1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Луқмон сураси -

Маккада нозил бўлган. 34 оятдан иборат.

Суранинг бундай номланиши унда Луқмони Ҳакимнинг қиссаси келгани сабабидандир. Бу маккий сурада ҳам асосан ақийда масаласи муолажа қилинади. Хусусан, ваҳдоният, пайғамбарлик ва қайта тирилиш ҳақида сўз кетади. Ушбу масалаларда мушрикларнинг хато тушунчалари турли йўллар билан кўрсатилади. Айни чоғда ақийда, иймон, дину диёнат масаласида зарур бўлган одоб-ахлоқ жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Булар, айниқса, ҳазрати Луқмоннинг ўғлига қилган насиҳатларида яққол кўзга ташланади.

Маккий сураларда нафақат «Лаа илааҳа иллаллоҳ» масаласига, балки шу тавҳид калимасини тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган кишиларнинг ахлоқларига ҳам эътибор қилинади. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ» шиорининг соҳиби бўлган инсоннинг одоб-ахлоқи ҳам гўзал бўлишига катта аҳамият берилади.

Луқмон сураси охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган абадий мўъжиза, ҳикматли Китоб – Қуръони Каримдан баҳс юритиш билан бошланади. Аввал бошда алифбо ҳарфларидан учтаси келтирилиб, ушбу Китоб ҳам, ушбу сура ҳам худди мана шу ҳарфлардан таркиб топганига ва айни пайтда бу Қуръон Аллоҳнинг мўъжизаси эканига ишора қилинади. Яна бошқа баъзи сифатлари ҳам эслатиб ўтилади. Сўнгра Аллоҳ таолонинг ваҳдониятидан баҳс юритилади. Бунда Аллоҳнинг чексиз қудратига далолат қилувчи борлиқдаги мавжудотларга – осмон, ер, қуёш, ой, кеча, кундуз, тоғ, денгиз, дов-дарахт ва бошқаларга эътибор билан назар солишга даъват этилади.

Табиат ҳодисалари ҳақидаги баҳсдан сўнг одамнинг ўзидаги ажойиботлардан сўз очилади. Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳатлари келтирилади. Бу насиҳатларнинг асосий марказида ҳам ширк масаласи муолажа қилинади. Луқмони Ҳаким ўз насиҳатларини ўғлини ширкдан қайтариш ва ширкнинг катта зулм эканини баён қилиш билан бошлайди. Иймон-эътиқод, дину диёнат масаласи қон-қариндошлик муносабатларидан устун экани ҳам баён этилади. Шунингдек, бу насиҳатларда иймон соҳиби йўлиқиши мумкин бўлган қийинчиликлар ва уларга нисбатан сабр-матонатли бўлиш лозимлиги зикр қилинади.

Кейин эса ақийда масаласи осмонлару ерга ва улардаги неъматларга нисбатан инсон муносабати нуқтаи назаридан келиб чиқиб муолажа қилинади. Аллоҳ таоло осмонлару ерни инсон учун яратдими, демак, инсон унга шукр қилмоғи лозим. Аллоҳга шукр қилиш эса Унга иймон келтириб, ибодат этиш билан рўёбга чиқади.

Суранинг охирида кечаю кундузга, қуёшу ойга разм солиб, ибрат кўзи билан боқиб, улардан хулоса чиқариб, Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ваҳдониятини англаб олиш зарурлиги эслатилади. Қиёмат куни даҳшатидан огоҳлантирилади.