, осмонўпар бинолар барпо этушу вайрон қилиш давоми...

5807 17:05 / 30.03.2018
Одатдагидек, ўқишдан қайтаётган эдим. Мен чиққан машинада бир онабола ҳам бор эди. Болакайнинг серсаволлигини кўриб тўғриси ҳайрон қолдим. .Машина қандай юради,, давоми...

2355 20:00 / 30.06.2021
Аудиолар

118803 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021