1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 09.03.2017 3229 Кўриш режими

«Энг обод масжид» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими

«Энг обод масжид» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими


Аввал хабар қилганимиздек, Ийдул Фитр байрами арафасида Ислом.Уз портали томонидан ўтказилаётган «Энг обод масжид» танлови якунига етиб, ғолиблар аниқланган эди. Мазкур хушхабар порталимизда эълон қилингач, танлов ғолиблари тантанали тақдирлаш маросимига таклиф қилиндилар. Ислом.уз портали томонидан ташкил қилинган «Энг обод масжид» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими Қуръони Карим тиловати ва фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хайрли дуолари билан бошланди.

Шайх ҳазратлари барча тўпланганларни Ийдул Фитр байрами билан муборакбод этиб, сўнгра «Энг обод масжид» танловидан кўзланган мақсад ҳамда ушбу танлов жараёнида кузатилган қувонарли ишлар ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, шайх ҳазратлари юртимиздаги жомеъ масжидларида ўтказилаётган таровеҳ намозлари ва улар асносидаги Қуръон хатмлари ҳақида, масжидларнинг йилдан-йилга нафақат моддий, балки аввало маънавий обод бўлиб бораётгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар, халқимизда қалби масжидларга боғлиқ зотларнинг кўпайиб бораётганидан мамнуният изҳор этдилар. Сўнгра танлов якунида кўплаб мухлислар ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан бу йилги танловда ғолиб бўлган жомеъ масжидлар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, шайх ҳазратлари бу йилги Рамазон ойида олиб борилган, «Қалблар Аллоҳнинг зикри ила ором топур» деб номланган руҳий тарбияга оид туркум диний, илмий-маърифий суҳбатларни тасвирга олишда ва ушбу туркум суҳбатлар ҳақидаги овозли ва тасвирли репортажларни узлуксиз равишда халқаро интернет тармоқларига узатишда ҳамда ушбу маърузаларнинг матни ҳамда фото-видеолавҳаларни рус тилига таржима қилиб, кунма-кун ислам.уз сайтига жойлаштириб боришда жонкуярлик қилган азизларимиз ҳақида ҳам алоҳида меҳр ва эҳтиром билан гапирдилар. Ушбу машаққатли, аммо ғоятда савобли, хайр-баракали ишга холис, беғараз бел боғлаган, сидқидилдан меҳнат қилиб, жазирама ёз кунларида ҳормай-толмай хизмат қилган азизларимиз ҳам шайх ҳазратларининг хайрли дуоларига ва эсдалик ҳадяларига сазовор кўрилганлари айтиб ўтилди.
Шундан сўнг Бутун дунё масжидлар уюшмасининг аъзоси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Энг обод масжид» танловида ғолиб деб топилган жомеъ масжидларнинг вакилларига шаҳодатномаларни тақдим этдилар, масжид аҳлининг ҳаққига дуолар қилдилар.


Тантанали маросим сўнгида «Қалблар Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур» туркум суҳбатларини фото ва видеотасвирга олиб, портал янгиликлар каналида бериб боришда ҳамда мазкур маълумотларни ислам.уз сайтига жойлаштириб боришда жонбозлик кўрсатган Иброҳим Исаев, Ботир Эргашев, Баҳодир Норматов ҳамда Даврон Мадияровларга ҳамда Алишер Алиев ва Жаҳонгир Дадажоновларга фахрий ёрлиқлар топширилиб, миллий анъаналаримизга кўра зарбоф тўнлар кийдирилди.
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бугунги тадбир иштирокчиларининг, хусусан, танлов ғолиблари ҳамда мукофот соҳибларининг ҳаққига комил ва шомил дуолар қилдилар, дуогўй бўлиб турган барча мухлисларимизга улардан ибрат олишни тавсия қилиб, барчаларига дину диёнат, эл-юрт, она Ватан хизматида, хайрли ишларда бардавом бўлишда Аллоҳ таолодан тавфиқ тиладилар, ҳимматларига, куч-ғайратларига, иймонлари, ихлослари, илмлари, умрлари ва касб-корларига баракотлар тиладилар.
Ислом.уз портали «Энг обод масжид» танлови ғолибларини ҳамда мукофот соҳибларини бу юксак эътироф ила самимий қутлайди ва уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, файз-баракотлар тилайди.
Аллоҳ таоло барчаимизнинг иймонимизни  бутун қилиб, солиҳ амалларда бардавом қилсин ва уларнинг ажру мукофотларини кўпайтириб берсин, омин!

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз