1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Маъориж сураси -

Маккада нозил бўлган. 44 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг номи ўзининг учинчи оятидаги «маъориж» сўзидан олинган. «Маъориж» «меърож» сўзидан олинган бўлиб, «меърожлар» – «юқорига чиқадиган йўл» деган маънони англатади. Бу сурада Аллоҳ таоло «меърожлар эгаси» деб васф қилингандир. Яъни Аллоҳ таоло фаришталар осмонга чиқиб, тушадиган меърожлар эгасидир, дегани.

Бу сураи карима ҳам Ислом ақийдасининг аслини муолажа қилади. Аллоҳ таоло қиёмат ва унинг даҳшатлари, охиратдаги саодат ҳамда бахтсизлик, роҳат ва азоб, мўмин ва гуноҳкор бандаларнинг у ердаги ҳоли хусусида Ўз бандаларини огоҳлантиради.

Суранинг асосий мавзуси Макка кофирларининг қиёматда қайта тирилишни инкор этишлари, жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини масхара қилишлари ҳақидадир.

Шунга кўра, бу сура Макка аҳлининг туғёни, уларнинг Набий алайҳиссаломга итоат этишдан бош тортишлари, охират азобини масхара қилишлари воқеаларининг баёни билан бошланади.

Сўнгра қиёмат куни гуноҳкор бандалар қандай ҳолатларда бўлишларининг баёнига ўтилади. Инсон, табиатан, яхшилик етганда ношукр ва ёмонлик етганда чидамсиз экани зикр қилинади.

Шунингдек, бу сурада Ҳақ субҳанаҳу ва таоло мўминларнинг улуғ сифатлари, фазилатлари, ахлоқларини ва Аллоҳ таоло улар учун тайёрлаб қўйган улуғ ажрлар ва наъим жаннатлари васфини ҳам баён қилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари Расулуллоҳни масхара қилган кофирларни ҳам Ўз оятларида сиз билан бизга ибрат тарзида кўрсатиб ўтган.

Суранинг охирида Роббул оламин Ўзининг Макка кофирларидан кўра яхшироқларни яратишга ҳам қодир эканини, қайта тирилиш ва жазо борлигига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмаслигини қасам билан таъкидлайди.