1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бойлик нафснинг беҳожатлигидадир

09:00 / 16.07.2022 3464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввало инсон қарздор бўлиб қолмаслик учун ҳаракат қилиши лозим. Мўмин банда ҳаётини яхшилаб режалаштириши, иқтисодий ва молиявий ишларни аниқ олиб бориб, бировдан қарз олиб кун кўриш даражасига тушиб қолмаслиги лозим.

Бу борада кўриладиган барча чоралар билан бирга, банда Аллоҳ таолонинг Ўзидан қарздор бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуода бўлиб туриши лозим.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 

«Аллоҳумма, инни аъуузу бика минал-касали вал-мағроми ва аъуузу бика мин фитнатил-масийҳид-дажжаал! Ва аъуузу бика мин ъазаабин-наар», деб дуо қилаётганларини эшитдим».

Бухорий ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан дангасаликдан, қарздорликдан паноҳ сўрайман. Сендан Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман. Сендан дўзахнинг азобидан паноҳ сўрайман».

Бу ҳадиси шарифда келган дуони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан кейин ўқир эдилар. Энди у зот алайҳиссалом Аллоҳ таолодан паноҳ сўраётган нарсалар ила танишиб олайлик:

1. Дангасалик.

2. Қарздорлик.

3. Масийҳи Дажжол фитнаси.

4. Дўзах азоби.

Дангасалик ҳам дўзахдан ёки қарздан қўрққандек қўрқиладиган нарса экан. Ўзи одатда қарздорликка ҳам асосан дангасалик сабаб бўлади. Демак, ундан паноҳ сўраб юриш, унга мутлақо яқин йўламаслик керак экан.

Қарз ҳам шундай. Аллоҳ таоло ҳеч кимни бунга мубтало қилмасин.

Дажжолнинг фитнаси ва дўзахнинг азобидан ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан паноҳ сўраб юриш лозим экан.

Ҳозирги кўпгина қарздорларга ўхшаб ҳою ҳавас учун, керагидан кўп мол топиш учун ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун қарздор бўлиб қолишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Борига сабр ва шукр қилиш, ўзидан кетмаслик мусулмон кишига хос фазилатлардан ҳисобланади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:

 «Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмайман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилади. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида: 

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган. Бошқа бир ривоятда эса:

«Аллоҳим! Оли Муҳаммаднинг ризқини қут – егулик нарса қилгин», дейилган. Яна бир ривоятда эса:

 «Бойлик молнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига қараб эмас, ўзининг билимига ва имконига қараб иш тутиши лозим. «Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топган эмиш, мен ҳам шуни қиламан», деб қарзга кириб қолмаслик керак. Ҳозирги қарздорларнинг аксарияти шу қабилда иш тутганлардир.

Мабодо қарз олишга мажбур бўлиб қолганда ҳам, уни олишдан аввал минг бор ўйлаб кўриш керак, ўша қарзни узишга имкони борми, йўқми. Кўпчилик қарзга пул топсам бўлди, ишим юришиб кетади, деган  фикрда бўлади. Аслида эса пул топганнинг ҳаммаси ҳам бойиб кетавермайди. Агар шундай бўлганида, бугун қарздорлар бу қадар кўпайиб кетмасди. 

Қарздор бўлиб қолганлар қарзларини узиш бирламчи вазифаларидан  бири эканини бир зум ҳам эсдан чиқармасликлари, қарзнинг узилмай қолиши ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг шармандалиги эканини унутмасликлари лозим. Агар банданинг нияти содиқ бўлса, қарзини узишга сидқидилдан уринса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериши ҳақдир.

“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан 

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларидаги биринчи таассуротим онам Махфиратхон Зокиржон қизидан бошланган. Онамнинг падари бузрукворлари бобом раҳматли давоми...

1592 15:30 / 19.08.2020
Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссалом Мадина шаҳрига кўчиб келганларидан сўнг, у ерда масжид барпо этишни ирода қилдилар. Дастлаб масжид қурилганда давоми...

6007 14:10 / 16.04.2019
Зикр, дуо, истиғфор ва тавба масаласи ҳар бир мўминмусулмон учун ўта муҳим бўлганидан, қадимдан умматнинг катта эътиборини қозониб келмоқда. Деярли барча ҳадис ва давоми...

30019 13:30 / 09.08.2019
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У зот алайҳиссалом .Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан давоми...

1315 08:11 / 13.11.2020
Аудиолар

121634 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43094 14:35 / 11.08.2021