1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (6)

05:00 / 01.03.2017 3484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Қайта-қайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин.  Чунки, У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган вақтда ижобат қилишга кафолат берган. Сен ўзинг учун ҳохлаган нарсада ва сен ҳохлаган вақтда эмас”


Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматнинг давоми, иловасидир. Чунки Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, қалб кўзингнинг кўр бўлиб қолганига далилдир” деган сўзларини эшитган баъзи кишилар: “Мана, мен мендан талаб қилинган вазифани бажариш учун дунёвий ишлардан ўзимни халос қилиб, барча дунёвий эхтиёжларимни Аллоҳ таолонинг кафолатига, чин ваъдасига ҳавола қилиб, қайта-қайта дуо қилиб сабот билан сўрадим. Лекин шу бугунгача дуойимни ижобат қилганини сезмадим, воҳоланки мен Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, узоқ вақт кутдим, лекин мен талаб қилган эҳтиёжларим ҳали ҳам амалга ошмади” дейиши мумкин. Мана шу тушунмовчиликка Ибни Атоуллоҳраҳматуллоҳи алайҳ: “Қайта-қайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин.  Чунки У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган вақтда ижобат қилишга кафолат берган. Сен ўзинг учун ҳохлаган нарсада ва сен ҳохлаган вақтда эмас”деб жавоб беряптилар.


Келинг! Аввало, дуо дегани ўзи нима эканлигини билиб олайлик. Чунки кўпчиллик дуо билан талаб қилишни чалкаштириб қўядилар ваҳалонки у иккисининг ўртасида катта фарқ бор. 

Талаб деб, талаб қилувчи талаффуз қилаётган иборага айтилади.  Дуо эса, талаб қилувчини қамраб олувчи руҳий ҳолатдан иборат бўлиб, ана шундай ҳолатдаги талаб дуо дейилади. Бу ҳолат амалга ошиб, талаб дуога айланиши учун икки нарса шарт қилинади: 


Биринчи: Дуо қилувчининг қалби ва барча ҳис-туйғулари уйғоқ, хушёр ва уларнинг ҳар-бири синиқлик ва ўзини хор тутиш билан Аллоҳ таолога юзланган бўлиши керак. Лекин, қалби ҳам, ҳис-туйғулари ҳам уйғоқ эътиборли бўлмаса, синиқлик ва ўзини хор тутиш ҳолати тилда айланаётган талаб билан бирга бўлмаса, балки хаёли ҳар жойда, фикрлари тарқоқ бўлиб, ўрганиб қолинган оддий одатга кўра кафтлар очилиб, ёдлаб олган сўзларни тил билан қайтарадиган бўлса бундай нарса шаръан талаб қилинган маънодаги Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ сўз юритаётган дуо деб номланмайди. Балки уни араб тили олимлари истилоҳида ҳам талаб қилиш деб номланади.


Демак, ҳолат мана шундай бўлса сиз: “Фалон киши дуо қилди” эмас, балки: “Талаб қилди” деб айтсангиз тўғри бўлади. Энди, у дуо бўлмаса, ижобат бўлишини кутишни нима кераги бор?


Кўплаб ўзлари интилиб юрган орзу-ҳаваслари ортидан куйиб-пишиб ҳаракат қилиб юрганларни кўрсангиз, улардан бири: “Шундай муайян дуолар борки, агар киши у билан дуо қилса дуоси албатта ижобат бўлади” деган гапни эшитиб қолади. Кейин ана шу дуони китобларнинг орасидан ёки илмли кишилардан сўраб, қидириб қолади. Топгандан кейин худди ўқувчи бола дарс ёдлаганидек ёдлаб олади-да, сўнг қўлини дуога очиб оддий ҳолдек ўша дуони ўзини тили билан такрорлаб қўяди. Ўша пайтдаги Аллоҳ таолога нисбатан ҳолатига қарасангиз, унинг ўзи У зотдан, унинг буйруқлари ва тавсияларидан юз ўгирган бўлади. Худди: “Азага келган кампир ўз дардини айтиб йиғлайди” дейилганидек, уни ҳам фақат ўзини дарди қизиқтиради халос. Бошқа ҳеч нарсага эътибор бермайди. Шунинг учун ана бу ёдлаб олган дуо лафзларини қайтариб юради-да, қараса талаби ижобат бўлмаяпти, орзу ҳаваслари ҳали ҳам мийясида хаёллигича қолаяпти. Ана шунда Аллоҳ таолога қарата шикоят маъносини эълон қилиб: “Мана, мен дуо қилдим ижобат қилмадику, мен оятдаги: “Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман.», деди” (Ғофир сураси 60-оят) деган ваъдасини тасдиғини кўрганим йўқку!” дейди.


Иккинчи: Дуо қилувчи дуосининг бошида Аллоҳ таолонинг ҳаққида қилган гуноҳларидан тавба қилиб, ана шу содиқ самимий тавбасини дуоси олдидан васила қилиши лозим. Аммо, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишда кетма-кет давом этиб туриб, айни шу пайтда У зотдан орзуларию эҳтиёжларини рўёбга чиқаришини талаб қилаётган киши ақлини ишлатмайдиган бефаҳм кишидир.


Тасаввур қилинг! Бир киши бир мансабдор кишига ёмонлик қилди ва ана шу вақтни ўзида ундан баъзи юмушларни бажаришини сўраб борди. Лекин аввало қилган ёмон ишидан узр сўрамаса, у киши мантиқан олганда ҳам нотўғри иш қилаётган бўлади. Мансабдор киши ҳам унинг сўроғини инобатга олиши умид қилинмайди. Ҳолбуки инсон, ўрталаридаги муносабат қандай бўлишидан қатъий назар инсоннинг тенги, ҳамжинсидир. Лекин инсон билан Аллоҳ таоло ўртасидаги муносабат эса, бу қул билан хожа, махлуқ билан холиқ  ва нотавон банда билан унинг ягона, ҳақиқий маъбуди ўртасидаги муносабатдир. Демак инсон билан инсон ўртасидаги муомала билан инсон билан Аллоҳ таоло ўртасидаги муомалада осмон билан ерча фарқ бор.

Шундай бўлгандан кейин, инсоннинг бўйнидаги гуноҳлари билан сидқидилдан тавба қилмай туриб, Аллоҳ таолонинг даргоҳига кириши ва қатор-қатор талабларини У зотдан сўрашини ақл билан мантиқ қандай қилиб қабул қила олади. Ахир, Аллоҳ таоло ундан гуноҳ қилмасликни талаб қилган, у гуноҳ қилди. Сўнгра, гуноҳ қилиб юргандан кейин тавба қилишни талаб қилди, у эса унамасдан, гуноҳ қилишда давом этиб, ундан қайтишни ҳаёлига ҳам келтирмай туриб, Аллоҳ таолога ўзининг қатор талабларининг рўйҳатини тақдим қилиб, қатъий талаб қила бошлайди. Ана ундан кейин, Аллоҳ таолога қарата: “Мен дуо қилдиму, ваъдасини устидан чиқиб, ижобат қилмади” деб таъна қила бошлайди.

Мана шу ақли, хуши жойидаги ақлли инсонни ишими? Ғирт ахмоқлик эмасми? 


Юқорида баён қилганимиздек, бу дуо эмас, талаб деб номланади. Талаб дуога айланиши учун унда мазкур икки шарт тўлиқ бўлиши лозим. Улар: дуо қилгувчининг қалби ва онги Аллоҳ таолонинг муножотига синиқлик ва ҳокисорлик билан уйғоқ, ҳушёр бўлиб туриши ва барча гуноҳу маъсиятлардан сидқидилдан самимий тавба қилиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло талаб деб номланадиган нарсани эмас, балки дуони ижобат қилишни ваъда қилган. 

Мана шу сабабли ҳам кўпинча инсон ўзи учун дуо қилганда ижобат бўлади, аммо кўпчилик ҳаққига қилган дуоси ижобат бўлмайди. Чунки, биримиз ўзи учун дуо қилмоқчи бўлганда ҳамма гуноҳларидан Аллоҳ таолога сидқи дилдан тавба қилиши осон иш. Лекин, кўпчилик учун дуо қилганида жамиатдагиларнинг ҳаммасида ушбу шартнинг мавжуд бўлиши осон иш эмас. Сабаби жамият адашган гумроҳлар, гуноҳкорлар ва мутакаббирларга тўлиб ётибди. Шунинг учун уларнинг ҳаққига қилган дуойимизнинг ижобат бўлиши ана шу шартга боғлиқ бўлиб қолаверади. Яъни дуо қилгувчи тавба қилганидек дуо қилинганлар ҳам тавба қилиши шарт. Ҳадиси шарифда: “Одамларга шундай замон келадики, унда киши ўзи учун дуо қилса ижобат бўлади. Лекин кўпчилик одамлар ҳаққига дуо қилса ижобат бўлмайди” дейилган. Агар, Аллоҳ таолога мен яшаб турган жамиятдан бало-офатларни кўтаришини, бизларга эҳсонини ва фаровонликни зиёда қилишини ва ҳалққа ёмғир ёғдиришини сўраб дуо қилсам, билишим керакки, гўёки бир фаришта: “Сен аввало  ҳаққига дуо қилаётган ушбу умматга ҳаммалари маъсият ва зулмлардан тавба қилиб, дуо ижобат бўлиши учун лозим бўлган шартларни амалга оширишлари зарурлигини эслатгин! Агар улар гуноҳлардан бутунлай воз кечиб, дуонинг шартларини бажарсалар, улар ҳаққига дуо қил, албатта ижобат бўлади. Агар бу ишга қодир бўлмасанг, ўзинг шартларни амалга ошириб, ўзинг учун дуо қил. Чунки, бу ишга ўз нафсингни кўндиришга кучинг етади. Аллоҳ таоло ҳам дуойингни ижобат қилади” деб тургандек бўлади.


Яна баъзилар бизга ҳам мурожаат қилиб: “Ҳазрат! Фалон-фалон масжидларда истисқо (ёмғир сўраш) намозини ўқишибди. Биз ҳам масжидимизда истисқо намозини ўқисак бўлмайдими?” деб савол берадилар. Мен уларга айтаман: “Нима сизлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган, бизларга ўргатмаган ишни қилиб, шариатда янги  бир бидъатни ихтиро қилмоқчимисизлар? Бу ғалати кулгили гапку! Истисқо шаръий амал бўлгандан кейин, уни шариатга мувофиқ, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўргатиб, амалда кўрсатиб берганларидек, одоблари ва шартлари билан бажаришимиз керак эмасми?

Бунинг учун аввало мусулмонлар зиммаларидаги ҳақлар ва қарзларни ўз эгаларига топширишлари, зулм қилган кишиларидан узр сўраб рози қилишлари, аразлашиб гаплашмай юрганлар, қариндошлар ўрталарини ислоҳ қилишлари, тўрт кун рўза тутиб тўртинчи куни мусулмонларнинг раҳбари ёки ўринбосари бошчилигида сахро ёки дала жойдаги очиқликка ёшу-қари биргалашиб, эмизикли гўдакларини ҳам, уй ҳайвонларини ҳам олиб чиқиб, мусулмонларнинг раҳбари ёки ўринбосари хутба ўқиб, одамларни гуноҳу-маъсиятларни тарк қилишга, тавба-истиғфорга, шариатга мукаммал амал қилишга тарғиб қилиши ана ундан кейин ҳаммалари биргалашиб барча гуноҳлардан сидқидилдан тавба қилиб, қўлларини баланд кўтариб, йиғлаб, ҳокисорлик ва синиқлик билан ялиниб, ёлвориб дуо қилиб истисқо намозини ўқишлари керак. Ана шунда шаръий истисқо бўлади ва инша Аллоҳ дуо ҳам ижобат бўлади”.


Агар дуонинг талаб қилинган шарт ва одоблари тўлалигича амалга оширилса, албатта, Аллоҳ таоло дуони ижобат қилади ва талаб қилинган нарсани рўёбга чиқаради. Лекин сиз ижобат қилади деганда, Аллоҳ таоло мен сўраган нарсани айни ўзини, қандай бўлса, шудайлигича рўёбга чиқаради деган тасаввурга бориб қолманг. Балки, Аллоҳ таоло бандаларга ваъда қилган ижобат унданда кенгроқ ва умумийроқдир. Сизнинг дуойингизни ижобат қилиши сиз интилган мақсадни амалга оширишидир. Сиз ўзингизча мақсадга эришишнинг ягона йўли айнан мана шу деб, ўйлаб сўраган нарсанинг айни ўзини рўёбга чиқариши шарт эмас. Масалан: мен Аллоҳ таолодан бир нарсани аниқ сифатлари билан сўрадим, дейлик. Мен ўзимча: “Мен мақсад қилган яхшилик фақат ана шу нарса орқали амалга ошади” деб ўйлашим мумкин. Лекин еру-осмонлардаги ғайбни, сир-асрорларни ва уларда содир бўладиган ҳодисотларни олдиндан билиб турадиган зот Аллоҳ таоло мен ундан сўраган, хаёлим унга боғланиб қолган нарса воқеъликда кўпинча мўлжаллаган мақсадимга мувофиқ келмаслигини балки унинг зиддига сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини ҳам албатта билади. Шунинг учун У зот менга меҳрибонлиги ва раҳмати билан мен сўраган нарсани айни ўзини бермай, мен кўзлаган узоқдаги мақсадни хаёлимга ҳам келмаган бошқа бир восита билан рўёбга чиқариб қўяди. 

Мана шу Аллоҳ таолонинг: “Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз” (Бақара сураси 216-оят) деган сўзининг маъноси бўлиб, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи  алайҳ ҳам олтинчи ҳикматда: “Қайта-қайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин.  Чунки У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган вақтда ижобат қилишга кафолат берган. Сен ўзинг учун ҳохлаган нарсада ва сен ҳохлаган вақтда эмас” деб ана шу маънога ишора қилмоқдалар.

Бизларнинг ҳар биримизнинг ҳаётимизда бу ҳақиқатни акс эттирадиган мисоллар жуда ҳам кўп учрайди. Баъзи инсонларнинг ўйлаган мақсади ёки орзусига мана шу орқали ета оламан деган хаёлга бориб, унинг қалби маълум бир ишга боғланиб қолади. Кечаю-кундуз Аллоҳ таолога қайта-қайта дуо қилиб, ана шу ишни амалга оширишни сўраб дуо қилади. Кейин кутади, кутганда, ўша нарса рўёбга чиқмаса, Аллоҳ таоло менинг дуойимни қабул қилмади, деган ҳаёлга боради. Лекин ҳеч қанча ўтмасдан, у ўйламаган томондан ўша мақсадига етиши мумкин бўлган бошқа сабабларни яратиб беради. Ана шунда ўйлаб кўрса, унинг қалби боғланиб қолган ишдан кўра Аллоҳ таоло унинг учун ихтиёр қилган бу сабаб бир неча баробар яхшилиги кундай равшан бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таолога унинг хаёлига ҳам келмаган нарса билан икром қилиб, қалби боғланиб қолган нариги ишдан сақлаганига шукр қила бошлайди. 


Шунинг учун, Ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Ер юзида бирор бир мусулмон Аллоҳ таолога бир дуо қилса, модомики гуноҳ ёки қариндошчиликни узишни сўраб дуо қилмаган бўлса у(сўраган)нарсани албатта унга беради ёки унинг мислича ёмонликни ундан дафъ қилади” деб марҳамат қилдилар. (Термизий ривояти)


Мен ҳам ўтган кунларимда бўлган воқеъани ҳеч эсимдан чиқара олмайман. Бир пайтлар “Менинг орзу-умидларим мана шунга боғлиқ” деган ҳаёл билан бир ишга қизиқиб боғланиб қолдим. Кечаю-кундуз Аллоҳ таолодан уни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қила бошладим. Лекин мен ўйлаган иш амалга ошмади. Аммо, шайтон бу фусатдан фойдаланиб қолишидан олдин Аллоҳ таоло ўша мен қизиқиб юрган ишни ўрнига ундан яхшироғини насиб қилди. Мен ҳам Аллоҳ таоло менга сўраган нарсамни айни ўзини бермаганига ҳамд айтиб, шукр қила бошладим. Чунки, агар сўраган нарсамни айни ўзи амалга ошганда мени чиксиз мусибат ва ғам-ташвишларга бошлаб боришини аниқ билдим. Шубҳасиз бу Аллоҳ таолонинг бандасига бўлган буюк ва ажойиб меҳрибонлигидир. Банда усти ялтироқ нарсани яхшилик деб, аслида бало-офатлигини билмасдан қизиқиб қоларкан, шунинг учун Аллоҳ таоло ўзининг ажойиб меҳру-шафқати билан бандани у ялтироқ нарсадан узоқлаштириб, у орқали етмоқчи бўлган орзу, мақсадига бошқа восита орқали етказиб, бахтсизлик омилларидан халос қилар экан.


Яна баъзи инсонлардан содир бўладиган иккинчи хато: улардан бири ҳамма талаб қилинган шартларни тўлиқ бажаради, тавба қилади, ҳақларни эгаларига қайтаради кейин фикру-хаёлини жамлаб, қалбан хушёрлик, синиқлик ва хокисорлик билан дуо қилади. Сўнг, Аллоҳ таоло дуосини тезроқ ижобат қилишини кутиб, кеча ва кунларни хатто соатларни санай бошлайди. Агар дуо қилгандан кейин унинг назарида кўпроқ вақт ўтса, юраги сиқилиб, ичида ёки ошкора: “Мана мен дуо қилувдим, ижобат қилмади” дейди. Мана шу кўпчилик инсонларни эгаллаб олган бефаҳмлик, сабрсизлик ҳолати бўлиб, ўзлари интилиб ҳаракат қилаётган орзу умидларига қаттиқ боғланиб қолганлари туфайли содир бўлади. 

Савол туғулиши мумкин: Ушбу ишда хато ўрни нимада?

Хато ўрни шундаки, ана шу инсонлар Аллоҳ таоло буюрган дуони мақсадга олиб борувчи васила деб ўйлайдилар. Яъни бирон бир ҳожат пайдо бўлганда ёки бошга мусибат тушганда дуо қилинади, сўнг ҳожат раво бўлса, мусибат ариса дуога ҳожат қолмайди деб, ўйлашади. Шунинг учун ҳам, мана шундай ўйлайдиганлар дуо қилгандан кейин сабрсизлик билан кутадилар. Агарда тез ижобат бўлмаса, дуонинг фойдаси йўқ экан, деб ишонч ҳосил қиладилар. Ана шундан кейин уларнинг ҳимматлари давомли дуо қилиб сўрашдан сусайиб қолади. Чунки, улар дуонинг ўзи ғоя эканлигини билмай, васила деб ўйлайдилар. Бу жуда ҳам катта хато, ҳамда кўпинча ҳалокатга олиб борувчи тасаввурдир. 

Дуо ўзи алоҳида ибодат бўлиб, восита эмас, ғоя ҳисобланади. Инсон Аллоҳ таолонинг қули, мулкидир ва ҳар лаҳза ҳар турли ишларида ўз ҳожасига муҳтождир. Банданинг энг муҳим вазифаси хожасига бўлган қуллигини изҳор қилиб туриши лозим. Бу эса, доим У зотга муҳтожлигини ва ҳаётини, яшаш учун зарурий эҳтиёжлари ва бахту-саодати У зотдан келиб турадиган риоятга қарам эканлигини ифода қилиш билан бўлади. Ана шу  эҳтиёжини изҳор қилиб, сўрагандан кейин унинг самарасини кўрса ҳам ёки ҳеч қандай натижани кўрмаса ҳам барибир. Чунки банданинг ҳолати хожасининг остонасида унинг эшиги ёнида ҳокисорлик билан турмоғидир. Бундай ҳокисорлик билан бандалик қилиш фақатгина шериги йўқ зот ягона Аллоҳ таоло учун дуруст бўлади холос. 

Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” (Ғофир сураси 60-оят) деб, дуо билан ижобат қилишни биргаликда зикр қилгани сизни нотўғри тасаввурга боришингизга сабаб бўлиб, демак дуо биздан, ижобат қилиш Аллоҳдан экан деган хаёл билан бўлиб, кейин ижобат бўлмаса дуонинг ҳеч қандай  маъноси йўқ экан деб юрманг. Йўқ! асло оятнинг маъноси ундай эмас. Ушбу икки жумла ўртасида сиз тасаввур қилганингиздек ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Балки оятнинг мазмуни инсоннинг Аллоҳга бўлган бандалиги тақозо қилган ишдир. У, Аллоҳ таолонинг “Менга дуо қилинглар” деган сўзи бўлиб, ҳеч қандай нарсага қайд қилинмаган мутлақ буйруғидир. Ана ундан кейинги: “Ижобат қилурман” деган сўзиниг мазмуни эса, Аллоҳ таолонинг бандаларига чексиз неъматлари билан фазлу эҳсон қилиши ва раҳмати орқали бўлган ваъдасидир. Демак ушбу буйруқнинг ҳукми бу ваъданинг ижросига боғлаб қўйилмаган ва ваъда банда дуонинг қийматини тўлаб қўйиб ҳақли бўладиган, нархи таъйинлаб қўйилган нарса ҳам эмас. Мана шу сабабли Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда: “Бирингизни дуоси ижобат бўлади мадомики шошилмаса у: “Дуо қилдим, ижобат қилмади” дейди” деганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларининг маъноси: “Сизлардан бирингизнинг дуоси мадомики: “Агар дуо қилсам, Аллоҳ таоло дуоимни ижобат қилишига ҳақдор бўламан” деган гумонга бориб, яна ўзига ўзи: “Мана, мен дуо қилдиму, ундаги ҳаққимга эришолмадим, дуойимни ижобат қилмади” демаса, ижобат бўлади” деганидир. 


Демак, ушбу иккиси бошқа-бошқа иш бўлиб. Дуо ундан кейин келадиган натижани қандай бўлишидан қатъий назар, Аллоҳ таолога банда эканини билган кишига вожиб бўлган ибодат бўлиб, у ҳақни адо қилиши лозим ва мана шу Росулуллоҳнинг: “Дуо айни ибодатдир” деган сўзларининг маъносидир. Дуонинг ижобат бўлиши Аллоҳ таолодан бандага бўлган фазлу эҳсони ва икромидир.

Мана шунга биноан, мусулмон инсон ҳаёт тарзида дуодан кейинги натижа қандай бўлишидан қатъий назар ҳар доим, ҳар қандай вазиятда Аллоҳ таолога ҳокисорлик, синиқлик билан муҳтожлик қўлини чўзиб ўзининг чексиз, ниҳоясиз эҳтиёжларини изҳор қилиб туриши вожиб бўлади. Шу билан бирга айни пайтда: “Албатта Аллоҳ таоло дуойимни ижобат қилади” деб, У зотнинг фазлу эҳсонига чин дилдан ишониши ҳам лозим. Ижобат бўлишини гоҳида кечикишидаги ҳикмат, бандани мана шу ҳақиқатни тушуниш учун тарбия қилиш бўлиб, банда дуо тезлик билан, ёки албатта ижобат бўлиши шарт деган тасаввурга бориб қолмаслиги керак. Ана шунда сабрсизлик қилмасдан, безовталанмасдан қилинган дуо ҳам, ижобат бўлишини кутиш ҳам ибодатнинг ажралмас бир қисмига айланади. Балки, у ибодатнинг мағзи ва руҳи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадисда: “Енгиллашишни кутиш ибодатдир” дейилган.


Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳ алайҳнинг ушбу ҳикматнинг иккинчи қисмида айтган: “Чунки У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган вақтда ижобат қилишга кафолат берган. Сен ўзинг учун ҳохлаган нарсада ва сен ҳохлаган вақтда эмас” сўзларининг маъноси айнан мана шу бўлиб, яъни Аллоҳ таоло ўзи яхши кўрган вақтда ва ўзи билган ҳикматга мувофиқ  ижобат қилишни кафолатини берди. Сизнинг бутун вужудингизни эгаллаб олиб ғул-ғула солиб турган нафснинг бефаҳмлик ва сабрсизлиги билан бирга ҳохлаган вақтингизда эмас.


Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий

Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

6690 16:05 / 05.10.2019
Ваҳдатул вужуд назариясининг дунёдаги таъсири кенгайиб борди. Сўфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг тўқсон тўққиз фоизи бу назарияни ўзларининг мазҳаби давоми...

3053 14:00 / 05.08.2019
Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича давоми...

2940 05:00 / 28.02.2017
1. Ҳавойи нафсга эргашиш диннинг нуқсонидир.2. Ҳавойи нафсга эргашиш шайтонга дўстлик, Роҳманга душманликдир.3. Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳ таолонинг наздида кўп давоми...

1705 00:00 / 30.10.2022
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021