1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

УЗУКНИНГ ТИЛЛОДАН БЎЛИШИ ҲАРОМ, КУМУШДАН БЎЛИШИ МУСТАҲАБ

05:00 / 02.03.2017 3520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу фаслда эркак кишиларнинг узуги ҳақида сўз кетади. Аёлларга тилло узук ва бошқа тилло тақинчоқлар ҳалол эканлигини аввал батафсил ўрганиб чиққанмиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллодан узук қилиб олдилар. Уни таққанда кўз тарафини кафтлари томонга қаратиб олар эдилар. Бошқа одамлар ҳам тиллодан узуклар қилиб олдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқдилар, Аллоҳга ҳамда сано айтдилар ва: «Мен буни қилиб олган эдим, энди уни тақмайман, деб отиб юбордилар. Одамлар ҳам отдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан Исломнинг аввалида эркак кишиларга ҳам тилло узук тақиш жоиз бўлгани чиқади.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Исломдан олдин эркаклар тилло тақинчоқлар тақиш одати бўлган ва бу одат маълум муддат Ислом даврида ҳам давом этган. Бўлмаса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зинҳор ўзларига тилло узук қилиб олмас эдилар. Кейинчалик, ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган ҳодисадан кейин мусулмон эркакларга тилло нарсаларни тақинчоқ ва идиш-товоқ каби нарсалар сифатида ишлатиш ҳаром қилинди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб қолиб, уни чиқариб олиб, отиб юбордилар ва: «Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини олиб қўлига ўрнаштириб олади-я», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг ҳалиги кишига: «Узугингни олиб, (бошқа нарсада) фойдалан», дейилди.
«Аллоҳга қасамки, уни ҳечам олмайман. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку», деди
». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда тилло узук тақишга нисбатан охират азоби таҳдиди эслатилмоқда. Балки, аламлий ишдан кейин таҳдидга ўтилмоқда.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб қолиб, уни чиқариб олиб, отиб юбордилар»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳалим ва тавозуъли зот эканликлари маълум ва машҳур. Ҳалимликлари билан шуҳрат топган зотнинг бировнинг қўлидаги тилло узукнинг суғириб олиб, отиб юботишлари эркак кишининг тилло узук тақиши қанчалар оғир гуноҳ эканлигини яққол кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмадилар, балки, ортидан қаттиқ гап ҳам айтдилар.
«Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини олиб қўлига ўрнаштириб олади-я», дедилар».
Бу қўлига тилло узук таққан одам, дўзахнинг чўғини узук қилиб тақиб олган билан баробар деганидир. Албатта, бу услуб кишиларга қаттиқ тасир қилиши турган гап. Шунинг учун ҳам ўша мажлисда ўтирганлардан бирортаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида лом дея олмасдан жим қолдилар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг одамлар ҳалиги кишига:
«Узугингни олиб, (бошқа нарсада) фойдалан», дейилди».
Яъни, кимдир юрак ютиб узук эгасига уни олиб тақмасанг ҳам бошқа бирор нарса учун ишлат, деган маънодаги гапни айтди. Лекин узук эгасининг бўлари бўлиб битган эди. Унинг ўша тилло узукни умуман кўрарга кўзи йўқ эди.
«Аллоҳга қасамки, уни ҳечам олмайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку», деди».
Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаромдан ҳазар қилишлари шу даражада эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларини бажо келтиришлари ана шундоқ савияда эди.
Ҳозирги кунда мусулмонман деб даъво қилиш билан бирга тилло узук. Занжир ва бошқа насаларни тақиб олганлар бу ҳолдан ўрнак олишлари керак.

Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Унинг қўлида мис узук бор эди. У зот унга: «Не бўлдики, мен сендан санамларнинг ҳидини топмоқдаман!?» дедилар. Бас, ул (киши) уни ташлаб юборди. Сўнгра у яна бир бор келди. Унинг қўлида темир узук бор эди. У зот унга: «Не бўлдики, мен сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўрмоқдаман!?» дедилар. Бас, ул (киши) уни ташлаб юборди. Сўнгра: «Эй, Аллоҳнинг Расули, уни нимадан қилишим керак?» деди. У зот: «Уни кумушдан қил ва бир мисқолга етказма» дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан мусулмон эркак узук тақадиган бўлса, фақат кумушдан бўлган узук тақмоғи лозимлигини тушуниб оламиз. Аввалги ривоятлардан мусулмон эркакка тилло узук тақиш ҳаром эканлигини билиб олган эдик. Бу ривоятда эса бошқа маъданлардан ҳам узук қилиш яхши эмаслиги ҳақида сўз кетмоқда. Келинг бу маъноларни бир бошдан таҳлил қилиб чиқайлик.
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Унинг қўлида мис узук бор эди. У зот унга:
«Не бўлдики, мен сендан санамларнинг ҳидини топмоқдаман!?» дедилар».
Демак, мусулмон эркак мисдан бўлган узук тақмоғи дуруст эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мис узук тақиб олган одамга «Не бўлдики, мен сендан санамларнинг ҳидини топмоқдаман!?» деганларининг тушуниб олиш учун бир оз шарҳга эҳтиёжимиз тушади.
«Санам» деб юзи инсон шаклидаги бутга айтилади. Ўша пайтларда араб мушрикларининг кўплаб санамлари бўлиб, улар асосан мисдан тайёрланар экан. Шунинг учун ҳам одамлар ичида мис санамга ишлатиладиган маъдан деган тушунча ўрнашиб қолган экан. Бошқачароқ қилиб айтганда мис деганда санамни, санам деганда мисни тушунадиган бўлиб қолишган экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни ана ўша ҳолатдан келиб чиқиб айтган эканлар. Бинобарин, мис узук тақишнинг қабиҳлиги яна ҳам кучли бўлган.
«Бас, ул (киши) уни ташлаб юборди».
Яъни, ўша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига мис узук тақиб келган киши У зотнинг мазкур гапларидан кейин қўлидаги мис узукни ечиб, ташлаб юборди.
«Сўнгра у яна бир бор келди. Унинг қўлида темир узук бор эди. У зот унга:
«Не бўлдики, мен сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўрмоқдаман!?» дедилар».
Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу мис узук тақиш жоиз бўлмаса, темир узук бўлаверар деган фикр ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига яна бир бор келишида темир узук тақиб келибди. Лекин бу сафар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан танбиҳ эшитди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Не бўлдики, мен сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўрмоқдаман!?» дедилар.
У зотнинг айни ушбу жумланинг айтишларининг боиси дўзах аҳлининг қўл-оёқларига охиратда темирдан кишан солиниши туфайли экан. Шунинг учун ҳам мусулмон эркак учун темир узук макруҳ.
У ҳам бўлмаса, бу ҳам бўлмаса, нима бўлади ўзи? Худди шу савол мазкур узук тақишга ишқибоз саҳобий розияллоҳу анҳунинг хаёлларига ҳам келди-да:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни нимадан қилишим керак?» деди».
Ана энди тўғри йўл тутилди. Ўзича ҳали уни, ҳали буни қилиб кўриб, шариатга тўғри келмагани учун танбиҳ эшитиб паришон ҳол бўлгандан кўра бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, бу масалада шариатнинг ҳукми қандоқ? деб сўраб, билиб олиб кейин уни амалга оширилса олам гулистон.
Бу сафар ҳам шундоқ бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни нимадан қилишнигина эмас, унинг вазни қанча бўлмоғи даркорлигини ҳам баён қилиб бердилар.
«Уни кумушдан қил ва бир мисқолга етказма» дедилар».
Мусулмон эркаклар узук тақадиган бўлсалар кумуш узук тақсинлар. Исрофдан қочиш мақсадида узукка бир мисқолга етмагудек кумуш сарфласинлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар. Бас, у зотга: «Улар хатми-муҳри бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар», дейилди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим-узук қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар
».
Шарҳ: Ушбу ривоятдан биз узук деб номлаётган нарсанинг ҳақиқати ва ундан кўзланган асосий мақсад англаб олинади.
Бунинг учун аввал бир оз луғавий баҳс юритмоғимиз лозим. Биз «узук» деб номлаётган нарса арабчада «хотим» деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси хатм қилувчи-муҳр босувчи деганидир. Чунки, «хатм» сўзи «муҳр» деганидир.
Ҳозир биз ўрганаётган ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чет эллардаги баъзи давлат бошлиқларига юбормоқчи бўлган мактубларини тасдиқлаш учун муҳр босиш зарурати туғилиб қолганда узук қилдириб унинг кўзига ўзларининг муборак номларини ва Аллоҳнинг пайғамбари эканликларини нақш қилдирган эканлар.
Шундан кейин у зот ўша узукни тақиб юрганлар ва бирор ҳужжатни муҳрлаш лозим бўлиб қолса, қўлларидан чиқариб туриб у билан муҳрлаганлар.
Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шариф Исломнинг халқаро дипломатиясининг биринчи қадамлари қандоқ босилгани ҳақида ҳикоя қилаётганини кўрамиз.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар».
«Кисро» форс давлатининг подшоҳи. Ўша пайтда форс давлати дунёдаги икки катта империянинг бири эди. Форс подишоҳи Кисро деб аталар эди. Бу ҳозирда баъзи давлатларда давлат бошлиғини «президент» деб аталиши каби эди. Худди шунга ўхшаш,
«Қайсар» Рум подишоҳининг лақаби эди.
«Нажоший» Ҳабашистон подишоҳининг лақаби эди.
Ислом давлати қарор топиб, артоф-жавонибдаги қабилалар Исломга киришни бошлаган даврда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур давлат бошлиқларига мактуб юбориб, уларни ва улар орқали барча фуқароларини ҳам Исломга чақирмоқчи бўлганлар. Ана ўша ишга қўл урила бошлаганда баъзи хабардор кишилар халқаро алоқалардаги подшоҳларга мактуб юборишда ҳисобга олиниши лозим бўлган қоидаларни эслатдилар.
«Улар хатми-муҳри бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар», дейилди».
Араблар ўқиш-ёзишдан бехабар, бировга мактуб ёзиш хаёлига ҳам келмаган бир халқ эди. Шунинг учун уларда бу борада бирор тажриба бўлиши ҳам қийин эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр этилган подшоҳларга элчилар орқали мактуб юборишга қарор қилдилар. У зот уларни ҳам Аллоҳнинг динига чақириш бўйича ўз зиммаларидаги масъулиятни адо этмоқчи эдилар. Ана ўшанда ўзлари муомала қилмоқчи бўлган шахсларга таъкидли бўлиши учун элчиларга қўшиб мактуб ҳам юбормоқчи бўлдилар. Биладиган кишилар муҳрсиз мактубни подшоҳлар қабул қилмасликларини айтиб, бу ишни самарали чиқишига ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўринли ва фойдали маслаҳатларидан тўғри фойдаландилар.
«Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим-узук қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар».
Аввалги ривоятда айтилганидек музкур узукка бир мисқолдан оз кумуш ишлатилди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чет эл подшоҳларига мактуб юборганлари.
2. Бошқа дин ва давлат вакиллари ила алоқа қилишда уларнинг урф-одатларини эътиборга олиш кераклиги.
3. Мактуб, ёзув воситаси билан ҳам Исломга даъват қилиш зарурлиги.
4. Халқаро алоқаларни олиб боришда халқаро қоидаларга амал қилиш жоизлиги.
5. Ёзилган ҳужжатнинг муҳр ила тасдиқлаш кераклиги.
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжатларни тасдиқлаш учун тутган муҳрлари узукда бўлгани.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук тутдилар ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдилар. Ва одамларга: «Мен кумушдан узук тутдим ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдим. Бирор киши унинг нақшига ўхшаш нақш қилмасин», дедилар». Иккисини бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки бошқалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларидаги нақшни ўз узукларига нақш қилидириб олсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳрларининг эътибори қолмас эди. Ҳозирги кунимизнинг тушунчаси билан айтадиган бўлсак, ҳамма ўз раҳбарининг муҳрига ўхшаш муҳр қилдириб олган бўлар эди.
Демак, ҳар киши ўзига хос муҳрга эга бўлиши учун ҳар ким ўз узугига ўзига хос, алоҳида бошқаларникига ўхшамайдиган нақш қилдириши керак бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларнинг нақши уч сатр; Муҳаммадун-бир сатр, Расулу-бир сатр ва Аллоҳи-бир сатр эди». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривотда келган маълумотга қўшимча қиладиган бўлсак, ўша сўзлар нақш қилинган узукни кўз қисми думалоқ ҳам бўлган экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари кумушдан бўлиб, унинг кўзи ҳам шундоқ эди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг кўлларига узук тақдилар. Унинг кўзи ҳабаший эди. У зот унинг кўзини кафтларига қаратиб олар эилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда аввалги васфи келган узукдан бошқа узук ҳақида сўз кетмоқда. Чунки, аввалги узукнинг кўзи ҳам кумушдан эди. Бунинг кўзи эса, ҳабаший-Ҳабашистонга мансуб тошдан эканлиги таъкидланмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари мана бунда бўлар эди», деб чап қўлининг синчалоғига ишора қилди». Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал келган ривоятда ўнг қўлларига таққанлари айтилган эди. Бу ривоятда чап қўлларининг синчалоқларига таққанлари айтилишидан бир ундоқ, бир мундоқ таққанлари чиқади. Яъни, узукни ўнг қўлга тақса ҳам, чап қўлга тақса ҳам бўлаверар экан.

Ҳасан ва Ҳусайнлар узукни чап қўлларига тақар эдилар. Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли набиралари имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнлар ҳам боболарининг суннатларига амал қилиб узукларини У зот таққанларидек тақар эканлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени мана бу ва мана бу бармоқларига узук тақишимни наҳий қилдилар», деб ўрта ва унинг ёнидаги бармоғини кўрсатди». Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги ўрта бармоқнинг ёнидаги бармоқ қайси бармоқ эканлигини аниқлаш керк бўлади. Чунки, ўрта бармоқнинг икки ёнида иккита бармоқ бор. Ўрганиб чиқадиган бўлсак мазкур бармоқ кўрсаткич бармоқ эканлиги аён бўлади. Бунга икки томонлама далил келтиришимиз мумкин бўлади. Аввало Пайғамбар алайҳиссаломнинг номсиз бармоққа узук таққанлари маълум ва машҳур.
Қолаверса, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари Имом Насаийнинг ривоятларида, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўтра ва кўрсаткич бармоқларга узук тақишдан наҳий қилдилар», деб келган экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон халога кирсалар узукларини ечиб қўяр эдилар». Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилгани халога кирган пайтларида қўлларидаги узукларини ечиб, ўзлари билан бирга бўлган саҳобалардан бирларига бериб қўяр эдилар. Чунки, аввал ўрганиб ўтганимиздек, узук кўзига улуғ сўзлар ёзилган эди. Ўша сўзлар ҳурматидан узук билан қазои ҳожат қиладиган жойга кириб бўлмас эди.
Ушбу ривоятга амал қилароқ барча мўмин-мусулмонлар ҳам халога кирадиган пайтларида узук ва шунга ўхаш Аллоҳнинг исми жалоли ва Қуръони Карим оятлари бор нарсаларни ташқарида, пок ва муҳтарам жойда қолдириб, яхшилаб таҳорат қилиб бўлганларидан кейин қайта олмоқлари лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук қилиб олдилар. У ул зотнинг қўлларида бўлди. Сўнгра Абу Бакрнинг қўлида, Умарнинг қўлида ва Усмоннинг қўлида то Арис қудуғига тушиб кетгунча бўлди». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари Ислом давлати муҳри сифатида хизмат қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳаёт бўлганларида уни қўлларига тақиб юриб керакли ҳужжатларини у билан муҳрлаб турганлар. У зот рафиқи аълога реҳлат қилганларидан кейин эса халифалари Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўтган. Мазкур муборак узукни у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлганлари учун қўлларига тақиб юрганлар.
Худди шу ҳолат иккинчи ва учинчи халифалар Ҳазрати Умар ибн Хаттоб ва Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумоларда ҳам такрорланган. Фақат Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ул узукни Қубо яқинидаги Арис номли боғдаги қудуққа қўлларидан тушириб юборганлар. Бу ҳодисадан кейин Ҳазрати Усмон бошлиқ саҳобалар уч кун давомида узукни қудуқдан топишга уринганлар. Охири қудуқнинг ҳамма сувини тортиб чиқариб, қуритиб ҳам топа олмаганлар. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, анашу ҳодисадан кейин ишлар орқага кетиши бошланган. Фитналар бошланган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
118. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор каshyлима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар давоми...

3487 18:25 / 26.07.2017
Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳроқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора давоми...

3428 05:00 / 04.03.2017
Абдуллоҳ ибн Хубайбал Жуҳаний отасидан, у амакисидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда шодон давоми...

3657 05:00 / 03.03.2017
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқадиган бўлсалар, .Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳи, Аллоҳумма, иннаа давоми...

33128 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

120289 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41932 14:35 / 11.08.2021