1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадисга юксак эҳтиромнинг гўзал натижаси

16:59 / 08.04.2016 3982 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёҳуд "Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма!"

Мен ҳар бир ёзган китобим(битигим)ни Абу Зуръа Розийга кўрсатганман. Агар у зот бирор ҳадисни бу иллатли, деса уни қолдирганман. Мана бу ҳадис саҳиҳ, деса уни китобимга киритганман[1]

Имом Муслим

Буюк муҳаддис Абу Зуръа Розий раҳимаҳуллоҳнинг вафот этиш вақти-соати яқинлашганда унинг ҳузурида шогирдлари Абу Ҳотим Розий ва Муҳаммад ибн Муслимлар бор экан. Улар қуйидагича ривоят қилганлар:

Иккимиз ҳам устозимиз Абу Заръага шаҳодат калимасини талқин қилиб, ёнида айтиб турмоқчи бўлдик. Лекин иккилари ҳам унинг ҳузурида шаҳодат калимасини жаҳрий тарзда айтиб туришга ҳаё қилиб, ҳеч ботина олмаган эканлар. Чунки у ҳар иккисига ҳам ҳадис ўргатган муаллимлари эди. Унинг ҳузурида бирор нарса дейишдан ҳаё қилишар эди. Маслаҳатлашиб, охири унинг олдида "Кимнинг охирги гапи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" бўлса, Жаннатга киради", деган ҳадисни ўзларича музокара қилишга келишиб олдилар. Устоз беихтиёр тилига калима келиб, ўз-ўзидан айтиб юборсалар, ажабмас! Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам: устознинг олдига кирдилар-да, Муҳаммад ибн Муслим ҳадиснинг ровийларини айта бошлаб:

"Менга Заҳҳок ибн Махлад Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган эди. У Солиҳ", дедию, бу ҳолатнинг оғирлиги ва Абу Зуръанинг қийин аҳволда қолганига маҳзун бўлгани ва ундан ҳаё қилганидан тили тутилиб, бирор сўз айтолмай қолди.

Энди навбат Абу Ҳотимга келди. У: "Бизга Бундор айтган эди. Унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган эди. У Солиҳ", деди-да, у ҳам шеригидек, тили тутилиб, тўхтаб қолди.    

Шунда Абу Зуръа: "Мени, ўтиргизиб қўйинглар!", деди. Ўтиргизиб қўйишгач, ўзини тутиб, қоматини тиклаб, тўғриланиб ўтириб олди-да: "Бизга Бундор айтган эди. Унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган эди. У Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Мурра Ҳазрамийдан, у эса Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кимнинг охирги гапи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ", дедию лафзи жалола яъни (Аллоҳ сўзи)нинг "ҳ" ҳарфини айтишда қориндан чиқувчи ҳаво оқими билан бирга муборак руҳи ҳам чиқиб кетди. Аллоҳ раҳмат қилсин. Дарҳақиқат, унинг сўнги гапи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" бўлди. Бутун умр шу муборак калимага садоқат билан ҳаёт кечирган эди. Шу калима билан вафот этиш ҳам насиб қилди. Шу калимани ҳаммага ўргатиб, тавҳид(яккахудолик) эътиқодига чин ихлос ва муҳаббат билан яшаб, сўнги нафасда ҳам муборак каломни тилда айтиб туриб вафот этди!

Субҳаналлоҳ! Бу буюк муҳаддисларга устозлик қилган зотнинг ҳадиси шарифга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром ва одобларини қаранг!

Динимиз енгиллик дини бўлгани учун ҳеч қачон инсонни бирор қийин, мушкул ишга буюриб, унга оғирлик ва қийинчилик юкламайди. Бу енгиллик динимизнинг барча кўрсатмаларида намоён бўлади. Фиқҳий қоидалар бўйича касал, заифҳол одамга ҳатто динимизнинг устуни бўлмиш, буюк фарз ибодат намозни ҳам ўтириб, ўтиришга ҳам ярамаса ёнбошлаб ёки тўлиқ ётиб олишга ҳам рухсат берилган. Намозда эса пайғамбар айтган ҳадис эмас, балки, бутун  оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳақ каломи Қуръони карим тиловат қилинади. Динимиз шунчалик бағрикенглигидан, бундай буюк фарз ибодатни ҳам, унда қироат қилиниши фарз бўлмиш буюк каломни ҳам, касал ва ожиз кишиларга бемалол имконлари етганича, ўтирибми-ёнбошлабми ўқиса бас, деб рухсат бермоқда.

Абу Зуръа Розий ҳазратларининг бунингдек, одоб ва ўзига хос юксак тақволарини кўриб, у зот ҳатто беморликларида ҳам бирор намозни ўтириб ўқиган дейишга эса ботина олмайсан киши! Чунки ўлим тўшагида ётган, ўз куч-қуввати билан ўтириб олишга дармони етмайдиган, ўлимнинг даҳшатли чангалида жон олиб-жон бераётган бу бемисл тақво, одоб, сабр ва матонат ва фидокорлик эгаси бўлган бу буюк зотнинг биргина ҳадиси шарифни айтиш учун кўрсатган юксак эҳтиромларини кўриб туриб, Аллоҳ таолонинг фарз ибодати ва Қуръони карим қироатини ҳар қандай ҳолда бўлсин, ўтириб ёки ёнбошлаган ҳолда адо қилишларига кишининг ишонгиси келмайди!

Бу зотнинг ўзига хос тақво йўллари бўлиб, бу йўлда фақат ва фақат тақво деган сўқмоқлар узра юрилар экан! Фатво ва рухсатлардан фойдаланишни эса, биз каби омма халққа қолдирган эканлар бу буюк муҳаддислар устози! Бу эса фатволардан фойдаланиш нотўғри дегани эмас, албатта. Улуғ зотлар одамларга доим енгиллик ва фатво йўлини кўрсатиб, ўзлари эса – бир мунча қийинроқ бўлсада – ҳамиша тақво йўлини тутганлар. (Буни тушинмаган оми халқ эса: "Муллани айтганини қилгин-у, қилганини қилма!", дейдилар! Эй, азиз биродарим! Муллалар юқорида намунали ҳаётларини мисол қилиб келтирганимиз буюк муҳаддис, Имом Бухорий ва Имом Муслимдек, бутун дунё эътироф этувчи зотларнинг устози бўлмиш Абу Зуръа Розий раҳматли каби сизга: "Бемор бўлсангиз, бемалол, намозни ҳам, Қуръони каримни ҳам ўтирибми, ёнбошлабми, бақадриҳол ўқийверинг", деб рухсат бериб, ўзлари Қуръони карим у ёқда турсин, ҳатто ҳадиси шарифни ҳам ўтириб мутолаа қилмасалар, энди "Муллани айтганини қилгин-у, қилганини қилма!", деган "чексиз ҳурмат" ифодаси бўлмиш мақолингиз қанчалик таҳсинга сазовор эканини, яхшилик "яхшилик" ила жавоб қайтариш эканини ўйлаяпсизми?!)

Бу беназир муҳаддиснинг ҳаёти давомида ҳадиси шариф ва барча Ислом шиорларига кўрсатган бемисл ҳурмат-эҳтироминини эса буюк Аллоҳ таоло ҳам муносиб мукофотлади.   

"Кимнинг охирги гапи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" бўлса, Жаннатга киради". Бу ҳадиси шарифнинг маъносини шарҳловчи олимларимиз инсон бу ҳадисдаги башоратга эришиш учун энг сўнги сўзи шу муборак калима бўлиб, сўнги нафаси "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" калимаси ила якунланиши лозим, дейдилар. Бундан эса бирор киши калимани айтгач, фарзанду яқинларига васият ва насиҳат қилиб турганда жони узилиб, сўнги сўзи бирор бир насиҳат билан якун топса ҳам яхши, ҳавас қилгулик гўзал бир ҳолату, лекин барибир, ҳадиси шарифдаги жаннатийлик башорати ва чиптасини қўлга киритиш учун

эса, бу тўлиқ ва мукаммал далил бўла олмайди, деган маъно англанади!

Абу Заръа розий раҳматлидек, суюкли бандасининг мукофоти тўлиқ бўлишини ирода қилган Ҳақ таоло маҳбуб қулининг сўнги сўзи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" бўлишини таъминлади ва ҳатто "Кимнинг охирги гапи "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" бўлса, Жаннатга киради", деган ҳадиснинг "Жаннатга киради", деган охирги қисмини айтишга тилини айлантирмай, унга дунёдаги энг, энг, энг бахтли зотларга насиб қиладиган энг, энг, энг муборак сўз, ҳақ калима "ЛАА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ" билан хотима топишни насиб айлади!!! Қолган қисми бўлмиш "Жаннатга киради" сўзини айтишни Жаннат олияга қолдирган қолдирган бўлса, ажаб эмас! Бизларга ҳам насиб этсин! Омийн!!!

Илтижо:

Ҳақ таоло барчамиз: ўзимиз ва фарзандларимизга аввало Ўзига, Расулига ва Ўзининг муҳаббатига сазовор бўлган барча улуғ зотларга шу зотнинг буюк ихлос ва муҳаббатидек, ихлос ва муҳаббат ато этиб, бу муҳаббатимиз ҳақи-ҳурмати, Ўзи бу дунёда ҳам уларнинг ҳақ йўлларидан то Жаннатгача оғишмай етиб олиб, У роҳат-фароғат маскани Жаннатда ҳам Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Ливоул-Ҳамд" яъни "Ҳамд Байроқлари" остига қовушиш бахтини насиб айлаб, биргаликда Жамолига меҳмон қилсин! Омийн!!!

 

Интернет маълумотлари асосида Андижон "Саййид Муҳйиддин махдум" Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

2564 00:00 / 10.11.2022
Аллоҳ таоло.Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман,, деган .Аъроф, сураси, давоми...

4552 17:36 / 02.04.2018
. . Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У Оиша .То оппоқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар,, давоми...

1127 19:00 / 11.10.2023
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлмасалар, бизларга ҳар қандай ҳолда Қуръонни ўқитар давоми...

1205 19:00 / 13.09.2023