1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу -

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом оламида машҳур бўлиб, эркаклардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилганлар. Ислом оламидаги халифаларнинг биринчиси ва жаннатга киришлари башорат берилган ўн нафар жаннатийларнинг ҳам биринчисидирлар. 

Ислом уммати бу зотни Сиддиқ (ўта ростгўй) деб билади.

Исро кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Масжид ул-Ақсога бориб келдим», деганларида мушриклар, ҳатто баъзи бир мусулмонлар ҳам бу сўзга ишонмаган эдилар. Мушриклар Абу Бакрга келиб: 

«Дўстинг шу кеча Масжид ул-Ақсога бориб келдим, деяпти. Шуни ҳам рост дерсан?» дейишди. 

Шунда Абу Бакр: 

«Мен унга бундан узоқроқ жой — осмондан ваҳий келишига ишондим-ку, бунга ишонмасмидим?!», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мен кимни Исломга чақирган бўлсам, ҳаммаларида бир тўхташ бўлди. Фақат Абу Бакрда бундай бўлмади. У мени ҳамма нарсада рост деди», деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида қанчадан-қанча қабилалар муртад бўлишди. Ҳатто Умар ибн Хаттобдек улуғ саҳоба ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини инкор этиб, қиличларини яланғочлаб, «Кимки Пайғамбар ўлди, деса, унинг ўзини ўлдираман», деб туриб олдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиққач, мусулмонларга қарата шундай хутба қилдилар: 

«Кимки Аллоҳга ибодат қилса, У ўлмас, тирик Зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир расулдир. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтди. Агар Пайғамбар ўлса, Исломдан қайтиб кетасизларми? Кимки орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга ҳеч бир нарсада зарар беролмас. Аллоҳ шукр қилган бандаларини тезда мукофотлар».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 142та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижратнинг 13-йилида вафот қилганлар.