1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Аббос ибн Абдулмуттолиб -

Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, оналари Нутайла бинти Ҳаббоб ибн Кулайб. Кунялари Абу Фазл. Бу киши Аббосийлар халифалигининг асосчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, жоҳилият даврида Қурайш қавмининг раиси ва Масжидул Ҳаромнинг бошлиғи бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ансорлар ўртасида бўлган «Ақаба» байъатида иштирок этган ва нутқ сўзлаган. «Ҳунайн» жангида мусулмонлар енгилиб турган пайтда уларга тўғри йўлни кўрсатган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлари ичида энг яқини бўлган улуғ саҳобалардан эдилар.

Аббос розияллоҳу анҳу Исломга ҳижратдан олдин кирдилар, аммо иймонларини мушриклардан сир тутар, Маккада бўлган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар хабаридан воқиф этар эдилар. Бадр жангида мушриклар томонида бўлиб, урушга мажбуран олиб чиқилган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Ким амаким Аббосга йўлиқса, ўлдирмасин», деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини жуда яхши кўрар эдилар. Ҳатто Бадр жанги тугаган куни амакилари асирликда ётганлари сабабли ухлай олмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтар эдилар:

«Эй инсонлар, ким амаким Аббосга озор берса, менга озор берибди. Бу амаким отамнинг мен учун қолдирган кишисидир».

Аббос ибн Абдулмуттолиб Мадинага ҳижрат қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маккадаги мақоминг сен учун яхшироқдир», деганлар.

Бу зот хотинлари Умму Фазл билан ҳижратнинг 8-йили Рамазон ойида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай¬ҳи васаллам: «Менинг пайғамбарлигим охирги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз охирги ҳижратдир», деб айтдилар.

Аббос ибн Абдулмуттолиб сахий кишилардан эдилар, бутун молларини урушга аскарларни жиҳозлаш учун сарф қилар эдилар. Ўз ҳисобларидан етмишта қул озод қилганлари ривоятларда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Аббоснинг жону тани, молу дунёси Ислом хизматида бўлди.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида сув йўқлиги сабабли қаҳатчилик етди. Халифа бир неча марта дуо қилиб, сув талаб қилди. Лекин ёмғир ёғмади. Халифа Умар ҳазрати Аббоснинг ҳузурларига бориб, бирга чиқишини сўради. Ҳазрати Аббос мусулмонлар билан чиқиб, осмонга қўлларини чўзиб, дуо қилганларидан кейин, Аллоҳ инсонларни бу қаҳатчиликдан халос этди.

Бу зот ҳадис ривоят қилувчи улуғ саҳобалардан эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу 35та ҳадис ривоят қилганлар. Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Омир ибн Саъд, Аҳнаф ибн Қайс ва бош¬қалар ривоят қилдилар.

Аббос розияллоҳу анҳунинг ўнта ўғли бўлиб, қизлари бўлмаган. Умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолади. У киши ҳижратнинг 32-йили, Ражаб ойининг 16-куни 88 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Бу ҳодиса Усмон розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишларидан икки йил аввал содир бўлди. У кишига Усмон розияллоҳу анҳу жаноза намозини ўқидилар. Аббос розияллоҳу анҳу «Жаннатул-Бақийъ»¬га дафн этилдилар.