1440 йил 18 жумадис сони | 2019 йил 23 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Тазкия

Аллоҳдан ўзгага суяниш ва номаи аъмол хусусида

10:00 / 23 январь 1503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ буюради:

«Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар. Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни золимларга эргашсангиз) сизларга ёрдам берилмас» (Ҳуд, 113–оят).

Баъзи тафсирчилар дерларки:

– Лисон олимлари, оятдаги «берилиб кетманглар»нинг мутлақ эканлиги тўғрисида ҳамфикрдирлар. Яъни, «Озми-кўпми зулм қилганларга яқинлик қилманг!» маъносини билдиради, дейдилар.

Абдураҳмон ибн Зайд  оятдаги «берилиб кетманглар»нинг «маддоҳлик, ҳамду сано ўқиш ва хушомадгўйлик» маъноларида келишини қайд этади. Хушомадгўй киши ҳақсизлик қилаётган ва зулм ўтказаётган одамнинг юзига унинг ҳақсизликлари ва зулмлари тўғрисида очиқ гапиролмайди.

Оятнинг зоҳирий маъноси бутпарастларга ва мусулмон бўла туриб ёмонлик қилувчи ва золим бўлганларга эргашишдан сақланишни билдиради.

Нисобўрий (Нишопурий) ўз тафсирида шундай дейди:

– Олимларимиз «Зулм аралашган идора усулига рози бўлиш ёхуд золимларнинг ижрочилик фаолиятини яхши кўрсатиш, уни бошқалар олдида мадҳ этиш, ичига зулм қўшилган ҳар қандай феъл-атворни маъқуллаш – золимларга эргашиш»дир, деб айтадилар ва бундай қилиш Аллоҳ томонидан тақиқланган, деб қўшимча қиладилар. Лекин келаётган зарарнинг олдини олиш ва ё тезлик билан бирор фойда келтириш юзасидан улар билан бирга иш битириш «берилиб кетиш», «эргашиш»га кирмайди, дейдилар. Мен (Нисобўрий) дейманки: «Бу идораи маслаҳат ва кенглик жиҳатидандир. Ҳолбуки, тақвонинг талаби ҳар қандай тарзда бўлса-да, «золимларга эргашмаслик ва яқинлик кўрсатмасликдир», бандасига Аллоҳнинг ўзи кифоя қилмайдимики, яна у «идораи маслаҳат» қабилида золимлар билан биргаликда кўринса!»

Мен (Ғаззолий) дейманки:

– Нисобўрий тўғри айтган, золимларга эргашишнинг ҳар турли йўлини беркитиш яхшироқдир.

Табиатида бир оз золимлик бўлган кимсага озгина майл қўйиш кишини жаҳаннамга олиб боради, хўш, ундай бўлса, зулм ва ёвлик гирдобида сузувчиларга ортиқча майл қўйиб, улар билан бирга бўлишга нафси ҳакалак отиб турган, хизматларини қилган, золимларнинг энг ярамаси билан улфатчилик этган, улар билан бирга кайфу сафо сурган, уларнинг ўткинчи салтанатлари ва қўл остидаги неъматларига – неъматларки, ўткинчи бўлгани учун ҳақиқатда бир буғдой донасидан ҳам қиймати паст, бир хира пашша қанотидан ҳам вазни енгил –суқланиб боққан кимсанинг ҳоли қандай бўларкин?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:

– Кишининг табиати дўстининг табиатига ўхшаши керак. Сизлар ҳар бирингиз кимлар билан ва қандай табиатли инсонлар ила дўст эканингизга диққат қилинг.

Дерларки:

– Солиҳ ва яхши ўртоқ ўзидан мушки анбар таратаётганга ўхшайди. Сенга бермаса ҳам ҳидидан фойдаланасан. Ёмон дўст эса ўзидан аччиқ тутун таратаётган қўруққа (олов ёниши учун дам берувчи, пуфловчи) ўхшайди, ундан чиқаётган ҳарорат сенга ёқмаганда ҳам, ҳар қалай тутуни беҳузур қилади.

Аллоҳ буюрадики:

«Аллоҳдан ўзга «дўстлар»га суянган кимсаларнинг аҳволи ўзига ин қуриб олган ўргимчакнинг аҳволига ўхшайди. Уйларнинг энг нимжони, шубҳасизки, ўргимчак уясидир. Кошки улар тушунсалар» (Анкабут, 41-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:

«Кимки бой одамга бойлиги учун таъзим қилса, динининг учдан бири қўлдан кетади. Фосиқ (фисқ ишлар билан шуғулланувчи) кимса мадҳ этилган чоғда Аллоҳ шундай аччиқланадики, АРШ титрай бошлайди».

Аллоҳ марҳамат қилади:

«У кун барча инсонларни имомлари билан биргаликда чорлаймиз. Кимгаки номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар, ўзларига қилчалик ҳам зулм қилинмаган ҳолда, номаи аъмолларини ўқийдилар» (ал-Исро, 71-оят).

Бу ердаги «кун» сўзи маҳшар кунини билдиради. «Имом» дейилганда ким назарда тутилганлиги борасида муфассирларнинг фикрлари хилма-хилдир. Ибн Аббос ва бошқа баъзиларнинг фикрича, имом дейилганда ҳар кишининг амаллари ёзилган махсус китоб (дафтар) назарда тутилган. Бунга кўра маъно шундай бўлади:

– Ҳар инсон ўз амаллари ёзилган китоб (дафтар)ла чорланади.

Мана бу оятлар шу фикрни тасдиқлайди.

«Бас, энди ўз китоби – номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана, менинг китобимни ўқинглар», дейди» (ал-Ҳааққа, 19-оят).

«Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у: «Кошкийди, менга китобим берилмаса эди», дейди» (ал-Ҳааққа, 25-оят).

Ибн Зайд, оятдаги имом сўзи инзол бўлган илоҳий китобларни билдиради, дейди. Вақти келганда Инжилга иймон этганлар: «Эй аҳли Инжил!» деб; Қуръонга иймон этганлар: «Эй аҳли Қуръон!» – деб чақириладилар.

Мужоҳид ва Қатоданинг фикрларига қараганда, имом деганда ҳар умматнинг пайғамбари тушунилади. Қайси инсонлар қайси пайғамбарга тобе бўлган эса, ўша билан бирга чақириладилар. «Иброҳимга тобе бўлганларни келтиринг, Мусога тобе бўлганларни келтиринг. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тобе бўлганларни келтиринг!..» каби.

Али ибн Абу Толиб имом дейилганда ҳар кас яшаган асрнинг етакчилари тушунилади, дейди. Ҳар даврнинг одами, ўзи яшаган даврда кимнинг амрига ва яшаш тарзига эргашган бўлса, ўша билан бирга чақирилади.

Ибн Умар ривоят қилган саҳиҳ бир ҳадисда шундай дейилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни Аллоҳ барча инсонларни тўплаган чоғи ҳар ҳукмдор учун бир байрам қилинади ва шундай дейилади: «Бу фалончининг ўғли фалон ҳукмдордир!».

Термизий ва бошқаларнинг ҳадис китобларида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган шундай ҳадис келтирилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни инсон табақаларининг ҳар бирини имомлари билан бирга чақирамиз!» маолидаги оятнинг тафсири ҳақида билдирдиларки: Инсонларнинг ҳар бири чақирилади, китоби (дафтари) ўнг қўлдан берилади. Уларнинг бўйи олтмиш аршинга чўзилган бўлади.

Юзи оппоқ бўлади. Бошига инжудан порлоқ бир тож кийдирилади. Сўнгра биродарларининг ёнига боради. Уни узоқдан кўрадилар. «Аллоҳим, буни бизга юбор ва бизга бир марҳамат қил!» – дейдилар. У уларнинг ёнига боради. «Ҳар бирингизга шундай бир мужда!» – дейди. Иймонсизларга келсак, уларнинг юзи қораяди. Қариндошлари уни кўрганда: «Бунинг гуноҳидан Аллоҳга сиғинамиз. Аллоҳим, сен буни бизга рўпара қилма!» – дейдилар. Лекин у келади. Қариндошлари: «Аллоҳим, уни хор қил!» – дейдилар. У эса дерки: «Аллоҳ сизни бу ҳолга солмасин. Сизнинг ҳар бирингиз охир-оқибатда шундай ҳолни кўрасиз!»

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” асаридан 

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳга ҳамд бўлсин, У Зотга ҳамд айтамиз, У Зотдан ёрдам сўраймиз, У Зотдан мағфират сўраймиз, нафсимиз ва амалларимиз ёмонлигидан давоми...

938 05:00 / 01.03.2017
Исломда молу дунёнинг айни ўзи ёмонланмайди. Балки, одамнинг молу дунёга бўлган муносабатидаги маъно ёмонланади. Одам боласидаги мазкур маъно молга ҳирс қўйиш, давоми...

840 05:00 / 28.02.2017
1. Насиҳат диннинг мағизи, иймоннинг жавҳаридир.Шунинг учун дину диёнат ҳамда иймон мўминмусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, Китоби учун, давоми...

854 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўрадиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини ўзи аниқлашнинг тўрт давоми...

955 05:00 / 28.02.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat