1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

ҚИРОАТ ОДОБИ ҲАҚИДА

05:00 / 19.01.2017 4117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:«Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил», деган.
Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб бисмиллаҳни чўзиб, ар-Роҳманни чўзиб, ар-Роҳиймни чўзиб қироат қилди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жиброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони Каримни қандоқ қилиб қабул қилиб олган бўлсалар худди шундоқ қилиб ўз саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеъинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони Карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.
Демак, Қуръони Каримтиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади.
Устозлар ушбу ривоятда васф қилинаётгандек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ўхшаб аниқ қилиб ўргатмоқлари керак.

Умму Салама розияллоҳу анҳо.дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиротларини узиб, узиб қилар эдилар. Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн, деб сўнгра тўхтар эдилар. ар-Роҳманир роҳийм деб сўнгра тўхтар эдилар. Кейин Малики явмидийн деб қироат қилар эдилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Умму Салама онмиз розияллоҳу анҳо. Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ олган ва ёдлаган ҳамда бошқаларга устозлик қилган зотлардан эдилар. У киши бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидаги бир хусусиятни, ҳар бир оятнинг охирида тўхташларини баён қилмоқдалар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир оятнинг сўнгида тўхта-тўхтаб қироат қилар эдилар. Саҳобаи киромлар у зотнинг тўхташларидан ўқиган оятларининг санаб олишар эдилар.
Бу ҳақдаги барча далилларни ўрганиб чиққан уламолар, ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилиш мандубдир, деганлар. Агар анашу тарзда қироат қилинса яхши. Аммо нафаси етганлар бир неча оятни қўшиб ўқиса ҳам бўлаверади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Агар кеча сенинг қироатингни тинглаганимни кўрганингда эди.
«Батаҳқиқ, оли Довуднинг мизмор(най)ларидан бир мизмор(най) сенга берилган-да!» дедилар
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Агар сизни тинглаётганингизни билганимда бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ажойиб тасирли овоз берган эди. У киши Тавротни ўқиганларида ҳамма тўхтаб қолар эди. Баъзи гапларга қараганда осмондаги қушлар ҳам йиқилиб тушар эди.
Довуд алайҳиссалом Тавротни етмиш хил услубда ўқир эдилар. У зот Тавротни ўқиганларидан ўзлари ҳам йиғлар эдилар, ўзгаларни ҳам йиғлатар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръони Карим тиловатларини худди ўша Довуд алайҳиссаломнинг Таврот тиловатларига ўхшатмоқдалар.
Албатта, бу набавий тақдир улкан бахтдир. Унга бошқалар сазовор бўлган эмаслар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатларини эштиб юрган бир кишидан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига кирдим. Мен унинг овозидан гўзалроқ санжнинг ҳам, барбатнинг ҳам, найнинг ҳам овозини эшитмаганман».
Санж-мисдан икки табақа қилиб ишланган мусиқа асбоби.
Барбат-удга ўхшаган мусиқа асбоби.
Демак, Қуръони Каримни чиройли овоз билан гўзаб қилиб ўқиш марғуб иш экан.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили уловлари устида кета туриб «Фатҳ» сурасини қироат қилдилар ва қироатларида таржийъ қилдилар. Агар одамларнинг атрофимга тўпланиб олишларидан қўрқмаганимда, у кишининг қироатларини сизларга ҳикоя қилиб берар эдим», деди».
Шарҳ: Қироатни таржийъ қилиб адо этиш баъзи жойларни чўзиброқ қайта-қайта ўқишдан иборатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳ қилинган пайтда уловлари устида кетаётиб ўша улуғ фатҳ ҳақида башорат бериб аввалдан нозил бўлган сурани алоҳида таъкид ила таржийъ қилиб ўқиган эканлар.
Демак, Қуръони Каримни таржийъ қилиб қироат қилиш ҳам бор экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган», дедилар». Иккисини учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу Қуръони Каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилидир. Уламолар ушбу ҳадиси шарифдан Қуръони Карим қиротаига кўп савоб берилиши ҳам келиб чиқади, деганлар.

Абу Довуд ва Бухорийнинг ривоятида: «Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас», дейилган.
Шарҳ: Овозни чиройли қилиб қироат қилиш Қуръонни овоз ила зийнатлш бўлади.
Мўмин-мусулмон одам Қуръони Каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билин ўқимоғи даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса макуҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолари бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.
Қуръони Каримни қоидага риоя қилимай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу ши нотўғри эканлигини яхшилаб тушунтирмоғлари лозим.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз туриб кетинг», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.
Биринчи таъвил; Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.
Иккинчи таъвил; Қуръонни қалбингиз унга иштиёқ қилиб,ошиқ бўлиб турганда ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз ўрнигиздан туриб кетинг.
Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ичингиздан бир қавм чиқади. Уларнинг намози олдида ўзнамозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо бўғизларидан нари чиқмайди. Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаш тез чиқадилар. У ўқнинг учига қараса ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг чўпига қараса ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг патига қараса ҳеч нарса кўрмайди. Сўнг аланглаб осмонга қарайди.», дедилар.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида келажакда бўладиган ишлардан бири ҳақида хабар берганлар.
«Сизнинг ичингиздан бир қавм чиқади».
Яъни, келажакда сиз мусулмонларнинг ичингизда бир тоифа одамлар чиқади.
«Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз».
Яъни, улар намозни шундоқ жойига қўйиб ўқишадики, сизнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.
Улар рўзани шундоқ тутадиларки, сизнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.
Улар бошқа амалларни шундоқ қиладиларки, сизнинг амалингиз уларнинг амали олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.
«Улар Қуръонни қироат қиладилар».
Яъни, ўша келажакда чиқадиган тоифа одамлари Қуръони Каримни ҳам қолиллатиб қироат қиладилар.
«Аммо бўғизларидан нари чиқмайди».
Уларнинг қироатлари бўғизларидан чиқмаслиги Қуръони Каримнинг маънолари уларнинг қалбларига етиб бормаганидан бўлади. Улар ҳамма нарсаларни, жумладан, Қуръони Карим қироатини ҳам риёкорлик ва хўжакўрисинга қилаётган бўладилар.
«Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаш тез чиқадилар».
Яъни, ўша васфга эга одамлар диндан тез чиқадилар. Бу иш худди бир овчи ўз камонидан овга ўқ узганда ов қочиб кетганга ўхшайди.
«У ўқнинг учига қараса ҳеч нарса кўрмайди».
Овчи бориб ўқни олиб унинг учига қараса овнинг асари ҳам йўқ.
«У ўқнинг чўпига қараса ҳеч нарса кўрмайди».
Овчи ўқнинг учи тегмаган бўлса чўпи теккандир деб ўқнинг чўпига қараса унда ҳам ҳеч қандай асар йўқ.
«У ўқнинг патига қараса ҳеч нарса кўрмайди».
Овчи яна ҳайрон бўлиб ўқнинг кетига ўрнатилган патига қараса унда ҳам овнинг асарини кўрмайди.
«Сўнг аланглаб осмонга қарайди».
Осмонда ҳам ҳеч нарса кўринмайди.
Ҳа, ҳалиги тоифа ҳам бирпасда Исломдан чиқади ва улардан бу диннинг асарини ҳам топиб оладиган бўлмай қолади.
Чунки улар ҳамма нарсани чин ихлос билан эмас риёкорлик билан қилаётган эдилар.
Уламоларимиз бу ҳадиси шарифда васфи келган тоифа хаворижлар эканлигига иттифоқ қилганлар. Чунки шу маънодаги бошқа ҳадиси шарифларда ҳам уларнинг бошқа сифатлари баён қилинган бўлган. Ҳаммаси солишитирилганда хаворижларга тўғри келган.
Демак, Қуръони Карим юзакилик билан риёкорлик учун эмас, чин ихлос билан қалбдан чиқариб тиловат қилиш, ўрганиш ва унга амал қилиш керак экан.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ овдан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди. Бас, уларни қаерда кўрсангиз, қатл қилинг. Албатта, уларни қатл қилганларга қиёмат куни ажр бордир», деганларини эшитдим». Иккисини тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадиси шарифдаги маъно бошқа иборалар ва баъзи изофалар ила таъкидланмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида манашу тоифа чиқди. Уларга аввал ҳам айтиб ўтилганидек,хавориж номи берилди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввал уларга хатоларини англатиб кўзларини очишга кўп уриндилар. Аммо бўлмади. Улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам бошқаларни ҳам кофир деб фатво чиқардилар ва уруш бошладилар. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам уларга қарши қаттиқ жанглар қилдилар.
Шу билан бирга Али розияллоҳу анҳу улар ҳақида инсоф билан ҳақиқатни айтдилар. Одамлар у кишидан:
«Улар кофирларми?» деб сўрадилар.
«Улар куфрдан қочдилар», дедилар.
«Улар мунофиқларми?» деб сўрадилар.
«Мунофиқлар Аллоҳни жуда оз зикр қиладилар. Анавулар бўлса Аллоҳни эртаю кеч зикр қиладилар», дедилар.
«Улар ким?» деб сўрадилар.
«Улар фитнага учраб кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлган қавм», дедилар.
Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
Демак, Қуръони Каримни ўқиганидан ғурурга кетмай, риёкорлик қилмай, қайтага аввалгидан ҳам синиқ бўлиб эътиқодни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилмоқ лозим экан.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир қироат қилиб соиллик қилиб ўтирган одамнинг олдидан ўтиб қолиб истиржоъ айтди. Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким Қуръон ўқиса у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар, деганларини эшитганман», деди». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу йўлда юриб кетаётиб бир кишининг Қуръони Каримни қироат қилиб соиллик қилиб ўтирганини кўриб қолиб истиржоъ айтдилар. Яъни, иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун, дедилар. Одатда истиржоъни мусибатга учраганда айтилади. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни қирота қили тиланчилик қилишни мусибат ҳисоблаб истиржоъ айтган эдилар. Чунки, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бу ишнинг мусибат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эштиган эдилар.
Шунинг учун бу ҳақиқатни одалмарга айтиб бердилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким Қуръон ўқиса у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки, Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар, деганларини эшитганман», дедилар.
Бас, шундоқ экан Қуръони Карим қироати ила тиланчилик қилишга, молу дунё илинжидабўлишга қарш икурашимиз лозим.

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар.
«Мен ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.
Охири бориб у зот: «Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар
». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни хатм қилиш учун оз муддат қанча бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туришни тавсия қилдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бу муддатдан озда ҳам хатм қилиш имконлари борлиги айтиб муддатни бир ойдан оз қилишни сўрадилар. Бу ҳол қайта-қайта такрорланиб,
«Охири бориб у зот:
«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар».
Шундан оддий мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.
Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар яхши бўлади.
Чунки, номига хатм қиламан дем шошилиб ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим.
«Уни бир ойда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни ўн кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни беш кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
У зот менга рухсат бермадилар
».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса яхши англамапти», дедилар». Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қуръони Каримни хатм қилиш мудатларининг энг ози етти. Беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади.
Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.
Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:

1- Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
2- Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
3- Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб тавозуъ билан ўтириши керак.
4- Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёндошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
5- Қуръони Каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
6- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.
7- Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
8- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак.
9- Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий шаҳс бўлса ҳар куни бир порадан ўқиб бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
10- Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса уч кунда бир марта хатм қилиши керак.
11- Қуръони Каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Қуръони Каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир, деганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилсалар аҳли аёлларини жамлаб дуо қилар эдилар.
12- Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиоватни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
13- Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
14- Қуръони Каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
15- Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса ўша мусҳаб қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
16- Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган қалом башарнинг эмас Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
17- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Имом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурраҳмон Суютийнинг .Тафсирул Жалалайн, тафсирлари. Ушбу китобнинг номини ўз тилимизга таржима давоми...

2657 13:30 / 13.04.2021
бешинчи мақолаИбн Ашта .АлМасоҳиф, китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради.Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр .Унга исм давоми...

3526 14:05 / 22.10.2019
Уламолар мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар.1.Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш.2.Ислом умматининг давоми...

2317 13:00 / 20.11.2021
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг давоми...

3193 13:00 / 22.12.2020
Аудиолар

118800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40750 14:35 / 11.08.2021