1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Яъқуб алайҳиссалом -

Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. «Яъқуб»нинг маъноси «ортдан келувчи»дир.

Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил бўлган. Муҳаққиқ уламолар «Исроил» сўзи Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули, бандаси) деган маънони англатишини айтадилар.

Яъқуб алайҳиссалом Фаластин ерларида дунёга келдилар. Оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг тарбияларини олиб ўсдилар.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга ўн икки ўғил ато қилди. Бу ўн икки ўғилнинг ҳар бири Бану Исроил асботидан бир «сибт»га ота бўлган. «Асбот» сўзи «сибт»нинг кўплик шакли бўлиб, «авлод» деган маънони билдиради.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломни Оли Имрон сурасида Исроил номи ила зикр қилган:

«Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!» (93-оят)

«Исроил»дан мурод, аввал баён қилинганидек, Яъқуб алайҳиссаломдир. Ривоятларда келишича, Яъқуб алайҳиссалом оғир касал бўлиб ётганларида, агар Аллоҳ шифо берса, энг яхши кўрган таомларини – туя гўштини емаслик ва сутини ичмасликни назр қилган эканлар. Аллоҳ бу назрни қабул қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Бану Исроилдан содир бўлган гуноҳлар сабабли уларга иқоб-жазо суратида баъзи ҳайвонларни ҳамда мол билан қўйнинг чарвисини ҳаром қилди. Ҳолбуки, булар Таврот нозил бўлишидан олдин Бану Исроилга ҳалол эди.

Ушбу оятдан Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам таомларнинг ҳалол-ҳаромлиги, назр аташ каби ҳукмлар бўлганини билиб оламиз.

«Ислом» сўзида бўйсуниш, тоат, ихлос маънолари бор. Барча пайғамбарларнинг, жумладан, Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг набиралари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳам динлари Исломдир. Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўзлари мусулмон бўлишлари билан кифояланиб қолмадилар, балки ушбу Ислом динини маҳкам тутишни васият қилдилар. Ушбу васият Бақара сурасида келади:

«Иброҳим ўз ўғилларига ва Яъқуб ҳам: «Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга динни танлади, мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг», деб буни (миллатни) васият қилдилар» (132-оят).

Шундай экан, мусулмон бўлиб яшаб, мусулмон бўлиб ўлишга ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ.

Ўғиллари Юсуф алайҳиссаломнинг йўқолишларидан қаттиқ куюнган Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай қолган эди. Ўғилларини топгандан сўнг кўзлари ҳам тузалди ва барча оила аъзолари билан бирга Юсуф алайҳиссалом ҳукмдорлик қилаётган Мисрга келиб яшай бошладилар. Ўша пайтда Яъқуб алайҳиссалом 130 ёшда эдилар. У зот Мисрда ўн етти йил яшаганларидан кейин 147 ёшларида вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссалом вафотларидан олдин Юсуф алайҳиссаломга ўзларини оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёнларига дафн этишларини васият қилган эдилар. У зот Фаластиннинг Халил шаҳридаги Макфила номли ғор ичига дафн қилиндилар.