1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Иброҳим ибн Адҳам

18:40 / 12.01.2019 6215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пешво, имом, ориф, зоҳидлар саййиди Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Ижлий Шомда истиқомат қилганлар.

Оталаридан, Абу Ҳурайранинг шогирдлари Муҳаммад ибн Зиёд Жумаҳий, Абу Исҳоқ Сабиъий, Мансур ибн Муътамир, Молик ибн Динор, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али, Сулаймон Аъмаш, Ибн Ажлон ва Муқотил ибн Ҳайёндан ҳадис ривоят қилганлар.

Қурайшийнинг «Рисола»ларида шундай дейилган: «Иброҳим ибн Адҳам Балхнинг боёнларидан. Ов пайтида тулки ёки қуённинг орқасидан қувлаётганларида, ғойибдан: «Сен шу нарса учун яратилдингми, шунга буюрилдингми?!» деган овоз келади. Уни эшитибоқ, отдан тушадилар. Оталарининг чўпонларини учратиб, унга от, кийим-бош ва бошқа нарсаларини берадилар-да, чўл-биёбонга чиқиб кетадилар. Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз билан дўстлашадилар. Шомда яшайдилар. Ўроқчилик ва боғ қоровуллиги ортидан тирикчилик қиладилар.

Кунларнинг бирида саҳрода бир кимсани учратиб қоладилар, у «Исми Аъзам»ни ўргатади. Иброҳим ибн Адҳам ушбу исм билан дуо қиладиган бўладилар ва оқибатда Хизр алайҳиссаломни учратадилар. Хизр алайҳиссалом у кишига: «Сенда биродарим Довуд алайҳиссаломнинг илми бор», – дейдилар». Буни воиз Али ибн Муҳаммад Мисрий ривоят қилганлар».

Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига аралашишни тарк этсин. Мана шу иккисини қилмаса, муродига етмайди», – деганларини эшитдим».

Бишр Ҳофий айтганлар: «Мен динини ҳаёт кечириш воситасига айлантирмай умргузаронлик қилган тўрт олимнигина биламан. Улар: «Вуҳайб ибн Вард, Иброҳим ибн Адҳам, Юсуф ибн Асбот ва Салам Хаввос».

Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтганлар: «Ибн Муборакдан Иброҳим ибн Адҳам кимлардан ҳадис эшитганлари ҳақида сўрадим. «Кўп одамлардан ҳадис эшитганлар. У киши ладуний илм ва фазилат соҳиби эдилар. Ошкора тасбеҳ ўгирганларини кўрганим йўқ. Яхши амалларини кўз-кўз қилмасдилар. Қавм билан овқатланаётганларида, шерикларидан олдин қўлларини тортмасдилар», – деб жавоб бердилар».

Шақиқ ибн Иброҳим айтганлар: «Иброҳим Адҳамдан: «Хуросонни тарк қилдингизми?» – деб сўрадим. У киши: «Мен Шомдаги ҳаётимдан қониқдим. Динимни саломат сақлаб, тоғма-тоғ қочдим. Мени баъзилар васвосга, айримлар эса туякашга чиқарди. Эй Шақиқ, ҳеч ким жиҳод билан ҳам, ҳаж билан ҳам улуғ мақомга эришмади, балки улар бу даражага ҳалол луқма билан етдилар», – деб айтдилар».

Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: «Зоҳидлик учун ҳаромдан сақланиш – фарз, шубҳадан сақланиш – саломатлик, ҳалолдан сақланиш – фазилат».

Иброҳим ибн Адҳам кўйлаксиз, яктак киярдилар. Ёзда тўрт дирҳамлик кўйлак ва иштондан бошқа нарса киймасдилар. Муқимлик пайтларида ҳам, сафарда ҳам рўза тутардилар. Кечалари ухламасдан тафаккур қилардилар. Мардикорлик қилганларида иш ҳақларини дўстларидан оларди, ўзлари пулни ушламасдилар. «Бунга кўнглингиз тусаган нарсани олиб енглар», – дердилар. Ўзлари беэътибор ўтирардилар. Ёрғучоқда икки муд буғдойни бир қўллари билан янчардилар».

Маккий ибн Иброҳим айтадилар: «Иброҳим ибн Адҳамдан: «Мўминнинг каромати нималарга қодир?» – деб сўрашди. «Тоққа «Қимирла», деса, у қимирлайди», – деб жавоб бердилар. Шу пайт тоғ қимирлай бошлади. Иброҳим ибн Адҳам унга қараб: «Сенга айтгпним йўқ», – дедилар».

Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: «Ҳамма подшоҳ ҳам адолатли бўлмайди, адолатсиз подшоҳ ўғри билан баробардир. Ҳамма олим ҳам тақводор бўлмайди, тақвосиз олим бўри билан баробардир. Кимки Аллоҳдан бошқага қуллиқ қилса, у билан итнинг ўртасида фарқ йўқ».

Ибн Башшор шундай деганлар: «Бир куни Иброҳим ибн Адҳам билан дўппайиб турган қабрнинг олдига келдик. Унинг ҳаққига дуо қилдилар ва шундай дедилар: «Бу – Ҳумайд ибн Жобирнинг қабри. У мана шу диёрларнинг амири эди. Бир пайтлар мол-дунё уммонига шўнғиган экан. Кейинчалик Аллоҳ таоло уни бундан халос қилибди. Менга хабар беришларича, бир куни Ҳумайд бир нарсадан хурсанд бўлиб ухлабди. Тушига кирган киши қўлидаги китобни очибди. Унда зарҳал ҳарфлар билан: «Фонийни боқийдан устун қўйма, бойлигингга мағрур бўлма. Улар завол топганда ҳам, мен борсан. У қўлингдан кетгунича сенинг мулкинг. У йўлдан уриб, кеккайтирмаса, хурсандлик ва шодлик. Некбин бўл: эртангга ишонилмаган кунинг кун эмас. Аллоҳнинг амрига шошил, Аллоҳ таоло:

«Парвадигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз» (Оли Имрон сураси, 133-оят).

Уйқусидан чўчиб уйғотиб: «Бу Аллоҳдан менга танбеҳ ва мавъизадир», дебди. Молк-мулкдан воз кечиб, шу тоққа келиб, вафотига қадар Аллоҳга ибодат қилибди».

Ривоятда келишича, Иброҳим ибн Адҳам бир кечада ўн ўроқчининг ишини қилиб, бир динор олардилар.

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Муаллиф
Имом Шамсиддин Заҳабий
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир кишининг бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар давоми...

1317 15:28 / 10.11.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Тамим қабиласига олти нафар амир тайинлаган эдилар. Улар ndash Зибриқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра давоми...

1509 09:25 / 19 февраль
Исмоил алайҳиссалом қиссасиИсмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда .Исмоил алайҳиссалом, сарлавҳаси остида батафсил давоми...

3091 12:00 / 04.07.2019
Ҳижрий 658 йил, Рамазоннинг 25куни, милодий 1260 йил 3 сентябр.Бу кун Ислом тарихидаги машҳур жанглардан бири бўлиб ўтди.Муғуллар сабабли Хоразмшоҳлар давлати қулади, давоми...

3833 09:30 / 06.10.2021
Аудиолар

120082 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41748 14:35 / 11.08.2021