1440 йил 16 жумадис сони | 2019 йил 21 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

ҚОМУС

Абдуллоҳ ибн Масъуд -

Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ал-Хузамий, кунялари Абу Абдураҳмон. Бу киши Исломга олтинчи бўлиб кирган бўлиб, икки ҳижрат – Ҳабашистон ва Мадина ҳижратлари соҳибидирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилган сафдошлардан, жаннатга кириши башорат қилинган ўнта саҳобанинг биридирлар. Бадр урушида Абу Жаҳлни қатл этганлар. Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати, Ярмук маъракаси ва бундан бошқа ҳамма жанг¬ларда иштирок этганлар. Маккада биринчи бўлиб Қуръони Каримни баланд овоз билан ўқиган, Қуръони Каримни ёд олганлардан бири, тақводор, чиройли хулқли, фақиҳ саҳобалардан.

Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 848та ҳадис ривоят қиладилар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Мусо Ашъарий, Имрон ибн Ҳусойн, Абу Ҳурайра, Ибн Зубайр, Жобир, Анас, Абу Саъийд, Абу Рофиъ ва бошқалар ривоят қилишган. Тобеъийнлардан Алқама, Абу Воил, Асвад, Масруқ, Убайда, Ибн Ҳозим, Қайс ва бошқалар ривоят қилишган. У зот тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мар¬ҳамат қиладилар:

«Қуръони Каримни тўрт кишидан олинглар».

Шуларнинг бири Абдуллоҳ ибн Масъуддир.

Ибн Масъуд бўйлари қисқа, аъзолари нозик киши эдилар. Бир куни саҳобалар у кишининг аъзолари нозиклигини мазах қилишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, Ибн Масъуднинг аъзолари қиёмат кунининг тарозусида Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқдир», деб марҳамат қилганлар.

У киши хушбўй нарсаларни яхши кўриб, кўп истеъмол қилар эдилар. Кўчадан ўтсалар, қўшнилари бу ердан Ибн Масъуд юрганини билар эди.

Ибн Масъуд касал бўлиб ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу зиёратларига келиб, у кишидан «Нимадан шикоятинг бор?» деб сўраганларида «Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар.

Халифа: «Нима хоҳлайсан?» деб сўрадилар. Шунда у киши «Роббимнинг раҳматини» дедилар.

Халифа «Табиб буюрайми?» деганларида «Мени табибнинг Ўзи касал қилди», дедилар. «Унда ҳожатингга керакли бирор нарса буюрайми?» деганларида «У нарсага ҳожатим йўқдир», дедилар.

Шунда халифа «Қизларинг учун керак бўлиб қолар», дедилар. Ибн Масъуд: «Қизларим камбағал бўлиб қолишидан қўрқасанми? Мен уларга ҳар кечада «Воқеъа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир киши ҳар кечада Воқеъа сурасини ўқиса, унга абадий камбағаллик етмайди», деганларини эшитганман.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Куфадаги Байтулмолга волий бўлдилар. Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида Мадинага келдилар ва ҳижратнинг 32-йили шу ерда вафот этдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу жаноза намозини ўқидилар ва «Бақийъ» қабристонига дафн этилдилар.


Энг кўп кўрилганлар
Топ рейтинг www.uz Openstat