1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Юнус сураси -

Маккада нозил бўлган. 109 оятдан иборат.

Ушбу сураи карима Юнус алайҳиссалом ҳақларида ҳам ҳикоя қилганлиги сабабли шу ном билан аталгандир. Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, бу сура ҳам иймон-эътиқод масалаларини муолажа қилади

Юнус сурасининг аввалида Макка мушрикларининг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётган ваҳийга муносабатлари зикр қилиниб, ваҳийдан ажабланишнинг ҳеч ҳожати йўқлиги айтилади. Шу билан бирга, мушрикларнинг ваҳийга ишониш учун қўяётган шартлари нотўғри экани баён қилинади. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, агар нозил бўлаётган ваҳий ҳақиқат бўлса, бир моддий мўъжиза кўрсатишни талаб қилган эдилар. Ана ўша талаб ноҳақ экани сураи кариманинг энг муносиб жойида баён этилади. Ҳар қанча мўъжиза бўлса, Қуръони Каримнинг ўзи кифоя қилиши таъкидланади.

Сўнгра мушрикларнинг илоҳийлик ва ибодат хусусидаги нотўғри тушунчалари муолажа этилади. Чунки улар Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан эканига ишонмай, шубҳаланишар ва турли буту санамларга сиғинишар эди. Ўша бут ва санамлар «катта Худо»нинг олдида шафоатчи бўлади, деган бузуқ эътиқодлари ҳам бор эди. Шунинг учун сурада ҳақиқий ибодатга лойиқ илоҳнинг сифатлари баён этилади. Мушриклар худо қилиб олган бут-санамлар аслида нима экани тушунтирилади.

Ундан кейин охиратга бўлган иймон ҳақида баҳс кетади. Чунки одамлар шу ишончнинг йўқлигидан дунё ҳойи-ҳавасларига берилиб, оқибатни ёддан чиқаришар, натижада турли номаъқулчиликлар келиб чиқар эди. Шунинг учун ҳам қиёматнинг ҳақ экани, уни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун қийин эмаслиги оятларда кетма-кет баён этилади. Қиёмат саҳнаси жонлантирилади. У Кунда нималар рўй бериши – иймонли бўлиб, Аллоҳга ибодат қилиб ўтганларнинг жаннатга киришлари, кофир, мунофиқ ва осийларнинг эса қилмишларига яраша жазо олишлари учун дўзахга тушишлари тасвирланади.

Шунингдек, Юнус сурасида Аллоҳ таолонинг чексиз қудратли Зот эканига далолат қилувчи махлуқотларига назар солишга даъват этадиган оятлар ҳам кўп учрайди.

Бу суранинг яна кўпгина ўринларида ўтган умматларнинг қиссалари ҳам келтирилиб, улардан ибрат олишга чақирилади.