1440 йил 15 жумадис сони | 2019 йил 20 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

ҚОМУС

Шуайб алайҳиссалом -

Шуайб алайҳиссаломнинг насаблари Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян исмли ўғилларига бориб туташади. Демак, Шуайб алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг сулолаларидандир.

Шуайб алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари Лут алайҳиссаломдан кейин бўлган. Буни Ҳуд сурасидаги қуйидаги оятда келган у зотнинг ўз қавмларига айтган гапларидан билиб олиш мумкин:

«Эй қавмим, менга мухолифлик қилиш сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас» (89-оят).

Яъни «Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳларнинг қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг.

Чунки ўша қавмлар пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу тахлит давом этаверсангиз, ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап».

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадян номли жойга пайғамбар қилиб юборган. Бу ҳақиқат Аъроф сурасида таъкидланади:

«...ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик)» (85-оят).

Мадян аслида Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларидан бирининг исми бўлиб, кейинчалик ундан тарқаган қабила ва улар яшайдиган юрт унинг номи билан аталадиган бўлиб кетган. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Қизил денгизнинг шимолидаги Ақаба қўлтиғидан Тури Сийнога қадар чўзилган.

Шунингдек, Шуайб алайҳиссалом яшаган жой, яъни ­Мадян ўлкаси «Айка», у кишининг қавмлари «асҳобул Айка» деб ҳам аталади («айка» – араб тилида «қуюқ дарахтзор, дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон» деган маънони билдиради). Бу ҳам Қуръони Каримнинг таъбири бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳақда Шуаро сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қуюқ дарахтзор соҳиблари расулларни ёлғончига чиқардилар. Ўшанда уларга Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!» (176–177-оятлар)

Мадян ўлкаси Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақаба кўрфазининг шарқий тарафида жойлашган.

Энг кўп кўрилганлар
Топ рейтинг www.uz Openstat