1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари

16:00 / 26.01.2019 2363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

II

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган йили, Ислом учун ўта нозик бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг биринчи кунидан буён асосий ёрдамчи бўлиб келаётган киши вафот этди.

Ҳа, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида бу дунёни тарк этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини доимий равишда кўтариб турувчи, у кишига бош маслаҳатчи бўлган, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб, адоғига етиб бўлмайдиган бир улкан матонатли киши у дунёга риҳлат қилдилар.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида етим болалари билан қолдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг энг яқин кишилари, барча оғирликларни бирга кўтаришиб турган вазирлари, ҳар бир нарсада мос гапни топиб гапирадиган маслаҳатчилари Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан ажраб қолдилар. Бу йўқотиш дард устига чипқон бўлган эди. Бунинг устига, уйга, қизларга қарайдиган бирор киши ҳам йўқ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолга тушганлари ўша пайтдаги барча мусулмонларни ҳам ташвишга солган эди. Улардан ҳар бири ўз пайғамбарларидан бу мусибатни қандай қилиб аритиш ҳақида ўйлар эди. Айниқса, бунга ўхшаш ҳолатларни аввалдан кўриб, муолажа қилиб юрган тажрибали аёллар тезроқ чора топишга ҳаракат қилар эдилар.

Мўмина аёллар ичида аҳли солиҳлиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Ҳавла бинти Ҳакийм розияллоҳу анҳо охири чидамай, бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига гап очишга журъат қилиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?» деди.

«Кимга?» дедилар у зот алайҳиссалом.

«Қиз хоҳлайсизми, жувонми?» деди.

«Қиз киму, жувон ким?» дедилар.

«Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа», деди Ҳавла бинти Ҳакийм. У гапнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг эри ўлгандан кейинги қийин ҳолини ҳам эслатиб ўтди. Ана шундан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Уни менинг эсимга сол», дедилар.

Ҳавла бинти Ҳакийм розияллоҳу анҳо бу гаплардан хурсанд бўлди ва Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг олдиларига борди.

«Уйунул асар» китобининг муаллифи кейин нима бўлгани ҳақида Ҳавла бинти Ҳакийм розияллоҳу анҳонинг ўзларидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Мен Савда ва унинг отаси Замъанинг олдиларига бордим. Отаси катта ёшдаги киши бўлиб, уйда ўтириб қолган эди. Мен уларга:

«Аллоҳ сизларга хайр-баракани бериб қолди-ку!» дедим.

«У нима, эй Ҳавла?» деди Савда ҳайрон қолиб.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сенга совчи қилиб юбордилар!» дедим.

«Қандай яхши!.. Энди отамнинг олдига кириб, буни зикр қил», деди Савда.

Мен Савданинг отасининг олдига кирдим ва аҳли жоҳилиятнинг салом беришидан қилиб:

«Анъим сабоҳан!» дедим.

«Сен кимсан ўзи?» деди.

«Ҳавла бинти Ҳакийм ибн Умайя ас-Суламийман. Усмон ибн Мазъун ал-Жумҳийнинг аёлиман», дедим.

Савданинг отаси мени яхши кутиб олди. Аллоҳ хоҳлаган гапларни гапирди. У менинг қавмимнинг илоҳларини тарк этганимни, иймонга келганимни ва Ҳабашистонга ҳижрат қилганимни, сўнг Маккага қайтиб келганимни билар эди. У мендан нима ишим борлигини сўраб:

«Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб қизинг Савда Уммул Асвадни сўраяпти», дедим.

«Албатта, Муҳаммад муносиб, карамли одам. Аммо дугонанг Савда нима дейди?» деди у.

«У буни ёқтиради», дедим.

«Ундай бўлса, уни менга чақир», деди.

Мен бориб, уни чақириб келдим. У Савдага:

«Қизим, Ҳавла бинти Ҳакиймнинг айтишича, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ уни сенга совчи қилиб юборган эмиш. У муносиб, карамли одам. Мен сени унга завжаликка берсам, розимисан?» деди.

«Сиз рози бўлсангиз, майли», деди Савда паст овоз ила.

Шунда Замъа Ҳавлага бурилиб қаради-да:

«Муҳаммадга айт, олдимизга келсин», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, ақди никоҳ бўлди. Замъа розилигини эълон қилди. Маҳр тўрт юз дирҳам бўлди. Савда набавий хонадонга кириб, мўминларнинг оналаридан бўлди. Набийларнинг хотамига хизмат қилувчилардан бири бўлиш шарафига ноил бўлди».

Ўшанда пайғамбарликнинг ўнинчи йили, Рамазон ойи эди. Савда бинти Замъа онамиз Хадийжа розияллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлган биринчи аёл эдилар.

Бу хабар Маккада тарқалганда одамлар қулоқларига ишонишмади. Улар ажабланиб, «Хадийжанинг ўрнига ёши ўтиб қолган, бева, унчалик кўзга ташланадиган жойи ҳам йўқ Савда бўлар эканми?!» дейишар эди.

Савда бинти Замъа онамизнинг Абдуллоҳ исмли акаси бор эди. У ҳали ҳам Қурайшнинг динида эди. Ўша пайтда сафарга кетган эди. Маккага қайтиб келса, синглиси Савда Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегиб кетибди. Абдуллоҳ ибн Замъанинг фиғони фалакка чиқди. Бутун вужудини қаҳру ғазаб қамраб олди. У бўлиб ўтган ишга афсус қилиб, ўз бошидан ўзи тупроқ соча бошлади. Унинг учун синглиси Савданинг Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиши катта ор эди.

Кейинроқ Аллоҳ таолонинг инояти ила Исломга келган Абдуллоҳ ибн Замъа бу қилмишини эслаб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам синглимга уйланганларида бошимдан тупроқ сочган куним эсим йўқ экан», деб юрар эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи давоми...

3851 15:10 / 12.05.2019
Қуйида фақат аёлларга хос бўлган йигирма бир масала зикр қилинади1 аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, лекин юзларини очиқ қолдирадилар.2 тикилган кийим давоми...

2360 11:00 / 07.08.2023
Бугунги кунда .Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром,, деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат давоми...

2056 18:04 / 01.04.2020
Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалолҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги ўта нозик ва давоми...

1565 11:00 / 08.04.2020
Аудиолар

120099 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41767 14:35 / 11.08.2021