1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳашр сураси -

Мадинада нозил бўлган. 24 оятдан иборат.

Энг аввал «ҳашр» сўзининг луғавий маъносига тўхталсак. «Ҳашр» – «кўчириш», «яшаб турган жойини тарк эттириб, иккинчи бир шаҳарга чиқариш» каби маъноларни англатади. Бу суранинг бевосита тафсирига ўтишдан аввал ўша пайтдаги Мадина шаҳридаги аҳволга бир назар ташламоғимиз лозимдир.

Ислом дин сифатида жорий этила бошлаган дастлабки пайтда яҳудийлар Ясриб (Мадинаи Мунавваранинг эски номи) шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фидик ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилардилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан ҳижрат қилиб, Ясрибга келганларидан сўнг улар билан қўшни бўлиб яшай бошладилар. Ўша пайтда яҳудийлар уч тоифа эдилар: Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза. Ҳашр сураси мана шу уч тоифадан бири – Бану Назир қабиласининг Ясрибдан чиқарилиши қиссасини ҳикоя қилади.

Бану Назир қабиласи Набий алайҳиссалом билан урушмаслик, бир-бирига озор бермаслик ва Пайғамбаримизнинг душманларига ёрдам бермасликка аҳдлашиб, у зот билан шартнома тузади.

Расулуллоҳ Бадр урушида ғолиб келгач, улар: «Тавротда сифати келган Пайғамбар шу бўлади, унинг байроғи ҳеч қачон паст бўлмайди», деб юрдилар. Аммо мусулмонлар Уҳуд урушида мағлуб бўлганларидан сўнг, Расулуллоҳ билан қилинган аҳдномани буздилар. Уларнинг йўлбошчиси Каъб ибн Ашраф қирқта отлиқ билан Маккага борди ва Қурайш қабиласини Муҳаммад алайҳиссаломга қарши курашга кўндирди. Фаришта Жаброил алайҳиссалом бу хабарни тезда Муҳаммад алайҳиссаломга етказди. Бунинг устига, Каъб ибн Ашраф Набий алайҳиссаломни қаттиқ ҳажв қилди. Шунда ул зоти бобаракотнинг изнлари билан Муҳаммад ибн Салама Каъбни ўлдирди. Бу воқеадан сўнг Бану Назир қабиласи янада жунбушга келди. Улар Расулуллоҳга очиқ-ойдин хиёнат қилиш йўлига ўтиб олдилар.

Воқеа қуйидагича содир бўлганди:

Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бирлари Амр ибн Умайя Зомрий янглишиб, Бану Омир қабиласидан икки кишини ўлдириб қўяди. Расулуллоҳ келишилган аҳдномага биноан, ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлашда ёрдам сўраб, Бану Назир қабиласига борадилар. Улар яшайдиган уйлардан бирининг девори тагида ўтирадилар. Яҳудийлар томдан келиб, Набий алайҳиссаломнинг устиларига катта бир харсанг тошни ташлаб, ўлдирмоқчи бўладилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга бу фитнанинг хабарини етказади ва у киши бирдан ўринларидан туриб, Мадинага қараб жўнайдилар. Саҳобалар эса ул зотдан бир оз кейин қайтадилар.

Яҳудийларнинг бу жинояткорона ҳаракатидан сўнг Расулуллоҳ уларга қарши уруш очишга қарор қиладилар. Урушга тайёргарлик кўришга буюрадилар.

Мусулмонлар етиб келишганда, Бану Назир ўз қўрғонлари ичига беркиниб олган эди. Набий алайҳиссалом улардан қўрғонларини ташлаб, ўн кун муддат ичида Ясрибдан чиқиб кетишни талаб қиладилар. Яҳудийлар ўзларининг кучсиз эканликларини сезиб, Набий алайҳиссаломнинг ҳукмларига бўйсунишдан ўзга чора тополмайдилар. Лекин Бану Авф қабиласига мансуб бир гуруҳ мунофиқлар уларга: «Собит туринглар, биз сизни ёлғиз қўймаймиз. Агар сизга қарши уруш бўладиган бўлса, биз сизлар билан биргамиз. Агар сизлар Ясрибдан қувиб чиқариладиган бўлсангиз, бирга чиқамиз», – деб хабар берадилар.

Бану Назир қабиласи жойлашган қўрғонлар жуда ҳам мустаҳкам бўлиб, уни қисқа муддатда ишғол қилиш амри маҳол эди. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом уларнинг хурмоларини кесиб, қўрғон атрофига йиғишга ва ўт қўйишга буюрадилар. Яҳудийлар олов ўртасида қоладилар. Энди улар учун фақат икки йўл бор эди: ё Набий алайҳиссаломнинг талабларига кўниш, ёки қўрғондан чиқиб, урушиш. Улар биринчи йўлни танлайдилар. Ўн кунлик қамалдан сўнг Бану назирликлар Пайғамбар алйҳиссаломдан гуноҳларини кечишларини ҳамда кўчиб кетишга изн беришларини сўрайдилар. Ҳар бир киши қурол-яроғдан ташқари, мол-мулкидан бир туядан юк оладиган бўлади. Сўнг Ясрибни тарк этиб, Хайбарга, баъзилари эса Шомга жўнаб кетадилар.

Ҳашр сураси яҳудийларнинг хиёнати авж олган шундай бир пайтда нозил бўлган.

Суранинг бош мавзуси – Бану Назир қабиласининг ҳолатини баён этиш. Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу сурани «БануНазир сураси деб ҳам атаганлар.

Сураи карима Аллоҳни поклаб ва улуғлаб ёд этиш билан бошланади. Борлиқдаги барча нарсалар – инсон, ҳайвон, наботот, борингки, барча мавжудот Аллоҳни улуғлайди.

Сўнгра сура мустаҳкам қўрғонлари билан фахрланиб, «Бизга ҳеч ким қўл теккиза олмайди», деб юрган яҳудийларнинг ўзлари кутмаган ишлар бўлиб, кўчирилишларидан ҳикоя қилади. Сурада кофирлар билан бўлган урушларда қўлга олинган ўлжаларни қандай тақсимлашнинг ҳам баёни келади. Бу ўлжаларни мискин, бечораларга бериш қатъий таъкидланади.

Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари – муҳожирлар ва ансорийлар ҳақида ҳам бир неча оятлар келади.

Айни чоғда, яҳудийлар билан тил бириктирган хоин-мунофиқлар ҳақида ҳам оятлар бор.

Сураи каримада Ҳақ субҳанаҳу ва таоло мўминларга қўрқинчли охират кунини эслатиб, у Кунда насл-насаб ҳам, мол-дунё, бола-чақа ҳам ҳеч қандай фойда бермаслигини, яна такрор бўлса-да, таъкидлайди. Суранинг сўнгида Аллоҳ таолонинг олиймақом сифатларию, гўзал исмлари зикр қилинади.