1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

СОЛИҲЛИК

05:00 / 02.03.2017 3926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига қанчалик сидқидилдан ибодат этса, динга қанчалик кўп амал қилса, ер юзини обод қилишда шунчалик пешқадам бўлган, Ислом дини шунчалик мустаҳкам турган, омонликлари шунчалик ишончли бўлган.

Солиҳлик араб тилида «салоҳ» деб айтилади ва фасод – бузуқликнинг аксини ифода қилади. Ислоҳ тузатиш маъносини билдиради.
Салоҳнинг таърифида қуйидагилар айтилган:
Кафавий: «Салоҳ ҳидоят йўлида юришдир», деган.
Яна: «У шариат ва ақл талаб қилган нарсада мустақим ҳолда туришдир», деган.
Солиҳ дегани ўзича ҳоли мустақим бўлган деганидир.
Баъзилар: «Аллоҳнинг ҳақлари ва банданинг ҳақларини ўрнида ва тўғри адо этувчидир. Баркамол солиҳлик мўминлар даражаларининг мунтаҳоси ва анбиё ва мурсалинларнинг орзусидир”, дейишган.
Яна бир қавлда: «Солиҳлик чирой ва зийнат жиҳатидан эмас, дин ва яхшилик жиҳатидан бўлган гўзалликдир», дейилган.

Аҳли солиҳ одам ким?

Кафавий: «Ким айби берк бўлиб, шарманда бўлмаса, шубҳага қолмаган бўлса, тўғри йўлда юрса, озор беришдан холи бўлса, ёмонликни оз қилса, маст қилувчи ичимлик ичмаса, афифа аёлларга бўҳтон тоши отмаса, ёлғон билан танилган бўлмаса бизнинг наздимизда аҳли солиҳлардандир», деган.
Ал-Буҳутийшундай деган: «Диндаги солиҳлик фарзларни суннатлар билан адо этиш, ҳаромдан четда бўлиш, гуноҳи кабира қилмаслик ва кичик гуноҳларда бардавом бўлмасликдир», деган.
Қуръони каримда солиҳлик бир неча маъноларда келган.
1. Иймон маъносида.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар», деган (23-оят).
Яъни, иймонли бўлганлари кирарлар.
2. Олий мартаба.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ўзини эси паст санаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгиради. Албатта, Биз уни бу дунёда танлаб олдик ва, албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай», деган (130-оят).
Яъни, олий мартабаликлардан бўлгай.
3. Буст-бутун яратилиш.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики, у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар», деган (189-оят).
Яъни, яратилиши буст-бутун бўлган фарзанд берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар.
4. Марҳаматлик.
Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди», деган (27-оят).
Яъни, иншааллоҳ, менинг марҳаматли кишилардан эканимни кўрасан.
Қуръони каримда кўплаб оятларда амали солиҳ иймон билан бирга зикр қилинган ва уларга катта ваъдалар берилган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга у ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар», деган (25-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат–суюнчилик хабар беришни буюрмоқда.
Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.
Аҳли солиҳлар фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар, балки у ерда турли ноз-неъматларга сазовор бўладилар. Жумладан: «Қачонки уларнинг (яъни, жаннатларнинг) мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир».
Яъни, бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилгандир. Аммо бу ўхшашлик фақат исми ва шаклида, жаннат меваларининг таъми эса, бошқача бўлади.
Шаклининг ўхшашлиги шунинг учунки, банда бу дунёда тотиб юрган лаззатли неъматни жаннатда ҳам кўрса, севинади. Таъмини тотиганда эса, кутганидан зиёда лаззатли экани аён бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Жаннатдаги нарсаларнинг бирортаси бу дунёникига ўхшамайди, фақат исми ўхшаши мумкин», деганлар.
«… уларга у ерда покиза жуфтлар бор».
Ҳар жиҳатдан покиза жуфтлар бордир. Чунки жаннат ҳурлари алоҳида яратилган. Ушбу неъматларнинг лаззати ва ҳузурбахшлигининг зиёдалиги уларнинг бардавомлигида ҳамдир. Шунинг учун ҳам оятда айтилганидек, «улар у ерда абадий қолурлар».
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирурмиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз», деган (97-оят).
Исломда инсоннинг жинсига қараб мукофотланмайди. Насабига, мансаби ёки терисининг рангига қараб ҳам мукофотланмайди. Балки мукофотлашнинг бирдан-бир ўлчови – иймон ва солиҳ амалдир.
«Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса...»
Бир ишни эркак киши қилса, алоҳида мукофот, худди ўша ишни аёл киши қилса, унга эркакнинг мукофотидан озроқ мукофот бериш Исломда йўқ. Аллоҳнинг ҳузурида бандалар ҳаммаси баробардир.
Мўмин одам солиҳ амални, Исломни яхши тушунмайдиган баъзи кишилар ўйлаганидек, фақат охират учун қилмайди. Балки иймонли кишининг солиҳ амали ўз фойдасини дастлаб бу дунёда кўрсатади.
«...ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирармиз...»
Зотан, иймон тақозоси ила қилинадиган солиҳ амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминловчи воситадир. Албатта, мўмин киши солиҳ амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади.
Охиратда: «... албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мўминга зулм қилмайди. Унга ҳар бир солиҳ амали учун бу дунёда бир нарса ато этилади. Охиратда эса, савоб берилади.
Кофир ҳам яхшиликларига яраша таомланади. Охиратга борганда эса, яхшиликка савоб бўладиган нарсаси қолмайди», деганлар.
Аллоҳ таоло «Марям» сурасида: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур», деган (96-оят).
Демак, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўладилар.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик», деган (105-оят).
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар.
Баъзилари, «зикр»дан мурод – Тавротдир, шунга кўра, оятнинг маъноси: «Батаҳқиқ, Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» дегани, дейишади.
Бошқалари эса, «зикр»дан мурод – Лавҳул Маҳфуз, бинобарин, аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик, маъноси чиқади, деганлар.
«Ер» ҳақида эса, баъзи уламоларимиз оддий ер кўзда тутилган десалар, бошқалари жаннат ери назарда тутилган, дерлар. Ушбу икки хил маънони қўшиб, ҳар иккиси кўзда тутилган, деса ҳам бўлади.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир. Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур», деган (10-оят).
Инсонлар бу дунёда ҳам, ўша қайта тирилиш кунида ҳам иззатни, куч-қудрат, ғолиблик, устунлик ва бахт-саодатни излайдилар. Ҳамма шунга интилади. Бу изланиш ва интилиш тугамайди. Ҳар ким ўз йўли, ўз услуби билан изланади. Аммо бирор нарсани талаб қилишдан олдин унинг қаерда эканини билиб олган яхши.

Хўш, ҳар бир одам боласи излайдиган икки дунё иззати, бахту саодати қаерда?
Буту санамлар оёғи остидами?
Ой ёки қуёшнинг хазинасидами?
Сигирнинг шохига илиб қўйилганми?
Ёки баъзи бир одам боласининг фармони билан бериладими?

«Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир».
Бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарсанинг ҳузурида заррача иззат йўқ. Аллоҳнинг даргоҳидан бошқа жойда иззат излаганлар беҳуда ҳаракат қиладилар.
Ким икки дунё иззатини топмоқчи бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг айтганларини қилсин. Ҳа, фақат Аллоҳнинг йўлидан юрган инсонгина Унинг розилигига етади ва кўзлаган иззатни топади. Йўлнинг ярмида бошқа томонга ўтиб олса ҳам, адашиб кетади.
Аллоҳнинг ҳузурига етиш қандай бўлади?
«Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни».
Яъни, Аллоҳга, Унинг ҳузурига хуш калом юксалур.
Хуш калом калимаи шаҳодат, «алҳамдулиллоҳ», «субҳаналлоҳи», «Аллоҳу акбар» ва зикр, дуо, тиловат ҳамда барча яхши гап-сўзлардир. Ана ўша хуш каломгина Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади.
Ояти каримадаги «солиҳ амал кўтарур уни» деб таржима қилган жумламиз оят матни бўйича бир неча маънони англатади.
Биринчиси – солиҳ амални Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарур.
Иккинчиси – солиҳ амал хуш каломни Аллоҳ ҳузурига кўтарур.
Учинчиси – солиҳ амални хуш калом Аллоҳ ҳузурига кўтарур.
Бу уч маъно бир-бирини тўлдириб келади. Аллоҳ таоло Ўзи қабул қилиб, Ўзи кўтармаса, ҳеч қандай солиҳ амал У зотнинг ҳузурига кўтарила олмайди.
Хуш калом Иймон ва Ислом калимаси бўлиши керак. Акси бўлса, ҳеч кимдан ҳеч қандай солиҳ амал қабул бўлмайди, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилмайди.
Шунингдек, хуш калом ортидан солиҳ амал келмаса, ўша хуш каломнинг ўзи Аллоҳ ҳузурига кўтарила олмайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ ҳузуридан икки дунё иззатини излаган одам Аллоҳнинг Ўзидан мадад сўраган ҳолида хуш каломни айтиб, солиҳ амалларни қилиши лозим.
Имом ибн Касир «солиҳ амал кўтарур уни» жумласи тафсирида келтиришича, Али ибн Абу Талҳа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Хуш калом Аллоҳнинг зикридир. Уни Аллоҳга юксалтирур. Солиҳ амал–фарзларни адо қилишдир. Кимки Аллоҳни зикр қилиб, фарзларини адо этса, унинг амалини Аллоҳнинг зикри Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқади.
Кимки Аллоҳни зикр қилиб, фарзларини адо этмаса, каломи амалига боғлиқ бўлади».
Шунингдек, Мужоҳид: «Солиҳ амал хуш каломни кўтаради», деган.
Абул Олия, Икрима, Иброҳим Нахаъий, Заҳҳок, Суддий, Рабийъ ибн Анас, Шаҳл ибн Ҳушоб ва бошқалар ҳам шу гапни айтганлар.
Ийас ибн Муовия ал-Қозий: «Солиҳ амал бўлмаганида калом кўтарилмас эди», деган.
Ҳасан ва Қатода эса: «Калом фақатгина амал билан қабул қилинади», деганлар.
«Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир».
Макр-ҳийла ишлатиб турли ёмонликлар қилган одамлар ҳам иззат талабида бўладилар. Ўша макрлари, ҳийлалари ва ёмонликлари билан иззатга эришишни истайдилар. Аммо шиддатли азобга йўлиқадилар.
Чунки макр ҳам, ҳийла ва ёмонликлар ҳам Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилмайди.
«Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур».
Қилган макр-ҳийлаларининг ҳаммаси ботил бўлади. Бирортаси ҳам ўтмайди.
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Роббинг бандаларга зулм қилгувчи эмас», деган (46-оят).
Ҳар кимга У зот фақат амалига яраша мукофот ёки жазо беради, холос.
Солиҳлик набийлар ва мўминларнинг сиймосидир.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан», деди.
Меҳробда намоз ўқиб турганида, фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳлардан бўлган Набий, Яҳъёнинг башоратини бермоқда», дедилар», деган (38–39-оятлар).
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла», деган (45–46-оятлар).
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Ана ўшалар Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир.
Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик
», деган (83–86-оятлар).
Ушбу тўрт оятда Аллоҳ таоло ўн саккиз Пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда.
Аллоҳ таоло «Мўъминун» сурасида: «Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман», деган (51-оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир», деган (55-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларига кўп башоратлар ваъда қилмоқда.
Ўша ваъдалар қуйидагилардир: «Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни...»
Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди.
Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт – иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир.
Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари пайтида улар Арабистон ярим ороли, Баҳрайн, Яман ва бошқа жойларда халифа бўлиб, Аллоҳнинг амрини юрита бошладилар.
У зотдан сўнг эса, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ даврларида Ислом давлати чегаралари Форс, Шом ва Мисрнинг бир қанча ерлари қадар кенгайди.
Иккинчи халифа Умари Одилнинг вақтларида Ислом мазкур юртларнинг ҳамма жойларига тарқалди. Ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империяси бўлган Рим ва Форс империялари инқирозга учрадилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврига келиб эса, Ислом давлати ҳудудлари ер юзининг машриқидан мағрибигача кенгайди.
Бу улкан футуҳотларнинг асосий сабаби мусулмонларнинг пок иймонию солиҳ амаллари бўлди. Мусулмонлар ўша шартни бажарганлари учун Аллоҳ уларга имкон бериб, ер юзида халифа қилиб қўйди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мусулмонларга иймонлари ва солиҳ амалларни учун бошқа нарсаларни ҳам, жумладан: «...улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни...» ваъда қилди.
Мазкур даврда, яъни, Расули акрам ва хулафои рошидинлар даврида мусулмонлар ҳақиқий иймон соҳиблари бўлиб, амали солиҳни қилганлар ва Аллоҳ таоло улар учун Ўзи рози бўлган динни – Ислом динини ер юзида мустаҳкамлади. Ҳамма Исломга тобеъ бўлди. Ислом ҳукми асосида, Ислом адолати остида яшай бошладилар.
Бунинг устига, Аллоҳ таоло иймонлари ва солиҳ амаллари учун: «...уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди».
Ушбу оят ҳақида Робиъ ибн Анас Абул Олиядан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Маккада ўн йилдан кўпроқ вақт Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка махфий равишда, қўрққан ҳолларида даъват этдилар.
Уларга уруш қилиш буюрилмади. Балки Мадинага ҳижрат қилишга амр қилиндилар. Бас, у ерга келдилар ва Аллоҳ таоло уларга уруш қилишни амр этди. Ўшанда ҳам хавф-хатар остида эдилар. Кечасию кундузи қурол билан юрардилар. Бунга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича сабр қилдилар.
Бир куни саҳобалардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз энди абадий шундай хавфда ўтамизми? Бизга силоҳимизни қўядиган кун келмайдими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат озгина сабр қиласизлар, холос, сўнгра сизлардан ҳар бирингиз тўп-тўп одамлар ичида ўтирса ҳам, ёнида бир парча темир бўлмайдиган кунлар келади», дедилар. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Бас, Аллоҳ пайғамбарини Арабистон Ярим оролига зоҳир қилди. Ҳаммалари омонликка кирдилар, қуролни қўйдилар.
Сўнгра Аллоҳ Пайғамбарини Ўзига олди. Ундан кейин Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг даврларида ҳам омонликда бўлдилар. Ундан кейин бўлган ишлар бўлди. Уларга Аллоҳ яна хавфни қайтарди. Бас, улар шартни йўқотиб, ҳолни ўзгартирдилар, ўзлари ҳам ўзгаришга дучор бўлдилар».
«Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар».
Ана ўшанда Мен уларни ер юзига халифа қилиб, динларини мустаҳкам этиб, хавфлари ўрнига омонликни бераман.
«Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир».
Шунча нарсани кўриб-билиб туриб, куфр келтирган одам фосиқ бўлмаса, ким фосиқ бўлсин?!
Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига қанчалик сидқидилдан ибодат этса, динга қанчалик кўп амал қилса, ер юзини обод қилишда шунчалик пешқадам бўлган, Ислом дини шунчалик мустаҳкам турган, омонликлари шунчалик ишончли бўлган.
Аксинча, мусулмонларнинг иймони қанчалик заиф, Аллоҳга ибодатда қанчалик суст ва динга амал қилишлари қанчалик оз бўлган бўлса, ер юзини обод этиш борасида шунчалик ортда қолганлар, динлари шунчалик ғариб бўлган ва кўпдан-кўп хавф-хатарларга йўлиққанлар.
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!» деган (33-оят).
Дунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи Аллоҳ таолога даъват қилувчидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ даъватнинг ўзи етмайди.
Балки даъват билан бирга солиҳ амал бўлиши ҳамда: «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак.
Ана ўшандагина у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.
Демак, ҳар бир мусулмон ўша сифат ўзида қолиши учун у аввало амали солиҳ қимоғи, бошқача қилиб айтганда, ўзи даъват қилаётган нарсага ҳаммадан аввал ўзи амал қилмоғи лозим.
Иккинчидан, мазкур мазкур йўлга кирган одам камтар бўлмоғи лозим. Одамлар унга ҳавас қилсалар, уни гўзал сўз ва гўзал ахлоқ соҳиби сифатида эҳтиром қилсалар, «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак.
Яъни, агар менда бирор яхшилик кўрсангиз, бу менинг мусулмон бўлганимдандир, дейиши лозим. Ана ўшандагина у энг гўзал сўзли киши бўлади.
Солиҳлик ҳалокатдан нажотдир.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди», деган (117-оят).
Аллоҳ таоло одамлари иймонли бўлиб, амали солиҳ қилган шаҳарларни ҳеч қачон ҳалок қилган эмас. Бундай қилиш зулм бўларди. Аллоҳ эса, мутлақо зулм қилмайди.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Роббингиз, сизнинг дилингиздаги нарсани ҳам ўта билгувчидир. Агар аҳли солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У сертавбалар (кўп тавба қилувчилар) учун мағфиратли (Зот)дир», деган (25-оят).
Ўтган оятларда зикр қилинган нарсаларнинг ҳаммаси дилга боғлиқ бўлгани учун ҳам ушбу оятда:
«Роббингиз, сизнинг дилингиздаги нарсани ҳам ўта билгувчидир», деб ниятдаги нарсалар ҳам, улардан келиб чиқадиган гап-сўз ва амаллар барчаси Аллоҳ таолога қайтишининг хабари берилмоқда.
Демак, дилдаги нарсани яхшилаш лозим экан. Дилда нима борлигини Аллоҳ билиб тургандан кейин, сиртда бошқа, ичда бошқа бўлиш фойда бермас экан.
«Агар аҳли солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У сертавбалар (кўп тавба қилувчилар) учун мағфиратли (Зот)дир».
Кишининг қалби салоҳиятли бўлса, иши яхши бўлаверади. Тавба қилувчи кишилар, яъни, билмасдан хато қилиб қўйиб, ўша заҳоти тавбага шошилувчи зотлар учун Аллоҳнинг тавба эшиги очиқ, дарҳол тавбаларини қабул қилади.
Солиҳларнинг фойдаси ўлимидан кейин ҳам тегади.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида: «Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир», деган (82-оят).
Таом сўрасак, қизғанчилик қилиб бермаган шаҳарликларнинг базўр турган икки деворини тиклаб қўйганим ҳам сенга мантиқсизлик бўлиб кўринди. Ҳеч бўлмаса, ҳақ олсанг бўлар эди, деб маломат қилдинг. Сен сирни тушунмай, сиртдан ҳукм чиқариб шундай дединг. Аслида, бу ишда мантиқ ва ҳикмат бор эди.
Нураган ўша эски девор шаҳардаги икки етим болага тегишли эди. Деворнинг остига эса, икковларига мерос хазина кўмилган эди. Девор йиқилса, хазина очилиб, гўдак болалар ундан маҳрум бўлишлари мумкин эди.
Уларнинг оталари солиҳ бўлиб ўтган эди. Шунинг учун Аллоҳ унинг етим фарзандларига ҳам яхшиликни раво кўрди. Икковлари вояга етиб, хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди.
Менга деворни тиклаб қўйишни билдирди. Мен шундай қилдим. Энди икки етим боланинг хазиналари улар вояга етгунларича очилмай туради.
Бу ишлар ҳаммаси Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Сен бўлса, ортида ҳикмати бор шу ишларни кўриб, чидаб тура олмай, шартни буздинг, турли гаплар айтдинг.
Солиҳлик ўтган умматларда ҳам бўлган.
Аллоҳ таоло «Сабаъ» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам», (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик. Ва унга: «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик», деган (10–11-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам солиҳлик алоҳида эътиборга сазовор бўлган.

(Бу ҳадис учинчи марта такрорланмоқда)
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди.
Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар.
Улардан бири: «Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: «Ҳаққимни бер», деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ!» деди.
Мен унга: «Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.
«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди».
Бошқа бир ривоятда: «Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган. Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Фақат уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилиб турса савоби етиб туради. Бунинг учун эса, мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор, чин мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она ўлгандан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин, деб фарзанд боқади. Диний тарбия беришдан мақсад ҳам шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриши масъулиятини ҳис қиладиган бўлишигина бу мақсадга эриштиради.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намозда туриб, “ас-Салоту алаллоҳи, ас-Салоту алалфулони”, дер эдик. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи саломдир. Бас, қачон бирингиз намозда ўтирса: «ат-Таҳияяту лиллаҳи вас-cалавоту ват-тоййиботу. Ас-саламу алайка аююҳан набиюю ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу. Ас-салому алайнаа ва ала ибодиллоҳис солиҳийн», десин, агар шуни айтса, Аллоҳнинг осмону ердаги ҳар бир бандасига айтган бўлади.
«Ашҳаду анлаа илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» десин. Сўнгра нимани хоҳласа, шуни сўрашни ихтиёр қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар шуни айтса, Аллоҳнинг осмону ердаги ҳамма бандасига айтган бўлади» деганлари, ташаҳҳудда «ас-Салому алайкаа ва ала ибадуллоҳис солиҳийн» («Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин» деганида, салом осмондаги ва ердаги ҳамма бандаларга етади, фалончига салом, фистончига салом, деб номини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ), деганлар.

Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан беш кун олдин: «Мен Аллоҳ ҳузурида сизлардан халилим борлигидан ўзимни поклайман. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига худди Иброҳимни халийл қилганидек мени ҳам халил қилиб олди. Агар умматимдан халил оладиган бўлсам, Абу Бакрни халийл қилиб олган бўлар эдим. Огоҳ бўлинглар, сиздан олдин ўтганлар анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжидлар қилиб олар эдилар. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжидлар қилиб олманглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пешиндан олдинги, бир салом билан бўлган тўрт ракъат намозга осмон эшиклари очилур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Термизийда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш заволга кетгандан сўнг, пешиндан олдин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар ва: «Албатта, бу соатда осмон эшиклари очилур, ана ўшанда менинг солиҳ амалим унга унга кўтарилишини яхши кўрурман», дер эдилар», дейилган.

Фиросий: «Эй Аллоҳнинг Расули сўрасам бўладими», деди.
У зот: «Йўқ. Агар сўрашга жуда муҳтож бўлсанг, солиҳлардан сўра», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», дедилар ва «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар. Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган.
Фарз намоз бандани дўзахдан четлаб жаннатга киришини таъминласа, кечаси ўқиладиган нафл намоз уни солиҳлар даражасига кўтаради. Кечаси туриб бедор бўлиб, таҳажжуд намозларини бардавом ўқиб юрмаган киши солиҳлик даъвосини қила олмайди.
Ҳа, тун қаърида ғофиллар ухлаб ётганда бедор бўлиб, ўз Роббиси ила муножотда бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб солиҳлар шиорини қоим қилган бандаларгина ўзлари учун яхшилик эшикларидан бирини очган бўлади. Бундоқ бандаларни Аллоҳ таоло ҳам Ўз каломида мадҳ этмиш.
Шунинг учун у зот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўша ояти каримани тиловат қилиб бермишлар:
«Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар».
Яъни, ёнбошлари роҳат жойда узоқда бўлиб, ётмасдан намоз ўқиш билан машғул бўлурлар.
Дарҳақиқат, тунда бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш кишини улкан фазлга эга қилади ва унга яхшилик эшигини очади.
Шунинг учун ўзига яхшилик эшиги очилишини истаган ҳар бир мўмин-мусулмон кечаси таҳажжуд намози ўқиб туришни одат қилиб олиши керак.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб яҳудийлар ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва: «Бу нима?» - дедилар.
«Бу солиҳ кундир. Бу кун – Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар». Учовлари ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунликчалик маҳбуб эмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дедилар.
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Магар бир одам жони ва моли ила чиқсаю, ундан бирор нарса қайтмаса, бундан мустасно», дедилар». Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мешкобчилар- нинг олдига келиб сув сўрадилар. Бас, Аббос: «Эй Фазл! Онанингнинг олдига бориб унинг ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шароб келтир», деди.
«Менга сув бер», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! Улар унинг ичига қўлларини соладилар», деди.
«Менга сув бер», дедилар.
Бас, у зот ундан ичдилар. Сўнг замзамга келдилар. Улар ундан сув берар ва қудуқдан сув тортар эдилар.
Бас, у зот: «Ишлайверинглар! Албатта, сизлар солиҳ амалдасизлар. Агар мағлуб бўлишинглар бўлмаганида мен ҳам тушиб мана бунга арқонни қўяр эдим», деб бўйинларига ишора қилдилар». Бухорий ривоят қилган.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўрқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон.
Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.
Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким, ўша нарса қалбдир». Бешовлари ривоят қилган.
Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи бузуқ сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак. Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётида ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.
«Қалб» луғатда, бир нарсани ағдаришга айтилади. Қалб бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам қалб деб аталган.
Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади. Зоҳирийси кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. Ботинийси эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ўшадир.
Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди. Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.
Қалб бизнинг тилимизда юрак ҳам дейилади.
Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича қалб инсоннинг бузуқ ёки тузук бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Қалбнинг бузуқ ёки тузук бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ экан.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар.
Шунда:«Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?– дедим.
– Йўқ, – дедилар.
– Молимнинг учдан иккисиничи?– дедим.
– Йўқ, – дедилар.
– Яриминичи?– дедим.
– Йўқ, – дедилар.
– Учдан бириничи?– дедим.
– Учдан бир. У ҳам кўп. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар ҳандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан, – дедилар.
– Эй, Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?! – дедим.
– Сен мендан кейин ажраб қолиб, Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб, солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин, – дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.

Имом Табороний ва Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг яримига ёрдам берибди. Энди иккинчи яримида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.

Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъ (ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шумланиш йўқ. Унинг яхшиси фолдир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, фол нима?» дейилди.
«Сиздан бирингиз эшитадиган солиҳ сўз», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Шумланиш йўқ. Менга солиҳ фол – гўзал сўз ёқади», дейилган.
Учовлари ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тушимда қўлимда бир парча шойи борлигини кўрдим. Унга жаннатнинг қаерига ишора қилсам, мени ўша ерга учириб олиб борар эди. Бас, мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан: «Албатта, уканг солиҳ одамдир» ёки «Абдуллоҳ солиҳ одамдир», дебдилар». Термизий ва икки шайх ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳ ила ва Расулуллоҳ миллати ила олға боринглар! Қари чолни, кичкина болани ва аёл кишини ўлдирманглар! Ўлжани беркитиб олиб, ўз ўлжаларингизга қўшиб олманглар! Солиҳ амал қилинглар! Эҳсон қилинглар! Аллоҳ эҳсон қилувчиларга муҳаббат қилади». Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами озгина зулм қилган бўлса, бугун динор ҳам дирҳам ҳам бўлмай қолмасдан аввал ундан розилик сўраб олсин. Агар унинг солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорича олинади. Агар унинг савоблари бўлмаса, соҳибининг гуноҳларидан олиб унга юкланади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ улфат ва ёмон улфатнинг мисоли ҳомили миск ва босқончига ўхшайди. Ҳомили миск ё сенга беради, ё сен ундан сотиб оласан, ёхуд ундан хушбўй ҳидни топасан. Босқончи бўлса, ё кийимингни куйдиради, ё сен ундан қўланса ҳидни топасан», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Мирдос ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳлар Бирма-бир кетадилар. Арпа ёки хурмонинг қипиғи қолганидек қипиқлар қоладилар. Аллоҳ уларга қараб ҳам қўймайди», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Аллоҳ бир бандага яхшиликни ирода қилса, уни амалга солиб қўяди», дедилар.
«Қандоқ қилиб амалга солади?» дейилди.
«Ўлимдан олдин солиҳ амалга муваффақ қилади», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан юзлари қизарган ҳода уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан мана бунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди.
«Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди.
«Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу умматнинг охирида ер ютиш, бошқа ҳолга айлантириш ва тошбўрон қилиш бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули, ичимизда солиҳлар бўла туриб ҳалокатга учраймизми?» дедим.
«Ҳа. Қачонки ифлослик зоҳир бўлса...», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Солиҳликнинг фойдалари:

1. Солиҳлик иймон баркамолиги аломатидир.
2. Солиҳлик Ислом гўзаллигига далолат қилади.
3. Солиҳлик ила неъматлар жалб қилинади.
4. Солиҳлик ила офатлар даф қилинади.
5. Солиҳлик оқибатнинг яхшилигини кўрсатади.
6. Солиҳлик Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор қилади.
7. Солиҳлик бандалар муҳаббатига сазовор қилади.
8. Солиҳлик жаннатга олиб борувчи йўлдир.
9. Солиҳлик гуноҳ ва маъсиятлар хатаридан сақловчидир.
10. Солиҳлик ер юзида Аллоҳ таолонинг халифаси бўлиш йўлидир.
11. Солиҳлик гўзал ҳаёт йўлидир.
12. Солиҳлик бу дунё ва охиратда нусрат топиш йўлидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнабкулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик давоми...

3953 05:00 / 02.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади.Охир замон бўлганда очарчилик бўлади. Ким ўша очарчиликка тўғри келса, оч жигарларни бошқага алмаштирмасин,.Шарҳ Яъни, очларга давоми...

2558 05:00 / 02.03.2017
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон алАнсорий оталаридан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик давоми...

2856 05:00 / 03.03.2017
Менинг одатим, агар пиёда юришга кучим етса, машинага чиқмайман. Агар қуёш нури остида юришга кучим етса, соясалқин жойда юрмайман. Бу Ливаннинг қуёши бўладими, давоми...

3628 05:00 / 04.03.2017