1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳужурот сураси, 9-12

05:00 / 23.01.2017 9128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир.


Аслида, мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидек, дўст-биродар бўлишлари зарур. Уларнинг бир-бирлари билан урушишлари ҳаром. Пайғамбар алайҳиссалом, икки мусулмон қиличлари билан тўқнашсалар, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахдадир, деганлар. Лекин ушбу оятдан маълум бўляптики, фаразан, мўминлардан икки тоифа урушиб кетишлари мумкин. Аллоҳ кўрсатмасин-у, лекин мабодо шундай бўладиган бўлса, қолган мўминларга урушиб кетган ўша икки тоифани яраштириб, сулҳга келтириб қўйиш вожиб бўлади. Бу иш қилинмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг:

«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг», деган амри бажарилмаган бўлади.

Ислоҳ қилиб бўлингандан сўнг ўша урушган икки тоифадан бири сулҳни бузиб, иккинчисига тажовуз қилса у тоифани «тоифаи боғия», деб аталади ва унга қарши барча уруш қилади. Бу уруш, «тоифаи боғия», Аллоҳнинг амрига, яъни, Қуръон ва суннатга қайтгунча давом этади. Оятдаги 

«Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг», дейилишидан мурод шу.

Одатда бир-икки сўзга кўнмаган шахс ёки тоифага нисбатан орадаги ислоҳ қилувчиларда ҳам маълум хафачилик, гинахонлик пайдо бўлиб қолади. Урушдан кейин Аллоҳнинг амрига қайтган «тоифаи боғия» билан иккинчи тоифани яна ислоҳ қилиш пайтида, мазкур руҳий ҳолат, хафачилик ва гинахонлик ўзини кўрсатиб, адолатсизликка йўл қўйилмасин, деб оятнинг охирида такрор-такрор адолатли бўлишга амр қилиниб, яна Аллоҳ адолатлиларни севиши таъкидланмоқда.

«Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суяди».

Урушиб кетган тарафлар ўртасини ислоҳ қилиш низомига ҳозирги кунда инсониятнинг ҳожати тез-тез тушиб турибди. Лекин низом тўлиқ ва адолатли бўлмаганидан орада янада кўпроқ низолар чиқишига сабаб бўлмоқда. Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср аввал олиб келган низом эса энг адолатли низомдир. Чунки, бу низом бўйича урушиб қолган бандаларнинг орасидаги можаро барча бандаларнинг баб-баравар тарбиячиси бўлган Аллоҳ-Роббил оламийннинг ҳукми билан ҳал этилади. Бу илоҳий низомда адолат, инсоф, амонат ва поклик асос қилиб олингандир. 

Кейинги оятда мўмин-мусулмонларнинг рағбатларини қўзитувчи, уларнинг урушдан кейин яраштирувчи, тарқоқликдан сўнг бирлаштирувчи улуғ биродарлик неъмати эслатилади. 


10. Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз. 

Ояти каримада «биродар» деб таржима қилинган сўзимиз араб тилида бирликда «ахун» калимаси билан ифода қилиниб, икки хил маънода ишлатилади. 

Биринчиси-ака ёки ука, яъни туғишган биродар маъносида. 

Иккинчиси-дўст, оғайни, яъни, тутинган биродар маъносида ҳам ишлатилади.

Аммо худди шу сўзнинг ўзи жам сийғасида келганда, маъносига қараб икки хил шаклда келади: 

Биринчиси, «ихватун» бўлиб, туғишган биродарлар маъносини англатади. 

Иккинчиси, «ихвонун» бўлиб,  дўстлашган биродарлар маъносини англатади. 

Қуръони Каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўминларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек эканлиги таъкидланган.

«Албатта, мўминлар биродардирлар»,

Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик  Аллоҳ учун, дину диёнат учун, Ислом-иймон учундир ва у ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка путур етса, зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. Шунинг учун ҳам, оятда Аллоҳ:

«…бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг», деб таъкидламоқда. 

Албатта, урушганларнинг ўртасини сулҳ қилиш осон эмас, турли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳам, ислоҳ қилмоқчи бўлган тараф ўзига Аллоҳнинг тақвосини қурол қилиб олиши зарур. Фақат шундагина адолат билан иш тутишга муяссар бўлади. Оятнинг охиридаги амр шунинг учун келтирилган: 

«Ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз». 

Кейинги келадиган оятларда мазкур қимматли ва зарурий биродарликни бузувчи баъзи ижтимоий касаллик бўлмиш ёмон одатлардан мўминларни қайтариш учун кўрсатмалар келади.


11. Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир.

Албатта ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда. 

«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир».

Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ушбу оятни яна,

«Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошламоқда. Бу сураи шарифанинг аввалидан бери бу шаклдаги тўртинчи нидодир. Шунинг ўзи ҳам нидодан кейин келадиган масала ўта муҳимлигидан дарак беради.

Ожиз инсон ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчашга ҳаракат қилади. Шунингдек, масхара қилувчилар ҳам ўзларича одамларни қадрини ўлчашиб, бой камбағалдан, кучли кучсиздан, амалдор амали йўқдан, фарзанди кўп фарзандсиздан кулиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа. Эҳтимол, ҳеч ким кўзга илмайдиган бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида минглаб бой-зодагон, удабуронлардан чандон-чандон яхши мартабададир. 

Одатда, кўпгина ишлар ҳақидаги ҳукмлар эркакларга хитобан айтилса-да, ўз-ўзидан аёлларни ҳам ичига олиб кетаверади. Аммо бир-бирини масхара қилишдан ман қилувчи хитобда эркаклардан кейин аёллар алоҳида зикр қилинган.

«Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир».

Нимага? Чунки, бир-бирини масхара қилиб устидан кулиш, турли ишлар билан фахрланиб ўзгаларни камситиш аёлларда кўпроқ учрайди. Чиройли аёл хунугини, бойи камбағалини, ёши қарисини, моҳираси нўноғини масхара қилиб устидан кулади. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа-ку! Эҳтимол, ҳаётда хунук, камбағал, нўноқ бўлган аёл Аллоҳнинг ҳузурида минглаб чиройли, бой ва моҳира аёллардан кўра яхшироқдир. 

Ҳа, кишилар қадрини ўлчашда Аллоҳнинг торозуси ҳақиқий торозу ҳисобланади.

Сўнгра оятда мўминлар яна бир юксак одобга чақириладилар: 

«Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг». 

Ояти каримадаги ушбу жумла ким бирон мўминни мазах қилса, ўзини мазах қилган билан баробар эканлигини айтмоқда. Чунки, улар бир оиланинг фарзандлари, бир жисмнинг аъзолари, шунинг учун, ким бирор биродарини мазах қилса, ўзини мазах қилган бўлади. Биз «мазах қилиш» деб таржима қилаётган сўз оятда «Ла талмизу» бўлиб келган бу сўз «Ламз»дан олинган бўлиб, бирор кишининг, нуқсонларини тил билан зикр қилиб айблашга айтилади. Мисол учун, фалончи кўр, писмадончи чўлоқ ёки анаву мана бундоқ қилиб гапиради, кабилар. Албатта, бир-бирини мазах қилиш орқасидан жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчиликлар, норозиликлар келиб чиқади. Натижада ижтимоий алоқалар бузилади, жамиятга катта зарар етади. Ислом жамиятида эса, бунинг акси бўлиши керак. 

Ояти каримадаги даъват қилаётган учинчи юксак одоб  Аллоҳнинг: 

«бир-бирингизга лақаб қўйманг», деган сўзида намоён бўлган. 

Одатда, лақаб қўйиш орқали бир кишини камситиш, масхара қилиш мақсади бўлади. Ҳам лақаб ёмон сифатларни зикр қилишдан иборат. Демак, бу иш аслида яхши эмас. Ислом гўзал дин, гўзалликни тарғиб қилувчи дин, «Аллоҳ гўзалдир, Аллоҳ гўзалликни яхши кўради», дейилади асарларда. 

Шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлари ҳаммага маълум. 

Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Жубайра ибн Аз-Заҳҳок деганларки: «Бир-бирингизни мазах қилманг» ояти бизнинг, Бани Салама қабиламиз ҳақида нозил бўлган.  Расулуллоҳ соллалоҳу  алайҳи васаллам Мадинага келганларида, бизнинг ҳар биримизнинг икки ёки уч  хил номларимиз бор эди. Агар у киши бирортамизни ўша исмлардан бирини айтиб чақирсалар, кишилар: «Эй Расулуллоҳ, у бу исмни эшитса ғазаби чиқади», дейишарди.

Кейинги даврларда ҳам бу ғайри одобий ишга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш катта гуноҳ ҳисобланади. Айниқса, у инсон мўмин бўлса. Шунинг учун ҳам, оятда: 

«Иймондан кейин фосиқлик исми қандоқ ҳам ёмон!» дейилмоқда. 

Агар баъзи кишилар бир-бирларига лақаб қўйишиб юрган бўлсалар, ҳукмни билмаган бўлсалар, энди ҳукмни билиб, тушуниб етиб тавба қилсинлар, астойдил наъдомат чекиб, кейин бу ишни такрорламасинлар. Шунда Аллоҳ таоло уларни аввалги гуноҳларини кечиради. Тавба қилмаганлар-чи? Бу саволга жавоб оятни ўзида келган: 

«Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир». 

Соф исломий жамиятда кишиларнинг иззат-обрўлари, шахсий ҳурриятлари қандай сақланиши ҳақидаги йўл-йўриқлар келгуси оятда давом этади. 


12. Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир.

Ҳужурот сурасининг аввалидан буён Аллоҳ таоло шу ерда Ўзининг мўмин бандаларига бешинчи дафъа,

«Эй иймон келтирганлар!» деб муржаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган яна бир қанча масалаларни баён қилмоқда.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатларидан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.

Улардан биринчиси:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда  бўлинглар», дейиляпти.

Ўтган уламолардан аз-Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик-яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишликдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. 

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. 

Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз  ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар. 

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Гар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар. 

Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эхтиёт бўлишлари лозимлиги Имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар амр одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади», деганлар. 

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса жосуслик дерлар Шунинг учун ҳам, биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг 

«Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. 

Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя  қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. 

Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда паймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорлари-ю яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Хатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб ҳукм чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бадгумонлик жосусликка йўл очишини айтиб ўтган эдик. Энди жосуслик ғийбатга йўл очишини айтмоқчимиз. Шунинг учун ҳам ояти каримада, «жосуслик қилманг»дан кейин, 

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилади.

Ғийбат нима эканлигини энг улуғ тафсирчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитайлик. 

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зоти бобарокатдан кишилар: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?», деб сўрашибди.  Расули акрам алайҳисоллоту вассалам: 

«Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дебдилар. Шунда:

«Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишибди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: 

«Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилган эканлар.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан  эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда: 

«Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?» 

Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахснинг ўлгандан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлгандан кейин эса, асло хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?» деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бера олмайди. 

Шу боисдан оятнинг ўзи, 

«ҳа, ёмон кўрасиз!» деб таъкидламоқда. 

Ўликнинг гўштини тановвул қилишни кўнглингиз қандоқ кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундоқ кўтармасин, демоқда. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнингки, камчилигини қидирса, унинг уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», деганлар.

Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар. Расули акрам алайҳисоллоту вассалам: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:

«Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим. У: 

«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб,

«Аллоҳдан қўрқинглар», дейди. 

Шу билан бирга, аввал билмай гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазли карамидан ноумид бўлмасликка чақиради. 

«Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир».

Ҳар қандай гуноҳдан қай тарз тавба қилинса, мазкур гуноҳлардан тавба қилишда ҳам ўшандай ҳолат, яъни ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан наъдомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан вужудга келади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шарт қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак.

Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Кимки, бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки, бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», деганлар.

Кўриб турганимиз оятларда  мўминларга нидо қилиниб, улар турли ёмонликлардан сақланишга, юксак инсоний фазилатларга эргашишга даъват этилган бўлсалар, келаси оятда Аллоҳ таоло бутун инсониятга хитоб қилиб, ҳамманинг асли бир эканини эслатади, барчани мўминликка чорлайди. Улар эришган олий мақомга эришиши лозимлигини уқтиради.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4. Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик. 5. Бас, ўша иккибузғунчиликдан давоми...

3308 05:00 / 19.01.2017
Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий Ҳанафий. У зот .Имамулҳуда, ndash .Ҳидоят имоми, номи билан машҳур бўлган. Имом Абу Лайс Самарқандий давоми...

2249 16:10 / 04.05.2021
24. Қачонки, уларга .Роббингиз нимани нозил қилди,, дейилса, улар .Аввалгиларнинг афсоналарини,, дерлар.Ушбу ояти карима Макка мушрикларининг Исломга, Муҳаммад давоми...

3197 05:00 / 23.01.2017
Қуръон ndash Аллоҳ таолонинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган давоми...

9626 18:48 / 14.08.2017
Аудиолар

120116 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41782 14:35 / 11.08.2021