1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Саҳиҳ, ботил, фосид ва макруҳ савдо

13:45 / 06.02.2019 10838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал мазкур савдолар билан яқиндан танишиб олайлик.
1. Саҳиҳ (тўғри) савдо.
Асли ва васфи шаръий бўлган, бировнинг ҳақи унга боғлиқ ва хиёри бўлмаган савдо саҳиҳ бўлади.
Савдонинг асли деганда унинг рукни ва маҳалли кўзда тутилади. Савдонинг рукни ийжоб ва қабулдан иборатдир. Савдонинг маҳалли деганда савдо моли кўзда тутилади.
Рукннинг шаръий бўлиши эса, ийжоб ёки қабул мажнун ёки ақли тўлмаган ёш боладан содир бўлмаслигидир.
Маҳаллнинг шаръий бўлиши эса, молнинг тўғри ва ҳалол бўлишидир.
Савдонинг васфи деганда, унинг рукни ва маҳаллидан ташқари нарсаларидир. Мисол учун, нотўғри шарт ёки йўқ нарсани сотиш кабилар.
Саҳиҳ савдонинг ҳукми унинг асари дарҳол собит бўлишидир. Саҳиҳ савдонинг асари эса, ийжоб ва қабулдан кейин дарҳол мол харидорга, нарх савдогарга мулк бўлишидир.
2. Ботил савдо. 
Рукни ёки маҳаллига ҳалал етган савдо ёки асли ва васфи шаръий бўлмаган савдо ботил савдодир. Бошқача қилиб айтганда, савдо қилувчи савдо қилишга лойиқ эмас ёки савдо моли савдога лойиқ эмас бўлса, савдо ботил бўлади.
Бундай савдо, агар сиртдан савдога ўхшаб кўринса ҳам, савдо бўла олмайди ва асло мулкни ифода қила олмайди. Мисол учун, вояга етмаган ёш бола ёки жинни одамнинг савдоси ёки мол ҳисобланмайдиган ўлимтикнинг гўшти, тутамлик мол бўлмаган чўчқа гўшти ва ароққа ўхшаш нарсалар савдоси ботил савдо бўлади.

Ботил савдонинг турлари:

1. Йўқ нарсани сотиш.
Барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари йўқ нарсанинг ва йўқ бўлиш хавфи бор нарсанинг савдоси ботил эканига иттифоқ қилганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. Бир одам туяларни туққунча ва унинг қорнидаги ҳам туққунча сотиб олар эди». Бешовлари ривоят қилган.
Жоҳлият вақтида бир одам бошқасига туяси қорнидаги ҳомила туғилиб, ўсиб катта бўлиб, у ҳам туғадиган боласини ҳам сотиши мумкин эди. Бу мутлақо бўлмаган савдо эканлигидан Ислом уни ҳаром қилди. Аввало туянинг қорнидаги туғиладими йўқми биров билмайди. Яъни, ўлиб қолиши мумкин. Қолаверса тирик ҳолида туғилган чоғида эркак бўладими, урғочими буни ҳам билиб бўлмайди. Фаразан урғочи туғилганда ҳам қачон ҳомиладор бўлиши, нима туғиши маълум эмас. Қисқа ва очиқроқ қилиб айтганда, боридан кўра йўғи кўпроқ нарса. Бундай ноаниқ нарсани сотиб бўлармиди?
2. Қўлига тутқазиш мумкин бўлмаган нарсани сотиш.
Мисол учун, эгасининг қўлидан қочиб кетган қушни сотиб бўлмайди.
Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сувдаги балиқни сотманглар. У алдашдир», деганлар.
3. Ғафлат савдоси.
Бунда харидорни ғафлатда қолдириш учун турли услублар ишлатиш бўлади. Бу каби ботил савдога мисоллар ҳадислардан кўплаб келтирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш савдосидан ва ғафлат савдосидан қайтардилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Тош отиш савдоси» дегани сотиладиган нарсани тош отиш билан белгилаш ила бўладиган савдодир.
Мисол учун, мана шу пулингга ушбу кийимларга фалон жойдан тош отамиз, нечтасига тош тегса шуни оласан, дейилади. Ёки, шу пулингга ушбу ерни отилган тош тушган жойигача оласан, дейилади.
4. Нажас ва нажас аралашган нарсаларни сотиш.
Ҳанафий мазҳаби бўйича ароқ, чўчқа, ўлимтик ва қонни сотиб бўлмайди, чунки, бу нарсалар мол ҳисобланмайди. Инсоннинг ахлатини сотиш макруҳдир. Ахлатхонаган ташланган нарсаларни ва ҳайвонларнинг тезагини сота бўлади. Чунки булардан ўғит сифатида фойдаланса бўлади.
Ит, йўлбарс, шер, қоплон, бўри ва мушук каби озиқ тишли йиртқичларни сотса бўлади. Чунки булардан фойдаланса бўлади. Фойдали нарсалар эса мол бўла олади. Ҳашарот ва илон ҳамда чаёнга ўхшаган нарсалардан фойдаланиш имкони бўлса, уларни ҳам савдога қўйиш мумкин.
Нажас аралашган нарсалар озуқадан бошқа мақсадда, ошлаш, мойлаш ва боқа мақсадларда савдога қўйса бўлади.
Ҳар бир шаръий ҳалол фойдаси бор нарсани савдога қўйиш жоиздир. Барча нарса инсон фойдаси учун яратилгандир. Аллоҳ таоло. «Бақара» сурсида:
«Ер юзидаги барча нарсани сиз учун яратди», деган (29-оят).
5. Арбун (бойвоши) савдоси.
Бунда бир нарсани сотиб олишга аҳдлашган шахс сотувчига унинг баҳосидан бир оз беради. Агар савдо юришиб кетса, мазкур бойвоши баҳодан бир бўлакка айланади. Агар харидор айниб қолса, мазкур маблағ ундан сотувчига ҳадия бўлади. Бу савдони жумҳур ботил, ҳанафийлар фосид савдо дейдилар.
Ҳозирги уламолар Ислом фиқҳи академиясининг 1414 ҳижрий санада, Бурунайда бўлиб ўтган йиғилишда бу савдони жоиз деган қарорни чиқарганлар.
6. Сув савдоси.
Маълумки, савдога қўйилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши лозим. Шунинг учун бировнинг мулки бўлмаган сув, ҳаво ва тупроқ каби нарсаларни сотиб бўлмайди.

Ҳанафий мазҳаби бўйича сувлар тўрт хил бўлади:

1. Денгизларнинг сувлари.
Бу сувлар умумий бўлиб улардан барчанинг турли мақсадларда фойдаланишга ҳақи бор.
2. Катта дарёларнинг сувлари.
Нил, Сайҳун, Жайҳун, Фурот ва Дажла каби дарёларнинг сувлари шу жумлага киради. Бундай сувларда барчанинг ҳаққи шафати, яъни, одам ва ҳайвонларнинг ундан ичиши ҳақи бор. Ерларни суғориш ва тегирмонлар қўриш ҳақи эса, кўпчиликка зарар келтирмиислик шарти билан бўлади.
3. Махсус жамоатга мулк бўлган сувлар.
Бир қишлоққа хос бўлган анҳор, булоқ ва қудуқлар сувларига ўхшаш сувлар. Бунда фақат ҳаққи шафати – одам ва ҳайвонлар ичиши ҳақигина бўлади.
Абу Довуднинг ривоятида: «Мусулмонлар уч нарсада; сувда, ўт-ўланда ва оловда шерикдирлар», дейилган.
Ушбу уч нарса табиий ҳолатда бўлганида ким аввал олса, ўша фойдаланаверади. Биров бировни ман қила олмайди. Аммо, биров ўз меҳнати билан тайёрласа, топса, ўзига мулк қилиб олган бўлса, у ҳолда биров унга кўз олайтира олмайди.
4. Идишларга ва бошқа хусусий маконларга йиғиб олинган сувлар.
Бу сувлар ким уларни эгаллаб олган бўлса ўшанинг мулки ҳисобланади. Уларда эгасидан бошқанинг ҳақи йўқ. Улардан фақат эгасининг изни билангина фойдаланиш мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, уламолар сувни, агар ўзининг мулки бўлса ҳам, бепул сарфлаш мустаҳаб эканлигига иттифоқ қилганлар. Агар одамлар сувга ўта муҳтож бўлиб қолсалар, суни эгасидан мажбурий равишда олишга ҳам рухсат бор.
Киши ўзининг мулки бўлган сувни сотиши жоиздир.
Бунга далил Усмон р-у.нинг қудуқ сотиб олганларидир.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; «Ким Рума қудуғини ковласа, унга жаннат бўлур, деганларида уни мен кавладим». Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Бошқа ривоятларда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. Ким, қудуқни сотиб олиб ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур, дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим», дейилган.
У Бани Ғифорлик бир кишининг булоғи эди. Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, ўз челакларида улар билан бир қаторда сув олиб ичиб юрдилар.
3. Фосид (бузуқ) савдо.
Асли шаръий, сифати ношаръий бўлган савдо фосиддир. Бошқача қилиб айтганда, фосид савдо савдо қилишга лойиқ шахс томонидан, савдо моли бўлишга лойиқ нарса устида қилинади. Аммо унга ношаръий иш ёки сифат аралашган бўлади.
Мисол учун, кейинчалик низога сабаб бўладиган даражадаги ноаниқ нарсанинг савдоси. Уйларимдан ёки машиналаримдан бирини сотдим деб савдо қилиш шунга киради.
Шунингдек, бир садода икки садони битириш. Мен уйимни сенга сотаман, сен машинангни менга сотасан деганган ўхшаш.
Фосид савдода мол эгасининг изни ила харидор молни қўлга олганидан кейин мулк собит бўлади.

Фосид савдонинг турлари:

1. Ноаниқ нарса савдоси.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, агар савдо моли ёки унинг нархида сотувчи ва харидор орасида низога сабаб бўладиган даражадага кўп ноаниқлик бўлса, савдо фосид бўлади.
Кўп ноаниқликка мисол, қўрадаги қўйлардан бирини фалон сўмга сотдим, дейиш.
Агар ноаниқлик низога сабаб бўлмайдиган даражада оз бўлса, савдо фосид бўлмайди.
Оз ноаниқликка мисол, бир қоп унни фалон сўмга сотдим, демоқ.

Савдодаги кўп ноаниқлик тўрт нарсада бўлади:

1. Сотиладиган нарсадаги ноаниқлик.
Бу харидор учун унинг жинсида, турида ва миқдорида бўлиши мумкин.
2. Нархдаги ноаниқлик.
Мисол учун мана бу отни қўрадаги қўйлардан элликтасига сотдим, дейшлик.
Шунингдек, мана бу кийимни қийматига сотдим, дейишлик. Чунки, унинг қиймати ноаниқ ва кейин низо чиқишига сабаб бўлади.
Фалончи қайси нархни айтса шунга сотдим қабилидаги савдо ҳам фосид бўлади. Чукни фалончи қайси нархнинг айтишини биров билмайди.
Манавуни бир қоп буғдой ёки бир қоп арпага сотдим деса ҳам савдо фосид бўлади. Чунки нарх маълум эмас.
3. Муддатдаги ноаниқлик.
У нарсани нархини бир ёки икки ойда бериш шарти ила сотдим деса, савдо фосид бўлади.
Шунингдек, фалончи ҳаждан келганда, узиш, териш ёки ўриш мавсуми келиши шарти билан деганда ҳам муддат аниқ бўлмагани учун савдо фосид бўлади.
Агар аввал ноаниқ муддатла савдолашиб кейин ўша вақт келмай туриб аниқ вақтга иттифоқ қилинса, савдо тўғри бўлади.
2. Шартга боғланган ва келажак вақтга изофа қилинган савдо.
Агар, вақтики, қачонки каби шарт иборалари ила келажакда бўлиши мумкин ишга боғланган савдо ҳам фосид савдо бўлади. Мисол учун, агар фалончи менга ҳовлисини сотса, мен ҳам сенга ҳолимни сотдим, дейишлик. Бунда савдони боғланган шарт вужудга келиши ҳам мумкин, келмаслиги ҳам мумкин. Ана шу ноаниқлик учун савдо фосид бўлади.
Келажак вақтга изофа қилинган савдога, келаси ойнинг бошидан фалон нарсани сенга сотдим, дейишлик мисол бўлади.
Мазкур икки хил савдо ҳам ҳанафий мазҳаби бўйича фосид бўлади. Бошқа мазҳаблар эса уларни ботил дейишади.
3. Ғойиб ёки кўринмайдиган нарсанинг савдоси.
Ҳанафий мазҳаби бўйича савдо пайтида бошқа ерда бўлган мулкни ёки кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсани оғзаки тарзда сифатлаш асосида савдо қилса бўлади. Фақат харидор кўрганда ихтиёри ўзида бўлади. У мазкур савдо молини кўрганда ёқса олади, ёқмаса қайтаради.
Дора Қутний Абу Ҳурайрадан, Ибн Абу Шайба ва Дора Қутний Макҳулдан қилган ривоятда: «Ким бир нарсани кўрмай туриб сотиб олса, у ўша нарсани кўрганида ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Худди шу асосда фақат истеъмол қилиш пайтида очиладиган сақланган озиқ-овқат, дори дармон, суюқликлар ва газларнинг савдоси дуруст бўлади. Шунингдек, ер остида турган сабзи, пиёз, турп каби нарсаларнинг савдоси ҳам.
4. Ҳаром нархга савдо қилиш.
Сотиб олинаётган нарсанинг нархига ароқ, чўчқа ёки шунга ўхшаш ҳаром нарса бериладиган бўлса ҳанафий мазҳаби бўйича савдо фосид бўлади. Бошқа мазҳабларда бу каби савдо ботил бўлади.
5. Насяга сотиб, нақдга қайтариб сотиб олиш.
Бир киши ўн минг сўмга муҳтож. Бой одамдан қарз сўраса, унинг қарзи ҳасан бергиси келмади. Очиқ равишда рибо сўрашга журъат қилмади. Ҳийла ўйлаб топди. Ўзи қарз сўравчига маълум бир молни насяга ўн икки мингга сотди. Бир оз вақт ўтказиб туриб худди ўша молни ундан нақдга ўн минг сўмга қайтариб сотиб олди. Қарз сўраётган одам ўн минг сўмни қўлига олди. Мол эгаси икки минг сўм фойда кўрди. Бу қабилдаги савдони Абу Ҳанифа р-ҳ. Фосид бўлади деганлар.
6. Ароқ тайёрловчига узум сотиш.
Имом Абу Ҳанифа ва Шофеъийлар бу савдо макруҳ деганлар. Чунки, у айни шу узумдан ароқ тайёрлаёдими, йўқми маълум эмас.
Моликий ва Ҳанбалийлар ароқ тайёрловчига узум сотиш савдоси ботил деганлар.
7. Бир йўла икки савдони қўшиб юбориш ёки бир савдога икки шарт қўйиш. 
Икки савдони қўшиб юборишнинг икки хил сурати бор. Биринчиси, бу нарсани нақдга минг сўмга, насяга бир минг икки юз сўмга сотаман, дейиш. Иккинчиси, машинангни менга сотсанг, уйимни сенга сотаман, дейиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир савдода икки савдони қилса, унга иккисидан ками ёки рибо», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилди ва, саҳиҳ, деди.

Бир савдода икки савдо қилиш икки хил бўлади:

1. Бир молни икки хил нарх билан сотади. Мисол учун, ушбу кийимни нақдга олсанг ўн сўмга, насияга олсанг ўн беш сўмга сотаман, дейди.
2. Икки хил молни бир хил нарх билан сотади. Мисол учун ушбу икки кийимдан бирини сенга бунчага сотдим, дейди.
Бу ҳолатларда икки нарсадан бири таъйин бўлмагани учун савдо нотўғри бўлади. Агар сотувчининг чақириғидан кейин харидор бирини танласа, савдо юради.
Бу ҳолатларда ноаниқлик бўлгани учун савдо фосид бўлади. Аммо харидор иккисидан бирини танлаб аниқлик киритиб қабул қилса, савдо тўғри бўлади.
8. Нархни маълум вақтда бўлиб – бўлиб тўлаш шарти билан бўлган савдо.
Агар сотувчи, бу нарсани нақдга минг сўм, бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга сотдим деганда, харидор, қабул қилдим деса, савдо ботил бўлади. Аммо, бу нарсани нақдга минг сўмга, бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга сотаман деганда, харидор, бўлиб тўлашга минг икки юз сўмга олдим деса, савдо тўғри бўлади.
Бу каби савдонинг тўғрилигига барча мазҳаблар иттифоқ қилишган.
Нархни бўлиб тўлаш шарти ила қилинган савдо билан рибонинг орасида, агар бир оз ўхшашлик бўлса ҳам, фарқ катта. Чунки рибода бир тараф берган нарсанинг ўзи муддат муқобилига зиёда қилиб қайтарилади. Мисол учун, бир кило буғдойни нақд бериб туриб, бир муддатдан кейин бир ярим кило қилиб олади. Ёки минг сўмни қарзга бериб туриб маълум муддатдан кейин уни минг икки юз қилиб олади.
Нархни бўлиб – бўлиб тўлашда эса савдо молининг нархи ҳозир минг сўм бўлса, бир йилдан кейин минг икки юз дегандек гап. Бу ерда сотувчи пули етмай турган харидорга енгиллик яратиб бермоқда. Қўлига савдо молини тутқазмоқда. Албатта, ҳозирнинг ўзида қўлга тутқазиладиган мол кейин бериладиганидан афзал ва қийматроқдир.
10. Бир нарсанинг бўлакларини ёки сифатини сотиш.
Бир нарсанинг бўлаги деганда, мана бу қўйнинг думбасини сотдим каби савдо тушунилади.
Бир нарсанинг сифатини сотиш деганда, ёқут деб сотган нарса шиша чиқиб қолиши каби нарсалар англанади.
Бу каби савдолар ботилдир.
11. Бировнинг мулкидаги нарсани сотиб олган шахс ўзи қўлига олмай туриб сотиши.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кўчар мулкни сотиб олган одам уни қабз қилмасдан – ўзи қабул қилиб олмасдан туриб сотиши мумкин эмас. Чунки, ҳали мол унинг қўлига соғ-саломат келадими, йўқми маълум эмас.
Имом Абу Довуд Ибн Умар ва Зайд ибн Собит р-у.молардан келтирган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савдо молларини сотиб олинган жойида, тожирлар ўз юкларига олиб бормасдан туриб сотишдан наҳий қилдилар», дейилган.
Кўчмас мулкни қабз қилмасдан туриб бошқага сотиш жоиз.
Энди, бир оз чўзилиб кетган муқаддимадан кейин мазкур сарлавҳа остида «Мухтасари Виқоя» келган матнни ўрганиш ва шарҳлашга киришийлик.
Қон ва ўлимтик, ҳур инсон ва унга тобеъ нарсалар каби мол бўлмайдиганлар савдоси ботилдир.
Шунингдек, ароқ ва чўчқа каби мусулмонга мол бўлмайдиган нарсанинг пулга савдоси ботилдир.
Қулга ҳурни қўшиб, шаръий сўйилганни ўлимтикка қўшиб сотиш, агар ҳар бирининг нархи алоҳида айтилса ҳам, ботилдир.
Мудаббарга ёки ўзига ўхшаш бошқа қулга қўшиб сотилган қулнинг савдоси, худди мулкидаги нарсани вақфга қўшиб сотиш каби тўғридир.
Мудаббар эгаси ўлганимдан кейин озодсан, деб қўйган қул.
Савдо молини ароққа сотиб олиш ёки унинг аксини қилиш фосид савдодир.
Мубоҳ нарсалардан уларга молик бўлмаганининг, ҳийла ишлатмасдан топширишга қодир бўлмаганининг ёки топширса зарар етадиганинг ҳамда қориндаги ҳомила, садафдаги луълуъ ва елиндаги сут каби оқибати ноаниқ нарсаларнинг савдоси жоиз эмас.
Умуман ноаниқлиги низога сабаб бўладиган савдо жоиз эмас.
Мулкида бўлмаган нарсани сотиш мумкин эмаслиги ўз-ўзидан маълум.
Ҳийла ишлатмасдан топширишга қодир бўлмаган нарсаларга ушланмаган ов, сувдаги балиқ каби нарсалар киради.
Топширса зарар етадиган нарсага тирик қўйнинг думбасини сотиш мисол бўлади. Уни кесиб харидорга берилса, қўйга ва унинг эгасига зарар этади.
Имом Ибн Можа Абу Саъид ал-Худрий р-у.дан келтирган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайвонларнинг қорнидаги нарсани то туғилмагунича сотишдан қайтардилар», дейилган.
Имом Шофеъий Ибн Аббос р-у.дан келтирган ривоятда: «У киши қўйнинг елинидаги сутни ва устидаги жунни сотишдан қайтарар эдилар», дейилган.
Музобана - бу териб олинган хурмони дарахтда турган хурмога чамалаб сотиш, Муҳоқала, Муломаса, Тош ташлаш ва Мунобаза савдолари жоиз эмас.
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби савдолардан қайтарганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳоқала, музобана, муъовама, мухобара ва сунъядан наҳий қилдилар ва арояга рухсат бердилар.
Баъзи ровийлар: «Муҳоқала»ни зироатни ўлчовли буғдойга сотиш, деб,
«Музобона»ни ҳўл хурмо ва узумни ўлчовли қуруқ хурмо ва майизга сотиш, деб,
«Муаъовама»ни дарахтни бир неча йилга сотиш, деб,
«Мухобара»ни ерни бир кишига уни ишлатиб, ўз томонидан экиб юриш ва ундан чиққан нарсанинг баъзисини бериш шарти ила бериш, деб тафсир қилганлар». Тўртовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоятда баъзи бир нотўғри савдолардан қайтарилмоқда. Уларнинг баъзиларини ровийлар қилган тафсирни келтириш орқали матнда ҳам зикр этилди. Шундоқ бўлса ҳам, тўлиқроқ тушуниб олиш учун баъзи қўшимча маълумотларни изофа қилган ҳолда алоҳида ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
1. «Муҳоқала», «ҳақл» – дала сўзидан олинган бўлиб, даладаги ўсимликни сотиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса ўсиб чиқаётган ёки чиққан майса экинни ўлчовли буғдойга сотишни англатади.
Бундоқ савдо мумкин эмас. Чунки, аниқ навли, маълум ўлчовли нарсани, ўзи йўқ, ўлчови ва нави маълум эмас нарсага алмаштириш ҳисобланади. Экилган буғдой униб чиқиб, етилиб ҳосилга кирадими, йўқми, яхши бўлиб пишадими, пишса нави қандоқ бўлади ҳаммаси номаълум. Бу ҳолда тайёр буғдойнинг эгаси куйиб қолиши мумкин.
2. «Музобана» «забн» қайтариш сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани олиб ўрнига бошқа нарсани қайтариш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бир меванинг ҳўлини олиб қуруғини қайтаришга айтилади.
Мисол учун, дарахтда турган ҳўл хурмони олиб ўрнига қуруқ хурмо ёки токдаги узумни олиб ўрнига майиз қайтариш. Бу ҳолатда ҳам савдода аниқлик бўлмайди. Ҳўл мева қуритилганда ўз ўрнига олинган қуруқ мева сифати ва миқдорига тўғри келадими, йўқми маълум эмас.
3. «Муъовама» «ом» йил сўзидан олинган бўлиб йиллашиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бир дарахтнинг бир неча йиллик мевасини олдиндан сотишни билдиради.
Бундоқ савдо ҳам ҳаромдир. Чунки, унда йўқ нарсани, таслим қилиб бериб бўлмайдиган нарсани сотиш билан шуғулланади.
4. «Мухобара» «хабар» экишиш сўзидан олинган бўлиб, шерикликка ер экиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса ер эгаси ўз ерини бир кишига бериб, ўзинг нима қилсанг, қилавер, менга маҳсулотнинг фалон қисмини берасан, дейишидир. Бу ҳам аниқ нарса бўлмагани учун жоиз эмас.
5. «Санъя» истисно маъносини англатади.
Воқеъликда эса бир нарсани номаълум қисмини истисно қилиб сотишга айтилади.
Мисол учун, сенга ушбу кийимларнинг баъзисидан бошқасини сотдим, дейишлик. Чунки, бунда ҳам номаълумлик бор. Унинг оқибати бир томонга зулм бўлиши, уруш-жанжал келиб чиқиши мумкин.
Агар ўша истисно қилинган нарса маълум бўлса, савдо жоиз бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат берганлар.
6. «Ароя» орият вақтинча фойдаланиш маъносини билдиради.
Воқеъликда эса бой одам камбағалга, ушбу дарахтнинг бу йилги мевасидан фойдаланавер, дейди.
Камбағал ўзига ориятга – вақтинча фойдаланишга – берилган дарахт олдига келиб-кетавериши бой учун ноқулайлик туғдириб қолиб, сенинг шу дарахтингдан чиқадиган мевани ҳозироқ бериб қўяй, деб у билан келишади. Ана ўша савдо истисно тариқасида жоиз. Чунки, икки ҳолатда ҳам камбағал фойда кўради. Айниқса, тайёр мева берилганда аниқ фойда муддатдан олдин юзага чиқади.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни икки хил савдодан; «Муломаса ва мунобазадан наҳий қилдилар».
«Муломаса» бир киши бошқасининг кийимини кечасими, кундузими қўли билан ушлаб кўриб, ундан бошқа айлантириб кўрмасдан олишдир.
«Мунобаза» бир киши ўз кийимини ташлаши ва бошқаси ҳам унга ўз кийимини ташлаши ана ўша назар қилмай ва ўзаро рози бўлмай туриб уларнинг савдоси бўлади». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Абу Довуднинг лафзида: «Мунобаза «қачон сенга ушбу кийимни ташласам савдо вожиб бўлур», дейиши.
«Муломаса» у(кийим)ни қўли билан ушлаб кўрмоғи, ёйиб ҳам, ағдариб ҳам кўрмайди. Қачон ушласа, савдо вожиб бўлади», дейилган.
Ушбу ривоятларда ҳадис матни билан бирга, ровийнинг тушунтириш гаплари ҳам қўшиб келтирилмоқда. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларида жоҳилият вақтидаги бор бўлган икки хил савдодан наҳий қилингани ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бир Абу Саъуд розияллоҳу анҳунинг ўша икки савдо ҳақидаги тушунтириш гаплари ҳам келмоқда.
«Муломаса» луғатда, ушлаб кўриш, маъносини англатади.
Амалда эса матнда келганидек, ушлаганини олиш, қоидаси асосида савдо қилинади. Савдо молини айлантириб кўриш, яхшилаб текширишга имкон берилмайди. Қўлинг тегдими, оласан, деб туриб олинади. Албатта, бу ғиромликдан иборат нарса. Савдо деган икки томон розилиги билан, айби бўлса айтиб, кўриб, айниш ихтиёри билан бўлиши керак.
«Мунобаза» эса луғатда «ирғитиш» маъносини билдиради.
Амалда эса «қачон сенга ушбу кийимни ташласам савдо вожиб бўлур», дейишлик.
Бу ҳам ғирт ғирромликнинг кўринишларидан бири, шунинг учун ҳам Исломда бундоқ золимона савдони ҳаром қилган. Ҳозирда ҳам моли касодга учраб, савдоси юришмай қолган баъзи савдогарлар шунга ўхшаш ишларни қилишга ўтадилар. Бу эса шариатга тўғри келмайди. Мусулмонлар огоҳ бўлишлари керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш савдосидан ва ғафлат савдосидан қайтардилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Тош отиш савдоси» дегани сотиладиган нарсани тош отиш билан белгилаш ила бўладиган савдодир.
Мисол учун, мана шу пулингга ушбу кийимларга фалон жойдан тош отамиз, нечтасига тош тегса шуни оласан, дейилади. Ёки, шу пулингга ушбу ерни отилган тош тушган жойигача оласан, дейилади.
Мусулмон кишилар, хусусан, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб юрадиган ҳамда улар билан муомала қиладиганлар бу масалаларни яхшилаб ўрганиб олиб ҳаётларига татбиқ қилишлари керак.
Яйловларни сотиш ҳам, ижарага бериш ҳам жоиз эмас.
Имом Аҳмад ва Абу Довудлар келтирган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар уч нарсада; сувда, ўт-ўланда ва оловда шерикдирлар», дейилган. Ўт-ўлан омманинг ҳақи бўлган яйловда бўлади. Бировнинг ўз еридаги ўт-ўланда бошқанинг ҳақи йўқ.
Асаларини уясисиз сотиш жоиз эмас.
Яъни, шамъи ва ундаги асали билан сотиш жоиз.
Одамдан олинган нарсаларни ҳам.
Одамнинг сочини, аёл кишининг сутини ва шунга ўхшаш нарсаларини сотиб бўлмайди. Чунки одам мукаррам зотдир.
Чўчқага тегишли нарсаларни ҳам. Илло қили бундан мустасно.
Чўчқа бошдан охиригача нажас бўлгани учун унинг ҳеч нарсасини сотиш жоиз эмас. Илло унинг қилидан ўша пайтларда тери нарсаларни тикишда фойдаланганлиги учун уламолар рухсат берганлар. Эҳтимол унинг ўрнини босадиган бошқа нарса бўлмагандир.
Икковларга (Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфга) хилоф ўлароқ ипак қуртини ва унинг тухумини (уруғини) ҳам.
Имом Муҳаммад жоиз дейдилар. Ҳозирда имом Муҳаммаднинг гапларига амал қиладиган вақт бўлган.
Юқори қаватни йиқилиб тушгандан кейин сотиш ҳам жоиз эмас.
Икки қаватли бинонинг биринчи қават бир кишиники, иккинчи қавати бошқаники эди. Бино ёки унинг иккинчи қавати йиқилганидан кейин иккинчи қаватни сотиб бўлмайди. Чунки йқилиш оқибатида ундан ҳеч нарса қолмади.
Эркак нарсани урғочи деб сотиб бўлмайди.
Бу алдамчиликдир.
Ўзи сотган нарсани нархини нақд олмай туриб ундан оз нархга сотиб олиш жоиз эмас.
Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Мъаммардан ва Саврий Абу Исҳоқ Субайъийдан, у ўз хотинидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Мазкура аёл бир гуруҳ аёллар билан. Оишанинг ҳузурига кирибди. Шунда бир аёл у кишидан, эй мўминларнинг онаси, менинг чўрим бор эди. Уни Зайд ибн Арқамга кейин бериш шарти ила саккиз юзга сотдим. Кейин чўрини ундан олти юзга сотиб олдим ва олти юзни нақд санаб бердим. Унга саккиз юзни ёзиб қўйдим, деди. Шунда Оиша, сенинг сотиб олган нарсанг қандай ҳам ёмон! Унинг сотиб олган нарсаси ҳам қандай ёмон! Агар тавба қилмаса, Зайд ибн Арқам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билан қилган жиҳодини ботил қилибди, деди. Аёл, айтингчи, агар ўз пулимни олиб, ортиғини унга қайтариб берсамчи? – деди. Шунда Оиша, «Кимга Роббисидан мавъиза келганида тўхтаса, ўтгани кечирилади», деди».
Бунда рибо олишга ҳийла борлиги учун рухсат берилмаган.
Шунингдек, ўзи сотган нарсани сотмаган нарсаси билан қўшиб аввалги нарсаси нархига сотиб олиш жоиз эмас.
Мисол учун, бир кўйлакни бировга беш минг сўмга сотди. Харидор пулини кейин бераман деб кўйлакни олди. Сотивчи пулни олмай туриб ўзи сотган кўйлакни ва яна бир кўйлакни харидордан беш минг сўмга сотиб олиши мумкин эмас. Бунда ҳам рибо учун ҳийла ишлатилган бўлади.
Мойни идиши билан тортиш ва ҳар сафар идишга бунча ритл чиқариб ташлаш шарти билан сотиш жоиз эмас.
Идишнинг соф оғирилигини чиқариб ташлашга хилоф ўлароқ.
Бунда ҳам рибо олиш учун ҳийла ишлатиш бор.
Савдо ақди тақозо қилмайдиган, иккисидан бирига наф берадиган ва сотилган нарсага ҳақли наф берадиган шарт ила савдо ҳам жоиз эмас.
Савдо ақди тақозо қилмайдиган ва иккисидан бирига наф берадиган савдога мисол. Сотувчининг бир нарсани харидор унга маълум маблағни қарз бериб туриши шарти билан садо қилиш. Ёки харидор, ушбу кийимни ундан менга иккита бошқача кийим тикдириб беришинг шарти ила сотиб оламан, дейиши.
Сотилган нарсага ҳақли наф берадиган шарт ила савдога мисол. Мен бу ҳайвонни ёки кийимни бировга сотмаслигинг шарти ила сенга сотаман, дейиш. Бунда савдо тўғри, шарт ботил бўлади.
Фосид савдо ила сотилган нарсани харидор сотувчининг очиқ ёки савдо мажлисида қўлга киритиш каби далолатли розилиги ила олса ва садонинг икки тарафида ҳам мол турган бўлса, унга (харидор) эга бўлади.
Аммо бу нопок эгалик бўлади.
Унинг зиммасига мазкур молнинг ўзи ёки қиймати лозим бўлади.
Чунки, агар фосид савдо билан бўлса ҳам мол унинг қарамоғига ўтган бўлади. Худди бировнинг молини тортиб олган одамнинг бўйнида унинг жавобгарлиги бўлгани каби.
Агар фасод зиёда шарт туфайли юзага келган бўлса, шарт қўйган одам уни бузиши мумкин. Агар фасод бошқа сабабдан бўлса, икковлари бузса ҳам бўлаверади.
Агар сотилган нарса харидорнинг мулкидан чиққан ёки у унда қурилиш қилган бўлса, шартни бузиб бўлмайди.
Чунки харидорнинг молдаги тасарруфидан кейин сотувчининг молни қайтариб олиш ҳақи кесилади.
Нажш ва нархига икки тараф рози бўлиб турган савдонинг устига савдо қилиш макруҳдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарини савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Магар унга ўзи изн берса майли», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда уч хил ишдан наҳий қилинмоқда:

1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш. 
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин;
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга, савдонгни бузиб нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман, дейди.
Иккинчи кўринишда эса бировга нарса сотган одамга, савдонгни бузиб нарсангини қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўп баҳо тўлайман, дейди.
Бу иш бузғунчиликдан иборатдир. Кишилар ичида келишмовчилик, уруш - жанжал келтириб чиқарадиган ишдир. Эркин базор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишга зид нарсадир. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида бу нотўғри иш ман қилингандир.
2. Бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш. 
Бир киши бир қизга совчилик қилиб турганда у ўз ишини битирмагунча бошқа одам ҳалиги қизга совчилик қилиши ҳаромдир. Бу ҳам кишилар ўртасида хусумат келтириб чиқарадиган ишдир. Аммо, биринчи совчилик қилган одам ўзи изн бериб, майли насиб қилгани бўлар, сиз ҳам совчи қўяберинг, деса иккинчи одам совчилик қилиши мумкин.
3. Бировнинг савдолаши устига савдолашиш.
Яъни, бир киши бир нарсани савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб сотувчига, менга сотсанг ундан кўп нарх бераман дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга, агар менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзон бераман, дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлигидан ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчилик ва кўнгил қолдиларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Исломдан бехабарликлари, хабардорларнинг амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади. Бунинг тузатишнинг бирдан-бир иложи эса Исломни ўрганиш ва унга оғишмай амал қилиб яшашдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нажш»дан наҳий қилдилар».
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар. Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди. Бундоқ услуб билан пул мол топишни Ислом ҳаром қилди.
Жалб қилиб келтирилаётганни ерли аҳолига зарарли тўсиб чиқиш ва қаҳатчилик вақтида ерли одамнинг сотиб бериши ҳам макруҳ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа ривоятда: «Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган. Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири баён этилмоқда. Бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик ортдириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Улов минганларнинг олдини тўсаб чиқманглар» деган лари, ташқаридан бозорга сотгани ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон гаров сотиб олманглар, деганидир.
Жоҳилият даврида шундоқ қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари, биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик, деганлар.
Саҳрода ва қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолисича устамон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада, ҳам у, ҳам бозорга келадиган оддий кишилар зарар кўрадилар.
Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотсаю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳаққи бор.
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин».
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб» дейилган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик ила бўлса жоиз, дейилган.
Чунки, ерлик даллоллик қилганда ўзи фойдасини кўзлаб қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва кўпчилик саҳроликнинг ўзи сотган пайтдаги арзон нархга ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда ўстирмай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
Шариат доирасида ҳаром-хариш аралашмай, ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юравериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг:
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бошқача қилиб айтганда, эркин савдо бўлсин, дейилгандир.
Ушбу қоидада Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун содда одамни устамон алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни, битта устамон содда деҳқонни алдаб арзон нархга молини сотиб олмасин, дейилди. Лекин, шу билан бирга ўша устамон олиб келиб сотганда содда деҳқондан кўра қимматга сотиши орага воситачи кириб нарх ўсиши назарда тутилди.
Иккинчи ҳолатда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки, агар ерлик одам унга сотиб берса, у ўзи сотгандан кўра кўп фойда олиши мумкин эди. Аммо, бу ҳолда кўпчилик, ундан келиб нарса сотиб оладиганлар манфаати эътиборга олинган. Бунда ҳам воситачилар меҳнат қилмай нарх навони сунъий равишда юқори ушлаб туришларига йўл қўймаслик учун шундоқ қилинган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамаъгирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида бу нарсага рухсат берилмаган.
Озон пайтидага савдо ҳам мукруҳдир.
Аллоҳ таоло «Жума» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Жума кунида, намозга нидо қилинган пайтда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир», деган (9-оят).
Бунда биринчи озон кўзда тутилган.
Ким ошди савдоси макруҳ эмас.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўқим ва қадаҳ сотдилар: «Мана бу тўқим ва қадаҳни ким олади?» дедилар.
«Икковини бир дирҳамга оламан», деди бир одам.
«Ким ошди?» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Шунда бир киши икки дирҳам берди ва ўшанга сотдилар». Термизий ривоят қилган.
Ким ошди савдоси Ислом шариатида ҳалол қилинган савдо эканини шу ривоятдан билиб оламиз.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир савдогар ўғлини қишлоқдаги қарздорлардан пул йиғиб келишга юборди. Ўғли қарзларни йиғиб келаётган эди, ҳамёни тушиб қолди. У буни уйига етай деганда пайқади. давоми...

2600 08:24 / 16.08.2020
Ибн Муғул айтади .Абу Миъшар Толҳа ибн Мусаррифга ўз ўғлидан шикоят қилди. Шунда у .Ушбу оят билан унинг ҳаққига дуо қил,, деди .Роббим Менга ва отаонамга инъом этган давоми...

1721 09:01 / 19.01.2020
Абу Жаъфар Тустарий айтади .Муҳаддис Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ ўлим тўшагида ётган эди. Унинг ҳузурига кирсак, олдида Абу Ҳотим, Муҳаммад ибн Муслим, Мунзир ибн давоми...

1885 08:00 / 25.07.2020
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадирБиринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржнинг истакхоҳишларидан тийилишдир.Иккинчи даража хосларнинг давоми...

2341 08:10 / 05.05.2019
Аудиолар

118738 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40700 14:35 / 11.08.2021