1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Шуаро сураси -

Маккада нозил бўлган. 227 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи унинг охирида келган шуаро (шоирлар) ҳақидаги оятдан олинган.

Авваллари ҳам кўп таъкидланганидек, Ислом даъвати ўзининг дастлабки босқичида мушриклар томонидан қаттиқ қаршиликка учради. Улар Аллоҳ таолонинг бирлигини ва ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини мутлақо тан олгилари келмас эди. Асрлар давомида ваҳийдан бехабар, охиратга ишонмай, бир ҳовуч аҳли китобларга истеҳзоли қараган жоҳилият аҳли Исломни қабул қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қанчалик чин дилдан динга даъват қилсалар, мушриклар шунчалик у кишини ёлғончига чиқаришга, у зотга озор бериш ва ёмонликлар қилишга интилдилар. Мушрикларнинг душманлиги кундан-кунга кучайиб, Исломга кирган оз сонли мусулмонларнинг шикоятлари ҳам кун сари ортиб борарди. Бу даврдаги бирдан-бир тасалли – умиднинг ўчмас чироғи бўлмиш Қуръон оятларининг нозил бўлиб туриши эди. Бу оятлар энг асосий масалага – эътиқод мавзусига жуда катта эътибор берар, кишиларнинг сонига эмас, сифатига қараб мусулмонликларини шакллантириб борар эди. Ўша даврларда Исломни қабул қилганлар жуда оз бўлди. Аммо оз бўлса ҳам, жуда соз бўлди. Ўша қийинчилик даврида ўз динини қўрқмасдан, чўғни тутгандек маҳкам ушлаган кишиларнинг ҳар бири кейинчалик оламга машҳур мусулмонлар бўлиб етишдилар.

Шуаро сураси ана шу ўта қийин паллада нозил бўлгани учун ўша давр руҳини ҳам ўзида акс эттиради. Ўша даврда жуда муҳим бўлган ақийда масаласи бу суранинг ҳам бош мавзусидир. Хусусан, сурадан Аллоҳ таолонинг тавҳиди, охиратдан қўрқиш, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётган ваҳийга ишониш, Пайғамбарни ёлғончига чиқаришдан қўрқитиш каби масалалар кенг ўрин олган. Сурада мушрикларнинг озорлари, ёмон муомалалари ва уйдирмаларини келтириш билан бирга, Набий алайҳиссаломга тасалли ҳам бор. Бунинг учун кўпроқ ўтган умматларнинг қиссалари ўзига хос услуб билан баён қилинган.

Шуаро сурасининг аввалида Қуръони Карим ҳақида, мушрикларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муносабатлари ҳамда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа мўъжиза келтиришни талаб этишлари тўғрисида сўз кетади.

Кейин Аллоҳ таоло томонидан инсониятни ҳидоятга бошлаш учун юборилган бир гуруҳ пайғамбарлар қиссалари зикр этилади. Бу қиссалар силсиласи туғёнга кетган Фиръавн ва унинг қавмига юборилган Мусо алайҳиссалом қиссалари билан бошланади. Сўнг Иброҳим алайҳиссалом қиссалари эсга олинади. Бу икки қиссадан кейин тақводору бетавфиқ, саодатманду бадбахтларнинг ораларини фарқловчи оятлар келади.

Сўнгра Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут ва Шуъайб алайҳиссаломларнинг қиссалари келтирилади. Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларнинг оқибати ёмон бўлиши эслатилади. Яна Қуръони Каримнинг шаъни улуғланади.

Суранинг охирида эса мушрикларнинг «Қуръонни шайтонлар олиб тушади» деган бўҳтонларига раддия берилади.