1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

БОЛА КИМНИНГ ҚАРАМОҒИДА БЎЛАДИ

17:04 / 08.01.2017 3105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аёл: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар». 
Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Боланинг ота-онаси ажрашган пайтда у кимнинг қарамоғида бўлади? Бундоқ қарамоқ бола гап тушуниб, саволга жавоб берадиган бўлгунчаликдир.
Ушбу ҳадисда талоқ қилинган она бошқа эрга тегмаса кичик бола унинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм қилмоқда.
Ушбу ҳукмни жумҳури уламолар бир овоздан қабул қилганлар. Ҳанафий мазҳаби бунга зиёда қилиб, қариндош одамга эрга тегса ҳам болани қарамоғига олиш ҳаққи аёлда қолади, деган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди.
Шунда Жаъфар: «Уни мен ўз қарамоғимга оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки, у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она билан баробар», деди.
Али эса: «Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ», деди.
Зайд эса: «Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим, мен олиб келдим», деди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва:
«У холаси билан бўлади. Хола она билан баробардир», дедилар». 
Абу Довуд ва Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг Иммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди. Отаси розияллоҳу анҳу ҳижрат қилган пайтда ўзи билан бирга олиб келишга имкон бўлмаган эди. Кўп ўтмай Уҳуд жангида ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. Лекин бу унинг қизи Иммора мушриклар ичида қаровсиз қолди, дегани эмас эди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу хавф-хатарга қарамасдан Маккага бориб Иммора бинти Ҳамзани олиб келди.
Шунда у билан Жаъфар ибн Абу Толиб ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумолар Имморани ўз қарамоғига олиш учун талаша бошладилар. Уч тарафнинг ҳар бири қизни ўз қарамоғига олишга айнан ўзини ҳақли, деб билар ва бунга ўзича далил келтирар эди.
Уларнинг бу ишини кузатиб бурган одам, беихтиёр, наҳотки шу одамлар асрлар давомида қиз болани ўзига ор, деб билган, кечагина ҳатто қизларини тириклайин кўмиб юрган халқнинг вакили бўлсалар? деб ўйлайди. Қандай мўъжиза рўй берди? Улар ўз қизларини эмас, бировнинг қизини ўз қарамоғига олиш учун талашмоқдалар-а!
Ҳа, бу Ислом мўъжизасидир. Бу кишилар бировнинг қизини ўз қарамоғига олиб тарбиялашни ўзига фахр, деб биладиган мусулмонлардир. Уларнинг дини шундоқ қилишга буюради. Улар ажри савоб умида Имморани ўз қарамоғига олиб тарбиялашни ҳар қанча талашишга тайёрлар.
Буларнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳукм чиқармасалар бўлмайди. Ана у зоти муборак ҳам чиқиб келдилар. Учовларини гапларини, далилларини диққат билан тингладилар. Сўнгра қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир.
Демак, кичкина болаларни қарамоққа олишда аёл кишиларга қаралар экан. Она бўлса у ҳақли. Агар она бўлмаса қуйидаги тартибда бўлади: Отасининг онаси, онасининг онаси, опаси, холаси, акасининг қизи, аммаси. Бунда аввал туғишганлар, кейин ота томон ва ниҳоят она томон эътиборга олинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. Бир аёл келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, эрим ўғлимни олиб кетмоқчи, батаҳқиқ, у менга Абу Инаба қудуғидан сув берди ва менга манфаат етказди», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз қуръа ташланг», дедилар.
«Болам ҳақида ким мен билан хусуматлашар экан?!» деди эр. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу-отанг, мана бу-онанг. Иккисидан қай бирини хоҳласанг қўлини тут», дедилар.
Бола онасининг қўлини тутди. Бас, уни онаси олиб кетди».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда бола ўзини ўзи эплайдиган бўлганидан кейинги ҳолат муолажа қилинмоқда. Бола етти ёки саккиз ёшга киргунча онасининг қарамоғида бўлади. Ундан кейин эса, ушбу ҳадиси шарифга қараганда ёки қуръа ташлаш, ёки боланинг ихтиёрига қўйиш билан бола кимга бўлиши аниқланади.

ХУЛОСА

Ёш болани ўз қарамоғига олиш масаласи уламоларимиз томонидан атрофлича ўрганилган ва унга тегишли ҳукмлар фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган. Биз қисқача қилиб бош масалаларни эслаб ўтамиз.
Ёш болани қарамоғига олиш - уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан иборатдир.
Ёш гўдакнинг ўз қарамоғига олишга энг ҳақли шахс бошқа эрга тегмаслик шарти ила онаси эканини ва ундан кейин кимлар бўлишини юқорида ўргандик.
Лекин болани ўз қаромоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши шарт:

1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан, муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу-фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.

Ўғил бола етти ёшгача, қиз бола тўққиз ёшгача она ёки унинг ўрнини босадиган аёл киши қарамоғида бўлади. Ундан сўнг отанинг қарамоғига ўтадилар.
Ёш болани қарамоғига олиб тарбия қилаётган аёл боланинг отасидан, отаси бўлмаса унинг нафақаси вожиб бўлган шахсдан ажр ҳақи олади. Бу боланинг нафақасидан ташқари ҳақдир. Яъни, ёш болани тарбия қилиш учун кетадиган хизмат ҳақдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасидаАвваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасидаэканлигини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. давоми...

3039 05:00 / 15.02.2017
Каъб ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Ғифорлик бир аёлга уйландилар. Унинг олдига кириб, кийимларини ечиб, давоми...

4270 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Умр йўлдош танлаш давоми...

4947 05:00 / 06.03.2017
ТАЛОҚ ИХТИЁРИНИ ТОПШИРИШДА ҚЎЛДАН БОШҚА АЪЗОНИ ИШЛАТИШТафвизут талоқ учун фақат quotишинг қўлингдаquot ибораси ишлатилмайди. Балки, ундан бошқа уни ўрнини боса давоми...

5372 05:00 / 15.02.2017