1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Шууро сураси -

Маккада нозил бўлган. 53 оятдан иборат.

«Шууро» сўзи «маслаҳат», «машварат», «фикр алмашиш» деган маъноларни билдиради. Ушбу сураи каримада Исломда шўронинг тутган ўрни, яъни мусулмонлар ўз ҳаётларида пайдо бўладиган баъзи муаммоларни машварат-маслаҳат йўли билан ҳал қилишлари лозимлиги ҳақида сўз кетгани, унда мўминлар ҳақида «ишлари ўзаро шууро ила бўлган…» деган оят келгани учун ҳам, «Шууро сураси» деб номланган.

Шууро сураси, Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, ақийда масаласини муолажа қилади. Бу сураи каримада, айниқса, пайғамбарлик ва ваҳий ҳақида алоҳида эътибор билан сўз юритилади. Шу билан бирга, сурада ваҳдоният, қиёмат ва унга иймон келтириш, мўминларнинг сифатлари, ризқ масаласи ва хурсандчилик ҳамда қийинчилик пайтида инсон ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида ҳам сўз кетади.

Сура ваҳийнинг ва пайғамбарликнинг масдари Аллоҳ таоло эканини, ўша Зот пайғамбарларни юбориб, уларга ваҳий туширганини таъкидлаш билан бошланади.

Сўнгра баъзи мушрикларнинг «Аллоҳ таолонинг боласи бор», дейишлари ҳақида сўз очилади. Уларнинг бу гапидан осмонлар ёрилиб кетай дейиши таъкидланади. Мушриклар нобакорлик қилаётган бир пайтда Аллоҳнинг олий мартабали бандалари бўлмиш муқарраб фаришталарининг У Зотга тинмай тасбеҳ айтишлари, ибодат қилишлари ҳақида хабар берилади.

Сура яна ваҳий ва пайғамбарлик ҳақидаги гапни қайтадан бошлайди. Аллоҳ таолонинг дини бир бўлиб, ҳамма пайғамбарларни У Зотнинг Ўзи юборгани айтилади. Пайғамбарларнинг шариатлари турли бўлиб, динлари бир экани Аллоҳдандир. Ўша дин Ислом дини бўлиб, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо ва бошқа барча пайғамбарларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганлиги баён қилинади.

Ундан кейин эса Қуръонга куфр келтирганлар ҳақида, қайта тирилтиришни ва жазою мукофотни инкор қиладиганлар ҳақида гап очилади. Уларга шиддатли азоблар бўлиши муқаррарлиги кўрсатилади.

Суранинг давомида Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, ҳар бир нарсага қодир Зот эканига, ибодатга сазовор ягона Зот эканига далолат қилувчи оят-белгилар саналади.

Шу билан бирга, мўминларни бошқалардан ажратиб турадиган мумтоз сифатлар тилга олинади.

Кейин эса қиёмат кўринишлари ҳақида сўз юритилади. Қиёмат куни кофирларнинг ҳоли қандай бўлиши ҳақида баён келади.

Ниҳоят, сураи карима яна ваҳий ва Қуръон ҳақида баҳс юритиш билан тамом бўлади.