1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фажр сураси -

Маккада нозил бўлган. 30 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг биринчи ояти ўзига ном қилиб олинган.

Бу сура Макка мушриклари мусулмонларни азоблаб, динга қаршилик қилиб, Аллоҳ таолонинг айтганига юрмай турган бир пайтда нозил бўлган. Аллоҳ таоло суранинг аввалида бир неча нарсалар билан қасам ичиб, сўнгра қиёмат куни албатта бўлишини ва унда ҳар бир киши бу дунёда қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини айтади. Макка мушрикларига улардан аввал ҳам Од, Самуд, Фиръавн қавмларига ўхшашлар ўтиб, осийлик қилганлари учун охир-оқибатда азобга дучор бўлганларини, вақти келганда уларнинг куч-қувватлари, мол-мулклари ҳеч қандай фойда бермаганлигини эслатади.

Шу билан бирга, қадр-қийматни, умуман, ҳамма нарсани молу мулк билан ўлчаш ҳам хато экани айтилади. Мол-мулк инсонга синов учун берилиши ёки берилмай қолиши таъкидланади.

Қиёматда ҳамма ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиши муқаррардир.

Мазкур маъноларнинг сурада келиш тартиби қуйидагича:

Суранинг бошида фажр, ўн кеча, жуфту тоқ нарсалар ва юрган тун билан қасам ичилади.

Сўнгра Од, Самуд ва Фиръавн қиссалари ўзига хос услубда ва суранинг сиёқига мос равишда эслатилиб, уларнинг оқибатидан ўрнак олишга чақирилади.

Кейин эса Аллоҳ таоло инсонга уни синаш учун неъмат берса, у ўзини қандай тутиши баён қилинади.

Суранинг охирида эса қиёмат кунининг даҳшатлари, ундаги баъзи воқеалар, у кунда кофир инсоннинг ҳоли нима бўлади-ю, мўмин инсоннинг ҳоли нима бўлади – қисқа иборалар ила васф қилинади.