1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Нуҳ сураси -

Маккада нозил бўлган. 28 оятдан иборат.

Ушбу сурада Нуҳ алайҳиссаломнинг исмлари ва қиссалари келгани учун, у Нуҳ сураси деб аталган.

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби Нуҳ сураси ҳам ақийданинг аслини муолажа қилиб, иймон асосларини ёритади. Унда машҳур пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига қарата қилган даъватларининг бошланишидан то тўфон ҳодисасигача бўлган қиссалари баён қилинади. Сураи карима Аллоҳ таолонинг амрига юрмаганларнинг, пайғамбарларга эргашганлар ва қарши чиққанларнинг оқибатлари нима бўлишини баён қилади.

Сура Нуҳ алайҳиссаломнинг пайғамбар этиб юборилиши, кишиларни динга даъват қилишлари ва қавмларига Аллоҳ таолонинг азоби ҳақида қўрқинчли хабар беришга таклиф этилишлари билан бошланади.

Сурада Нуҳ алайҳиссаломнинг уринишлари, сабрлари ва дин йўлидаги фидокорликлари зикр этилади. У киши ўз қавмларини кечаю кундуз, махфий ва ошкора даъват қилдилар. Қавмлари эса борган сари бу даъватга қарши чиқиш, исён кўтаришга тайёргарлик кўриб бораверди.

Сурада ўша ношукр қавмга Аллоҳ таолонинг берган неъатларини ва фазлини эслатиш ҳам бор бўлиб, бундан бандалар Аллоҳ таолонинг қудрати ва раҳматини сезсинлар ва тоатни яхшиласинлар, деган мақсад кўзда тутилади.

Шунча ваъз-насиҳат, эслатишларга қарамай, қавм куфрда, залолатда ва саркашликда умр кечираверди. Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларини қабул қилмади. Оқибатда Аллоҳ таоло уларни тўфон балоси билан ҳалок этди.

Суранинг тафсирини бошлашдан аввал Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари билан қисқача танишиб чиқсак.

 

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

 

Аллоҳ таоло Отамиз Одам алайҳиссаломни жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Отамиз Одам алайҳиссаломга келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади. Отамиз Одам алайҳиссаломнинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақти-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг, шайтон қолган кишилар орасида васваса қилиб: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларингизни ҳақиқатан яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», – деди. Бу гап одамларга ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб, уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишарди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.

Кейинги авлодлар оталарининг ўз ҳайкалларини улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганини кўриб, вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва уларга қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундай қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар.

Яратган Холиқни қўйиб, тошдан, лойдан, ёғочдан бўлган ҳайкалларга сиғиниш катта хато ва зулм эди. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган улкан гуноҳ эди. Ана шунда Аллоҳ адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбар юборишни ирода қилди. Аллоҳ таоло бу пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини хоҳлади. Чунки пайғамбар Аллоҳ таолонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга, ўз ҳаётига татбиқ қилиб, ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар пайғамбар фаришта бўлса, одамлар «Бу – фаришта, биздан устунлиги бор, шунинг учун фармонларни бажариши ҳам осон, биз эса бажара олмаймиз», дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга ўзларидан чиққан, ўзларига ўхшаш бир одам пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган мақсадда шундай ирода қилди.

Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, зодагонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон инсон эди.

Аллоҳ таоло у кишига ваҳий юбориб, ўз қавмини динга чақиришни буюрди. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига «Мен сизга пайғамбар бўлдим», деб мурожаат қилганларида, баъзилар: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», – дейишди.

Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» – дейишди.

Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», – дедилар.

Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорладилар, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошладилар. Лекин фақат саноқли кишиларгина иймонга келдилар, холос. Бу мўминлар ҳалол касблари билан ҳаёт кечирувчи кишилар эдилар. Бойлар эса: «Ялангоёқ, мискинларга ошно бўлмаймиз», – дейишди.

Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини турли йўллар билан динга чақирдилар. Бу ҳолат шу тариқа тўққиз юз эллик йил давом этди. Охири Аллоҳдан «Сенинг қавмингдан ҳозирги мўминлардан бошқаси иймонга келмайди», деган хабар келди. Шундай бўлса ҳам, Нуҳ алайҳиссалом яна бир марта даъват қилдилар. Саркаш қавм эса: «Биз билан кўп тортишдинг, гапинг рост бўлса, ваъда қилаётган азобни келтир», – деди. Нуҳ алайҳиссаломнинг умидлари узилди, ғазаблари келди ва: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирортасини қўймагин», – деб дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло бу дуони қабул қилди. Нуҳ алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларга нажот бериб, қолганларини ғарқ қилишни ирода қилди ва Нуҳ алайҳиссаломга катта кема қуришни буюрди. Ул зот иш бошладилар. Буни кўрган қавмлари: «Ҳой Нуҳ, қачондан бери дурадгор бўлиб қолдинг? Сенга «Анави ялангоёқлар билан юрмагин», демаганмидик? Бу кеманг қаерга боради, саҳрогами ёки тоққами?» – деб масхара қилдилар.

Нуҳ алайҳиссалом сабр-бардош билан ишларини давом эттиравердилар. Гоҳида уларга қараб: «Сизлар бизни масхара қилаётган бўлсаларингиз, биз ҳам бир пайт келиб, худди сизга ўхшаб, сизларни масхара қиламиз», – деб қўярдилар.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси амалга ошди. Тинимсиз ёмғир қуя бошлади. Сув йиғиндилари кўпайиб борди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга: «Ўзинг билан мўминларни, аҳлингни ва барча ҳайвонлардан бир жуфтдан олиб, кемага чиқ», – деб буюрди. Чунки тўфон оммавий бўлиб, ундан на инсон ва на ҳайвон қутула олар эди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг айтганини қилдилар. Шу билан бирга, кофирлар сафидаги ўғилларини аҳлимдан, деб ўйлаб, кемага олмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло «Бу сенинг аҳлингдан эмас», деб, олишга рухсат бермади. У фарзанд ҳам кофирлар билан бирга ҳалок бўлди. Иймони бўлмагач, пайғамбарнинг ўғли бўлгани ҳам фойда бермади.

Дунёни тўфон босиб, ҳамма кофирлар ҳалок бўлганидан сўнг, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси тоғда тўхтади. Ҳозирда ўша кема қолдиқлари фазо кемалари ёрдамида топилган. Нуҳ алайҳиссалом ва мўминлар соғ-саломат ҳолда ерга тушиб, ҳаётларини давом эттирдилар. Аллоҳ таоло уларнинг зурриётларига барака берди. Улар кўпайиб, униб-ўсдилар, ичларидан пайғамбарлар чиқди.

Азиз китобхон! Сизга тафсир қилинажак оятлар тушунарли бўлиши учун Нуҳ алайҳиссалом қиссасидан баҳоли қудрат ҳикоя қилдик. Энди Аллоҳ таолонинг иродаси билан сурани тафсир қилишга киришсак.