1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (5)

05:00 / 01.03.2017 3105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, сендаги қалб кўзининг кўр бўлиб қолганига далилдир”

Келинг! Ушбу ҳикматни шарҳлашдан аввал ўтган ҳикматдаги: “Биз сабаблар деб, номлайдиган нарсаларда ўз таъсирини ўтказиб, сабабиятни рўёбга чиқариш учун Аллоҳ таоло унга бериб қўйган ҳеч қандай куч-қувват йўқ. Балки, сабаб билан унга сабаб қилинган нарса бирлашган пайтда, ана шу таъсир Аллоҳ таоло томонидан ҳар лаҳзада келиб туради. Уни узликсиз У зот ўз буйруғи билан бошқариб туради” деган сўзимизни мушкул санаб, савол берган биродаримизга жавоб берайлик.
Ана шу биродар: “Масалан, олов аслида совуқ, куйдирмайдиган бўлса, нега Аллоҳ таоло бизга саййидимиз Иброҳим алайҳисалом оловга ташланганларида, оловга: “Биз: «Эй олов, сен Иброҳимга салқинлик ва саломатлик бўл!» – дедик”(Анбиё сураси 69-оят) деганини хабарини берди? “ деб савол берди.
Ана шу савол берган биродарга жавоб шуки, ҳақиқатда олов, Аллоҳ таоло уни бирор вазифага йўналтиришидан олдин ўз табиатида куйдириш хусусиятига ҳам, совутиш хусусиятига ҳам эга бўлмаган. Лекин, Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаганда, У зотдан куйдириш буйруғини қабул қиладида куйдиради. Агар Аллоҳ таоло бошқа нарсани хоҳласа ана шу буйруққа бўйсуниб, У зотнинг ҳукмини бажаради. Агар, Аллоҳ таоло оловни ўз буйруғи билан салқин ва саломатлик бўлишга йўналтирса, бу дегани олов бундан олдин ўзининг ичида куйдириш табиатини сақлашига далолат йўқ. Аллоҳ таолонинг оловга: «Эй олов, сен Иброҳимга салқинлик ва саломатлик бўл!» (Анбиё сураси 69-оят)деган сўзига қарамайсизми? Мана шу сўзи оловда ана бу нисбий совуқлик табиати бардавом ўрнаб қолганини билдирадими? Бу хитобда бундай тасаввурни келтириб чиқарадиган нарса йўқ. Балки, аксинча тўғри тушунганимиздек, Аллоҳ таолонинг ўзи хоҳлаган пайтда оловда совуқликни яратди. Ундаги совуқлик Аллоҳ таоло уни узлуксиз яратиб туриши билан, У зот хоҳлаганча давом этди. Шунингдек, куйдирувчи ҳарорат ҳам Аллоҳ таоло томонидан бўлган буйруқ билан рўёбга чиқади ва ундаги ҳарорат ва куйдириш табиати ана шу ҳукмни амалга оширувчи илоҳий иродани давом этиши билан, давом этади. Агарда, Аллоҳ таолонинг ҳукми оловдан ажралса, уни ҳеч қандай вазифага йўналтирмаса ана шу пайтда оловда ҳеч қандай моҳиятни кўрмайсиз. Унда ҳарорат ҳам, совуқлик ҳам бўлмайди. Сиз оловнинг вазифаси фалондақа ёки оловнинг сифати пистондақа деб, ўйлаган нарсалардан холий бўлиб қолади. Мана шу, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Лабид айтган энг тўғри сўз: “Албатта, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботилдир” деган, сўзларининг маъносидир. Мана энди Аллоҳ таолодан илҳом сўраб бешинчи ҳикматни шарҳини бошлаймиз. Аллоҳ таоло айтади: “Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир” ( Зарият сураси 56-58 сят ), ва яна: “Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир”( Тоҳа сураси 132-оят ) дейди.
Ушбу икки оят бизга қуйидагиларни сўзламоқда: Аллоҳ таоло инсонни Ўзининг буюк зоти учун бажарадиган вазифа устига қўйиб қўйди. У вазифа, инсон воқеъликда мажбурий тарзда Аллоҳ таолога қул бўлиб яратилганидек, Аллоҳ таолога бўлган қуллик бурчини ихтиёрий тарзда бажаришидир. Ана шу вазифани бажариш билан инсонга тирикчилик заруратлари ва ҳаёти фаровонлигини кафолатлайди. Савол туғилиши мумкин: “Мана шу мажбуриятларни ўзаро тақсимлаш нимани тақозо қилади?”
Бу тақсимотнинг тақозоси шуки, инсон ўз зиммасига юкланган вазифани бажаришга киришиши керак бўлади. Унинг муқобилида Аллоҳ таъоло ҳам ўз зимасига олган, инсоннинг ҳаётий зарурaтларини таъминлаш ва атрофидаги борлиқни унинг манфаъатлари ва орзу-истакларига хизматкор қилиб қўйишдан иборат ваъдасини бажариб боради.
Чунки, бу ерда, Аллоҳ таоло биздан талаб қилган нарса, ҳамда Аллоҳ таоло биз учун кафил бўлган нарса бор. Бундан очиқ-ойдин маълум бўладики, мана шундай ҳолатда биз бор кучимизни, фикр-хаёлимизни биздан талаб қилган, зиммамиздаги вазифани бажаришга қаратишимиз лозим. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз буюк зотига мажбурият қилиб олган кафолатига кўнглимизни хотиржам қилиб, фикр-хаёлимизни унга овора қилмаслигимиз ва ўзимизни бефойда қийнаб, изтиробга қўймаслигимиз керак.
Лекин, одамларнинг орасида Аллоҳ таоло уларга кафил бўлган нарсаларга бор кучи билан ҳаракат қилиб, ўзини қийнаб, Аллоҳ таоло ундан талаб қилган вазифадан юз ўгирадиганлари бор. Бу ҳолат Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳ алайҳ айтганларидек ана шу инсонларнинг қалб кўзи кўр бўлиб қолганига далилдир. Бу нарса шубҳасиз, Аллоҳ таоло инсонга кафолат берган нарсага ишонмаслик ва инсон вужуди ва фикрини эгаллаб олган нафснинг бефаҳмлигини билдиради холос.
Билиш вожиб бўлган энг муҳим нарсалардан бири шуки, бу борлиқдаги ҳар бир яратилган нарса, у жонли бўладими, жонсиз бўладими ёки ўсимликми, албатта, Аллоҳ таоло уни бир вазифа устига қўйиб қўйган. У доимо ана шу вазифани бажариш билан машғул бўлади. Сиз борлиқдаги энг кичик, фақатгина микроскоп билан кўрса бўладиган майда нарсалар, ҳужайралар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўринг. Сўнг, аста-секин ундан каттароқ нарсалар ва яна каттароқ нарсалар ҳақида, ҳатто энг катта коинотдаги жисмлар, сайёралар ҳақида ўйлаб кўринг. Сўнг, турли-хил ҳайвонот оламига, ундан кейин қушлар оламига ва денгиздаги ҳайвонот оламига назар солинг. Ана шу махлуқотларнинг ҳар-бири Аллоҳ таоло қўйиб қўйган бир вазифа устида турганини биласиз. Улар у вазифадан бирор лаҳза ҳам бош тортиб, исён қилмайди. Мана шу Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ва қанот ёйган ҳолидаги қушлар тасбиҳ айтишини ҳам кўрмадингми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир. Аллоҳ нима қилаётганларини ўта билгувчидир” ( Нур сураси 41-оят ) деган сўзининг маъноси ва У зотнинг Мусо алайҳис салом тилларидан Фиръавнга қарата айтилган: “У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир», деди” ( Тоҳа сураси 50-оят ) сўзининг маъносидир. Яъни, Аллоҳ таоло ҳар-бир нарсага ўзи яратган шаклни бериб, сўнгра унинг зиммасига юклаган вазифага йўллаб қўйди. Инсон ҳам ана шу махлуқотларнинг бири бўлиб, у ҳам маълум бир вазифани бажариш учун яратилган ва ана шу вазифани бажаришга буюрилган. Лекин, инсондан бошқа махлуқотлар ўз вазифасини мажбур бўлиб ёки табиий ғариза билан бажаради. Инсонни эса, Аллоҳ таоло ҳур, эрки ўзида қилиб яратишни ирода қилди. Зиммасидаги вазифани ҳам ҳеч қандай мажбурловчи ғаризасиз ўз хоҳиш-ихтиёри билан бажаришини ихтиёр қилди. Бунинг сабаби ўз вазифасини бажаришда мажбурловчи ғариза таёғи билан бошқариладиган тилсиз ҳайвонларга ўхшаб қолишдан инсон шаънини поклаш ва уни мукаррам қилишдир.
Шунинг учун ҳам, инсон, буюрилган вазифасини бажаришдан бўйин товлайдиган ва исёнкорлиги кўп бўлган ягона махлуқдир. Бошқа турли-туман махлуқлар эса, қандай вазифа учун яратилган бўлса, ана шу вазифани адо қилишда давом этяпти. Чунки, инсон ўз бурчини эрки-ихтиёри ва қизиқишидан келиб чиқиб бажаради. Инсондаги танлаш ҳолати, юз ўгириш ҳолати билан бир хил бўлади. (яъни иккиси ҳам ўз хоҳиши билан бўлади) Аммо, жамодот ва наботот каби махлуқлар ўз вазифасини яратилишидаги мажбурликдан келиб чиқиб бажаради. Тилсиз ҳайвонотлар ҳам ўзидаги ундаб турувчи ғаризаси билан вазифасини бажаради. Уларда вазифалардан юз ўгириш ҳолати бўлишига йўл қўйилмайди ва бунга имкон ҳам берилмаган. Бунинг тасдиғи Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингми? Кўп¬ларига эса, азоб ҳақ бўлди”(Ҳаж сураси 18-оят) Ушбу оятдаги “сажда” дан мурод, Аллоҳ таоло махлуқотларни турғизиб қўйган вазифаларига итоат қилишидир. Энди сиз Аллоҳ таолонинг баёни мазкур махлуқотларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло турғизиб қўйган вазифани бажаришдаги итоаткорлигини эълон қилганига эътибор беринг. Инсон ҳақида гапирганда эса, бу жинсдагиларнининг орасида итоаткори ҳам, исёнкори ҳам борлиги, уларнинг орасида Аллоҳ таолонинг ҳукми ва буйруқларига бўйсунадиганлари ва Аллоҳ таоло буюрган муҳим вазифадан бўйин товлайдиган, итоатсизлари ҳам борлигини аниқ баён қилди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолога сажда қилувчи бошқа махлуқотлардан кейин, инсонларни кўпчилиги сажда қилишини зикр қилди, уларнинг ҳам ҳаммаси дегани йўқ. Ундан кейин: “Кўп¬ларига эса, азоб ҳақ бўлди” (Ҳаж сураси 18-оят) деган сўзи билан инсонларнинг ҳаммаси ҳам итоат қилмаслигини таъкидлаб қўйди.
Инсоннинг ҳолатидаги энг ажабланарли томони шундаки, у Аллоҳ таоло бошқа тилсиз ҳайвонларга бермаган ўз эрки ва ҳохиши билан Аллоҳ таоло буюрган зиммасидаги вазифани бажаришга улардан кўра кўпроқ интилиб, кўпроқ бўйсунишни ўрнига, Аллоҳ таоло инсонни ўзига хослаб берган бу хислатни У зотнинг буйруқларидан бўйин товлаш ва исёнкорлик қилишга восита қилиб олади.
Мана шу ерда аниқлаб олишимиз керак, Аллоҳ таоло инсонни турғизиб қўйган вазифа ўзи нима?
У Аллоҳ таолонинг : “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди”( Ҳуд сураси 61-оят ) деган сўзига мувофиқ, У зот ўзи баён қилган шариат асосида ўзи яшаб турган ер юзини обод қилишга ҳаракат қилмоғидир. Бунда Аллоҳ таолонинг шариатига мувофиқ амал қилиши икки ишда намоён бўлади:
Бири, инсон воқеъликда мажбурий тарзда Аллоҳ таолога қул бўлиб яратилганидек, У зотга бўлган қуллик вазифасини ўз ихтиёри билан бажариши керак. Иккинчиси эса, ана шунда ер юзи моддий ва маданий жиҳатдан обод бўлади. Инсонларнинг ҳаммаси тинчлик, хотиржамликда бахтиёр ҳаёт кечирадилар ва ўзаро ўрталарида меҳр-муҳаббат ришталари боғланади. Устиларида адолат ва тинчлик соябон бўлади. Буларнинг барчасига қўшимча тарзда, Аллоҳ таоло инсонни фақат ўзи учун яхшилиги бор ва бахтиёр бўлиши учун хизмат қиладиган вазифага қўйиб қўйиши муқобилида инсонга ҳаётий заруратлари ва фаровонлик воситаларини кафолатини берди ва атрофидаги борлиқни унинг хизмати ва риояси учун юргизиб қўйди. Иш мана шундай бўлгандан кейин ҳам, инсон фақат ўз манфаати ва саодати учун бажариши лозим бўлган вазифадан юз ўгириб, унинг ўрнига Аллоҳ таоло ўзи кафил бўлган тирикчилик сабаблари ва яхши яшаш воситаларига интилиб ҳаракат қилиб, унинг йўлида зиммасидаги вазифаларини қурбон қилиши энг ажабланарли, уялиш ва афсусланиш керак бўлган нарса эмасми? Аллоҳ таоло айтадику: “Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир”( Тоҳа сураси 132-оят ) Инсон эса оиласи ва фарзандларидан юз угиради, уларнинг тарбияси, диний ҳаёт тарзига эътибор ҳам бермайди ва: “Уларни тарбия қилиш ва тергаб туриш учун тижоратим ва тирикчилик ишларимдан вақт орттириб, бўшолмаяпман”, деб узр айтмоқчи бўлади. Аллоҳ таоло каломида: “Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир” ( Исро сураси 35-оят ) дейди. Яъни дин билан дунё ишини ушлашда тарозини икки палласини тенг тутишга буюряпти. Лекин инсон Аллоҳ таоло унга агар адолатда бўлсагина етишини ваъда қилган нарсага эришишни орзу қилиб туриб, тарозу ва ўлчовни ўйин қилади ва ҳийла найранг қилиб уриб қолишни йўлларини ҳаммасини қўллайди. Ана бу ваъда қилинган нарсани ўзига зулм қилиш, бузғунчилик ва алдов йўли билан орзу қилади.
Аллоҳ таоло инсонга қарата: “Эркакми, аёлми – ким мўмин бўлган ҳолда солиҳ амал қилса, Биз унга пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл сураси 97-оят ) дейди. Инсон эса, Аллоҳ таоло буюрган солиҳ амалдан юз ўгиради яна покиза яхши ҳаётни беҳуда ишлар бўладиган жойлар ва фисқу маъсиятнинг эгри, қинғир йўлларидан қидиради.
Аллоҳ таоло яна айтади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар”( Нур сураси 55-оят ) Агар сиз кўплаб тоифа инсонларнинг ҳолатига эътибор қилсангиз, агар Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, тавсияларини амалга оширсалар етишлари мумкин бўлган мана шу ваъдасидан юз ўгирганларини кўрасиз.Ушбу ваъдага етишиш учун эса хаёлларига келган ҳар-хил бошқа сабаб ва воситаларни қидирадилар. Ҳаттоки, кўпинча ана шу Аллоҳ таоло ваъда қилган нарсани ҳатто ўз ерларига эгалик қилишни ҳам душманларидан ёки бошқа халқлардан сўраб олмоқчи бўлиб, ўзларини ерга уриб хорлайдилар.
Бу аҳдга вафо қилиш ва унинг самарасини ёрқин мисоли ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Убайда розияллоҳу анҳуга айтган сўзлари бўлиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга ҳаммага маълум ўн иккитадан кам бўлмаган ямоқли тўнларини кийиб борганларида у кишини кутиб олиш учун Шомнинг мансабдор ва амалдорлари пешвоз чиқишганди. Ана шунда Шом волийси Абу Убайда ҳазрати Умарнинг қулоқларига бир нималар деб пичирлайди. Шу пайт ҳазрати Умар унга қарата: “Биз, Аллоҳ ислом билан азиз қилган қавммиз. Қачонки Аллоҳ бизни азиз қилган нарсадан бошқа нарса билан азиз бўлишни истасак, Аллоҳ таоло бизларни хорлаб қўяди” дегандилар.
Агар дунё тарихига назар солсак, ўтмишдаги ана шу аждодларимизнинг иймон-эътиқодлари мукаммал бўлгани учун, ибодат ва солиҳ амалларда ихлос билан бардавом бўлганликлари учун ва Аллоҳ таолонинг ваъдасига бўлган мустаҳкам ишончлари туфайли тарихда ер юзини обод қилишда, илм-маърифат тарқатишда ва моддий ва маданий ободонлаштиришда бошқа халқлардан ўзиб кетиб, пешқадам бўлганларига гувоҳ бўламиз. Ана шу зотлар дунёни Аллоҳнинг динига хизмат қилдиришди. Ўзларини ҳам Аллоҳ таолонинг вазифасини бажаришдаги хизматкор деб, билишди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ваъдасига мувофиқ дунёни бутун борлиғи билан уларнинг оёқлари остига ташлаб, бўйсундириб қўйди
Аммо ана шу зотларнинг набиралари бизлар эса, Аллоҳ таоло: “Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар” (Марям сураси 59-оят) деб хабар берганидек Аллоҳ таоло зиммамизга юклаган вазифани ҳам бажармаяпмиз, У зотнинг қатъий ваъдасига ҳам ишона олмаяпмиз ва бу ҳақиқатни сўзлаб берувчи тарихий воқеъликка ҳам эътибор бермаяпмиз. Ўнгу-сўлга гандираклаб, азиз қилувчи Аллоҳ таолонинг эшигини қўйиб, бошқа бизга хорлик келтирувчи эшикларга бориб бош эгяпмиз. Бундай хато ҳатти-ҳаракатларимиз бизларга фақат зиёнкорлик ва муваффаққиятсизликни зиёда қилади холос. Шунинг учун бундай ноумидликка сабаб бўлувчи ҳатти-ҳаракатларимизни қўйиб, Аллоҳ таолонинг эшигига бош эгиб боришимиз ва У зот бизни яратишда мақсад қилган вазифани бажаришимиз лозим. Лекин ҳозирги кунда “эътиқодли, ибодатли” дейилган, намозини вақтида ўқийдиган, Рамазонда рўзани тутадиган кишиларни ҳам, ҳаётига назар солсангиз, улардан талаб қилинган вазифа(ибодат)га ажратган вақтлари билан, уларга кафолати берилган дунёга ажратган вақтларини солиштирганда, гўёки, тиллони олдида арзимаган сариқ чақага тенглигини яққол кўришингиз мумкин. Масалан, ҳозирги савдогарлардан, савдо билан шуғулланишидан олдин кўрсангиз, доим беш вақт намозга жамоатга чиқиб биринчи сафда туриб намоз ўқиб, илмий мажлисларга қатнашиб, бирор бир оят ёки ҳадисни эшитса кўзи ёшланиб таъсирланиб юрган Абдуллоҳ исмли йигит, тижорат ишларини бошлагандан кейин эса, бутун борлиғи билан ишга берилиб, шўнғиб кетади. Яъни динини дунёси учун қурбон қилади. Ана энди уни масжиддан биринчи саф эмас, охирги сафдан ҳам қидириб кўринг, топа олмайсиз. Унга таъсирли, йиғлатиб юборадиган бирор оят ёки ҳадисни эслатсангиз парво ҳам қилмайди. Ибодати, намози ҳақида сўрасангиз, уйида ёки дўконида (агар эсига тушиб қолса) бир амаллаб, шошилганча эътиборсизлик билан адо қилаётган бўлиши мумкин.
Мана шу юқорида айтилган гапларимизни эшитиб баъзилар танқид қилиб: “Ўзингиз иккинчи ҳикматни узун шарҳлаганингизда: “Мусулмон одам сабабларни бажариши керак, шундайлигича ташлаб қўйиб, натижаларни кутиш ва сабаблардан юз ўгириш Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади” демаганмидингиз? Шундай бўлгандан кейин бизга кафолат берилган нарсаларга ҳам бор кучимиз билан ишлаб, ризқимиз ва дунёвий манфаатларимиз ортидан Аллоҳ таоло олдимизда турғазиб қўйган сабабларни бажариб, ҳаракат қилишимиз керак эмасми?” деб, савол бериш мумкин. Ушбу саволга қисқача жавоб шуки, ушбу ҳикматда қораланган, банданинг кафолатланган нарсага эришишдаги тиришиб ҳаракат қилиши, қачонки ана шу дунёвий сабаблар билан машғул бўлиши улар билан овора бўлиб, асосий турли-хил диний вазифалари ва ибодатлардан чалғишига сабаб бўлса, бундай хатти-ҳаракат қораланади. Масалан: Муаззин масжидга жамоат намозига чорлаб турибди, у эса, тирикчилик сабаблари билан банд, тижорат юмушлари, деҳқончилик ёки бошқа ҳисоб-китоб ишлари ва ҳоказо. Ҳатто намоз вақти ўтиб кетай деганда, худди ундан амаллаб қутилмоқчи бўлгандек, бир неча дақиқаларда адо қилиб қўяди. Бу ҳам қачонки эсига тушса ва унинг қалбида намоз ўтиб кетишидан олдин уни адо қилиб олишга ундовчи туртки бўлса. Аммо, унинг қалбида ибодатга ундаб турувчи туртки бўлмаса, ўтиб кетса ҳам эътибор бермайди. Яна буларга қўшимча Аллоҳ таоло фарзандларини тарбия қилиш, уларни исломий таълимотларни ўргатиб ўстириш, қалбларига Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва таъзимини сингдириш, уларнинг диний ҳаёт тарзи Аллоҳ таолонинг шариатидан четга чиқиб кетмаслиги ва У зот қайтарган разиллик, пасткашликларга мойил бўлиб қолмаслиги учун уларни назорат қилиб, тергаб туриши ҳақидаги буйруқлари ҳам қўшилади. У эса, дунёвий ишлар, тижорат юмушларидан ҳеч ҳам вақт орттира олмаётганини ҳужжат қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруғидан юз ўгиради. Оиласи, фарзандларини жамиятнинг фитна, ғавғоларига ва йўлдан урувчи, нафснинг ҳохиш-истакларини қўзғовчи муҳитига ташлаб қўяди.
Қаранг! Аллоҳ таоло ундан исломини ўрганиб, динида билимга эга бўлишини ва Аллоҳнинг китобини тўғри тафаккур билан ўқиб ўрганишини талаб қилмоқда. Инсон юз ўгириб: “Ишларим кўпайиб кетиб, бўшолмаяпман. Шунинг учун Қуръонни тиловат қилиш ёки диндан бирор нарсани ўқиб ўрганишга вақтим ортмаяпти, бир пиёла чойни ҳам хотиржам ичишга вақтим йўқ” деб, узр айтиб, ўзини оқламоқчи бўлади. Лекин, маълумки унинг “ишларим” дегани айнан Аллоҳ таоло ўзи кафил бўлган дунёси бўлиб, у юз ўгириб, узрҳоллик қилишда давом этиб келаётган нарса эса, унинг асосий вазифаси бўлиб, Аллоҳ таоло уни айнан ана шунинг учун яратган.
Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг мусулмон инсон Аллоҳ таоло унга кафолатини берган нарсага бор кучи билан ҳаракат қилиб, У зот буюрган нарсадан юз ўгириши деганлари мана шудир. Яъни ўзи айнан унинг учун яратилган вазифаларни Аллоҳ таоло кафил бўлган дунёга тезроқ етиб олиш йўлида қурбон қиляпти.
Аммо, Аллоҳ таоло буюрган ўзининг шахсиятидаги, оиласи ва фарзандлари ҳақидаги диний вазифаларини бажариш учун ўз дийни аҳкомларини ўрганиб, исломий эътиқоди, билимини ошириб, Қуръонни тажвидга мувофиқ ўқишни ва маъноларини ўрганиб ва фарзандларини ҳам исломий руҳда тарбиялаб, уларнинг ҳаёт тарзини доимо назорат қилиб, сўнгра дунёдаги Аллоҳ таоло турғизиб қўйган иши орқали сабабларни бажариб, Аллоҳ таоло қодир қилганча ризқини ҳалол, шаръий йўл билан топишга ҳаракат қиладиган инсоннинг иши эса, ҳеч шак-шубҳасиз, гарчи ташқи кўринишидан дунёвий иш бўлиб кўринса ҳам, ҳақиқатда эса Аллоҳ таоло буюрган вазифанинг ажралмас бир қисмидир. Хусусан, у инсон ўз ишига Аллоҳ таолонинг: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир” (Таборак сураси 15-оят) деган сўзидаги амрига лаббай деб ризқни топиш учун саъй-ҳаракат қилишга ният қилган бўлса, бу иши ибодат ҳисобланади. Балки, ушбу хатти-ҳаракатлари юқорида баён қилинган қоида ва ҳозиргина зикр қилганимиз ният билан бўлса, Аллоҳ таоло йўлидаги жидду жаҳднинг бир кўриниши бўлади.
Имом Табароний ўзларининг “ал-Муъжам ул-Сағир” номли китобларида Каъб ибни Ужра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалар билан (масжиддан) чиқдилар. Шу пайт ишига (намоздан кейин) жуда эрта кетаётган бир кишини кўриб қолишди. Унинг бақувват ва ғайратлилигини кўриб ҳайратланишди. Шунда улардан бирлари: “Агар бу Аллоҳнинг йўлида бўлганда қандай яхши бўларди” деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар у кичик болаларини (боқиш) учун ҳаракат қилиб чиққан бўлса, демак у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ёши улуғ ота-онасини (парвариш қилиш) учун ҳаракат қилиб чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ўзини (одамларга қарам бўлиб қолишдан) сақлаш учун чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар оиласини боқиш учун чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар кимўзарга молини кўпайтириб, мақтаниш учун чиққан бўлса, у шайтоннинг йўлидадир” дедилар.
Ҳақиқатда ҳам “ибодат” деган ном фақатгина намоз, рўза, ҳаж ва бошқа ислом аҳкомларидан машҳур сақланиб қолганлари ва баъзи қўшимча қироат ва зикрларга хос ном эмас. Балки Аллоҳ таолога яқинлашишни истаб қилинадиган ҳар-бир ҳаракат мана шу ном остига киради. Агар ана шу ният ҳақиқат бўлса ҳар турли савдо, ишлаб чиқариш ишлари, деҳқончилик ва боғдорчиликнинг ҳамма турлари ва бунёдкорлик ишларининг ҳаммаси ибодатнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, балки сиёсат майдонидагиларнинг ҳам ўз ишларини астойдил бажариб, ўзларининг турли-хил масъулиятларини адо қилишлари ибодатнинг гавҳари ва мағзидир. Лекин, билишимиз лозим бўлган томони шундаки, Аллоҳ таолонинг розилигига етишимиз учун холис ният қилган ишларимиз шаръий ва мубоҳ бўлиши ва шу билан бирга ислом арконлари мисолидаги намоз, рўза, ҳаж, закот ва бошқа қўшимча нафл ибодатлардан иборат асосий вазифаларини ҳам тартибга солиб, ўз вақтида, тўкис адо қилишга риоя қилиш лозим бўлади. Барчасидан олдин эса, исломий билимини ошириб, Қуръону-суннатни ўрганиши ва асосий шариат аҳкомларини, ҳар-бир шахсга таъаллуқли бўлган ҳукмларни чуқур ўзлаштирган бўлиши керак. Агар буни акси бўлиб, масалан, ана шу ишларни қилиб юрган одам намозларига, ибодатларига бепарво бўлса, исломни ўрганишдан ва эътиқод илмини ўрганишдан юз ўгирган бўлса, тижорат ёки ишлаб чиқариш ва бошқа ишлари орқасида қилиб юрган тинимсиз ҳаракати қандай қилиб Аллоҳ таолонинг йўлидаги иш ёки ибодатнинг кўринишларидан бири бўлсин? Балки, бу каби инсонлар дунёвий ишларидаги ниятлари Аллоҳга яқинлаштирувчи ибодат бўлишига ақллари ҳам етмайди. Агарда, у кишида мана шундай ният бўлса эди, уни жума, жамоат ва илм мажлисларига етаклаб келган бўлар эди.
Аммо, ҳозирги кунда кетидан тинимсиз қувиб, ҳаракат қилинаётган дунёвий ишларнинг кўпчилиги Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда “у Аллоҳнинг йўлидадир” деб сифатлаган ҳолатдан мутлоқо узоқдадир. Агар, ўзингиз уларга назар солсангиз, уларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва ўзларининг яратилишдаги асл мақсад бўлган вазифаларини эсдан чиқариб ёки ўзларини эсдан чиқарганга солиб юз ўгирганларини кўрасиз. Доимо фикр-хаёллари бойликнинг энг юқори даражасига тезроқ, ҳаммадан олдин чиқиб олиш ва турли-ҳил энг гўзал дабдабали, ҳашаматли дунё матоҳларига эга бўлиш билан овора бўлади. Лекин ўз дийнларининг оддий ҳукумларини ҳам билмайдилар. Аллоҳ таоло томонидан уларга туширилган Қуръоний рисолат эса, унга орқа қилиб, эсдан чиқариб, лафзларига тиллари келишмайдиган ва маъноларига ақллари етолмайдиган бўлиб қолган. Мана шулар ҳақиқатда Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, қалб кўзингнинг ёпилиб қолганига далилдир”деган сўзларининг воқеъликдаги ҳақиқий кўринишидирлар.
Келинг! Мен сизга қуйидагиларни айтиб бераман: Ана шундай маишатпараст бойларнинг кўплари катта-катта, ҳаммага маълум биноларда никоҳ тўйи ёки бошқа хурсандчиликлар муносабати билан бирин-кетин ташкил қиладиган маросимларига мени ҳам қўймай, қайта-қайта таклиф қиладилар. Имкониятим бўлганда, таклифларига биноан бораман, лекин шу таклиф қилувчилар ва уларга ўхшаган йиғиндаги кишиларга қарата: “Мана, мен сизларни чақириқларингизга лаббай деб, имкон қилиб келдим, энди сизларни ҳам ўзим ташкил қиладиган йиғинларга таклиф қиламан, нима учун бормайсизлар? Маълумки сизларнинг йиғинларингиз дунёвий мақсадда бўлиб, ҳавою-нафснинг истакларини қоил мақом амалга оширишдан иборат холос. Аммо, мен сизларни Аллоҳ таолонинг номи билан, сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган, дунё ботқоғидан, уруш-жанжалларию тўқнашувларидан Аллоҳнинг зикри билан жонланиб, завқланадиган чўққига олиб чиқадиган илмий дарсларга таклиф қиламан” дейман.
Сўнг, улар ҳақида яхши гумон қилиб, таклифимни қабул қилганларини умидида ушбу дарсларимга қатнашадиган минглаб инсонлар орасидан уёқ-буёққа қараб қидираман, лекин доимгидек Аллоҳга юзланган ёш йигитлар ва ўрта ҳол кишиларни кўраман ҳолос. Аммо, анави таниқли табақадагилардан ҳеч бири бундай мажлисларга келмайди. Уларнинг ўзлари эса, дабдабали маросимларига таклиф қилиш ва агар боролмай қолсам ёки таклифларини қабул қилмасам аччиқланиб танқид қилиш, қаттиқ айблашни усталик билан бажарадилар. Лекин улар аслида яратилишларидан кўзланган мақсад зиммаларидаги вазифани бажариш имкони бор мана бундай мажлисларга келишга вақт топа олмайдилар. Бу уларнинг бўш вақти ҳақиқатда ҳам йўқлигидан эмас, балки маишатпарастлик ва дунёда яхши яшашга, орзу-ҳавасларга берилиб, кафолати берилган дунёга шўнғиб кетганлари учун қалб кўзлари кўр бўлиб қолганлиги учун бўш вақтлари бўлса ҳам кела олмайдилар.
Ушбу ҳикматни Аллоҳ таолонинг: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар; Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан хавф қиларлар. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлаши ва ўз фазлидан уларга зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси 36-38-оят) деган сўзи орқали шариатга мувофиқ, тўғри маънода яхшилаб тушуниб оламиз. Аллоҳ таолонинг оятдаги ана шу сара инсонларни: “уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас” деб сифатлашини бир мулоҳаза қилиб кўринг! Яъни Аллоҳ таоло ана шу инсонларни турғизиб қўйган ва уларга буюрган вазифаларни бажаришдан савдо-сотиқлари ҳам, тижоратлари ҳам тўса олмайди. Бунинг маъноси шуки, улар ана шу вазифани бажаришда ҳеч қандай юз ўгирмасдан, сустлик қилмасдан вақт ажратиб, тиришиб ҳаракат қилиб ўз ҳаққини тўлалигича берадилар. Ана шу вазифани бекаму-кўс бажариб бўлгандан кейин, дунёларига юзланиб, савдо, тижорат ишларига бориб, у орқали яна Аллоҳ таолонинг бир вазифасини бажарадилар. Мана шу маънони Аллоҳ таолонинг: “уларни чалғита олмас” деган сўзидан яхшилаб тушуниб олишингиз мумкин. Чунки, ушбу сўзи билан “тижорат билан шуғулланмайдилар” дейиши ўртасида жуда катта фарқ бор. Мана шу: “уларни чалғита олмас” деган Қуръоний калима кенг қамровли, қисқа ва балоғатли баёни билан: “Дунёвий вазифаларингизни диний вазифаларингизнинг таъсири остида бажаринглар. Ана шунда, сизларни Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган дунёларингиз сизларни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи динга, ибодатга айланади. Қуръони карим оятидаги ушбу Роббоний ҳукм остида барча, оддий шахслар ҳам, амалдор ва мансабдорлар ҳам баробардир. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ана шу турли-хил кўринишдаги дунёвий иш-ҳаракатлар Аллоҳ таоло бандаларини турғизиб қўйган диний вожиботлар, вазифалар доирасида бўлиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг буюк зотига мажбурият қилиб олган кафолати ҳам, У зот буюрган вазифаларни бажаришда астойдил ҳаракат қилган ҳар-бир шахс ва жамиятга баробар татбиқ бўлур. Бу умматнинг тарихи ана шу татбиқотнинг энг яхши гувоҳидир. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳ алайҳнинг Аллоҳ таъолонинг китобидан олган ушбу ҳикматлари нурдан бўлган муҳр билан замонлар оша муҳрланиб қолди: “Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, сендаги қалб кўзининг кўр бўлиб қолганига далилдир”.

Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий
Баҳодир Раҳматуллоҳ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб давоми...

3222 12:03 / 03.11.2018
Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 407 сана, милодий 1016 санада Фармадда туғилиб, ҳижрий 477 сана, милодий 1084 санада Тусда вафот этганлар.Абу Али Фармадий давоми...

5742 15:10 / 11.01.2019
Тўққизинчи ҳикмат Ҳолатларнинг турлитуман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турлихил бўладиrdquoҲолат деб, инсонда бир пайдо бўлиб, ўрнашиб қолмасдан ўтиб давоми...

2816 05:00 / 01.03.2017
1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон давоми...

2099 19:05 / 13.06.2022
Аудиолар

120153 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41816 14:35 / 11.08.2021