1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Софф сураси -

Мадинада нозил бўлган. 14 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримада кофирлар билан уруш бўлиб қолса, мўминлар бир саф бўлиб, шижоат ила кураш олиб боришлари уқтирилади. Суранинг номи шундан олингандир.

Бу сура ҳам маданий суралардан бири бўлиб, бу дунё ва у дунёда саодатга эришиш учун қандай «тижорат» олиб бориш зарурлиги ҳақида сўз юритади. Бу улкан ишларни бажаришнинг ўзи бўлмаслиги, уни амалга ошириш учун мўмин-мусулмонларнинг сафлари бир бўлиши шарт экани уқтириб ўтилади. Сурада Аллоҳ таоло кишиларни ҳидоятга бошлаш учун Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборганини, у кишининг вафотларидан кейин одамлар илоҳий таълимотлардан узоқлашиб, нотўғри йўлга кириб кетганлари, сўнг Ийсо алайҳиссаломни юбориб, Таврот таълимотини янгилагани ва у зотга Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида башорат беришни топширганини хабар қилади.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг рисолалари аввал ўтган илоҳий рисолатларни тўлдирувчи, адолат, ҳақиқат ва тенглик каби ғояларни илгари сурувчи дин экани таъкидланади.

Сураи карима мўминларни Аллоҳ таолога тасбеҳ, мақтов айтишга, берган ваъдасига хилоф иш қилмасликка даъват қилиш билан бошланади.

Сўнгра Пайғамбаримизга тасалли бериш учун яҳудийларнинг Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларнинг даъватларига нисбатан ўзларини қандай тутганликлари, у икки пайғамбарга Аллоҳнинг йўлида етган озорлар зикр этилади. Чунки у зотга ҳам Макка кофирларидан озорлар етиб турган эди.

Аллоҳ таоло доимо Ўз динига, пайғамбарларига ва мухлис бандаларига ёрдам бериб келганлиги эслатилади. Мушрикларнинг Аллоҳнинг динига қарши уруш очишлари оғзидан пуфлаб, қуёшни сўндиришга уринаётган одамнинг ҳолатига ўхшатилади.

Суранинг охирида иймон аҳли Аллоҳнинг динига ёрдам беришда Ийсо алайҳиссаломга ёрдам берган кишиларга ўхшашга даъват этиладилар.