1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Зухруф сураси -

Маккада нозил бўлган. 89 оятдан иборат.

«Зухруф» сўзи «безак»«зийнат»деган маъноларни англатади. Ушбу сураи кариманинг оятларидан бирида бу дунё ҳаётининг бор-йўқ матоҳи «зухруф»га – беҳуда безак, зебу зийнатга ўхшатилади. Суранинг номи ўша оятдан олинган.

Маълумки, Қуръони Карим нозил бўлиши пайтида инсоният турли-туман бидъат-хурофот, бузуқ ақийдалар ва нотўғри тасаввурлар ботқоғида яшар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни нозил қила бошлагач, яъни кишиларни тавҳид дини бўлмиш Исломга амал қилишга, соф иймон ва ихлос ила ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишга амр этганидан сўнг мазкур бидъатларнинг йўли тўсилди. Аллоҳ таоло Ўзи нозил қилган оятлар воситаси ила ўша хурофотларни аста-секин муолажа қилишга киришди. Албатта, йиллар, авлодлар давомида кишилар онгига ўрнашиб қолган бидъатларни кўчириб ташлаб, ўрнига янгисини қўйиш осон эмас эди. Мушриклар ота-боболаридан мерос қолган эътиқод ва урф-одатларига маҳкам ёпишиб олиб, қуръоний ақийдаларга қарши жон-жаҳдлари билан курашар эдилар. Қуръон эса, ўз навбатида уларнинг нотўғри тасаввурларини мантиқ асосида, турли мисоллар билан фош этар, илоҳий амр заминидаги эътиқоднинг содда ва равшан эканини баён қиларди.

Зухруф сураси ҳам бошқа маккий суралар каби, иймон, эътиқод масалаларини муолажа этиб, мазкур нотўғри тушунчаларни ўнглашга уринади.

Суранинг аввалида ваҳийнинг ҳақиқий масдари бўлган Қуръоннинг илоҳий калом экани айтилади.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига далолат қилувчи – осмонлару ер, тоғу тошлар, денгизлар, осмондан тушган сув, сув устида юрувчи кемалар, инсонга беминнат бериб қўйилган ҳайвонларнинг яратилиши ҳақида сўз кетади. Қизиғи шундаки, уларни ким яратганлиги борасидаги саволга мушриклар ҳам «Аллоҳ яратган», деб жавоб берганлар. Лекин, айни чоғда, улар Аллоҳга эмас, ўз қўллари билан ясаб олган ҳайкал ва бут-санамларга ибодат қилганлар. Бу эса ақлий жиҳатдан бир-бирига мутлақо зид ҳолатдир. Зухруф сураси айнан ушбу ҳолатни муолажа қилади. Бунга мушрикларнинг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган эътиқодлари мисол қилиб олинади ва бу ақийданинг нақадар эсипастлик экани батафсил тушунтирилади.

Сўнгра ўтган пайғамбарлардан Иброҳим алайҳиссаломнинг рисолатлари эслатилади. Маълумки, Макка мушриклари, биз Иброҳим алайҳиссаломнинг динидамиз, миллатидамиз, у кишининг меросхўримиз, деб даъво қилар эдилар. Хўш, улар Иброҳим алайҳиссаломга эргашаётган бўлсалар, у зот чақирган йўлда юряптиларми? Сурада Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳеч қачон мушрик бўлмаганлари, буту санамлардан биринчи бўлиб воз кечган, уларга қарши курашган зот бўлганликлари таъкидланади.

Зухруф сурасида мушрикларнинг Пайғамбар шахси хусусидаги нотўғри тасаввурлари ҳам муолажа қилинади. Мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек фақир ва камтар инсоннинг пайғамбар бўлишларини тасаввурларига сиғдира олмас эдилар. Уларнинг фикрича, пайғамбар бой-бадавлат ва асъасаю дабдабали одам бўлиши керак эди. Сурада Аллоҳ таоло кимни пайғамбар қилиб танлашини Ўзи билиши баён қилинади. Шунингдек, мушриклар мезонидаги молу дунё, турли дабдабалар инсон қадрининг ўлчови бўла олмаслиги, Аллоҳнингг наздида дунё ва унинг жамики зебу зийнатлари сариқ чақачалик турмаслиги, уни Аллоҳ таоло ҳаммага, ҳатто кофир, осий ва мунофиқларга ҳам беравериши таъкидланади.

Ушбу ҳақиқатнинг далили сифатида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси келтирилади. Молу дунёси, салтанати ва мартабаси ила керилиб, Мусо алайҳиссаломдан ўзини юқори тутган золим Фиръавннинг оқибати эсга олинади.

Суранинг охирида қиёмат шиддатлари, охират азоблари ва дўзахийларнинг ҳоли баён қилинади.