1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қабристондаги туш

07:00 / 15.01.2019 4698 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Солиҳ Муррий ҳикоя қилади: «Жума тунларидан бирида қабристонда тунаб қолдим. Туш кўрдим: қабрлар ёрилиб, ўликлар чиқиб келди ва ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришди. Сўнг уларга тепадан оғзи ёпиқ товоқлар тушди. Улар орасида бир йигит бўлиб, унга турли қийноқлар билан азоб бериларди. Унга яқинлашиб: «Эй йигит, бу қавм орасида нега фақат сен азобланяпсан?» деб сўрадим. «Эй Солиҳ, Аллоҳ ҳаққи сенга тайинлайдиган ишларимни бажар, омонатни адо эт, аҳволимга раҳминг келсин. Шояд Аллоҳ азза ва жалла сен туфайли мени бу азоблардан халос этса. Мен вафот этганимдан буён онам йиғловчи, айтиб йиғловчи аёллар – гўяндаларни тўплаб, улар жўрлигида кунига дод-вой солмоқда. Шу сабабли мен азобдаман. Онамнинг ёмон, бемаъни гап-сўзи, азаси боис олдим-у ортим, ўнг-у сўлимда олов. Аллоҳ уларга менинг номимдан яхши мукофотлар бермасин», деб йиғлади у. Унинг йиғисини кўриб мен ҳам кўз ёшларимни тийиб туролмадим. «Эй Солиҳ, Аллоҳ ҳақи, онамнинг олдига боргин. Улар фалон жойда турадилар», деб манзилни тушунтирди ва давом этиб деди: «Уларга менинг номимдан айтгинки, эй она, нега фарзандингизга азоб берасиз. Мени нақадар ёмон тарбияладингиз, қанчалар хунук сақладингиз, ўлганимдан сўнг эса азобга ташладингиз. Эй она, аҳволимни бир кўрсангиз эди: бўйнимда кишан, оёғимда тахтакач, азоб фаришталари бақириб, уриб азоб беришмоқда. Аҳволимни бир кўрсангиз эди, менга раҳмингиз келарди. Агар ҳозирги азадорлигу, дод-войларингизни бас қилмас экансиз, у ҳолда осмонлар ёриладиган, барча халойиқ ҳисоб-китобга рўбарў бўладиган куни иккимиз орамизда Аллоҳ ҳакам бўлур!»

Чўчиб уйғондим ва кўрган тушимдан таъсирланиб тонггача ухлай олмадим. Тонг отгач, шаҳарга кирдим. Менинг бирдан-бир мақсадим йигитнинг уйини топиш эди. Сўраб-суриштириб уйни топдим. Дарвоза қорага бўялган, ҳовлидан гўяндалару азадорларнинг йиғиси эшитилиб турарди. Дарвозани қоққан эдим, бир кампир чиқиб: «Сизга ким керак?» деб сўради. «Ўлган йигитнинг онаси керак эди», дедим. «Унда нима юмушингиз бор, у ўз қайғуси билан машғул?» деди у. «Уни менга чақириб беринг, ўғлидан унга хабар олиб келдим», дедим. Кампир ҳовлига кириб кетди. Бир оздан кейин қоп-қора кийим кийган, йиғлайвергани ва шапатилайвергани сабабли юзи ҳам қорайиб кетган бир аёл чиқди. «Сиз кимсиз?» сўради у. «Мен Солиҳ Миррийман. Кеча кечқурун қабристонда шундай-шундай воқеалар рўй берди. Ўғлингизни кўрдим. У азобда қолган», деб тушимда кўрганларимни айтиб бердим. Аёл гапимни эшитгач, ерга йиқилиб ҳушидан кетди. Ўзига келгач: «Эй ўғлим, мени кечир. Агар бу аҳволда эканингни билганимда эди, бу ишларни қилмас эдим. Мен қилган ишларимдан Аллоҳ таолога тавба қилдим», дея қаттиқ йиғлади. Сўнг ичкарига кириб гўяндаларни тарқатиб юборди ва бошқа кийим кийди. Бир ҳамён дирҳам узатиб: «Эй Солиҳ, буни ўғлим номидан эҳсон қил», деди. Дуо қилиб пулларни олдим ва ўғли номидан садақа қилдим.

Кейинги жума тунида, одатдагидек қабристонга бориб тунадим. Тушимда маййитларни кўрдим. Улар қабрларидан чиқиб ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирдилар. Уларга товоқлар тушди. Ҳалиги йигит шод-хуррам, хушчақчақ эди. Унга ҳам товоқ келди. Мени кўриб олдимга келди ва: «Эй Солиҳ, Аллоҳ сени мукофотласин. Онам қилаётган номаъқул ишларини тарк этгани учун Аллоҳ азобни енгиллатди. Менинг номимдан қилган садақанг ҳам етиб келди», деди. «Булар қанақа товоқлар?» деб сўраган эдим «Булар тирикларнинг ўликларга хайр-эҳсон, хатми Қуръон ва дуолардан иборат ҳадяларидир. Ҳар жума кечаси уларга олиб келишади-да, бу сенга фалончининг ҳадяси дейишади. Энди онамнинг олдига қайтиб борганингда, уларга саломимни ва ушбу гапларимни етказ. Онажон, Аллоҳ сизни мукофотласин, менинг номимдан қилган садақангиз етиб келди. Сиз менга яқинсиз, тайёргарлигингизни кўринг», деди. Кейин уйғониб кетдим. Бир неча кун ўтгач, аёлнинг уйига бордим. Эшик олдида тобут турган эди. Ким қазо қилди, деб сўраган эдим, йигитнинг онаси, дейишди. Унга жаноза ўқиб, ўғлининг ёнига дафн қилдик. Унинг ҳақига дуо қилиб, ўз йўлимга равона бўлдим».

Аллоҳ таоло бизни мусулмон ҳолимизда вафот этдиришини, солиҳлар сафига қўшишини ва дўзахдан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, раҳмли ва меҳрибон зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаммага маълумки, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом инсониятни икки дунё саодатига бошлаш учун юборилгандир. Бу дин барча замонлар ва маконлар учун давоми...

2390 17:00 / 27.06.2019
Бепоён саҳро шароитида ушбу ҳайвоннинг мавжудлигини ўзи инсонларга берилган катта неъмат. Чунки туя гўштини, сутини истеъмол қилишда шифо борлигини табобат давоми...

2909 16:10 / 10.09.2019
Дунёда биронта темир михсиз барпо этилган масжидлар жуда ҳам кам топилади. Шулардан бири Қозоғистоннинг Олма ота вилояти, Жаркент шаҳрида жойлашган жомеъ давоми...

4618 08:45 / 24.01.2019
Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд...Интернет маълумотлар оламида улкан инқилоб ва иймон, ахлоқ ҳатто ақллар имтиҳони учун кенг давоми...

4116 12:10 / 07.04.2019
Аудиолар

120128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41793 14:35 / 11.08.2021