1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Воқиъа сураси -

Маккада нозил бўлган. 96 оятдан иборат.

«Воқиъа» қиёматнинг номларидан бири бўлиб, бу сўз ушбу суранинг биринчи оятида тилга олинган ва унга исм бўлиб қолган. Сураи карима асосан қиёмат манзаралари, жаннат ва дўзах ҳамда уларнинг аҳллари ҳақида сўз юритади.

Сурада қиёмат манзаралари ҳақида батафсил баёнотлар ҳам келади. Ўша кунда одамлар уч тоифага бўлинадилар: ўнг тараф эгалари, чап тараф эгалари ва пешқадамлар.

Сурада ҳар бир тоифанинг оқибати ҳақида сўз юритилиб, уларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жазо ва мукофотлар ҳақида хабар берилади.

Воқиъа сурасида Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва қудратининг баркамоллиги; Унинг инсонни яратишдаги, набототни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбирлари ҳақида сўз кетади.

Умуман, сурада Ар-Роҳман сурасининг мавзуси ва услуби давом этади, десак, хато қилмаган бўламиз.

Сура қиёматдаги даҳшатли воқеалар – тоғларнинг учиши, ернинг қаттиқ ларзага келиши, умуман, ердаги вазият остин-устун бўлиб кетиши, яхшилар обрў топиб, ёмонлар ер билан яксон бўлишлари ҳақидаги тасвирлар билан бошланади.