1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Балад сураси -

Маккада нозил бўлган. 20 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг ҳам биринчи оятидаги сўз унга ном бўлиб қолган. «Балад» сўзи «юрт», «ўлка», «шаҳар» деган маъноларни англатади. Ушбу оятдаги «Балад»дан мурод эса Маккаи Мукаррама шаҳридир.

Бундан аввалги сурада бойликни яхши кўрганлар, меросни ҳаромдан кўплаб еганлар, мискинларга таом беришга қизиқмаганлар танқид қилинди. Бу сурада эса бойлик эгаларининг қул озод қилиш, очлик кунларида таом бериш каби хислатлари зикр қилинади. Шунингдек, нафс хотиржамлиги нима билан ҳосил бўлиши ҳам айтилади.

Бу сурада жуда қисқа сўзлар ила охират ҳаётининг борлиги, Аллоҳ таоло инсонга икки йўл – саодат йўли ва бахтсизлик йўлини кўрсатиб қўйганлиги, инсон улардан хоҳлаганини танлаб, ўша йўлдан юриши, оқибатда эса қилганига яраша мукофот ёки жазо олиши айтилади.

Бой кишиларда иймон бўлмаса, ҳовлиқиб кетишлари, дунёда менга кучи етадиган ҳеч ким йўқ, мен у қилдим, мен бу қилдим, деб мақтанишлари эслатилади. Аслида эса бой одам бева-бечора, камбағал-мискин, етим-есирларга ёрдам бериши лозимлиги уқтирилади.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло мусулмонларни инсонпарварлик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бошқа юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаб боради.

Бошқа маккий суралар қатори, Балад сурасининг мақсади ҳам иймон-эътиқодни собит қилиш бўлиб, унда асосан охиратдаги ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот масаласи ва шунингдек, яхшилар билан ёмонларнинг орасини ажратиш масаласи муолажа қилинади.

Сураи кариманинг бошида Баладул Ҳаром – Маккаи Мукаррама билан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган шаҳар билан қасам ичилиб, Волид (Одам Ато) ва унинг авлодлари ила қасам ичилиб, инсон бу дунёда машаққат тортиши муқаррар экани таъкидланади.

Сўнгра баъзи бир кишилар ўзлари кофир ва осий бўлиб туриб, молу мулкларини нотўғри йўлда сарфлаб туриб ҳам, ана ўша сарф-харажатлари ўзидан азобни қайтаришини нотўғри даъво қилишлари ва улар аслида нима қилишлари кераклиги баён қилинади.

Суранинг хотимасида эса охиратда мўминларнинг ҳоли қандай бўлади-ю, кофирларнинг ҳоли қандай бўлади, қисқача васф қилинади.