1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Жин сураси -

Маккада нозил бўлган. 28 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг биринчи оятидаги «жин» сўзи унга ном бўлиб қолгандир.

Бу сурада Ислом ақийдаси асосларидан бўлган якка илоҳлик, пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш, бу дунёда қилган амалига яраша охиратда жазо ёки мукофот олиш каби масалалар акс этган. Сурада асосан жин ҳақидаги маълумотлар зикр қилинади. Шу сабабли ҳам у Жин сураси деб номланган. Оятларда жинларга хос ишлар – уларнинг Қуръон тиловатини эшитишлари, иймонга келишлари, уларга хос ажойиб хислатлар, мисол учун, фаришталардан беркиниб, яширинча осмон хабарларини тинглашлари, уларга қарата учқун отилиши, баъзи ғайбий сирлардан хабардор бўлишлари ва бошқа ҳолатлар ҳақида хабар қилинади..

Сураи карима бир гуруҳ жинларнинг Қуръон тинглаганлари, ундан таъсирланиб, иймонга келганлари ва ўз қавмларини ҳам иймонга чақиришлари билан бошланади.

Сўнгра жинларнинг Аллоҳ таолони улуғлашлари, поклашлари, ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари ва «Аллоҳнинг боласи бор», деганларни эси паст санаганликлари ҳақида зикр қилинади.

Кейин жинларнинг осмон хабарларига яширинча қулоқ осишлари, осмонни қоровул фаришталар ўраб олганлиги, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан сўнг улар осмонга чиққанларида, уларга қарата учқунлар отила бошлагани ва жинларнинг бу ажиб ўзгаришдан таажжубланиб юргани, жинларнинг иккига – мўминларга ва кофирларга бўлиниши, бу икки гуруҳ оқибатининг баёнлари келади.

Набий алайҳиссаломнинг даъватлари, ул зоти бобаракот Қуръон тиловат қилаётганларида, жинларнинг келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларини ўраб олиб, Қуръон ўқишларини тинглашлари ҳам, Набий алайҳиссаломга, Аллоҳ таолога бўйсуниш, ихлосни фақат Унинг Ўзигагина қилишга кўрсатма ҳам ушбу сурада нозил бўлган.

Ва, ниҳоят, сурада коинотдаги барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билиши баён қилинади.

 

ЖИН ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

 

Жин ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумот олишимиз бу сураи кариманинг маъноларини янада чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради, деган умидда қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар «Жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, Унинг жинлардан шериклари бор» деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди. Шунингдек, араблар «Жинлар ғайбдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади» деган ўйда эдилар. Жин сураси ушбу эътиқодларнинг бекорчи эканини таъкидлайди. Бунга қўшимча маънода Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Ким фолбину мунажжимга борса ва уларга ишонса, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди», – деганлар.

Арабларда «Жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади» деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир жойга бориб, ётиб қолмоқчи бўлсалар, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман» деган маънодаги дуони қилишарди.

Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридаги айтилганларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва баъзилар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан, бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (Астағфируллоҳ!).

Шу билан бирга, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни мутлақо инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап, дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.

Ислом эса жин ҳақида, худди бошқа масалалардаги каби, ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга, жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.

Жинлар ҳақиқатда ҳам бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. «Жин» сўзининг луғавий маъноси эса «тўсилган» дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарсадир. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари, шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб, иймонли-иймонсизлари, яхши-ёмонлари, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Набий алайҳиссаломга иймон келтириб, яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб, ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар ҳеч қачон одамларга ёрдам бера олмайдилар ва ғайб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг, улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.

Сабаъ сурасида бир гуруҳ жинларнинг Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб туриб, вафот этганларидан сўнг ҳам, тирик, кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.

Жин сурасининг тафсири давомида бу масалалар янада равшан бўлади, иншааллоҳ.

Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб, малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширинча эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб, етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга, ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку?» – дейишади. Шунда баъзилари «Дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак», – дейишади. Машриқу мағрибни кезиб, биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб, тўхташган ва «Биздан осмон хабарини тўсган нарса шу», деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтганлар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилган.